muslim.uz
Билмаганимизга эргашмайлик
Кўнглида кири бор кимсалар инсониятнинг эзгу мақсадларни кўзлаб яратган кашфиётаридан ғаразли мақсадда фойдаланмоқда. Масалан, интернет орқали қанчадан қанча инсонларнинг онгини заҳарлаб келаётган каслар кам эмас. Афсуски, ана ўшаларнинг таъсирида кўплаб ёшлар бузғунчи ҳаракатлар қурбони бўлиб, дин душманлари қуролига айланиб қолмоқда. Охир-оқибат, уларнинг тарғиботларига учиб ўз дини, диндошлари, халқи ва ўзи туғилиб ўсган Ватанига қарши исён қилишгача бориб етмоқдалар.
Динимиз таълимотида инсон қайси манбадан, қандай маълумотни олишидан қатъи назар уни текшириб кўриши, асл моҳиятини тушунишга ҳаракат илиши лозимлиги айтилган. Аллоҳ таоло: “(Эй инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)” (Исро, 36) дея бизни ҳушёрликка чорлаган. Биз ана шу хитобга қатъий амал қилмоғимиз лозим.
Эшитган гапига ишониб кетаверган киши, дўсту душманнинг фарқига бормайдиган нодонга айланиб қолади. Буни Хожа Самандар Термизий чиройли тарзда қуйидагича ифодалаган:
Душман сўзларига ишонган киши,
Пушаймон тортишдир оқибат иши!
Ва яна Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимауллоҳ: “Дин-бу илмдир, уни кимдан олаётганингизга қаранг”, деганлар.
Инсон агарда дин илмини ўзлаштирмоқчи бўлса уни дуч келган одамдан ёхуд манбаси номаълум ижтимоий тармоқлардан эмас, балки ишончли манбалардан олмоғи зарур. Соғлом эътиқод нафақат шахснинг баркамоллиги, балки жамиятнинг барқарор бўлиши учун ҳам жуда муҳим. Қайси жамиятда кишилар эътиқоди соф бўлса, ўша жойда тинчлик мустаҳкам бўлади.
Динни ниқоб қилиб олган шахслар эса, фақат ғаразли мақсадларига етиш ниятида бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкмоқда, бузғунчиликлар қилмоқда. Аллоҳ таоло эса ўз китобида бузғунчиларни севмаслигини, Ислом дини – тинчлик дини эканини айтган.
Ўзларини Ислом дини ҳимоячилари деб атаётган кимсалар мудҳиш ишлари Ислом динига зид эканини била туриб ўзлари қилган қўпорувчилик, қотилликлар акс этган видео лавҳаларни интернетга жойлаштириб бутун дунёга кўз-кўз қилмоқда. Яна шу қилмишларини тўғри тўғри дея даъво қилмоқда. Улар Қуръони карим оятлари ёки ҳадиси шарифларни ўз мақсадларига мослаб далил қилиб кўрсатмоқда. Аслида у оятлар ва ҳадиси шарифларнинг мазмун-моҳияти, нозил бўлиш сабаблари, улардан тушуниладиган маъно бутунлай бошқача. Улар бирор оятни ўқиб олиб, мазмунини тушунмасдан кўр-кўрона адашиб кетмоқда.
Биз Ўзбекистон фарзандлари ана шундай шахсларнинг алдовлари, домига тушиб қолмаслигимиз лозим. Бунинг учун эса албатта оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата олишимиз зарур. Кимнинг бизга нимани ўргатмоқчи бўлаётганига диққатли бўлмоғимиз даркор. Зеро, донишманд боболаримиз айтганидек, ҳамма илмлар \ам фойдали эмас, фойдали илмнинг топа билишнинг ўзи ҳам бир илмдир.
Ватан келажаги бизмиз! Уни асраб-авайлаш ва янада тараққий эттириш бизнинг вазифамиз. Шундай экан, Ватанимизни кўз қорачиғимиздек асрайлик!!!
Хосиятбону РАҲИМЖОНОВА,
Хадичаи Кубро билим юртининг 2-курс талабаси
Навбатдаги ўқувлар бошланди
2017 йилнинг 23 апрель куни Имом Бухорий халқаро марказида диний ходимларнинг II давра XII босқич ўқувларининг бошланишига бағишланган суҳбат тадбири бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан рўйхат асосида масжид имом-хатиблари иштирок этишди.
Мазкур тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномов, Марказ директори т.ф.н. Ш.Зиёдов, Марказ директорининг ўринбосари проф. Б.Тураев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири А.Қаюмов ва Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими И.Зухриддинов қатнашиб, тингловчиларни янги ўқув машғулотларининг бошланиши муносабати билан вилоятлараро суҳбат ўтказишди.
Ўзбекистон Республикасининг марҳум биринчи Президенти И.Каримов ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро маркази, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида тушунчалар беришди. Марказдаги шарт-шароитлар ҳамда тингловчилар томонидан риоя этилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар тушунтирилди.
Суҳбат асносида тингловчиларга юртимиздаги диний соҳада эришилган ютуқлар, мустақиллик йилларида марҳум Юртбошимизнинг шахсан ташаббуслари билан жойларда катта-катта масжидлар, азиз-авлиёларимизнинг абадий қўним топган табаррук қадамжолари таъмирланиб, халқимиз ихтиёрига топширилганини таъкидланди.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилга “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб ном берилиши ва бу йилда мазкур дастурга асосан юртимизнинг барча вилоятларида олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишлари бўйича ҳам атрофлича маълумотлар айтиб ўтилди. Бугунги кунда юртимизда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда шиддат билан олиб борилаётган бунёдкорлик ва тараққиёт ишларида имом хатиблар ҳам ўз касбий нуқтаи назаридан келиб чиқиб, динимиз ва давлатимиз ривожига ўзлариниг муносиб ҳиссаларини қўшиши таъкидлаб ўтилди.
Суҳбат якунида ҳозирги кундаги турли бузғунчи экстремистик гуруҳлар фитнасидан доимо огоҳ бўлиш ва жойларда ўтказилаётган тарғибот ва ташвиқот ишлари, тадбирларда бу манфур оқимларнинг кирдикорларини фош этиш, имом-хатиблар бугунги кунда янада шижоатли ва жонкуяр бўлишлари, бепарволик ва лоқайдликка йўл қўймасликлари лозимлиги уқтирилди.
24 апрель куни тасдиқланган ўқув жадвалига мувофиқ биринчи машғулотлар ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов “Имом-хатибларнинг маънавий-маърифий соҳадаги долзарб вазифалари” мавзусида маъруза қилди.
Шундай қилиб, янги босқич тингловчилари дастлабки машғулотларни кўтаринки кайфиятда бошлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Масжидлар бўлими
Аллоҳнинг китобларига имон
Аллоҳ таоло инсонни яратди ҳамда уни Ўзининг ер юзидаги халифаси этди. Инсонлар кўпайиб ер юзида тарқалдилар. Аллоҳ уларга тўғри йўлни кўрсатиш учун муқаддас китобларни туширди. Бу китоблар замон, макон ва жамиятларга эътиборан турли ҳажмда бўлган. Уларнинг баъзиси саҳифалар шаклида ёки катта ҳажмда бўлиб, китоб шаклига келтирилганлари ҳам бор. Улардан энг машҳурлари тўрт самовий китоблардир: Забур, Таврот, Инжил ва Қуръон. Бу китоблар мазкур тартиб билан Мусо, Довуд, Исо ва Муҳаммад алайҳиссаломларга юборилган. Бошқа пайғамбарларга эса унча кўп бўлмаган самовий таълимотлар туширилган бўлиб, ҳажми фақат бир неча саҳифадан иборат бўлган. Шунинг учун ҳам улар “Саҳифалар” деб аталади. Одам алайҳиссаломга ўн саҳифа, Идрис алайҳиссаломга ўттиз саҳифа, Иброҳим алайҳиссаломга ўн саҳифа юборилгани каби.
Мазкур китоб ва саҳифаларда Аллоҳ таоло бандаларига фарз қилган диний ибодатларни адо этиш қоидалари ва ижтимоий ҳаётдаги одоб-ахлоқ йўллари баён этилган.
Муҳаммад-Акмалхон ШОКИРОВ
Олимхон тўра ўғли Шайх Юсуфхон тўра Шокировнинг
“Ислом ақида, ибодат ва ҳаёт тарзи” китоби асосида тайёрлади
Имом-хатиблар учун семинар ташкил этилди
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилояти вакиллиги вилоятдаги имом-хатиблар ва уларнинг ноибларининг фидоийлиги, фуқаролик масъулияти ва вилоятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги фаоллигини ошириш, уларнинг ушбу йўналишдаги кўникма ва тажрибаларини мустаҳкамлашга қаратилган семинар машғулотлари ташкил этди.
Ҳафтада бўлиб ўтган машғулот дарслари Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари ҳамда Пастдарғом, Пойариқ ва Ургут туманларида олиб борилди. Вилоят имом-хатиблари беш гуруҳга жамланган ҳолда ўзларига яқин ҳудуддаги семинар машғулотларида иштирок этдилар.
Семинарда Ўзбекистонда Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти фаоллари йиғилишида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти ва аҳамияти, имомларнинг йўлдан адашган, суиқасд қилиш, жиноят содир этишга мойил, фарзанд тарбиясига эътиборсиз бўлган ва бошқа ижтимоий хавфли гуруҳга кирувчи фуқаролар билан суҳбатлар ўтказиш жараёнида суҳбатдошига ижобий таъсир кўрсатиш усуллари ҳамда имомларнинг жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашдаги масъулиятини ошириш чоралари каби долзарб мавзуларидаги маърузалар тингловчиларга етказилди.
Маърузаларни Самарқанд вилоят бош имом хатиби З.Эшонқулов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Х.Нормуродов, Самарқанд давлат университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти профессар-ўқитувчилари, “Зарафшон”, “Самаркандский вестник” газеталари бош муҳаррири Ф.Тошев, Ҳ.Олимжон мусиқали ва драма театри раҳбари Б.Шарипов, вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгаши раиси М.Бобоёров, Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи раҳбари Х.Муҳаммедов, Имом Бухорий халқаро маркази ходимлари, туман бош имом- хатиблари олиб бордилар.
Шунингдек, масжидларнинг мутаваллилари ҳам машғулотларга жалб этилди. Уларга мутахассислар молиявий тушумларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга ошириш ҳамда банк молиявий фаолияти бўйича зарур тушунчалар бердилар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
“Ёт ғояларга қаршимиз”
Ўтган ҳафта "Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юртида “Мазҳаблар ва йўналишлар” фани ойлиги муносабати билан иккинчи ва тўртинчи курс талабалари ўртасида “Биз ёт ғояларга қаршимиз” мавзуида мусобақа ўтказилди. Мусобақа шартлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Ислом ва ақидапараст оқимлар” китоби асосида олиб борилди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад талабаларнинг мазҳаблар ва оқимлар ҳақидаги билимларини ошириб бориш, уларда турли диний экстремистик ва террористик оқимларларга қарши иммунитетни шакллантириш, талабалар орасидан қобилиятли ва истеъдодли талабаларни аниқлаб олиб, уларнинг истеъдоди ва ижодий қобилиятини намоён қилиш ва муносиб рағбатлантиришдир.
Қуръони карим тиловати билан бошланган мусобақа қуйидаги олтита шарт асосида олиб борилди.
- Ҳар бир гуруҳга олтитадан савол
- Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига учтадан тест саволи. Жавоб беришга бир дақиқа вақт берилди.
- Эркин ижод саҳна кўриниши.
- Тезкор савол жавоб икки дақиқа ичида саволларга жавоб бериш.
- Ҳар бир гуруҳ биттадан кўргазмали қурол: баннер, слайд, ролик тайёрлаш .
- 2016-2017 ўқув йилида фан юзасидан газета, журнал, интернет сайтларида гурух талабалари эълон қилган мақолалар.
Жамоа иштирокчилари ўз чиқишларида шартларга пухта тайёргарлик кўрганини намойиш қилди. Китоб асосида тузилган саволларга аниқ ва лўнда жавоблар бердилар. Талабалар тайёрлаган саҳна кўринишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Талабалар мусобақага тайёргарлик жараёнида мазкур фан юзасидан ўз билимларини мустаҳкамлаб олдилар.
Жалолиддин АҲМЕДОВ,
"Кўкалдош" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.