muslim.uz
Бухорода III Нақшбандия туризм фестивали бошланди
III Нақшбандия туризм фестивали иштирокчилари дастлаб Бухоро бўйлаб саёҳат қилди.
Фестиваль доирасида Бухорога ташриф буюрган хорижий мамлакатларнинг ислом дини уламолари ва “Нақшбандия” тариқати намоёндаларидан иборат делегация аъзолари шаҳардаги Пойи Калон ансамбли, Мир Араб мадрасаси, савдо тоқлари, Лаби ҳовуз каби маданий мерос объектларини томоша қилди.
Маълумот учун, мазкур фестивал Малайзиядаги “Жаҳон сўфийлар маркази” ташаббуси билан ўтказилмоқда.
Унда Индонезия, Бангладеш, Малайзия, Франция, Хитой ва Россия каби давлатлардан ташриф буюрган 100 га яқин диний уламолар иштирок этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), УзА
Кибермаконда дин ниқобидаги киберҳужумлар таҳдидига қарши кураш
Кибермакон интернет тармоқлари орқали амалга ошириладиган мулоқот майдонини ифодаловчи воқелик сифатида 1990-йилдан бошлаб кенг миқёсида ривожланиб, такомиллашиб келмоқда. Кибермакон тушунчасини дастлаб канадалик ёзувчи Уилям Гибсон 1982-йил “Бурнинг Chrome” номли ҳикоясида ёзади.
Кейинчалик, Гибсоннинг 1990-йилда ёзиб тугатган “Неуроманcер” номли техно-утопик фантастик трилогиясида қўллаган. Асардаги кибермакон тушунчаси миллионлаб одамларнинг жамоавий сароб, хаёлпарастликнинг ўзига хос кўриниши сифатида тасвирланган. Бу ерда жамоавий сароб ёки хаёлпарастлик инсон онгида субъектив психологик ҳолат сифатида намоён бўлади.
Ижтимоий нуқтаи-назардан кибермакон деганда интернет тармоғи орқали бир-бири билан боғланган ва бир вақтнинг ўзида турли географик нуқтада кесишувчи ҳар қандай мавжуд компьютернинг график сифатидаги маълумотларига ўралашиб қолган кишилар жамоаси тушунилади.
Ҳозирги даврда фан, техника ва асосан интернет тараққиёти маҳсули бўлган кибермакон ва унинг бошқарувчи қиёфаси “суперкорпорация” технологияларнинг инсонийликдан бегоналашуви натижасида дин ниқобидаги ижтимоий ва маданий бузғунчиликни содир этишга бўлган уринишлар тобора кучайиб бормоқда. Жумладан, бугунги кунда кибертеррорчилик тузилмалари ўз ғаразли мақсадлари йўлида ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга уринмоқда.
Бугунги кунда дунёда энг катта хавф солиб турган ИШИД гуруҳининг интернет кибермаконидаги ахборот ҳужуми ва таҳдиди тўғрисида Айдарбек Тулепов ўзининг “ИШИД фитнаси” китобида қуйидаги маълумотларни беради. ИШИД ўзининг интернет орқали гўё Ислом йўлида “қурбон” бўлаётгани акс этган видеолавҳалари ва фотосуратлари “ал-Ҳаёт” медиа студиясида тайёрланади ва интернетга жойлаштирилади.
Террорчиларнинг тарғибот-ташвиқотлари кун сайин авж олиб бормоқда. Жумладан, “Одноклассники”, “Facebook”, “Instagram”, “Twitter”, “VKontakte” ижтимоий тармоқларида бузғунчилик ва ёт ғояларни тарғиб қилувчи юзлаб гуруҳлар мавжудлиги фикримизнинг яққол далилидир. Шунингдек, Ислом динини нотўғри, қабиҳ мақсадларда талқин этиш, динга сиёсий тус бериб, ҳокимиятни қўлга киритишдир. Китобда дин ниқоби остидаги “раҳнамолар” ҳақида ҳам ёзилади.
Табиийки, тармоқнинг барча фойдаланувчилари каби экстремистлар ҳам турли хил сайтлар ва форумларга кириб кўради. Мудом шакллантирилиб бориладиган дастурли таъминотдан фойдаланади, тармоқли таъминот шу жумладан интернет орқали махфий мулоқот тарқатмоқда. “Ал-Қоида”нинг биринчи расмий сайти 2001-йил 11-сентябрь воқеаларигача ҳам мавжуд бўлган. “Ал-Қоида” сайти ўша вақтлардаги веб-ресурслардан фарқ қилмаган, унинг катта қисмини статик (турғун, мувозанат ҳолатидаги) тасвирлар ва турлича матн, эълонлар (асосан араб тилида), шунингдек, бир нечта қисқа видеороликлар ташкил қилган.
“Ал-Қоида”нинг расмий ташкилоти пайдо бўлиши, сайтда бошқа дин ниқобидаги “диндор”ларнинг ўзини ошкор қилиши тезлик билан кенгайиб борди. Ёмғирдан кейинги қўзиқоринлар каби, уларни қўллаб-қувватловчи кўплаб саҳифалар, турли хил кўринишдаги форум ва ижтимоий тармоқлар “болалаб” кетди. Аммо унинг дин ниқоби остидаги экстремистларнинг диний мафкураси билан таниш бўлган ҳар қандай одам, кичик деталлар воситасида гўёки “ҳамфикр биродарлар”и орасида экани – бугунги куннинг хавфидир. Бу ўз вақтида “Ал-Қоида” томонидан эмас, балки унинг тарафдорлари томонидан яратилган эди ва ўз навбатида, тўлақонли ижтимоий тармоқларни яратишда “асқатадиган” замонавий технологиялар дунёсида билим даражасини намойиш этиб, бу гуруҳнинг ҳақиқий аъзолари диққатини ўзига жалб қилган.
Шу нуқтайи назардан қараганда, бугунги кунда ёшлар онги ва руҳиятида диний экстремизм ва терроризмга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш асосий масалалардан бири ҳисобланади.
Экстремистик мафкура таъсирига тушиб қолган ёш йигит-қизлардаги асосий белгилар кузатилади:
– Унинг хатти-ҳаракатлари кескин ёки қўпол бўлиб қолади, ноодатий ёки жаргон лексика шаклланади;
– маълум бир субмаданият қоидаларига мос равишда бирдан кийиниш услуби ва ташқи кўриниш ўзгаради;
– компьютерида сиёсий-экстремистик ёки ижтимоий-экстремал мазмундаги файллар, ролик ёки тасвирлар кўпайиб боради;
– хонадонда тушунарсиз ёки ноодатий тимсол ва атрибутлар, қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган совуқ предметлар пайдо бўла бошлайди;
– компьютерда кўп вақт ўтказиб, мактаб, олий таълим, бадиий адабиётга, фильм, компьютер ўйинларига алоқадор бўлмаган таълим билан шуғулланади;
– сиёсий ва ижтимоий мавзуларда кўп гапира бошлайди, бунда сабрсизлик ҳамда кескин мулоҳазалар кузатилади;
– интернетдага тахаллус, парол ва ҳоказо экстремал-сиёсий характер касб этади.
Маълумки, бола тарбияси ота-она, маҳалла, мактаб гарданига тушади. Бунда ёшларни кескинлик ёки тазйиқ ўтказиб тўғри йўлга солиб бўлмайди. Ҳеч бир зўравонликсиз ва асосли фикр-мулоҳазалар билан тушунтириш ишлари олиб борилиши зарур. “Контрпропаганда” ишлари бош тезиси – инсон оламни ўзгартириш учун мукаммал билим ва чуқур мулоҳаза юритса, жамиятда мутахассис ва авторитетга айланса, унинг эргашувчилари табиийки кўпроқ бўлади. Шунда яхши мақсадларга эришиши муқаррарлиги таъминланган бўлади, деб босим ўтказмай, қалбан ёндашиб боланинг онгига “етказиш” лозим. Боланинг хатти-ҳаракатларини мутлақо қоралаш керак эмас. Бу унинг қарши реакция – ҳимоя позициясини қўллашига олиб келади.
Ҳеч қачон экстремизм – ижтимоий хасталик эканлигини унутмаслик лозим. Шунинг учун унга жарроҳнинг эмас, психолог қуроллари билан ёндашиш керак. Бундай “романтика”га асосан ёшлар ишониб, бу улар энергиясини деструктив йўналишга буриб юборади. Шундай тарғибот ва ташвиқот асосида шаклланиш босқичидаги ёшлар ва таъсирчан ижтимоий қатлам вакилларида табиий равишда оламни адолатлироқ қилиш (масалан элиталар шаклланиши, ночорлик, меҳнат ҳаққи ва карера ўсишидаги адолатсизлик, жиноятчиликнинг юқори даражадалиги, оддий фуқаро ҳуқуқини ҳимоялашда адолатсизлик, ишсизлик, қонуний идоралар томонидан сиёсий тизимга таъсир сустлиги каби масалалар юзасидан) хоҳиши юзага келиб, умуминсоний қадриятларни рад қила бошлайди, ўзини ижтимоий фикрга қарши тута бошлайди, таълим олишда мутахассис сифатида шаклланиш ўрнига, келажаги йўқ йўналишга тушиб қолади.
Интернетда экстремизм бу аввало, тарғибот-ташвиқотдир. Экстремистлар эътиқод қиладиган бир қатор мақсад ва қарашлар, қадриятлар тарғиб қилинади, уларнинг “илғор”, “муқаррар”лиги исботи келтирилади, қаршилар ва душманлар аниқланади. Агарда ташкилот маълум бир субмаданиятга эътиқод қилса, ўзларининг тарғибот ва ташвиқотида “киберҳужум механизми”ни ишга солади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005-йил 28-сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг жамоат таълим ахборот тармоғини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ таълим ва ёшлар бўйича яратилаётган ахборот ресурслари ягона “ЗиёНEТ” миллий таълим тармоғи ташкил этилгани ахборот хуружларига қарши туришда бир “механизм” экани, “Кибер жиноятлар тўғрисида” Конвенция, “Вояга етмаганлар учун хавфсиз Интернет ва онлайн ресурсларни жорий қилиш тўғрисида” Европа Иттифоқи Парламенти Ассамблеясининг тавсиялари, “Бола ҳуқуқлари тўғрисида” БМТ Конвенцияси каби қонунлар ва Халқаро Конвенцияларни юқорида кўрсатилган таълим муассасаларига фан соҳаларининг мазмунларидан келиб чиқиб ўргатишимиз лозим деб ҳисоблаймиз.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бугунги кунда ахборот майдонидаги “инқилобий янгилик” сифатида эътироф этилаётган “кибермакон” аста-секин жаҳон жамоатчилиги учун тобора жиддий хавф туғдириб бормоқда. Халқаро хавфсизликка нисбатан илгари кўрилмаган дин ниқобидаги таҳдидлар ортаётгани, кибержиноятчилик, киберҳужум, кибертаҳдид каби тушунчалар ҳаётимизга кириб келаётгани кишини хавотирга солмоқда.
Ҳозирча бу хуружга қарши турадиган қурол йўқ. Ахборотга бўлган эҳтиёж бор экан, кибержиноятчилик турли шакл ва усулларда бўй кўрсатаверади. Биз, бугунги авлод, жаҳонда “киберкуртак” отаётган ва жаҳон геосиёсий жараёнларига ўз таъсирини кўрсатаётган кибермакон ва кибертерроризмга лоқайд бўлмай, келажак ва келгуси авлод олдида нима деб жавоб беришимиз ҳақида доимо ўйлашимиз зарур.
Мўминжон ХЎЖАЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Халқаро муносабатлар ва ижтимоий фанлар” кафедраси ўқитувчиси,
фалсафа доктори PhD
“Жумадан жумагача” муҳим хабарларнинг қисқача тафсилоти (26-02-2023)
Масжиднинг янги биноси очилди
Бугун жума куни Оҳангарон тумани мўмин-мусулмонлари икки карра қувонишди. Кунлар саййиди жума шукуҳи уларни қамраб олгани бир қувонч бўлса, "Абдуқаҳҳор махдум" жоме масжидининг янги биноси фойдаланишга топширилгани шодлик устига шодлик бўлди.
Масжиднинг янги биноси очилиш маросими, Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Тадбирда Тошкент вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов, туман имомлари, нуроний отахонлар, маҳалла фаоллари, ҳомийлар ва саховатли инсонлар иштирок этди.
– Масжид қурилишига 2021 йил май ойида киришилган эди, – дейди "Абдуқаҳҳор махдум" жомеси имом-хатиби Абдулбосит Нусратуллаев. – Ҳомийларни жалб қилган ҳолда икки йилда гўзал масжид қад ростлади. Жомеда бир вақтнинг ўзида 700 киши ибодатларни адо этиши мумкин. Имом-хатиб, ноиб ва қоровулхона ҳам ишга тушди.
Масжиднинг олдинги биноси катта йўл бўйидан анча ичкарида эди. Янги бино Олмалиқ–Ангрен йўли бўйида қурилди.
fitrat.uz
Исломда уруш ва тинчлик масалалари
Бугунги кунда турли оқим вакиллари томонидан ислом динидаги турли тушунчалар ва ҳатто дин асослари ҳам бузиб талқин этилмоқда. Ана шундай масалалардан бири бу “жиҳод” тушунчаси билан боғлиқ. Бузғунчи кимсаларнинг талқинича, “жиҳод мусулмоннинг ғайридинларга қарши муқаддас урушидан бошқа нарса эмас ва у исломнинг олтинчи арконидир”. Бундай талқин динимизнинг гўёки ёвузликка, жанг-у жадал, уруш, қон тўкиш, бошқа диндагиларга қарши кураш олиб боришга асослангани ҳақидаги қарашлар шаклланишига туртки бўлмоқда. Аслида эса “жиҳод” Қуръонда “муқаддас уруш” деб аталмаган.
Ислом ўз моҳиятига кўра тинчлик динидир. У инсонларни тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида бор куч-ғайратини сафрлашга, турли фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг асосини ташкил этади. Аммо бугунги кунда динни ниқоб қилиб, унинг номидан иш олиб боришга интилаётган экстремистик ва террорчи оқимларнинг чиркин фаолияти муқаддас ислом дини ва тинчликсевар мусулмонлар ҳақида нотўғри тасаввурларнинг шаклланишига сабаб бўлмоқда.
Хўш, бузғунчи оқимларнинг жиҳод борасидаги қарашлари қай даражада асосли, жиҳоднинг моҳияти нимада?
“Жиҳод” сўзи арабча “жаҳада” феълидан олингани, “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни англатиши бугунги кунда кўпчиликка маълум. Диний истилоҳга кўра, жиҳоднинг Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон 356 нафс, шайтон ва ёв билан курашишдек турларининг мавжудлиги, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида мўътабар манбаларда етарлича тушунтиришлар берилган.
Дастлаб “жиҳод” мазмунида исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун қилинган саъй-ҳаракат, ғайрат қилиш маъноси тушунилган. Шу боис, Макка даврида Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобийлар Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.
Кейинчалик, яъни Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага кўчиб ўтганларидан сўнг ислом дини ва мусулмонлар жамиятини ташқи душманлардан мудофаа қилиш мақсадидагина ҳарбий мазмундаги жиҳодга рухсат берилган. Жумладан, Ҳаж сурасининг 39-оятида: “(Мушриклар томонидан) ҳужумга учраётган (мусулмон)ларга, мазлум бўлганлари сабабли (жанг қилишга) изн берилди. Албатта, Аллоҳ уларга ёрдам беришга қодирдир”, дейилади. Бундан кўринадики, жанг-у жадал маъносидаги жиҳодга мудофаа, муқаррар душман ҳамласини даф этиш мақсадида рухсат берилмоқда.
Таассуфки, ҳозирда жиҳод дейилганда унинг уруш маъносидан бошқаларини инкор этиш, боз устига террорчилик билан боғлиқ жиноятларни ҳам Аллоҳ йўлидаги жиҳод, деб эълон қилиш ҳолатлари қулай бормоқда. Айниқса, экстремистик ва террорчи оқимларнинг мутаассиблик билан йўғирилган ғаразли мақсадлари йўлидаги босқинчилик урушини жиҳод деб эълон қилиши ва бу йўлда ўзини портлатган ва бошқа бегуноҳ инсонларнинг ўлимига сабабчи бўлган кимсаларни “шаҳид” деб атаётганлари динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Ваҳоланки, ислом динида жон неъматига Аллоҳнинг энг буюк ва қадрли неъматларидан бири, деб қаралади. Бу неъматнинг қадрига етмаганларга улкан азоблар борлиги ҳақида Қуръони карим ва ҳадисларда кўплаб огоҳлантиришлар келган. Жумладан, Имом Бухорийдан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда бундай дейилади: Аллоҳ таоло марҳамат қилурки: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим”.
Шунингдек, Имом Бухорий ва Имом Муслимдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда ҳам шунга оид масала баён этилган. Унда айтилишича, “Кимки ўзини тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан кейин ҳам жаҳаннамда шу хил азобга гирифтор бўлади. Ўзини сувга ташлаб ёки осиб ёки куйдириб ўлдирган кишиларнинг ҳукми ҳам унинг ҳукми билан баробардир”.
Юқоридаги ҳадислар фақат ўзини ўлдирган кимса ҳақида бўлса, ўзи билан бирга бегуноҳ инсонлар ўлимига сабаб бўлаётган шахсларнинг гуноҳи унданда оғирроқ бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу ҳақда Қуръони каримда айтилади: “Кимда ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо, 93).
Жиҳод ҳаракатини террор йўли орқали амалга ошираётган кимсалар ўз қилмишларини муқаддас ислом учун кураш, мусулмонларни бирлаштириш ёки ислом халифалигини қуришга қаратилган амаллар, дея гўё ўзларини оқламоқчи бўладилар. Агар жиҳод, улар айтганидек, ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлар эдилар. Бироқ Пайғамбар алайҳиссалом бундай йўл тутмадилар. Аксинча, янги пайдо бўлган мусулмон жамиятини ҳимоя қилиш учун ҳамда юртга бостириб кириши муқаррар бўлган душмангагина уруш эълон қилганлар.
Шу билан бирга, Муҳаммад алайҳиссалом Маккадан Мадинага келганларидан сўнг қилган дастлабки ишларидан бири мусулмонлар жамоаси ва ҳудуддаги турли дин вакиллари ўртасида ўзаро тинч-тотув яшашни таъминлашга қаратилган шартнома тузиш бўлган. 622-йилда тузилган бу шартнома “Мадина саҳифаси” номи билан машҳур бўлиб, унда яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар ўзаро ҳурмат асосида яшаш, уларнинг ўз диний эътиқоди ва ибодатларини амалга оширишларига тўсқинлик қилмаслик каби муҳим масалалар ўрин олган эди. Ислом дини ҳамма давр ва ҳар қандай вазиятда тинч-тотувликнинг барқарор бўлишидан манфаатдор бўлганини унинг тарихи ҳам намоён этади.
Исломнинг муқаддас манбаларида жиҳоднинг улуғ амал эканига далолат қилувчи ва унга тарғиб этувчи кўплаб кўрсатмалар келган. Жумладан, Тавба сурасининг 111-оятида марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ мўминларнинг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Аллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари ҳам Аллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар, (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Аллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Аллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз. Мана шу ҳақикий буюк бахтдир”, дейилади.
Жиҳод бузғунчи тоифалар айтаётганидек, босқинчилик уруши эмас, унинг моҳияти ўзгача. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида жиҳоднинг моҳиятини ёритиб берувчи кўрсатмалар мавжуд. Бу ҳадисларнинг мазмун-моҳиятини англаб етмасдан, жиҳодни ўзича талқин этиш қайтарилган амаллардандир. Маълумки, ислом дини сулҳпарвар дин. Пайғамбар алайҳиссалом ўз саҳобийларига ғаним билан жанг қилаётганида душман сулҳ сўраса, албатта, бунга эътибор қаратиш лозим экани ҳақида айтиб ўтганлар.
Шунинг учун саҳобийлар ҳеч қачон Муҳаммад алайҳиссалом кўрсатмалари бўлмасдан, ташқи душманга қарши уруш мазмунидаги жиҳодга чиқмаганлар. Бу ҳолатдан жиҳод эълон қилиш ваколати давлат раҳбарининг мутлақ ҳуқуқи экани келиб чиқади. Дин уламолари бир ҳолатдагина давлат раҳбарининг топшириғисиз, жиҳод қилиш мумкин, деб айтганлар, яъни ташқи душман ватанга бостириб кирганида, ғанимга қарши жанг қилиш учун раҳбарнинг топшириғи кутилмайди.
Шу билан бирга, ислом динида душман билан жанг қилишнинг ҳам ўзига хос қоидалари баён этилган. Бу ҳақида Бақара сурасининг 190-оятида: “Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз, (лекин жанг асносида ҳам) ҳаддан ошмангиз! Зеро, Аллоҳ ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай”, дейилади.
Шайх Абдулазиз Мансур ушбу оятни қуйидагича тафсир қиладилар: “Ислом динида инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам риоя қилинади. Аллоҳ таоло ҳар қандай вазиятда ҳам ҳаддан ошмаслик ва тажовузкорликка ўтмасликни буюради. Бу ҳамма учун жуда ибратли танбеҳдир. “Жиҳод” сўзи ҳамма вақт ҳам жанг ва уруш мазмунида эмас, балки жидду жаҳд, саъй-ҳаракат, ижтиҳод маъноларида ҳам келади”. Бу фикрнинг исботини Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисдан ҳам кўриш мумкин: “Мусулмонларнинг афзали, қўлидан ва тилидан мусулмонларга озор етмайдиганидир. Мўминларнинг афзали эса, хушхулқроғидир. Муҳожирларнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан ўзини йироқ тутувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва хоҳишига қарши қилинадиган жангдир”.
Бундан ташқари, сохта салафийларнинг жиҳодни исломнинг олтинчи аркони, деб аташлари диндаги бузғунчиликдир. Энг аввало, адашган оқимлар назарда тутгандек, жиҳод исломнинг олтинчи аркони бўлганида эди, ўн тўрт аср илгари Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссалом мусулмонларни беш рукнга эмас, балки олти рукнга амал қилишга буюрган бўлардилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом эса: “Ислом беш нарса устида бино қилинган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг пайғамбари эканига гувоҳлик бериш, намоз ўқиш, закот бериш, рамазон рўзасини тутиш ва (имкони бўлса) ҳаж қилиш”, деб ислом асослари нимадан иборат эканини айтиб ўтганлар. Ислом уламолари, жумладан, юртимиздан етишиб чиққан буюк муҳаддис ва мутакаллимлар ҳам ушбу ҳадиси шарифда диннинг арконлари ва моҳияти тўлиқ ва қатъий баён этилганини таъкидлаганлар.
Бундан ташқари Қуръони каримнинг: “Ана, энди бугун, динингизни камолига етказдим, неъматимни тамомила бердим ва сизлар учун Исломнинг дин бўлишига рози бўлдим” (Моида, 3), деган ояти нозил бўлган вақтда ислом дини беш аркондан иборатлиги ва бундан кейин улар ҳеч қачон ўзгармаслиги таъкидланган. Яна бир ҳадисда эса, Пайғамбар алайҳиссалом: “Сизлардан ким мендан кейин яшаса, яқинда кўп ихтилофларни кўради. Менинг суннатим ва мендан кейинги ҳидоят топган рошид халифалар суннати сизларга шарт бўлади. Уларни қаттиқ тутингиз ва озиқ тишлар билан тишлангиз. Шариатда янги пайдо қилинган нарсалардан сақланингиз. Зеро, (шариатда) ҳар бир янги пайдо қилинган нарса – бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир”, деганлар. Сохта салафийлар эса, исломнинг беш арконига қаноат қилмай, жиҳод борасида ғулувга кетиб, уни шариатнинг олтинчи аркони деб аташлари жуда таажжубланарлидир. Бу эса, мазкур ҳадисда таъкидланган диндаги бидъат бўлиб, у ўз эргашувчиларини албатта, залолат сари етаклайди. Ана шу ҳолатнинг ўзи инсонни сергакликка чорлаши, жиҳод масаласида ғулувга кетишдан сақланиши учун кифоя қилади. Зеро, жиҳод борасида ғулувга кетиш бошқа диндагиларга нисбатан босқинчилик бўлишидан ташқари, ислом аҳкомларига қарши чиқиш ва уларни оёқости қилиш билан баробардир.
Шуни доимо ёдда тутиш керакки, ислом жанг-у жадал дини эмас, балки тинчлик динидир. Исломда амалга ошириладиган ҳар қандай жиҳод – яъни саъй-ҳаракат фақатгина тинчтотув яшаш, тинчликни таъминлашга қаратилган бўлиши керак.
Шукрулло ЖЎРАЕВ,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот
маркази Нашрлар бўлими бошлиғи
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.