muslim.uz
Шавкат Мирзиёев олимлар шаҳарчасига борди
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ядро физикаси институтига ташриф буюрди.
Энергия ҳосил қилувчи қувватларни кўпайтириш, энергетика соҳасини диверсификация қилиш мақсадида мамлакатимизда атом энергия станцияси қуришга киришилди. Юқори технологияларга асосланган бу вазифани амалга ошириш учун замонавий билимларни чуқур эгаллаган мутахассислар талаб этилади. Шу боис Тошкентда Москва муҳандислик-физика институти филиалини очиш мўлжалланмоқда. Ушбу таълим муассасасини Ядро физикаси институти ҳудудида жойлаштириш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев шу борадаги лойиҳалар билан танишди. Ўқув бинолари ва лабораторияларни жаҳон стандартлари асосида қуриш, энг замонавий технологиялар билан жиҳозлаш зарурлигини таъкидлади.
Маълумки, Ядро физикаси институти пойтахтимизнинг Улуғбек шаҳарчасида жойлашган. Давлатимиз раҳбари ушбу шаҳарчанинг Бош режасини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берди.
«Бу шаҳарча олимлар шаҳарчаси бўлиши керак. Яқин вақтларда бу ерга бошқа илмий-тадқиқот институтларини ҳам кўчирамиз. Олимлар учун, илм-фан ривожи учун ҳамма шароитларни яратиб берамиз», деди Шавкат Мирзиёев.
Президент шаҳарча ҳудудини кенгайтириб, институтлар учун бинолар, янги уй-жойлар, мактаб ва дам олиш масканлари қуриш, шаҳар маркази билан транспорт қатновини яхшилаш, ер усти метроси олиб келиш зарурлигини таъкидлади.
ЎМИ Матбуот хизмати
27.07.2018 й. Ҳаж – улуғ ибодат
بسم الله الرحمن الرحيم
Муҳтарам жамоат! Маълумки, муқаддас Ислом динимиз беш аркон устига қурилган бўлиб, улардан бири – ҳаж ибодатидир. Ҳаж молиявий ва жисмоний ибодат бўлиб, мўмин-мусулмон киши умрида бир марта адо этиши фарздир. Ҳаж қилмоқчи бўлган шахс балоғатга етган, ақли расо, сафар харажатларига қодир, ҳажга бориб келгунига қадар ўз қарамоғидагиларни нафақа билан таъминлаган ҳамда йўллар очиқ ва бехатар бўлиши шарт қилинади. Аёл кишига эса, юқоридаги шартлар билан бирга эри ёки бирор маҳрами ҳамроҳ бўлиши керак. Кимда мана шу шартлар топилса, унга ҳаж фарз бўлади. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлиги ҳақида шундай дейилган:
وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حَجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا (سورة ال عمران/97).
яъни: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси, 97-оят).
Ҳаж ибодатига киришишдан олдин, аввало, киши ҳақиқий тавба қилиб, барча хато-камчиликларини тўғрилаб, келгусида барчага намуна ва ўрнак бўладиган ҳолатда бўлиши лозим. Шунингдек, зиммасида ўзгаларнинг ҳаққи бўлса, эгасига қайтариши керак.
Ҳажнинг вақти Шаввол ва Зулқаъда ойлари ҳамда Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир. Бунга ишора қилиб Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
الْحَجُّ أَشْهُرٌ مَعْلُومَاتٌ فَمَنْ فَرَضَ فِيهِنَّ الْحَجَّ فَلَا رَفَثَ وَلَا فُسُوقَ وَلَا جِدَالَ فِي الْحَجِّ وَمَا تَفْعَلُوا مِنْ خَيْرٍ يَعْلَمْهُ اللَّهُ وَتَزَوَّدُوا فَإِنَّ خَيْرَ الزَّادِ التَّقْوَى وَاتَّقُونِ يَا أُولِي الْأَلْبَابِ (سورة البقرة/197).
яъни: "Ҳаж (мавсуми учун) маълум ойлар (белгиланган). Бас, ким шу ойларда ҳажни ўзига фарз қилса (ҳажни ният қилса), ҳаж давомида хотинига яқинлашиш, гуноҳ-маъсият ва жанжал (каби ишларга рухсат) йўқ. Ҳар қандай яхши (савобли) иш қилсангиз, албатта, уни Аллоҳ билур. (Ҳаж сафарига) озуқа олиб чиқинг. Энг яхши озуқа тақводир. Тақвони Менга қилингиз (Мендан қўрқингиз), эй, оқиллар! " (Бақара сураси, 197-оят)
Оятнинг мазмунига кўра, ҳажга борувчи кимса тақво билан зийнатланиб, бажараётган амалларини чиройли адо этишга ҳаракат қилиши керак. Қолаверса, саноқли ҳаж кунларини охирати учун захира бўладиган амаллар билан ўтказишга ошиқиши лозим. Тилни сақлаш ҳам тақводан ҳисобланади ва бу нарса ҳажда катта аҳамиятга эгадир. Чунки ҳар қандай сафарда ўзига яраша машаққат ва қийинчиликлари бўлади, мана шундай ҳолатларда ҳаж қилувчи киши тилига эҳтиёт бўлиши лозимдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "مَنْ حَجَّ للهِ وَلَمْ يَرْفَثْ وَلَمْ يَفْسُقْ رَجَعَ كَيَوْمٍ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ" (رواه الإمام البخارى والإمام أحمد).
яъни: “Ким Аллоҳ учун ҳаж қилса, фаҳш сўз айтмаса ва фисқу фасод қилмаса, онасидан туғилгандек гуноҳлардан пок бўлган ҳолда қайтади” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Ҳаж даврида беҳаё сўзларни айтмай, фисқу фасод ишларни қилмай юрган кишилар худди онадан туғилгандек бегуноҳ ҳолда уйларига қайтадилар. Бу ҳақиқатни ҳажга борувчи ҳар бир киши энг зарур нарсалар қатори қалбига сингдириб олмоғи лозим. Ҳажни ният қилган киши катта-ю кичик гуноҳларни қилишдан, ҳатто бирор жонзотга озор беришдан, хусусан, одамлар билан жанжаллашишдан доимо ўзини сақлаши лозимдир. Албатта, булар ҳажнинг мақбул бўлиш шартларидан ҳисобланади.
Ҳаж сафари давомида йўлдошларига хайр-эҳсон қилиш ажр савоб бўлиши билан бирга, инсонлар орасида ўзаро дўстлик ва меҳр-муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бундай одамнинг ҳажи ҳам мақбул бўлади.
عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:"اَلْحَجُّ الْمَبْرُورُ لَيْسَ لَهُ جَزَاءٌ إلَّا الْجَنَّة "قِيلَ: وَمَا بِرُّهُ؟ قَالَ:"إطْعَامُ الطَّعَامِ، وَطِيْبُ الْكَلاَمِ" )رَوَاهُ الإمام أَحْمَدُ(
яъни: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мақбул ҳажнинг мукофоти фақат жаннатдир”, – дедилар. “Унинг қабул бўлиши нима билан бўлади”, – дейилди. “Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таом бериш ва яхши гапириш”, – дедилар (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Муҳтарам азизлар! 2018 йил ҳаж ибодатини адо этадиган зиёратчилар учун Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва масъул мутасадди ташкилотлар йил бошидан тайёргарлик ишларини бошлаб, ҳозирда ниҳоясига етказиб бормоқдалар. Шу кунларда 10 нафар ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетдилар. Юртимиздан ҳаж сафарига боргувчилар билан ҳажнинг қонун-қоидалари ва тартиблари ҳақида учрашув ва суҳбатлар ўтказилмоқда. Шунингдек, уларнинг ҳар бирларига ҳаж ҳақида йўриқнома сифатида китоб билан диск тарқатилди.
Муҳтарам жамоат! Ҳаж ибодатини бажариш ҳаммага ҳам насиб қилаверадиган амаллардан эмас. Шунинг учун бу улуғ сафарни ният қилган юртдошларимиз ҳажнинг моҳиятини яхши тушуниб олишлари, уни адо этиш тартибларини пухта ўзлаштиришлари, сафар одобларига қатъий риоя қилишлари талаб этилади. Катта харажатлар сарфлаб, узоқ вақт навбат кутиб, шунча узоқ жойга, Аллоҳнинг розилигини топаман, деб борган айрим ҳожиларимиз, афсуски, ғанимат дамларини қадрига етмай, кўп вақтларини беҳуда амаллар ва дўкон айланишлар билан ўтказиб юборишади. Ҳаж зиёратига отланган кишилар зиммаларидаги фарз, вожиб, суннат амалларни иложи борича жамоат билан, ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиш – муборак динимиз талаби ва шариатимиз кўрсатмасидир. Кўпроқ Қуръон тиловати, нафл ибодатлар, зикр ва истиғфор айтиш, ёрдамга муҳтож кишиларга кўмак бериш каби савобли ишларни қилишлари зарур. Яна сафар давомида иложи борича билимдон ва солиҳ кишиларга йўлдош бўлиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилган дуоларни ёдлаб, айтиб юришга интилиш ҳам мақбул амаллардандир. Шундагина ҳажларимиз мабрур, ибодатларимиз мақбул бўлади, иншааллоҳ.
Шуни таъкидлаш лозимки, ҳожи бўлиш – шараф, шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки уламоларимизнинг айтишларича, ҳажнинг қабул бўлиш ёки бўлмаслиги ҳожининг уйига қайтганидан кейинги амалларидан билинади. Демак, ҳожиларимиз юртимизга қайтганларида билим-маърифат, одоб-ахлоқ ва барча эзгу ишларда ҳаммага намуна бўлишлари лозимдир.
Аллоҳ таоло муборак ҳаж сафарига ҳозирлик кўраётган барча юртдошларимизга ҳаж ибодатларини тўла-тўкис адот этиб, юртимизга соғ-саломат ҳолда қайтиб келишларини муваффақ айласин! Омин.
ИЛОВА
МИССИОНЕРЛИК
Миссионерлик – лотинча “юбориш” ва “топшириқ” маъноларини билдириб, бир динни бошқа диндагилар ўртасида тарқатиш соҳасидаги черков (яъни, католик ва протестантлар каби йўналиш) ташкилотларининг фаолиятидир. Содда қилиб айтганда, миссионерлик христианлаштиришдир.
Шуни билиш лозимки, даъват (насиҳат) бошқа, миссионерлик бошқа нарсадир. Бир дин вакилини ўз қавмига хитоби даъват бўлиб, ҳар бир инсон бу ишни қилиши мумкин. Аммо, бир дин вакилининг бошқа диндагиларни ўз динига оғдириш учун қиладиган ҳаракати эса, миссионерлик дейилади ва бу қонун билан таъқиқланади.
Минг афсуслар бўлсинки, охирги пайтларда баъзи ёшу қарилар ўзларининг муқаддас Ислом динларини қўйиб, бошқа динга ўтиб кетиш ҳоллари кузатилмоқда. Бу ҳолга чек қўйилмас экан, миллат барқарорлигига таҳдид солиниши турган гап!
Дунё тарихига назар соладиган бўлсак, миссионерларнинг ўзга дин вакиллари орасидаги фаолияти ҳар дойим минтақа барқарорлигини бузган, аҳоли орасида нотинчлик ва қон тўкилишларга сабаб бўлган.
Миссионерларнинг ғаразли мақсадлари ва фаолиятлари:
Миссионерларнинг асосий мақсадлари турли йўл ва усуллар билан ўз сафларини маҳаллий миллат вакиллари ҳисобига кенгайтиришдан иборатдир.
Уларнинг мақсадлари асосан уч нуқтада жамланади:
- Халқларни христианлаштириш. Шу орқали уларни иқтисодий, сиёсий ва маънавий жиҳатдан Ғарб давлатлари таъсир доирасига олиш.
- Халқларда ўз динига нисбатан шубҳа уйғотиш, уларни ўз динидан чиқариш ва динсиз қолдириш.
- Қадимдан христиан бўлганларни ўз динларида мустаҳкамроқ туришга чорлаш ва уларнинг сафини “янги христианлар” билан тўлдириш.
Улар мақсадлари йўлида барча воситалардан фойдаланади, уларнинг ҳийла-найранглари доимо такомиллашиб боради. Мана улардан бир нечтаси:
- Инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш. Бунга, албатта, моддий ёрдамлар (тиббиёт, озиқ-овқат) ва сўзсиз, “руҳий” ёрдамлар киради.
- Маҳаллий халқ тилида ўша халқнинг урф-одатларини ҳисобга олган ҳолда, сифатли, рангли ва расмли христиан даъват китобчаларини бепул тарқатиш. Кўпинча бу китоблар Қуръон оятлари билан “безалади”.
- Христианликни тарғиб қилувчи газета-журналлар чиқариш.
- Христианликка қизиқтирувчи аудио-видео кассеталар тарқатиш.
- Турли мавзуларда тадбирлар ва анжуманлар уюштириш.
- Ўз сафларига қўшилганларни моддий рағбатлантириш, уларни чет элларга жўнатиш, уларни иш билан таъминлаш.
Баъзи ватандошларимиз уларнинг кетидан эргашиб кетаётганининг биринчи сабаби – муқаддас Ислом динимиз ҳукмларидан мутлақо бехабарлик. Иккинчи сабаби – ён атрофимиздаги кам таъминланган оилалар, ногиронлар ва боқувчисидан айрилган қариялардан деярли хабар олмаймиз, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсата олмаяпмиз. Миссионерлар бу имкониятдан фойдаланиб баъзи муҳтожларнинг кўнглини овлаб, диндан чиқармоқда. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръони каримда шунай деган:
وَمَنْ يَرْتَدِدْ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَيَمُتْ وَهُوَ كَافِرٌ فَأُولَئِكَ حَبِطَتْ أَعْمَالُهُمْ فِي الدُّنْيَا وَالْآَخِرَةِ
وَأُولَئِكَ أَصْحَابُ النَّارِ هُمْ فِيهَا خَالِدُونَ
яъни: “Сизлардан кимда-ким ўз (Ислом) динидан қайтиб, кофир ҳолида ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари (тоат-ибодатлари) дунёю охиратда беҳуда кетар. Улар дўзах аҳлидирлар ва унда мангу қолурлар” (Бақара сураси, 217-оят).
Аллоҳ таоло барчамизнинг имонимизни саломат айлаб, ҳар хил ёвуз ниятли кимсалар гирдобига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин! Омин.
Запороже шаҳрида масжид қурилиши режалаштирилмоқда
Украинанинг Запороже шаҳрида мусулмон жамоаси учун масжид қурилиши режалаштирилмоқда. Бунинг учун шаҳар марказида жойлашган Пушкин истироҳат боғи ҳудудидан 0,9 гектар майдон ажратилади.
Масжид қурилишига рухсат берувчи қарор Запороже шаҳар депутатлар кенгашининг сўнгги сессиясида қабул қилинган. Ушбу масжид «Мусульманская религиозная громада города Запорожья» диний ташкилоти тасарруфида бўлиши маълум қилинган.
Маълумотларга кўра, масжид учун ажратилган майдон Волгоград кўчасида жойлашган бўлиб, собиқ футбол стадиони ўрнида қад кўтаради.
Бугунги кунда Запорожеда жамоат намозларини амалга ошириш учун кичик намозхона фаолият кўрсатаётгани қайд этилган.
ЎМИ Матбуот хизмати
Янги уйлар – янги орзулар (Биринчи мақола)
Инсонни тушкунлик ботқоғига ботирадиган ҳам, унинг ҳаётга интилишини, жамият, давлат ва келажакка ишончини мустаҳкамлайдиган омил ҳам айнан уй-жой билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам халқимиз “ўз уйим – ўлан тўшагим”, дейди. Тўрт мучаси соғлом одамларни-ку бу борада умиди ва ишончи бор: Раббимиз тинчликни бардавом қилиб, соғлиқдан қисмай турса-ю, астойдил меҳнат қилса, уй-жойи бадастир бўлади, иншоаллоҳ. Аммо “тақдирнинг мураккаб синовларига учраган ижтимоий ҳимояга муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган ва ногиронлиги бўлган одамларнинг ҳоли нима кечади?” деган савол ҳар қандай жамиятнинг ҳар бир аъзосини ўйга солиши аниқ.
Президентимизнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналарига уй-жой масаласида келиб тушган мурожаатлар таҳлили мамлакатимизнинг турли бурчакларида меҳнат қилиб, даромад олишга имконияти чекланган, тақдирнинг оғир зарбаларига учраган, ногиронлиги бўлган инсонлар мураккаб шароитларда кун кечиришга мажбур бўлаётганини кўрсатди.
Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам буткул бошпанасиз эмас, аксари (бир уйда бир нечта оила сиқилиб яшаётгани туфайли) алоҳида уй-жойга эҳтиёжманд одамлар.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бу борадаги долзарб масалаларга комплекс ечим топиш мақсадида самарали механизм йўлга қўйилди. Бунга кўра, уй-жойга ўта муҳтож, ногиронлиги бўлган инсонлар ёки ногиронлиги бор фарзандларни вояга етказаётган оилалар имтиёзли кредит асосида уй-жой билан таъминланмоқда. 2017 йили уй-жойга ўта муҳтож, меҳнатга лаёқати чекланган, ногиронлиги бўлган инсонлар яшаётган 1207 оила ана шу янги тизим асосида арзон ва замонавий уйларга эга бўлди.
Тонгга интилаётган инсон қудрати
Нарпайлик 1-гуруҳ ногирони Соҳиба Қувонова олти ойлигида икки оёғидан ажралган бўлса-да, тақдирнинг оғир зарбаси унинг иродасини бука олмади. Ишкомга ишлов бериш, сигир соғиш, таом тайёрлаш, тикувчилик қилиш – бу ишларнинг ҳеч бири унга қийинчилик туғдирмайди.
Кун ботади, тун чўкади. Бироқ Соҳиба Қувонованинг уйида ярим тунга қадар чироқ ўчмайди, тикув машинасининг бир маромдаги овози тун бағрини ёриб, тонгга интилаётган инсон қудратидан нишона беради.
2017 йил Соҳибанинг ҳам кўп йиллик орзуси амалга ошди: Нарпай туманида қуриб битказилган, намунавий лойиҳадаги замонавий уйлардан бирининг эгаси бўлди.
Бу уйга Соҳиба ҳалол меҳнати, ҳаётга интилиши туфайли эришди. Ўзбекистондаги инсонпарварлик сиёсати эса бунга имконият эшигини очиб берди.
Боқимандаларга ибрат инсонлар
Қарши туманида яшовчи Шуҳрат Алимовнинг касби қурувчи. Гарчи 1-гуруҳ ногирони бўлса-да, бу инсон ҳалол меҳнат билан пул топиб, рўзғор тебратмоқда. 2017 йил Алимовлар оиласига ҳам катта қувонч олиб келди: Қарши тумани Яккаёғоч массивида барпо қилинган замонавий уйлардан бири уларга имтиёзли кредит эвазига берилди, бу уйнинг бошланғич бадалини ҳам давлатимиз тўлади.
Ҳа, инсон ўзининг ботиний кучини бир мақсадга жамлай олса, унинг қудрати олдида ҳар қандай қийинчилик чекинади. Тақдирнинг қанчалик оғир ва мураккаб зарбаларига дуч келмасин, сабот ва чидам билан ёруғ кунларга интилаётган, ўз уйини ўз меҳнати билан барпо қилаётган бу инсонларнинг қаҳрамонлиги шундаки, улар, гарчи меҳнат қилишга имконияти ва лаёқати чекланган бўлса-да, боқимандалик ботқоғига ботмаган. Ахир баъзида ён-атрофда учрайдиган, “берсанг – ейман, урсанг – ўламан”, деб кўзларини мўлтиратиб турган ёки кўча-кўйда тиланчилик қилаётган, ҳаммасидан ҳам ажабланарлиси, тўрт мучаси соғ бўла туриб, уялмай-нетмай давлатдан текинга уй-жой сўраётган кимсалар учун бу инсонлар чин маънода ибрат ва ўрнакдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси материаллари асосида
Дамин ЖУМАҚУЛ
тайёрлади.
Эронлик ҳожилар кечадан Ҳажга йўл олди
Эроннинг Ҳаж ва туризм ташкилот раиси Ҳамид Муҳаммадийнинг сўзларига кўра, кеча, 18 июль санасидан бошлаб эронлик ҳожиларнинг биринчи карвони Саудия Арабистони ерларига етиб борди. Бу ҳақда "Азон" нашри хабар берди.
Ҳамид Муҳаммадий Эрон телевидиниесида берган расмий баёнотида бу йил 86 минг эронлик Ҳаж ибодатини амалга оширишини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ва Саудия Арабистонининг ҳаво йўллари бўйича икки ширкати 310 та парвозни амалга оширади.
Муҳаммадий ҳожилар Эронга 26 августдан қайтишни бошлашларини ва бу 15 сентябрга қадар давом этишини айтган.
ЎМИ Матбуот хизмати
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.