muslim.uz
Инсон қадри улуғ, хотираси абадийдир
Маълумки, инсон барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам оламдир.
Айни шу маънода келажаги буюк мамлакатимиз истиқлол йилларининг илк давридан бошлаб, инсон омилига бўлган эътибор ва ғамҳўрлик янги босқичга кўтарилди. Ҳурмат-эътибор, меҳр-мурувват, икром-эъзоз борасида эса асрларга тенг ўзгаришларга эга бўлинмоқда.
Дарҳақиқат, эл-юрт манфаати йўлида фидокорлик кўрсатиб, бугун қарилик палласида турган ота-боболаримиз меҳнати ва жонбозлигини қадрлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш кенжа авлодларнинг шарафли бурчи, чуқур масъулиятидир. Муқаддас ўгитларимизда катталарга ирқи, миллати, динидан қатъий назар ҳамиша иззат кўрсатиш, улар ҳолидан хабардор бўлиш, меҳр-оқибат кўрсатишга буюрилган. Яна шуни таъкидлаш жоизки, катта ёшдаги кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш юксак фазилат деб баҳоланиб келган. Шу маънода кўрсатилган ҳурмат эвазига инсон ўзи ҳам келажак ҳаётида эъзоз-эҳтиромга эга бўлиши муқаррарлиги таъкидланган. Зеро, ҳадиси шарифда “Ҳурмат қилган кишига ҳурмат насиб бўлади” - дейилган.
Бу мазмунни қувватлаб доно халқимиз “Олтин олма дуо ол” – деб инсонпарварлик руҳиятига чақиради. Айни пайтда ҳадиси шарифлар талаби, доно халқимизнинг ҳикматли сўзининг ижроси хотира ва қадрлаш куни муносабати билан юртимизда амалга ошмоқда. Хусусан, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини ватан учун қилган фидоийликларига таъзим этиш, уларнинг барча ҳаётий юмушларига малҳам бўлишдек хайрли хусусиятлар ота-боболаримиздан бизларга мерос бўлиб қолган қадриятларимизнинг намунасидир.
Давлатимиз иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, кекса ёшдаги отахонларимиз, онахонларимиз, барча пенсионер ва нафақахўрларга ҳамиша катта эътибор кўрсатиб, оталарча ғамхўрликлар қилиб келмоқда. Ҳукуматимиз уларнинг моддий фаровонликларини янада яхшилаш мақсадида бир қатор қарорлар қабул қилдики, барчани чин дилдан хурсанд этди. Биргина мисол қилиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги ПФ-5000-сонли Фармони ва 4 апрелдаги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2865-сонли Қарори эълон қилинди. Мазкур икки ҳужжат 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, 1941-1945 йиллардаги иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган Ғалабанинг 72 йиллиги нишонланиши муносабати билан ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида қабул қилинганлиги барчанинг кўнглини тоғдек кўтарди.
Бундан ташқари бу Фармон ва Қарор ижроси сифатида кекса отахон ва онахонларга, ногирон ва муҳтожларга катта ғамхўрлик ва беминнат ёрдам кўрсатилади. Фаҳрийлар ҳаётини фаровон, кунларини шодмон қилиш учун ҳукуматимиз уларга бўлган эътиборни ижтимоий ҳимоя даражасига олиб чиққанлиги таҳсинга лойиқ. Айтайлик, қарияларимиз даволанишлари ёки соғлиқларини мустаҳкамлашлари учун берилган имтиёзлар, навбатсиз енгил автомашина сотиб олишлари учун сертификат берилиши, яшаш хонадонларини жорий таъмирдан чиқарилиши, маиший-техника жиҳозлари билан бепул таъминланиши, турли тўловлар тўлашдаги енгилликлар кабиларга эгадирлар. Буларнинг барчаси юртимизнинг азиз нуронийларига билдирилаётган катта ҳурмат-эътибор рамзи дейиш мумкин. Иккинчи томондан уларнинг доимий қилаётган холис дуои хайрлари, тилак-истаклари турли бало-офатлардан сақламоқда деб умид қиламиз. Зеро, ҳадиси шарифда: “Агар орангизда мункиллаган қариялар, ўтлаб юрган жонзотлар ва эмизикли чақалоқлар бўлмаганида эди, бошингизга балолар селдай оқиб келар эди”,- дейилганлиги сўзимизнинг далилидир.
Айни пайтда нуроний отахон ва онахонларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш хотира ва қадрлаш тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Ёшларимиз ушбу айём тимсолида ёши улуғларни қадрлаш, саховатга муҳтож кишиларга кўмаклашиш каби олийжаноб фазилатларни ўз қалбига сингдириб боришининг асосларидан бири бўлиб шаклланада. Қаранг, бундай олийжаноб ахлоқий инсонпарварлик, одамийлик тўғрисида динимизда: “Ҳар бир яхшилик эҳсондир. Хайрли ишга далолат қилишлик, гўё уни қилгандек бўлишликдир...”, - дейилган.
Хотира ва қадрлаш кунини нишонлаш бой анъаналаримиз бўлмиш миллий урф-одат ва қадриятларимизни ижро этиш демакдир. Уларнинг сарасидан бўлган катталарга эҳтиром кўрсатиш, пиру бадавлат ёшига етганларни эъзозлаш тўғрисида муборак ўгитларда “Кичикларимизга раҳм-шафқат қилмаган ва катталаримиз қадрини билмаганлар бизлардан эмасдир”. дейилган инсонпарварлик тамоилини таъкидланган.
Демак, инсон ҳар доим ўтмиш аждодларини, муҳтарам устозларини, азиз авлиёларни ҳотиралар экан, халқ ва жамият олдидаги бурч ва вазифаларини яна бир бор масъулият билан хис этади, ўзидан яхши ном қолдириш ва эзгу ишларни қилишга шошилади, ўзгаларни ҳам шунга чорлайди.
Истиқлол йилларида улуғ аждодларнинг хотираларини қадрлаш, мамлакат тараққиёти, юрт озодлиги йўлида жонбозлик кўрсатган фидойи юртдошларимизнинг руҳларини шод этмоқ учун эзгу амалларга бел боғлашдек савоб юмуш дилимиздаги ёруғ ниятлардан бирига айланди.
Дарҳақиқат, инсон – ҳаёт гултожи. Яратганнинг инъоми – онгу тафаккурнинг фақатгина одамзодга берилгани мазкур ҳақиқатга яна бир далилдир. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан мана бир неча йилдирки, Хотира ва қадрлаш куни кенг нишонланмоқда. Бу билан инсон зотига, унинг умри давомида бажарган эзгу амалларига бўлган чексиз эҳтиром рамзи десак муболаға бўлмайди. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни ижро этамиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва улар учун истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиш ҳамда ҳақларига дуолар қилиш барчамизнинг диний ва инсоний бурчимиздир.
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Ас-Салом
АССАЛОМУ АЛАЙКУМ (араб. – сизга тинчлик, саломатлик тилайман) – мусулмонлар ўзаро учрашганда ишлатиладиган саломлашув ибораси. Салом қабул қилувчи «Ва алайкум ассалом» («Сизга ҳам тинчлик, саломатлик тилайман»), деб жавоб қайтаради. Ассалому алайкум таниган ва танимаган мусулмонларга берилади. Кичик ёшдагилар ёши улуғларга, улов минган одам пиёдага, пиёда кетаётган киши ўтирганга, озчилик кўпчиликка салом беради. Ассалому алайкум кўпчилик ҳузурига кириб ўтиришда ҳам айтилади. Ассалому алайкумни киши эшитадиган қилиб мулойим тарзда айтиш лозим. Ассалому алайкум ўзаро муомала-муносабатнинг боши бўлиб, ўзига хос илиқлик, самимият, очиқ кўнгиллилик бахш этади. Ассалому алайкумни ошкора айтиш кишилар ўртасида муҳаббат пайдо этиб, ўртадаги гина ва кудуратларни кетказади. Ўзидан катталарга ҳурмат, кичикларга шафқат юзасидан салом-алик қилиш кишиларимиз учун ахлоқий мезон бўлиб қолган. Ассалому алайкум дейиш суннат, жавоб қайтариш эса вожиб ҳисобланади. Ассалому алайкум намоз ўқиётган кишининг намози тугаганининг аломати ҳамдир, дейилади Миллий қомусимизда.
Ас салом сўзининг учта маъноси бор экан:
- Саломатликка чақирувчи
- Офат ва балолардан саломат.
- Бандаларига жаннатда салом берувчи.
Энди ана шу уч маъно ҳақида.
- Саломатликка чақирувчи
Аллоҳ – Саломдир. Бу ибора билан яратган махлуқотларига тажаллий этаркан, уларни душманлардан, қийинчиликлардан, таҳликалардан, мусибатлардан ва турли балолардан саломат чиқаради. Салом калимасининг бу маъносини қуйидагича ифодалаш мумкин:
- Махлуқларини душман босқинидан қутқариб саломат чиқаради: аёнки, ҳар мавжудотнинг кўплаб душмани бор. Унинг душманлари тажовузидан қутулиб саломат қолиши Аллоҳнинг Салом исмининг шарофатдидандир.
- Махлуқларга ҳаётининг давом этиши учун лозим бўлган нарсаларни бериш билан саломат чиқаради: чивинга учишга мос қанот беради, балиққа сузишга мос қанот, дарахтларга новда ва япроқлар...
- Қулларини таҳликалардан қутқариш йўли билан саломат чиқаради: Масалан, Она қорнидаги чақалоқ ғоят ожиз, заиф ва ҳимоясиз... Уни ўша тор маконда буғилмоқ, оч қолмоқ, заҳарланмоқ каби таҳликалардан муҳофаза этиб дунёга саломат чиқармоқ Аллоҳнинг Салом исмининг бир шарофатидир.
Яна инсоннинг кўринмайдиган душманлари бўлган микроблар бор. Инсон танасида уларга қарши бир ҳимоя тизими қуриш йўли билан уларни хасталиклардан ҳимоя қилади ва баъзан эса ҳикматли тарзда хаста этиб, кейин шифо бериш ҳам Аллоҳнинг Салом исмининг тажаллийсидир.
Инсоннинг вужудига ҳимоя тизими қурган Аллоҳ таоло бутун оламни ҳам ҳимоя тизимлари билан таъмин этган ҳамда Салом исмининг фарқли тажаллийлари ила бизларга танитган.
Ана шулардан бири – сайёрамизнинг атрофини ўраб олган атмосфера қобиғидир. Атмосфера қобиғи осмондан тушган, тирик мавжудотлар учун зарарли бўлган бир неча таҳликага тўсиқ бўлади. Шунингдек, юз бериши муқаррар бўлган автоҳалокатдан инсон тасодиф туфайли қутулиб қолиши; тирик қолиш мумкин бўлмаган бир ҳалокатдан бир жойи тирналмасдан чиқиши; томдан учган бир шиферми, черепицанинг бошига эмас ёнига тушиши; кучли зилзилада уйнинг йиқилмай қолиши ёки йиқилган уйнинг тагидан соппа-соғ чиқиши; хатарли жарроҳлик амалиётидан омон чиқиш ва шулар каби кўринадиган-кўринмайдиган таҳликлардан саломат чиқмоқ Аллоҳнинг Салим исмининг шарофатдидандир.
- Офат ва балолардан саломат
Салом исмининг иккинчи маъноси – Аллоҳнинг бутун камчиликлардан ва қусурлардан холилиги, яъни саломат эканидир. Ҳар бир махлуқ Аллоҳнинг Салом исмига гувоҳлик беради. Истасангиз, биргина чечакнинг Аллоҳнинг Салом исмига гувоҳлик берганини идрок этиб кўрамиз.
Бир гулни яратмоқ учун санъаткорда қандай сифатлар бўлиши керак?
Аввало, қудрати сўнгсиз бўлмоғи даркор. Чунки чечакни ерга кўмилган бир уруғдан осонгина чиқариб олмоқ учун катта куч талаб этилади. Ожиз бўлса уни чиқара олмайди. Унган чечак Аллоҳнинг ожизликдан саломат эканига ва сўнгсиз қудратидан гувоҳик беради;
Чечак ўстирувчи олим бўлмоғи лозим. Негаки, чечакдаги ҳикмат ва санъат фақат сўнгсиз бир илмнинг борлиги ила изоҳланади. Илло, бу чечак қуёш, ҳаво, булут, тупроққа қадар бутун олам билан алоқададир. Бу муносабатларни фақат илм соҳиби бўлган зотгина тартибга сола олади. Демак, чечак ўзидаги санъату ҳикмат ва муносабатларининг тартибли экани билан Аллоҳнинг жоҳилликдан салим эканига ва ниҳоясиз илм соҳиби эканига ишорат этади;
Чечак етиштирувчи қилаётган ишини кўрмаса бажара олмайди. Гул беқиёс гўзаллиги ва ўзида мужассамлашган мукаммал санъат ила Аллоҳнинг кўрликдан саломат эканига, ҳамма нарсани кўришига гувоҳлик беради.
Чечак йўқ эди, бор бўлди. Борлиги йўқлигидан афзал кўрилди. Демак, санъаткорда ирода сифати бор. Иродаси бўлмаган чечакни ўстира олмайди. Чечак борлигининг йўқлигидан афзал ҳисобланиши билан Аллоҳнинг иродасизликдан саломатлиги ва мутлақ ирода соҳиби эканига далолатдир.
Чечакни қанчалар ардоқлаб севишларига боқинг! Чечак бу ҳоли билан Аллоҳнинг марҳаматсизликдан саломат экани ва Раҳим исмига шаҳодат беради.
Бу чечак каби миллионларча чечаклар ва бошқа нарсалар айни чоқда яратилади. Ҳар бирига фарқли зийнатлар берилади. Демак, буларнинг соҳибининг битмас-туганмас хазиналари бор. Бу билан улар Аллоҳнинг фақирликдан саломат эканига ишорат этади ва ғани эканига гувоҳлик беради.
- Жаннатда қулларига салом берувчи
Салом исмининг учинчи маъноси: жаннатда қулларига салом берувчидир. Бу маъно Ёсин сурасида “...уларга Робби раҳимларидан бир салом бордир” ифодаси ила баён этилган.
Аллоҳ таоло бу дунёда Салом исмини бизларга тажаллий этгани каби бу исми ила жаннатда ҳам тажаллий этсин ва бизлар Аллоҳнинг саломини эшитиб бахтиёр бўлайлик.
Дамин ЖУМАҚУЛ, журналист
Ҳалол меҳнат
Бир одамнинг биргина эшаги бўлиб, у эртадан кечгача тинмай меҳнат қилар экан. Нарса ташиб кетаётганда ўша атрофда ўтлаб юрган бошқа эшакларни кўриб, уларга ҳаваси келар ва ўзининг ҳаётидан норози бўлар экан. Бир куни одатдагидек чарчаб келиб ухлаб қолибди ва туш кўрибди. Тушида чўлда бир қанча эшаклар билан кетаётган эмиш. Ҳаммаларининг устига биттадан поя ортиб қўйилган экан. Қараса, бу ерда ҳам унга энг узун дарахтни боғлаб қўйишган эмиш. Эшакнинг жаҳли чиқиб, четроққа ўтибди-да, пояни тушириб, учидан бир қисмини синдириб ташлабди. Қолган қисмини яна устига ортиб, йўлида давом этибди. Юки енгиллашгани сабабли юриш ҳам анча осонлашиб, олдинга ўтиб кетибди. Бир пайт қараса, олдидан катта жарлик чиқибди. Жарликнинг нариги томони эса кўм-кўк ўтлоқ экан. Жарликдан ўтишга ҳеч қандай кўприк йўқ эмиш. Қараса, атрофдаги эшаклар устиларида олиб келган пояларни жарлик устига ташлаб ундан нариги томонга ўтиб кетар, улар ўтган заҳоти поя жарликка тушиб кетар эди. Эшак қараса, унинг пояси жарликнинг нариги томонига етмас экан. Қилиб қўйган ишидан афсусланиб, алам билан қаттиқ ҳанграб юборибди. Ўз овозидан уйғониб кетган эшак кўргани туш эканини билиб севинибди.
Эй одам, машаққатли ҳалол меҳнат одамни яхшиликка етказади. Аксинча, енгил-елпи ҳаёт эса яхшиликдан маҳрум қилади.
Акбаршоҳ Расулов
Шаъбон ойи ҳақидаги ҳадислар
Оиша онамиз дедилар:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ойларда шаъбон ойидаги каби кўп рўза тутганларини кўрмадим».
* * *
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси дунё осмонига (Ўзининг шаънига мувофиқ) тушади ва Аллоҳга ширк келтирган ва қалбида гина, кудурат бор кишидан бошқа барчани мағфират қилади».
* * *
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Эй Оиша,) бу кеча қандай кеча эканини биласизми?» дедилар. Мен:
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ», дедим.
«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ азза ва жалла бу кеча Ўзининг бандаларига раҳмат назари билан қарайди ва мағфират сўровчиларни мағфират қилади, раҳм сўровчиларга раҳм қилади, дилларида мусулмонларга нисбатан гина, адоват сақловчи кишиларни қандай бўлса, шундай ҳолатда қўйиб қўяди», дедилар.
* * *
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат назари билан қараб, ширк келтирувчи ва қалбида бирорта мусулмонга нисбатан гина-адоват сақловчи кишилардан бошқа барча махлуқларини мағфират қилади».
* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат назари билан қарайди. Иккита шахсдан бошқа барчани мағфират қилади: бири гиначи, бошқаси ноҳақ одам ўлдирувчи», дедилар».
* * *
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Қачон шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, бас, (Аллоҳ таоло тарафидан) бир нидо қилувчи нидо қилади: «Бирорта мағфират сўровчи борми, Мен уни мағфират қиламан! Бирор нарса сўровчи борми, Мен унга бераман», дейди. Шу вақтда ким (қалбидан) сўраса, унга (ўзининг шаънига мувофиқ) берилади. Зинокор ҳотин ва мушрикдан бошқа. (Булар ўзларининг ёмон амаллари сабабидан Аллоҳ таолонинг неъматидан маҳрум бўлгандирлар)».
* * *
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
«Жаброил алайҳиссалом менинг олдимга келиб, айтдилар:
«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечасидир. Аллоҳ таоло бу кечада кўп одамларни дўзахдан озод қилади. Уларнинг адади Калб қабиласи қўйларининг жунларидан ҳам зиёда бўлади. Фақат бу кечада Аллоҳ таолога ширк келтирган, гиначи ва қариндошлик алоқаларини узувчи, изорини (манманлик билан) тўпиғидан пастга тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлувчи ва хамр ичувчи кишиларга раҳмат назари билан қарамайди».
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ким савоб умидида қоим туриб ибодат қилса, бас, унинг қалби (қиёмат куни сабабидан) одамларнинг қалби ўлган пайтда унинг қалби ўлмайди».
* * *
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу кечада (яъни шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида) нималар бўлишини биласизми?» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бу кечада нималар бўлади?» дедилар.
У зот:
«У кечада Одам болаларининг бу йилда туғиладиганлари ва бу йилда вафот этадиганлари ёзилади ва у кечада уларнинг аммаллари кўтарилиб, ризқлари нозил бўлади», дедилар».
* * *
Усмон ибн Муҳаммад ибн Муғийра ибн ал-Ахнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбондан кейинги шаъбонгача ажаллар (умрлар) белгиланади. Бир киши уйланиб, фарзанд кўради. Ваҳоланки, унинг исми вафот этганлар сафига киритиб қўйилган бўлади», дедилар».
* * *
Рошид ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло ўлим фариштасига ўша йилда қабз қилишни ирода қилган ҳар бир жонни қабз қилишни ваҳий қилади», дедилар».
* * *
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб, мушрик ва хусуматчидан ташқари барчани мағфират қилади», дедилар».
* * *
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бир кеча мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўйиб, (ташқарига) чиқдим. Қарасам, у зот Бақиъ қабристонида эканлар. У зот:
«Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилади деб қўрқдингми?» дедилар. Мен:
«Аёлларингиздан бирортасининг олдига келдингизмикан, деб ўйлабман», дедим. У зот:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таборака ва таоло дунё осмонига тушиб, Калб қабиласининг қўйларининг жунларидан ҳам кўпроқ кишиларни мағфират қилади», дедилар».
* * *
Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида раҳмат билан назар қилиб, мушрик ёки хусуматчидан бошқа махлуқотларининг барчасини мағфират қилади», дедилар».
* * *
Муъоз розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига (раҳмат назари билан) қарайди ва жамики махлуқотларини мағфират қилади. Фақат мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
* * *
Абу Саълаба ал-Хушаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло махлуқотларига раҳмат назари билан қарайди. Мўминларни мағфират қилиб, кофирларга муҳлат беради ва гина аҳлини ўз гиналаридан воз кечмагунларича тарк қилади», дедилар».
* * *
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ азза ва жалла Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида махлуқотларига қараб, бандаларини мағфират қилади. Фақат икки (тоифа) кишилар бундан мустаснодирлар. (Улар) хусуматчи ва (ноҳақ) одам ўлдирувчи», дедилар».
* * *
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида Аллоҳ таоло бандаларини мағфират қилади. Фақат мушрик ёки хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
* * *
Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ таоло Ўз махлуқотларига раҳмат назари билан қараб, мушрик ва қалбида гинаси бор кишидан бошқаларнинг барчасини мағфират қилади»
* * *
Касир ибн Мурра ал-Ҳазрамий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси Аллоҳ азза ва жалла ер аҳлини мағфират қилади. Мушрик ва хусуматчи бундан мустаснодир», дедилар».
* * *
Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Шаъбон ойининг ўн бешинчи кечаси (Аллоҳ таоло томонидан бир) нидо қилувчи: «Мағфират сўровчи борми, уни мағфират қилсам! Сўровчи борми, унга берсам!» деб нидо қилади. Фаржи билан зино қилувчи аёл ёки мушрикдан ташқари ким нимани сўраса, (сўраган нарсаси) унга берилади», дедилар».
* * *
Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кириб, кийимларини ечдилар, кўп ўтмай, кийимларини қайтадан кийдилар. Рашким тутди ва у зот кундошларимнинг бирортасиникига кетиб қолдилармикан, деган хаёлга бордим. (Ҳужрамдан) чиқиб, у зотнинг орқасидан эргашдим. У зотни Бақиъул ғорқода топдим. У зот мўмину мўмина ва шаҳидлар ҳаққига мағфират сўраётган эдилар. Дилимда: «Ота-онам сизга фидо бўлсин! Сиз Роббингизнинг иши билан экансиз-у, мен эса дунё иши билан овора эканман», дедим. Ортимга қайтиб, хансираган ҳолатда ҳужрамга кирдим. Расулуллоҳ орқамдан етиб келиб:
«Бу нима нафас олиш, эй Оиша!» дедилар. Мен:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин, ҳузуримга кириб, кийимингизни ечдингиз, кўп ўтмай кийимингизни қайтадан кийдингиз. Шунда қаттиқ рашким келди. Кундошларимнинг бирортасиникига кетдингизмикан, деган хаёлга бордим. Ниҳоят сизнинг Бақиъ қабристонида нима қилаётганингизни кўрдим», дедим. У зот:
«Эй Оиша! Аллоҳ ва Унинг Расули сенга адолатсизлик қилишидан қўрқдингми? Аслида Жаброил алайҳиссалом келиб: «Бу кеча шаъбоннинг ўн бешинчиси. Бу кеча Аллоҳ таоло Калб қабиласи қўйларининг жунлари ададича кишиларни дўзахдан озод қилади. Лекин бу кеча Аллоҳ таоло мушрик, қалбида гинаси бор, қариндош-уруғ ришталарини узувчи, почасини ошиғидан тушириб юрувчи, ота-онасига оқ бўлган, ароқ ичишни одат қилган кишиларга раҳмат назари билан қарамайди, – дедилар. Сўнг кийимларини ечиб: – Эй Оиша! Бу кечани бедор ўтказишга менга изн берасизми?» дедилар. Мен:
«Майли, ота-онам сизга фидо бўлсин», дедим.
У зот ўринларидан турдилар ва узоқ сажда қилдилар. Ҳатто мен у зотнинг руҳлари қабз қилиндимикан, деб ўйладим. Ушлаб кўриш учун ўрнимдан турдим ва қўлимни оёқларининг остига қўйдим. У зот қимирлаган эдилар, хурсанд бўлиб кетдим. Мен у зотнинг саждада «Аъузу би афвика мин иъқобик ва аъузу биризока мин сахотик ва аъузу бика минка жалла важҳука ла уҳсий санаан алайка анта камаа аснайта алаа нафсика», деяётганларини эшитдим. Тонг отгач, уларни у зотга зикр қилган эдим:
«Эй Оиша! Уларни ўрганиб олдингизми?» дедилар. Мен:
«Ҳа», дедим. У зот:
«Уларни ёдлаб олинг ва (ўзгаларга) ўргатинг. Чунки Жаброил алайҳиссалом уларни менга ўргатиб, саждада такрор-такрор ўқишимга амр қилдилар», дедилар».
Дуонинг таржимаси: «Сенинг афвинг ёрдами ила иқобингдан паноҳ сўрайман. Сенинг розилигинг ёрдами ила ғазабингдан паноҳ сўрайман. Сенинг ёрдаминг ила Сендан паноҳ сўрайман. Важҳинг улуғ бўлди. Сенга санони ҳисобламайман. Сен Ўзингга Ўзинг сано айтганинг кабисан».
* * *
Аъло ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Оиша розияллоҳу анҳо дедилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда туриб, намоз ўқидилар ва саждани узун қилдилар. Ҳатто қабз қилиндилар, деб гумон қилдим. Ўшани кўрибоқ, бошмалдоқларини қимирлатган эдим, қимирлади. Сўнг ортга қайтдим. Саждадан бошларини кўтариб, намоздан фориғ бўлдилар-да:
«Эй Оиша – ёки эй Ҳумайро, – Набий сенга адолатсизлик қилди, деб ўйладингми?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, йўқ, эй Аллоҳнинг Расули. Лекин саждангиз чўзилиб кетганидан қабз қилиндингизми деб ўйладим», дедим.
«Бугун қайси кечалигини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дедим.
«Бу шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси. Аллоҳ таоло шаъбоннинг ўн бешинчи кечасида бандаларига қарайди ва истиғфор айтувчиларни мағфират қилиб, раҳм сўровчиларга раҳм қилади. Хусуматчи аҳлни ўз ҳолларича қолдиради», дедилар».
* * *
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қачон Шаъбоннинг ўн бешинчи кечаси бўлса, унинг кечасини бедор ўтказинглар, кундузининг рўзасини тутинглар. Чунки ўшанда Аллоҳ қуёш ботиш пайтида дунё осмонига тушади ва то тонг отгунича:
«Қани, истиғфор айтувчи борми, уни мағфират қиламан. Қани, ризқ сўровчи борми, унга ризқ бераман. Қани, балога учраган борми, унга офият бераман. Қани фалон, фалон» (дейди)» дедилар».
Ҳовли олма, қўшни ол...
Бизнинг азиз ва жонажон юртимизда 130 дан зиёд миллат ҳамда элатлар ўзаро аҳил-иноқ, асрлар давомида миллатидан, динидан қатъий назар фуқароларимиз тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечириб келмоқда. Улар бир мусаффо осмон остида бирдамликда бир-бирларига самимият ила муносабатда бўлишиб, яхши кунда ҳамдам, ёмон кунда ҳамнафас бўлиб, миллий ва диний қадриятларимизга ҳамоҳанг миллатимизга хос бағрикенгликда ва ўзаро ҳамжиҳатликда яшаб келаётганликлари фаровонлик асосидир.
Зеро, аслида инсонлар бир ота-онадан яратилгани Қуръони карим оятларидан маълум:
يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
“Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси,13 оят).
Шу билан биргаликда, инсонларни Аллоҳ таоло ўзи яратган мавжудотлари ичида энг азиз ва мукаррами қилганини ҳам баён қилган.
وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آَدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلًا
“Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси, 70 оят).
Бас шундай экан, ер юзида тинч ва фаровон ҳаёт кечиришликда қўшничилик алоқалари ҳам алоҳида ўрин тутади. Ислом дини бизга чиройли қўшничиликка тааллуқли бўлган таълимот ва кўрсатмаларни баён этади. Бу Қуръони карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак суннатлари орқали етиб келган. Жумладан, Нисо сурасининг 36-оятида:
وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا
“Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”, деб марҳамат қилинган.
Бу оятда Аллоҳ таоло бизга яқину узоқ қўшниларга, хоҳ у қариндош ёки бегона, ҳатто бошқа дин вакиллари бўлишсин, баробар яхшилик қилишга буюради. Мусулмон қўшнининг ўз қўшниси устида қўшничилик ҳақларидан ташқари мусулмонлик ҳақлари ҳам мавжуд. Ҳудди қариндош қўшниларни қариндошлик ва қўшничилик ҳақлари бўлгани каби мусулмон бўлмаган қўшниларнинг ҳам қўшниси зиммасида гўзал муомала ва чиройли қўшничилик ҳаққи бор. Инсон ўз қўшнисига фақат яхшиликларни раво кўрмоғи лозим. Бу борада мисол тариқасида бир ҳикоя келтирилади:
Бир улуғ зотнинг уйларига яқин кишиси меҳмон бўлибди. Уйнинг бурчагидан сичқон югуриб ўтиб қолибди. Меҳмон ўзини мезбонга яқин олиб, сичқонлардан қутилиш йўли уйда мушук асраб олишни маслаҳат берибди. Шунда у киши: “Мушук асраб олсам, сичқонлар мушукдан қўрқиб, қўшниларимникига қочиб ўтиб кетса, шу туфайли мен ўзим яхши кўрмаган нарсани қўшниларимга раво кўрган бўлиб қолишдан қўрқаман”, деб айтибди (Имом Ғаззолийнинг “Иҳяу улумид-дин” асаридан).
Абул Асвад ад-Дуалий ибрати: Араб тили грамматикаси асосчиларидан бири бўлган Абул Асвад ад-Дуалий буюк ҳикмат ва илм соҳиби эди. У киши биринчи бўлиб араб тили ҳарфларига нуқта қўйишни жорий қилган зотдир. Ривоят қилинишича, унинг ҳовлиси бўлиб, уни сотадилар. Шунда ундан: “Ҳовлингизни сотдингизми?” деб сўрашади. У киши: “Йўқ, ҳовлимни эмас, қўшнимни сотдим”, деб жавоб берадилар. У зотнинг ҳовлиларини сотганининг сабаби, унинг инсон ҳаётини барбод қиладиган даражадаги жуда ёмон, ахлоқсиз қўшниси бор эди. Бундан келиб чиқиб шундай ҳикматлар беҳос ёдингизга тушади: “Уйлар қўшнилар биландир”, “Қўшни келди — кўмак келди”, “Қўшнида пишар, Бизга ҳам тушар”, “Қўшнинг ёмон бўлса, ёмонлик келар, Қўшнинг яхши бўлса — омонлик”, “Қўшниси яхши қаримас”, “Ҳовли олма, қўшни ол”. Абул Асвад ад-Дуалийнинг “Уйимни эмас, қўшнимни сотдим” деган сўзалари замонлар оша инсонлар такрорлаб юрадиган зарбул масал бўлиб қолди.
Нега шундай биласизми? Қўшнингизнинг яхшиликлари сизни буюк бунёдкорликлар томон етаклайди. Унинг қўшничилик ҳақ-ҳуқуқ ва бурчларини гўзал тарзда адо этиши ва сизнинг буларга риоя қилишингиз ҳамжиҳатлик ва хотиржамликни таъминлайди. Бу эса Ислом динининг талабидир. Фикримизнинг тасдиғи сифатида қуйида бир ибратли ҳикояни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Солим деган қалби пок, саҳоватпеша, ҳушмуомала бир киши бор эди. Унинг Аҳмад исмли камбағал қўшниси бўлиб, кунларнинг бирида Аҳмад кўпроқ пулга муҳтож бўлиб қолди. Аҳмад бу маблағни бериб турадиган бирор киши топа олмагач, охири ҳовлисини сотишга қарор қилди. Чунки у шу муаммосини қўшниларига аён қилмагаан эди. Шу жумладан, Солимга ҳам. Харидорлардан бири: “Эй Аҳмад, ҳовлингиз учун қанча сўрайсиз?” деди. Аҳмад эса: “Минг динор”, деб жавоб берди. Харидор: “Лекин бу жуда қиммат-ку, уйингизнинг нархи беш юз динор”, деди. Аҳмад: “Тўғри, уйимнинг нархи мен айтган нархга тўғри келмайди. Аммо бу ҳовлининг саҳоватпеша яхши бир қўшниси бор. Унинг исми Солим бўлиб, қачон бетоб бўлсам, ҳолимдан хабар олади. Доимо мендан ҳол-аҳвол сўрайди. Менинг хурсандчилигимга қўшилиб хурсанд бўлади, маҳзунлигимни кўриб хафа бўлади. Шу пайтгача бу ҳовлида яшаб, ундан бирор-бир ёмон сўз эшитмаганман”, деди. Шунда ҳаридор Аҳмаднинг сўзини эшитиб: “Кимни Солимдек қўшниси бўлса, ҳовлисини ҳеч сотмасин”, деди. Бу орада Солим харидор билан Аҳмад ўртасидаги бўлиб ўтган суҳбатни эшитиб жуда маҳзун бўлди. Чунки Аҳмад унга қўшни бўла туриб, маблағга муҳтожлигини яширган эди. Солим тезда Аҳмаднинг уйига кириб: “Эй қўшни, ҳовлингизни ҳеч қачон сотманг. Қанча ҳожатингиз бўлса, мен бераман. Чунки мен сизни ўзимга қўшни бўлиб қолишингизни хоҳлайман”, деди. Аҳмад ва Солим ўртасидаги бундай ҳолатни кўрган шаҳар аҳли жуда хурсанд бўлди.
Мазҳаббошимиз имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўз қўшнилари билан жуда гўзал муомала қилар эканлар. Бошқа дин вакили бўлган қўшниларига қарз сўраганларида қарз берибдилар. Иттифоқо, қўшниларидан бири вафот этиб жанозага ҳамма хозир бўлибди. Кун жуда қаттиқ қиздирган, барча соя қидириб халиги қарз кўтарган одамнинг девори соясига ўзларини олишибди. Бироқ имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ шу сояга бормабдилар. Шогирд ва мухлислар сояга таклиф қилишганда ҳам ўринларида тураверган эканлар. Кейичалик бунинг сабабини ўзлари “Сизлар сояланган девор эгаси мендан қарз кўтарган эди. Таклифларингизни қабул қилмаганим сабаби сояга ўтсам рибо бўлиб қолиб, у инсоннинг кўнгли оғринмасин деб ўтмаган эдим”-деган эканлар.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, жамият тараққиёти, халқ фаровонлиги, кишилар ўртасида меҳр-оқибатнинг мустаҳкамланиши қўшничилик ҳақларини гўзал ҳолатда адо этиш билан амалга оширилади. Бу эса дунёда бахт, охиратда саодатга эришишимизнинг омилларидан биридир.
Жалолиддин Ҳамроқулов,
Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири,
Тошкент шаҳар “Новза” жоме масжиди имом-хатиби
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.