Жума мавъизалари

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ

Муҳтарам жамоат! Кейинги вақтларда халқимиз орасида меросни бўлиш ва олишга доир масалаларда айрим тушунмовчиликлар содир бўлмоқда. Натижада меросхўрлар ўртасида, ака-ука, опа-сингил ва қавм-қариндошлар ўртасида турли оилавий низолар келиб чиқиши кузатилмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мерос илмини ўрганишга тарғиб қилиб шундай деганлар:

عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قالَ: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم " يا أبا هريرة! تعلموا الفرائض وعلموها فإنه نصف العلم، وهو ينسى، وهو أول شئ ينزع من أمتى".

رَوَاهُ ابْنُ ماجة، و أخرجه الحاكم في المستدرك

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Абу Ҳурайра!, меросни ўрганинглар ва ўргатинглар. Чунки у илмнинг ярмидир. У унутилади ва умматимдан энг аввал кўтариладиган нарса ҳам шудир”, дедилар”. (Ибн Можа ва Ҳокимлар ривоят қилишган).

Яна бир ҳадисда эса шундай дейилган:

عن أَبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قالَ: قالَ رَسُولُ الله صلى الله عليه وسلم: "تَعَلّمُوا الفَرَائِضَ والقُرْآنَ وَعَلّمُوا النّاسَ فَإِنّي مَقْبُوضٌ". رواه الترمذي

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фароизни (яъни, мерос илмини) ва Қуръонни ўрганинглар ва одамларга ҳам ўргатинглар. Чунки мен қабз қилинувчиман”, дедилар.(Имом Термизий ривоят қилган)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадисларида бу илмни ўрганишни Қуръони каримни ўрганиш билан ёнма-ён келтиришлари бежизга эмас. Чунки бу илм ҳалол ва ҳаромга, бировнинг ҳаққига алоқадор бўлган илмдир. Агар маййитдан қолган мол-дунё тўғри тақсим қилинмаса, кимдир бошқанинг мол-мулкини ноҳақдан ейиш ҳисобланади.

Шунинг учун бугунги жума суҳбатимизда мазкур масалани бироз мухтасарроқ қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ислом динида оиланинг жамиятдаги ўрнига юқори баҳо берилиб келади. Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида оила аъзоларининг ўзаро муомалалари билан бирга молиявий муносабатлар ҳам кўрсатиб ўтилган. Албатта ўлим ҳақдир. Дунёда жон эгаси борки, ўлим шарбатини тотгувчидир. Қуръони каримда:

كُلُّ نَفْسٍ ذَآئِقَةُ الْمَوْتِ

Яъни, “Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотгувчидир” (Оли Имрон сураси, 185-оят) дейилган.

Оят ва ҳадислардаги кўрсатмалар меросхўр бўлиб қолган қариндош-уруғларнинг ҳаётларига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Фарзандлар, туғишган ака-ука, опа-сингил ва бошқа ворис қариндошлар ўртасида тотувлик, меҳр-оқибат давомли бўлиши учун вафот этган кишидан қолган мероснинг адолат билан тақсимланиши муҳим аҳамиятга эгадир.

Муҳтарам жамоат! Албатта, мерос адолатли тақсимланиши учун бандалар Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлардаги ҳукмлар ва ислом уламоларининг чиқарган фатволарини асос қилиб олишса ва ушбу ҳукмларга рози бўлиб амал қилишса, уларнинг ҳаётлари фаровон бўлишига шак-шубҳа йўқдир. Мероснинг шариат кўрсатмасига биноан тақсимланишининг фарзлиги Қуръон каримдаги мерос оятининг охирида қайд қилинган:

فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ

Яъни, “(Шунинг учун мерос тақсими) Аллоҳнинг (ўзи) томонидан (белгиланди ва) фарз қилиб қўйилди” (Нисо сураси, 11-оят).

Аллоҳ таоло ўзининг белгилаб қўйган шариат қонунлари асосида мерос тақсимотига рози бўлганларга остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни ваъда қилган:

تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ وَمَن يُطِعِ اللّهَ وَرَسُولَهُ يُدْخِلْهُ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الأَنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا وَذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

Яъни, “Ана шулар Аллоҳнинг ҳудуд (чегара)ларидир. Ким Аллоҳ ва (Унинг) пайғамбарига итоат этса, уни остида анҳорлар оқиб турадиган боғларга (жаннатга) киритур. (Улар) у ерда абадий (бўлурлар). Бу улкан ютуқдир!” (Нисо;13).

Шариатда ҳар бир меросхўрга марҳумнинг қолдирган мол-мулкларидан муайян ҳисса ажратар экан, аёл-қизларга ҳам муносиб улуш ажратилган. Албатта исломдан аввал жоҳилият даврида аёл-қизларга меросдан улуш ажратилган эмас, улар доим ўз ота-оналари ва ака-укалари меросидан маҳрум қилинганлар. Аллоҳ таоло эса уларга улуш ажратилиши фарз амаллардан бири эканини Қуръони каримда баён қилиб берди:

وَلِلنِّسَاء نَصِيبٌ مِّمَّا تَرَكَ الْوَالِدَانِ وَالأَقْرَبُونَ مِمَّا قَلَّ مِنْهُ أَوْ كَثُرَ نَصِيباً مَّفْرُوضاً

Яъни, “Аёллар учун (ҳам) ота-оналари ва яқин қариндошлари қолдириб кетган (мерос)дан улуш бордир. Бу озми-кўпми, фарз қилинган улушдир” (Нисо;7).

 Бироқ, шариатда “битта эркакка икки аёлнинг ҳиссаси” миқдори белгиланган. Бу ушбу:

لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الأُنثَيَيْنِ

Яъни, “бир ўғил учун икки қиз улуши” ояти билан баён қилинди. Бу нарса Қуръони каримда бир неча марта эслатилган. Қиз фарзандларнинг ярим улуш олишлари ташқаридан қараганда адолатсиздек туюлса-да, лекин, барча нафақалар эркакларнинг зиммасида эканлиги, аёл киши шаръан барча нафақалардан озод қилинганини эътиборга олсак, бу нақадар ҳикматли тақсим экани маълум бўлади. Зотан Қуръони каримда:

وَلَيْسَ الذَّكَرُ كَالأُنثَى

Яъни, “Эркак аёл каби эмас!” (Оли Имрон;36), дейилган.

Эркаклар ҳамма вақт масъулиятни ўз бўйинларига олишга мажбурдирлар: ота-оналарига қарайдилар, оиласини тебратадилар, аёлларини ва қизларини боқадилар, опа-сингилларининг аҳволларидан хабардор бўлиб турадилар.

Муҳтарама азизлар! Минг афсуски, асрлар давомида буюк қадрият бўлиб келаётган ана шу анъана бугунга келиб бузила бошлади. Натижада ака-укалар ва опа-сингиллар ота-она вафотидан сўнг мерос талашиб элу юртга кулги бўла бошладилар, ўткинчи дунёда ана шу ҳеч кимга вафо қилмаган ёлғон дунёни деб уруш-жанжаллар гирдобида қолаётганларни, бир-бирлари билан юзкўрмас бўлиб кетганларни эшитиб қолмоқдамиз. Бунинг оқибатида динимизда фарз бўлган силаи-раҳм узилиб кетяпти. Силаи раҳмни узилишига ҳам мерос илмини билмаслик ва унга амал қилмаслик сабаб бўлмоқда. Силаи раҳмни узилишига катта ваийд ваъда қилинган:

Али  ибн Ҳусайн раҳматуллоҳи алайҳ ўғлига насиҳат қилиб: Ҳеч қачон қариндошлик ришталарини узма! Мен Қуръони каримнинг уч жойида қариндошлик ришталарини узган кимсанинг лаънатланганини кўрдим деб, қуйидаги оятларни ўқидилар:

الَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ هُمُ الْخَاسِرُونَ (سُورَةُ الْبَقَرَةِ:27

, Улар Аллоҳнинг аҳдини боғлангандан сўнг бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган, ер юзида фасод қиладиган зотлардир. Ана ўшалар ютқазувчилардир. (Бақара сураси, 27-оят)

وَالَّذِينَ يَنْقُضُونَ عَهْدَ اللَّهِ مِنْ بَعْدِ مِيثَاقِهِ وَيَقْطَعُونَ مَا أَمَرَ اللَّهُ بِهِ أَنْ يُوصَلَ وَيُفْسِدُونَ فِي الْأَرْضِ أُولَئِكَ لَهُمُ اللَّعْنَةُ وَلَهُمْ سُوءُ الدَّارِ (سُورَةُ الرَّعْدِ:25

Яъни, Аллоҳ билан аҳд боғлаганларидан кейин уни бузадиган, Аллоҳ боғланишига буюрган нарсаларни узадиган ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган кимсалар ҳам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаҳаннам) бордир. (Раъд сураси, 25-оят)

فَهَلْ عَسَيْتُمْ إِنْ تَوَلَّيْتُمْ أَنْ تُفْسِدُوا فِي الْأَرْضِ وَتُقَطِّعُوا أَرْحَامَكُمْ * أُولَئِكَ الَّذِينَ لَعَنَهُمُ اللَّهُ فَأَصَمَّهُمْ وَأَعْمَى أَبْصَارَهُمْ (سُورَةُ مُحَمَّدٍ:22-23

Яъни, Агар (иймондан) бош тортсангиз, аниқки, сизлар ерда бузғунчилик қиларсизлар ва қариндошларингиз (билан ҳам алоқаларингиз)ни узасиз, албатта. Ундай кимсаларни Аллоҳ лаънатлагандир, бас, уларнинг (қулоқларини) «кар», кўзларини «кўр» қилиб қўйгандир. (Муҳаммад сураси, 22-23-оятлар)

Буларнинг барчаси Аллоҳ таоло адолатли белгилаб берган мерос тақсимотига амал қилмаслик ва шариатда фарз қилинган кўрсатмаларга юрмаслик оқибатидандир. Шу ўринда бир нарсага эътиборимизни қаратишимиз лозим бўлади; мерос нима ва уни қачон ва қай йўсинда тақсим қилинади? Шунингдек унинг шаръий ҳақдорлари аслида кимлардир?

Бугунги кунда баъзи ҳолатларда шунга гувоҳ бўламизки, ота-оналар тирик бўла туриб, фарзандлар ўзаро мерос талашиш дардига мубтало бўлишган. Бу нарсанинг ота-онага нисбатан қанчалик ҳурматсизлик ва ҳақорат эканини ўйлаб ҳам кўришмайди. Мол-дунё уларнинг кўзларини шунчалик кўр қилиб қўйганки, улар ота-оналари ёки бобо-бувиларига азият беришдан ҳам тап тортмайдиган бўлиб боришяпти. Лекин улар тез кунда ўзлари ҳам шу ҳолатга тушишларидан гўёки бехабардеклар.

Муҳтарам жамоат! Шариатимизда киши вафот этганидан кейин унинг қолдирган мол-дунёсига тўрт турлик ҳақ таъаллуқ топади;

Биринчи: Маййитни кафанлаш ва дафнга тайёргалик маййитнинг молидан исроф қилинмаган ва зиқналикка йўл қўйилмаган ҳолда сарфланади.

Иккинчи: Кафанлаш ва дафндан фориғ бўлганидан сўнг маййитнинг қолдирган молидан унинг қарзлари тўлиғича адо қилинади.

عَنْ أبي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه قال: قالَ رسولُ الله صلى الله عليه وسلم: نَفْسُ المُؤْمِنِ مُعَلّقَةٌ بِدَيْنِهِ حَتّى يُقْضَى عَنْهُ. )رواه الترمذي

Яъни, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Мўминнинг жони қарзи сабабли (улуғ мақомга етишишдан) то қарзи адо қилингунича ҳибс қилиб турилади”. (Имом Термизий ривоят қилган)

Учинчи: Маййитнинг тириклик чоғида қилган васиятлари агар шаръан жоиз васиятлар бўлса, улар маййит қолдирган молнинг учдан биридан адо қилинади. Меросдан улуши борларга эса васият қилинмайди. Чунки улар васият ололмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича марҳамат қилганлар:

عن أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهَلِيّ قالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ الله صلى الله عليه وسلم يقولُ في خُطْبَتِهِ عَامَ حَجّةِ الوَدَاعِ: إِنّ الله تَبَارَكَ وَتَعَالَى قد أَعْطَى لكُلّ ذِي حَقّ حَقّهُ فَلاَ وَصِيّةَ لِوَارِثٍ.

 رواه الترمذي

Яъни, Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен видолашув ҳажи йили Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларида: Аллоҳ таборака ва таоло ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Мерос олувчига васият қилиш йўқ”, деётганларини эшитдим. Имом Термизий ривоят қилган.

Шунинг учун меросхўр фақат Аллоҳ таоло бўлиб берган улушини олади.

Тўртинчи: Юқоридаги сарф харажатлардан ортиб қолган маййитнинг мол-дунёси Қуръони карим, суннат ва уммат ижмоъси билан тайин қилинган меросхўрлари ўртасида тақсим қилинади.

Мерос масаласи ўта муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло Ўзининг каломида бирор аҳкомни меросхўрларнинг ҳиссаларини баён қилгани каби батафсил баён қилмаган. (Нисо сураси, 11-12 ояти карима) Балки кўп ибодатларни Қуръони каримда ижмолан (умумий) зикр қилиб, унинг тафсилотини пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳавола қилиб қолдирган.

Бандаларнинг бир бирлари ўртасидаги ҳақлари ўта аҳамиятли бўлгани учун Аллоҳ таоло Ўз каломида ҳар бир ҳақ эгаси ва унинг қанча ҳисса олишини тўлиқ баён қилиб ўтган.

Шунинг учун мерос тақсим қилинмасдан олдин маййитнинг молидан хайри-эҳсон қилиб юбормаслик керак. Айниқса, маййитнинг балоғатга етмаган фарзандлари бўлса, бунга ниҳоятда эҳтиёт бўлиш лозимдир. Баъзан ота ёш оламдан ўтиб, ортидан етим фарзандлар қолдириб кетади. Ундан қолган мол-мулк унинг болалари то балоғатга етгунича авайлаб сақлаб турилиши лозим бўлади. Лекин кўпинча маййитнинг хотини ёки ота-онаси бу мол-мулкни шариат кўрсатмасига номувофиқ сарфлаб юборишади. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантириб шундай деган:

إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا

(سورة النساء:10)

Яъни, Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар.

Агар биз барчамиз бу нозик масалада ҳам муқаддас динимизнинг кўрсатмаларига амал қилсак, нафақат ўзимизга, балки жамиятга ҳамда ўтганларимизга ҳам фойда келтирган бўламиз. Аллоҳ  таоло барчаларимизни Ўзининг тўғри йўлига бошласин, мархум ва мархумаларимизни мағфират этсин! Омин.

Read 8357 times
Download attachments:
Top