muslim.uz.umi
Улкан хизматлар эътирофи
Юртимизда инсон қадри, унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, унга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш борасида барча имкониятлар мавжуд. Зеро, инсон омили улуғланган, меҳнати қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланиш, қут-барака бўлади. Ўзларининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган дин уламоларининг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
Юртимизда сўнги йилларда Ислом дини равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилмоқда, миллий-диний қадриятларимизга янада эътибор қаратилиб, буюк аждодларимизнинг бой илмий-маърифий асарларини ўрганиш мақсадида кенг имкониятлар қилиб берилмоқда. “Эл-юрт ҳурмати” ордени унвони ана шундай эзгу ва улуғ ишлар – халқимизга муносиб турмуш шароити яратиш, ёш авлод истеъдодини рўёбга чиқариш, Ватанимизнинг нуфузини янада ошириш йўлида тинимсиз меҳнат қилиб келаётган юртдошларимизнинг самарали ва баракали меҳнати эътирофидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бу қадриятни, гўзал анъанани давом эттириб, хайрли бир ишни амалга оширдилар. Бир неча йиллардан бери Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси лавозимида ишлаётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табрикладилар. Шу муносабат билан у кишининг дин ва миллат ривожи, мамлакатимиз мустақиллиги, унинг иқтисодий қудратини мустаҳкамлаш, миллий маънавиятни, маданиятни юксалтириш йўлида қўшган ҳиссаларини инобатга олиб, халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фаолиятларини юқори баҳолаб “Эл - юрт ҳурмати” ордени билан тақдирладилар.
Ҳазратимиз меҳнатларининг эътирофи юртимизда инсоннинг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, фаолият туридан қатъий назар, унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш ўлмас қадрият эканини намоён қилади. Мазкур юксак мукофот жаҳон цивилизациясининг бешикларидан бўлмиш Ватанда камол топган, теран илдизларга эга халқ эканимизни намоён этади. Бу шарафга муносиб бўлишга ҳаракат қилишимиз ҳар биримизнинг масъулиятимиздадир.
Дарҳақиқат, ўз меҳнати самарасини кўриш, инсонлар учун манфаатли хизмат қилиш ҳамда халқнинг дуосини олиш инсон учун энг олий саодатдир. Зеро, бу ҳаракатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг ризосига эришиш мақсадида амалга оширилади.
Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ахборот-ресурс маркази раҳбари
М. Саиджалолова
ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМ ВА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ
Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган. Бундай хавф-хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарадиган жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим
Ш. Мирзиёев
Дин кишиларни ҳамиша яхшиликка, эзгу ишларга чорлаган. Жумладан, ота-боболаримизнинг муқаддас эътиқоди бўлган ислом дини билан бирга бошқа самовий динлар ҳам юксак инсоний фазилатларнинг шаклланишига хизмат қилган. Дин туфайли инсоният минг йиллар мобайнида бой маънавияти ва мероси, ўзлигини омон сақлаб келган. Шу нуқтаи назардан қараганда, одамларнинг эътиқоди ва диний ҳиссиётларидан фойдаланиб, экстремистлар ва террорчилар томонидан содир этилаётган жиноятлар уларнинг асл қиёфасини намоён этмоқда, дейиш мумкин.
Экстремистик ҳаракатларнинг энг қуйи табақаси кўпинча сиёсий тусга эга бўлмаган, майда зўрлик ва инсонлар содир этадиган унсурлар билан боғлиқ бўлади. Бундай зўрликнинг сиёсийлаштирилиши терроризм томон қўйилган биринчи қадам бўлади. Қадим ўтмишга назар ташланса бундай сиёсий жараёнлар бугун ёки кеча пайдо бўлиб қолган офат эмас. Унинг тарихи инсоният тарихи билан биргадир. Одам ва Ҳавонинг ўғиллари Қобил ва Хобилларнинг орасидаги кўраолмаслик, ҳасад натижасида уларнинг бирини ўз биродари томонидан ўлдирилиши ҳам дастлабки террордир. VIII аср бошларида арабларга қарши курашган Хоразм шаҳзодаси Хурзод, Самарканд султони Мирзо Улуғбек ҳам терроризм қурбони бўлдилар. 1881 йилда Россия императори Александр II, 1884 йилда Франция Президенти Сади Карно, 1990 йилда Италия қироли Умберто I, 1901 йилда Америка Президенти Уильян Маккели, 1973 йилда Чили Президенти Сальвадор Альенде, 1978 йилда Италия бош вазири Альдо Моро, 1981 йилда Миср Араб Республикаси Президенти Анвар Саодат, 1984 йилда Ҳиндистон бош вазири Ражив Ганди ва ўзбек жадидлари Чўлпон, Фитрат, Қодирий каби илғор шахслар ҳам терроризм қурбони бўлган эдилар. 1937-1939 йилларда Ўзбекистон НКВДси томонидан 40.000 киши қамалиб, 36.800 киши судланди ва олти мингдан зиёд кишининг қатл этилиши оммавий террор эди.
Ҳаёт йўллари бир текис эмас. Агар ортга назар ташланса, бундай мудҳиш воқеаларни яна кўплаб мисол қилиб келтириш мумкин. Бугунги кунда ҳам Яқин шарқ мамлакатлари ва бошқа бир қатор мамлакатларда содир этилаётган қонли урушлар ва қирғинбаротларни кўриб хулоса чиқарган ҳолда мамлакатимизни ташқи ғаразли кучлардан асраш ва тинч, осойишта ҳаётимизни қадрига етиб яшашимиз лозимлигини айтиб ўтиш мумкин.
Инсоният тарихи шундан гувоҳлик берадики, ҳар бир даврда мудҳиш жараёнларга жамики инсоният қарши курашни амалга ошириб келган-ки, бугунги кунда ҳам бундайин диний экстремистик ва терористик ташкилотлар томонидан амалга оширилаётган қабиҳ ҳодисаларга бутун дунё ҳамжимияти биргаликда кураш олиб бормоқда. Мазкур соҳадаги амалий саъй-ҳаракатлар самарадорлигини ошириш мақсадида, илғор хорижий тажриба асосида 2018 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда экстремизм тушунчасининг мазмун-моҳияти, унга қарши курашишнинг чоралари ва тамойиллари, ҳамда бу соҳадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари чуқур таҳлил асосида мустаҳкамланган. Қолаверса, давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида «Биз муқаддас динимизни азалий қадриятларимиз мужассамининг ифодаси сифатида беҳад қадрлаймиз. Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади» – деган эди. 2018 йилнинг 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилиниши Президентимиз илгари сурган ташабуснинг амалий ифодаси бўлди. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган яна бир муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус
ислом таълим муассасаси услубчиси
Хуршида Усмонова
Кунларимиз ибодат ила ўтсин!
Инсон бу дунёга нега келганлигини, ўзининг кимлигини билиши даркор. Билганидан сўнг шунга кўра ҳаракат қилиши керак. Дунёда нима учун яшаётганини англаган ва шу маърифати асосида ҳаёт кечираётган киши оқилдир.
Маълумки, Аллоҳ таоло бизни Ўзига ибодат қилишимиз учун яратган. Хўш, ибодат нима? Ибодат — Аллоҳ таолога бўйсуниб, У Зотнинг розилигини кўзлаб қилинадиган амаллардир.
Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади.
Бунинг учун икки асосий шартга амал қилмоқ зарур:
Ҳар бир иш Қуръон ёки суннатга мувофиқ бўлмоғи лозим.
Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ керак. Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади...» деганларини эшитдим». Икки Шайх ривоят қилишган.
Агар ният яхши бўлсаю аммо амал шариатда ман этилган иш бўлса, буни қилиш мумкин эмас.
Мисол учун бир киши масжид қурилишига пул бермоқчи. Бу ният яхши. Лекин пулни ўғрилик, судхўрлик, порахўрлик каби ҳаром йўл билан топяпти. Демак, бу пулни масжид қурилишига бериш жоиз эмас. Агар амал шариатда буюрилган иш бўлсаю бироқ ният яхши бўлмаса, бу ҳам тўғримас.
Масалан намоз ўқиётган кишининг нияти Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш бўлмай, қайсидир инсонга ёқиш учун бўлса, бу риё бўлиб, намознинг барча савобини йўққа чиқаради.
Савдогар тижорат қилаётганда мусулмонларга манфаат етказиш, зиммасидаги вожиб амал бўлмиш ўз оиласининг нафақасини қилишни ният қилса, қилаётган тижоратидан савоб олади.
Киши суннатга эргашиш, умматнинг сонини кўпайтириш, иффатни сақлаш, зинодан узоқ бўлиш, шаҳватларини ҳалол йўл билан қондириш мақсадида уйланса, шу никоҳи учун ҳам савоб олади. Ҳатто жуфту ҳалоли билан яқинлик қилса ҳам савобга эришади.
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир гуруҳ кишилар: «Ё Расулуллоҳ, бойлар ажру савобни олиб қўйдилар, чунки бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига ортиқча молу дунёларидан садақа қиладилар», – дейишди. Ул зот:
«Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбиҳ садақа, ҳар бир такбир ҳам садақа, ҳар бир таҳлил ҳам садақа, амру маъруф ҳам садақа, наҳйу мункар ҳам садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор», – дедилар. Шунда одамлар: «Биронтамиз шаҳватимизни қондирсак ҳам ажр оладими?» – деб сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом: «Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр бўлади», – дедилар». Муслим ривоят қилган.
Уйқуга ётаётган киши таҳажжудга туриш, шунинг учун қувват тўплашни ният қилиб ётса, шу уйқуси учун ажр олади. Шунингдек, ётаётганда ётиш олдидан айтиладиган зикр ва дуоларни ўқиб, суннатга мувофиқ ўнг томони билан ётиб, ўнг кафтини ўнг юзи остига қўйиб ётса, бунинг учун ҳам ажрга эришади.
Шу боис қилаётган ишларимиздан савобни қўлга киритишни истасак, амалимиз шариатга мувофиқ бўлиши билан бирга унда ниятни ҳам чиройли қилиб олишимиз лозим.
Аллоҳ таоло барчамизни ибодатга муҳаббатли, гуноҳлардан нафратланувчи бандаларидан қилсин!
Islom.uz маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
Президент Узбекистана вручил муфтию Усмонхону Алимову орден “Эл-юрт хурмати”
Президент Шавкат Мирзиёев 6 января принял председателя Управления мусульман Узбекистана, муфтия Усмонхона Алимова и искренне поздравил его с 70-летним юбилеем.
Глава нашего государства особо отметил деятельность Усмонхона Алимова по возрождению национальных и религиозных ценностей, изучению и продвижению богатого наследия великих ученых и мыслителей, укреплению межрелигиозной толерантности в обществе.
Подчеркнуто, что руководитель Управления мусульман Узбекистана является одним из авторитетных религиозных деятелей не только в нашей стране и Центральной Азии, но и во всем мире, его избрание членом учредительного собрания Союза исламского мира и Всемирного совета улемов, а также включение в список 500 самых влиятельных мусульман мира является предметом гордости для всего народа Узбекистана.
- Мы знаем и ценим господина муфтия как неустанного просветителя Ислама. Такие произведения, как “Тафсири Ирфон”, “Имам Бухари – султан мухаддисов”, “Воспитание ребенка в семье”, заняли глубокое место в сердце нашего народа, - сказал глава государства.
Президент вручил председателю Управления мусульман, муфтию Усмонхону Алимову орден “Эл-юрт хурмати” в знак высокого признания его весомого вклада в развитие исламской культуры и науки в стране, исследование и широкое продвижение на международном уровне гуманистической сути и благих идей религии Ислам, бесценного научного наследия великих ученых и мыслителей, за его заслуги в деле обеспечения стабильности социально-духовной обстановки в обществе, укрепления межнационального согласия, образцовую деятельность по подготовке специалистов с глубокими религиозными и светскими знаниями, воспитанию молодого поколения в духе любви к Родине, великодушия и уважения к национальным ценностям.
Усмонхон Алимов выразил Президенту Шавкату Мирзиёеву благодарность за высокую награду и отметил, что в последние годы глубокие реформы наряду со всеми сферами жизни общества осуществляются и в религиозно-просветительской области. Муфтий озвучил готовность активно содействовать широкомасштабной работе по изучению религии Ислам, возрождению и доведению до будущих поколений наследия предков.
На встрече было подчеркнуто, что Управление мусульман Узбекистана и представители религиозной сферы считают своим долгом активно участвовать в обеспечении социально-духовной стабильности в стране, просветительской работе, направленной на воспитание молодежи в духе идей гуманизма, толерантности, мира и согласия.
Особо отмечено, что осуществляемые по инициативе Президента Шавката Мирзиёева системные реформы по подготовке достойных продолжателей дела наших великих предков, совершенствованию системы религиозного образования в стране, глубокому научно обоснованному изучению религии Ислам как истинно гуманной и добродетельной религии получают высокую оценку нашего народа и международного сообщества.
Пресс-служба Управления мусульман Узбекистана
Ислом маърифатининг толмас тарғиботчиси юксак мукофот билан тақдирландилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовни қабул қилиб, унинг 70 йиллик таваллуд айёми билан самимий табриклади.
Давлатимиз раҳбари Усмонхон Алимовнинг миллий ва диний қадриятларни тиклаш, асраб-авайлаш, буюк алломалар, мутафаккирларнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳамда жамиятда диний бағрикенгликни мустаҳкамлашга бағишланган фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари нафақат юртимиз ва Марказий Осиёда, балки дунё миқёсида тан олинган нуфузли уламолардан бири экани, унинг Ислом олами уюшмаси таъсис мажлиси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайлангани, “Дунёнинг энг нуфузли 500 мусулмони” рўйхатидан муносиб ўрин эгаллагани бутун Ўзбекистон халқига улкан фахр бағишлаши таъкидланди.
“Биз муфтий ҳазратларини Ислом маърифатининг толмас тарғиботчиси сифатида биламиз ва қадрлаймиз. “Тафсири Ирфон”, “Имом Бухорий – муҳаддислар султони”, “Оилада фарзанд тарбияси” каби асарларингиз халқимиз қалбидан чуқур жой олган”, - деди давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг мамлакатимизда Ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини, улуғ аллома ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини тадқиқ этиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасидаги катта хизматлари, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, бағрикенглик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолиятининг юксак эътирофи рамзи сифатида унга “Эл-юрт ҳурмати” орденини топширди.
Муфтий Усмонхон Алимов Президентимиз Шавкат Мирзиёевга юксак мукофот учун ташаккур билдириб, сўнгги йилларда жамият ҳаётининг барча жабҳалари қатори диний-маърифий соҳада ҳам улкан ислоҳотлар амалга оширилаётганини таъкидлади. Муқаддас Ислом динини ўрганиш, аждодлар меросини қайта тиклаш ва уларни келажак авлодларга етказиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларда бор куч-ғайратини сафарбар қилишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувда мамлакатимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг барқарорлигини таъминлаш, ёш авлодни инсонпарварлик, бағрикенглик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик руҳида тарбиялашга қаратилган тарғибот ишларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва диний соҳа вакиллари фаол иштирок этишни ўз бурчи деб билиши маълум қилинди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк аждодларга муносиб ворисларни тайёрлаш, юртимизда диний таълим тизимини такомиллаштириш, Ислом динининг асл моҳиятини ва инсониятни эзгуликка элтувчи дин эканлигини илмий асосланган ҳолда теран ўрганиш ҳамда тарғиб этишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани халқимиз ва халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътирофга сазовор бўлаётгани алоҳида таъкидланди.