www.muslimuz

www.muslimuz

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш бўйича Давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси делегацияси “ҳалол-туризм” ривожланишининг маркази ҳисобланган Ломбок (Индонезия) оролида музокаралар ўтказди.

Ғарбий Нуса вилояти губернатори ўринбосари Сити Рохми Жалилах билан учрашувда икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболлари кўриб чиқилди. Қайд этилишича, Ломбок ороли бутун дунёда Индонезия “ҳалол-туризм” ривожланишининг маркази ҳисобланади, бу ерга ҳар йили 4 миллиондан ортиқ сайёҳлар ташриф буюради.

Ташриф якунларига кўра, вилоят туризм бошқармаси, туристик агентликлар, меҳмонхоналар ва ресторанлар маъмуриятлари билан 5 та шартнома имзоланди, улар ушбу йўналишда икки мамлакат ҳудудларининг ҳамкорлиги учун асос бўлиб хизмат қилади.

“Дунё” ахборот агентлиги хабарига кўра, шу йилнинг август ойида индонезиялик ҳудудий делегация Бухорого ташриф буюради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

2019 йилнинг 27 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Марокаш Подшоҳлигининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси (қароргоҳи Боку шаҳрида) Муҳаммад Одил Эмбаршни қабул қилди.

Ишонч ёрлиқларини қабул қилиш маросимидан сўнг Вазир Элчини Ўзбекистонга тайинлангани билан қутлади ва Ўзбекистон-Марокаш муносабатларини мустаҳкамлашда муваффақият тилади.

Суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Шу нуқтайи назардан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Марокаш Ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирлиги делегациялари ўртасида Тошкент шаҳрида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш долзарблиги тасдиқланди. Янги даражадаги ҳамкорликнинг асосларини яратиш мақсадида муносабатларнинг шартнома-ҳуқуқ базасини кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон томони 2018-йил декабрь ойида БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» махсус резолюциясини қабул қилиншда фаол қўллаб-қувватлагани учун Марокаш томонига миннатдорлик билдирди.

Шунингдек, Бухоро шаҳри 2020-йилда ислом маданияти пойтахти деб эълон қилиниши муносабати билан ташкил этиладиган тадбирларни ўтказишда ҳамкорлик қилишга томонлар тайёр эканлиги қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қозоғистоннинг Арис шаҳридаги қатор портлашлардан сўнг, шаҳарда жойлашган масжидларнинг биноси ҳеч қандай жиддий талафот кўрмади. Бу ҳақда Sputnik хабар қилади.

Масжид хизматчилари сўзларига кўра, айрим биноларга кичик шикаст етган. Масжид атрофида жойлашган уйларнинг ойналари синган. Арис марказий масжидининг бош имоми Абдукаман Абдукарим масжид биноларига бироз шикаст етганини айтди.

Имомнинг сўзларига кўра, Арис туманида жами 27 та масжид очилган бўлиб, шаҳарнинг ўзида 9 та масжид фаолият кўрсатади.

«Бирорта ҳам ойна синмаган», — дейди видео муаллифи.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Дунёнинг турли минтақаларида юз бераётган можаролар, тўқнашувлар, афсуски, кўп ҳолларда диний ақидалар ниқоби остида илгари сурилаётган бузғунчи ғояларга бориб тақалмоқда. Бундай вазиятда муқаддас ислом динининг инсонийлик, бағрикенглик, тинчликпарварлик қадриятларини жаҳон афкор оммасига кенг танитилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу борада Ўзбекистон раҳбарияти янги ташаббусларни илгари сурмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил октабр ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказини тузиш ва исломнинг асл қадриятларини дунё аҳлига кенг тарғиб қилиш таклифини умумжаҳон кун тартибига қўйган эди.

2017 йил Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан мазкур йўналишда янги халқаро ташаббуслар таклиф қилинди. Булар орасида, айниқса, БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги ташаббус алоҳида аҳамият касб этади.

Ўзбекистон замини инсоният цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида давлатимиз томонидан изчил амалий чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) муҳим органи ҳисобланган Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқот маркази (ИРCИCА) ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида келишувларга эришилди.

Ислом оламида ўз ўрнига эга бўлган ушбу Марказ ва Академия ўртасида имзоланган меморандумга асосан, икки муассаса қадимий қўлёзмаларни тадқиқ қилиш, илмий-тадқиқотлар олиб бориш, конференция ва семинарлар ташкил этиш каби масалаларда ўзаро ҳамжиҳатлик билан иш олиб бормоқда.

ИРCИCА бош директори, профессор Халит Эрен «Дунё» ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликдан фахрланишини айтди. «Ўзбекистон – ИҲТ муносабатлари бугунги кунда ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида турли соҳаларда изчил ривожланмоқда, икки томон раҳбарларининг учрашув ва мулоқотлари бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Томонларнинг муштарак интилиши ва саъй-ҳаракатлари туфайли ИРCИCА ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўртасидаги дўстона муносабатлар янги шериклик босқичига кўтарилди», дея таъкидлади у.

Х.Эрен мамлакатимизнинг инсоният цивилизациясига қўшган буюк ҳиссасини эътироф этар экан, «Ўзбекистон дунё ислом тамаддуни марказларидан биридир», деб таъкидлади. У юртимизда амалга ошири амалга оширилаётган янгиланиш, жадал тараққиёт жараёнини юқори баҳолаб, Ўзбекистон билан муносабатлар юксак даражага кўтарилганидан ҳар икки тараф ҳам ғоят мамнун эканини қайд этди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Янги Зелландия пойтахти Веллингтондаги марказий кутубхона шаҳарнинг ҳужжатлаштириш архив марказига кўчирилади. Бу ҳақда Newsie ахборот портали ва IQNA хабар берди. Кутубхонада 1200 га яқин ноёб намуналар сақланади. Хусусан, Қуръони карим маъноларининг биринчи инглиз тилидаги таржима нусхаси ҳам шу ерда экани айтилмоқда.

1374 йилда инглиз ёзувчиси ва адвокати Жорж Сейл томонидан «Қуръони Муҳаммадий» маънолар таржимаси китоби дунёдаги энг ноёб илк таржималардан ҳисобланади. Таржимон ўша вақтдаги ижтимоий-сиёсий ҳолатдан келиб чиқиб, китобнинг муқаддимасида Ислом дини ва ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида жуда ҳам кўп маълумотлар беришга ҳаракат қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ

КОНЦЕПЦИЯ

Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.

Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.

Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.

Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.

Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.

Ушбу рукнда:

- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;

- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;

- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;

- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.

Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.

 

Top