muslim.uz
Вакилимиз Ставрополь ўлкасида
Ставрополь ўлкаси Мусулмонлар идораси меҳнат муҳожирлари орасида маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишга катта эътибор қаратиб келмоқда. Айни кунларда ҳам ана шундай учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов иштирок этди. Бу ҳақда Ставрополь ўлкаси Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.
Абдулҳамид Турсунов юртдошларимизни Россия Федерацияси қонунларига риоя қилиш ва ўзларини яхши томондан намоён қилишга чақирди.
– Россияда жуда кўплаб меҳнат муҳожирлари бор. Уларнинг мослашишлари учун айнан шундай суҳбатлар ва учрашувлар ёрдам беради. Туб аҳолининг дини ва одатларини ҳақорат қилмаслик, ўзини тўғри тута олишни ёдга солиш, ўз мамлакатининг муносиб вакили бўлишга чақириқлар – буларнинг бари ҳақида иложи борича кўпроқ гапириб туриш керак. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Ставрополь ўлкаси Мусулмонлар идораси ходимлари, шу жумладан, мен ҳам, доимо турли масалаларда ёрдам кўрсатишга тайёрмиз», – дейди Абдулҳамид Турсунов.
Учрашувда аёллар масалаларига катта эътибор қаратилди, ахир аёл – энг аввало оиланинг чароғбони, сарамжон-саришта уй бекаси. Айнан у баркамол авлодни вояга етказишдаги тўғри пойдеворни қўйишга сабабчи бўлади.
Бир овоздан бундай таълим-тарбия ва турли мавзуларга оид чиқишлар, фойдали маърузаларни тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди. Шу мақсадда ишчи гуруҳи тузилиб, унга “Ставрополь ўлкаси ўзбеклари ва ўзбекистонликларнинг миллий маданият маркази” жамоатчилик ташкилотининг раиси Тимур Каримов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов, Пятигорск шаҳар ўзбек диаспорасининг раиси, шунингдек, ўлканинг ҳар бир минтақасидан биттадан вакил киритилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
«Ҳаж — 2018»: зиёратчилар билан учрашув бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 17-июль куни Қорақалпоғистон Республикасидан Ҳаж зиёратига борувчи 150 нафар фуқаро иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларин ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан 2018 йилги Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганини маълум қилди. Ҳаж ибодатига борувчиларнинг ушбу амал ҳақидаги тушунчаларини бойитиб, мавсум давомида қилинадиган амаллар ҳақида атрофлича маълумот берди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Алеуов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг кўрсатмаси бўйича шаҳар ва туман бош имом-хатиблари томонидан Ҳаж зиёратига борувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилаётганини қайд этди. Бунда олдин ҳажга борган тажрибали имомларимиз тарафидан амалий ёрдамлар бериб борилиши, албатта ўзининг ижобий самарасини беришини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, учрашув давомида зиёратчиларимизнинг ибодат амалларини тўлиқ адо этишлари учун яратилаётган қулайликлар, уларга берилаётган эътибор ва имкониятлар таҳсинга лойиқ экани таъкидланди.
Учрашув якунида Ҳаж зиёратига борувчи фуқаролар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.
Исламатдин АЛЛАНОВ
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими
Оби ҳаёт исрофидан сақланайлик
Аллоҳ таоло Қуръони каримда сувни ҳаёт манбаи қилиб қўйганини таъкидлаб кўплаб оятлар нозил қилган. Жумладан, “Биз осмондан баракотли сув – ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у сув ёрдамида ўлик шаҳарни – ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси 9-11-оятлар).
Бошқа бир ояти каримада эса Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтади: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).
Гарчи ушбу оятда шукр қилиш ва ношукрлик оқибатлари Исроил авлодига қарата айтилган бўлса-да, лекин унинг ҳукми умумий бўлиб, то қиёматга қадар келадиган барча инсонларга тегишлидир. Шукр қилиш ўз-ўзидан бўлмайди, балки ўзидаги моддий ва маънавий неъматлар ҳақида кўп мулоҳаза қилиш, улар берилган тақдирда қандай ҳолатда бўлишини тасаввур этиш, ўзидан қашшоқроқ, қийналганроқ кишиларни ёдга келтириш инсонни ўзидаги неъматлар учун Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Бу иши инъом этувчига ҳам манзур бўлади. Натижада неъматнинг янада зиёда бўлишига сабаб бўлади. Аксинча, ношукрлик, нонкўрлик каби ҳолатлар инъом этувчида нафрат ва ғазаб пайдо бўлишига олиб келади. Натижада берган неъматларини қайтариб олиш ёки бошқа офат ёхуд мусибатларга дучор қилиш йўли билан жазолаши жоиз бўлиб қолади.
Ношукрлик инсонлараро муносабатларда ҳам ўзининг салбий натижаларини беради. Яхшиликни қадрлаб, имкони бўлса қайтариш айнан олижанобликдир.
Ҳозирги кунда баъзи бир юртдошларимиз орасида Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бири бўлган сувдан оқилона фойдаланмаслик, аксинча уни исроф қилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Айниқса, ёз фасли келиши биланоқ ушбу исрофгарлигимиз янада ортиб бормоқда. Бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Зеро қиёмат кунида барчамиз Аллоҳ таоло бизга берган неъматлар ҳақида албатта сўраламиз.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Қатортол” масжиди имом-хатиби
Болангиз виртуал ўйинлар қаҳрамонига айланиб қолмасин...
Олам – Аллоҳнинг белги-аломатларидан
Сув ичаётганингда ақлинг билан ушбу ажойиб сувни мушоҳада қилиб ич. Ушбу суюқ, ранги ҳам ҳиди ҳам йўқ модда ҳақида фикр юритиб ич. Ундаги сифат ажойиб ва ғаройибдир. Чанқаган вақтингда сенинг бу ташналигингни сувдан бошқа нарса қондира олмайди. Кейин томирларингда тер қандай ҳаракатланишини ўйлаб кўр.
Мана шулар ҳақида мушоҳада қиладиган бўлсанг, ушбу сувга қараб туриб ўзингни Аллоҳнинг олдида топасан.
Бир куни Ҳорун ар-Рашиднинг мажлисида солиҳ ва катта уламолардан Товус ал-Кайсоний раҳимаҳулллоҳ ҳам бирга эди. Ҳорун ар-Рашид чанқаб, бир коса сув келтиришларини талаб қилди. Сув келтирилди. Ичишни бошламоқчи бўлганида ҳалиги олим унга: ”Шошманг, эй мўминларнинг амири, сувни ичмай туринг!” деди.
У: ”хўп” деди.
Товус: Айтингчи, агар сиз чанқоғингиз устига мана шу бир коса сувдан тўсилсангиз уни ниманинг эвазига сотиб олган бўлардингиз? деди.
Ҳорун: ”Қўлимдаги бор нарсам эвазига”, деди.
Товус: ”Ош бўлсин, ичаверинг”, деди.
Кейин у ичди. Товус: ”Эй мўминларнинг амири, агар мана шу сув танангиздан чиқиб кетишидан тўсилиб қолса, ниманинг эвазига уни чиқарар эдингиз?” – деди.
У: ”Қўлимдаги бор нарсам эвазига”, деди.
Товус: ”Эй мўминлар амири, бир ҳўплам сув ичишга ҳам етмайдиган мулкда Аллоҳдан қўрқинг”, деди.
Инсон бу ҳақида ўйласа бир томчи сувнинг ўзида Аллоҳ борлигини кўради. Булутнинг ўзида Аллоҳнинг борлигини кўради. Шамоллар тебратаётган ўсимликларнинг ўзида Аллоҳ азза ва жалланинг борлигини кўради. Турли таомлар ва ҳар хил мевалар, кеча ва кундузнинг алмашинувида Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони кўради.
Қандай қилиб олам инсонни Аллоҳни кўришдан узоқлаштирадиган тўсиқ бўла олади?!
Бу олам Аллоҳнинг белгиларидан бошқа нарса эмас.
Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг суҳбатларидан
Тошкент шаҳар
“Кўкча оқтепа” масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ ҒУЛОМОВ
таржима қилди.
ХОРИЖДАГИ ЮРТДОШИМ САҲИФАСИ
КОНЦЕПЦИЯ
Дунё дарвозалари янада кенгроқ очилиб, хорижий давлатлар фуқароларининг юртимизга келиб-кетишларига қулай шароитлар яратилмоқда. Жумладан, 39 та давлат фуқароларига туристик визаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилди, Ўзбекистон билан визасиз давлатлар сони кўпайди.
Шунинг баробарида бизнинг юртдошларимизнинг ҳам хорижий давлатларга чиқиши ортмоқда.
Одатда, чет элга, умуман, йўлга чиқаётган ҳар қандай йўловчига олдиндан йўловчилик машаққатини тортган, бу борада бой тажриба тўплаган кишилар; китоб кўрган олиму уламолар йўл-йўриқлар кўрсатиб, панду наисҳатлар қилишган. Зеро, нотаниш манзиллар сари сафарга отланган кишиларга бундай тавсияю насиҳатларнинг аҳамияти жуда ҳам катта.
Бинобарин, хорижга чиқаётган мўмин-мусулмонлар ушбу сафарида давлатнинг қонунларига амал қилгани каби шариатимиз кўрсатмаларига ҳам амал қилмоғи ниҳоятда муҳимдир.
Масаланинг ана шу жиҳатлари эътиборга олиниб, muslim.uz Интернет порталида “Муҳожир ватандошлар” лойиҳаси иш бошлади. Ушбу лойиҳа доирасида янги рукн очилиб “Хориждаги юртдошим” номланди.
Ушбу рукнда:
- хорижда таълим олаётган, меҳнат қилаётган, узоқ муддатга даволанишга кетган ватандошларимиз тўғрисида ҳаётий мақолалар;
- йўлга чиқувчиларга тавсиялар, маслаҳатлар;
- узоқ муддатли сафарларнинг ижтимоий ҳаётга, оилавий масалаларга таъсири ва бошқа долзарб муаммоларга доир савол-жавоблар дастурий равишда ёритилади;
- Интернет сайтда эълон қилинган мақоланинг аудио формати ҳам тавсия қилинади.
Ушбу материаллар оят, ҳадис ва уламоларимизнинг илмий меросларига асосланган ҳолда ёритилади.