muslim.uz

muslim.uz

Бугун, 10 июнь куни Диний соҳа раҳбарлари Андижон вилоятига сафарлари давомида Шаҳрихон туманидаги “Муҳаммад Розиқбой” ва “Сулаймонбек” жомеларида ҳам бўлиб, масжид ходимлари, маҳалла фаоллари, нуроний отахонлар билан самимий суҳбат қурилиб, мўмин-мусулмонлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, улкан ўзгаришлар ва янгиликлар ҳақида сўзлаб берилди.

Ташриф асносида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, Президент маслаҳатчиси Шоазим Миноваров, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев масжидлардаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар, жомелар фаолияти, намозхонларга қулайликлар қилиш, мўмин-мусулмонларнинг саводхонлиги ва дунёқарашини ошириш буйича имом-хатибларга зарур топшириқ ва тавсиялар берилди.

Масжид жамоаси билан бўлган суҳбатларда мутасаддилар бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган дин соҳасидаги улкан ўзгаришлар, Яратган Парвардигорнинг бундай берган неъматларига шукрона келтириш ҳақида сўз юритдилар.
Учрашувда муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан бош мақсад қилиб қўйилганини таъкидладилар. Шунингдек, кишиларнинг диний-маърифий саводхонлигини ошириш, имон-эътиқодини мустаҳкамлаш, Ислом динининг эзгу таълимотларини тарқатиш асосий мақсад эканини таъкидладилар.
Муфтий ҳазратлари бугунги доно сиёсатни кенг тарғиб этиш ва динимиз, она-Ватанимизни ҳимоя қилишда ҳамма муносиб ҳисса қўшиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини изоҳладилар. Ҳозирги кунда жадал ривожланаётган юртимизни гуллаб яшнашига барча баробар масъул эканини алоҳида айтиб, кенг имконият ва имтиёзлар бераётган Юртбошимиз ҳақларига дуои хайрлар қилдилар.
Учрашувлар дўстона ва самимий руҳда ўтмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Бутун инсоният риштаси Одам алайҳиссалом ва момо Ҳаво билан боғланиши барчамизга маълум. Биз мусулмонларни маънавий бирлаштирган бош омил эса динимиздир. Ислом илк даврларда қаттиқ қаршиликка учраган, ҳатто Ер юзидан ўчириб ташлаш учун кескин ҳаракатлар бўлган. Афсуски, бундай жирканч ҳаракатлар ҳозиргача ҳам бир сония бўлса-да тўхтагани йўқ. Чунки мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳат, биродар бўлиб яшашининг негизи Исломдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасида: “Албатта мўминлар биродардирлар” деб марҳамат қилган. Демак, иймон келтириб мўмин бўлганларнинг барчаси бир-бири билан бир қориндан тушган ака-ука – биродарлардек эканини алоҳида таъкидланмоқда.

Тарихдан маълумки, муайян кучлар Ислом умматини куч билан, уруш қилиш йўли билан енгиб бўлмаслигига амин бўлган. Шундай бўлса-да, улар мусулмонлар орасидаги бирликка путур етказиш мақсадида ақидавий ва фиқҳий масалаларда мазҳаблар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришни ўйлаб топиб, қуролсиз уруш бошлашди. Шу билан бирга, “Ислом” ниқобидаги ҳар-хил ақидавий фирқаларнинг пайдо бўлишида ҳам уларнинг “хизмати” катта.

Атеистлар, қуръонийлар, сохта салафийлар ва Ҳизбут-таҳрир кабиларнинг бош мақсади ҳам мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш, уламоларимизни адашганликда айблаш, тинчлик ва бирдамликка раҳна солишдир.

Ислом уламолари умматни аслини сақлаб қолиш йўлида мазҳабларни шакиллантиришди. Ҳозирда Ислом динимизга душманлик кайфиятидагиларнинг асосий ҳаракатлари Ислом умматининг бирдамлигига асос бўлган мазҳабларга зарба бериш бўлиб, бу йўлда улар ўз тузоқларига илинганлар воситасида бемазхабликни тарғиб этишмоқда. Чунки Ислом умматини бирлаштириб турган омил айни дамда мазҳабдир. Ислом динини шу давргача етиб келишига хизмат қилганлар ҳам, албатта, тўрт мўътабар мазҳаб уламоларидир.

Имом Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик куфрга йўлдир”, деган эдилар. Мазҳабсиз ақидаларимиз ҳам, ибодатларимиз ҳам мутлақо дуруст бўлмайди. Мазҳабга тил теккизаётган, тош отаётган ва турли ечими топилган масалалар орқали фитна чиқараётганларнинг ортида турганлар ҳам айнан юқорида айтилган тўдалардир. Улар ўзларинигина ҳақ йўлда, бошқалар яъни, ўзларига эргашмаган, балки мазҳабни маҳкам ушлаганларни эса адашган, залолатда, хатто куфрда, деб ҳукм чиқаришмоқда. Чунки улар ўзларини “ислоҳотчилар” деб билади. Ваҳоланки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: “Ва қачон: “Ер юзида бузғунчилик қилманг”, – дейилса, “Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз”, – дерлар. Огоҳ бўлингки, улар – ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари сезмаслар.  

Уларининг  жирканч мақсадларидан яна бири аввалда ўтган ва ҳозирги замон уламоларимизнинг ҳурматини оёқости қилиш ва дунё мусулмонларини уларга эргашишдан тўсишдир. Бу ердаги нозик нуқта – агар уммат дин уламоларига эргашмаса, уларнинг сўзига юрмаса мусулмонларнинг бирлик силсиласи узилади. Оқибатда эса жамият бир пода ёки тўдага айлантирилади ва уни исталган йўлга солиш, оғдириш мумкин бўлади. Аслида эса бизга маълум ва машҳур бўлган анъанага содиқ қолиб, дин уламоларимизга эргашишимиз ва уларнинг кўрсатмаларини қабул қилишда собитқадам бўлишимиз лозим.

Ҳулоса ўрнида айтиш лозимки, барчамиз носоғлом ҳаракатларнинг тарафдорларига қарши ечим топишда – ақидамиз ва мазҳабимизни мукаммал билишимиз ва бу йўлда диёнат ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Ўз паноҳида асрасин ва гўзал мақсадларига эриштирсин!

“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадхонов Муталлибхон

Тошкент ислом институти катта устози Муҳаммад Айюбхон домла Ҳомидов Андижон вилоятидаги сафари давомида Булоқбоши тумани “Ширмонбулоқ” жоме масжидида бўлиб, жамоат билан аср намозини адо этди. Сўнгра масжидга келган мўмин-мусулмонлар маъруза қилди.

Муҳаммад Айюбхон домла йиғилганларга Ватанимизда бўлаётган эзгу ислоҳотлар, хусусан, диний-маърифий соҳада қилинаётган хайрли ишлар, янгилик ва хушхабарлар ҳақида маълумот берди.

Шунингдек, устоз бугунги замонда ҳар бир мўмин-мусулмон мустаҳкам илм-маърифат эгаллаб, ўз соҳасининг моҳири бўлиб, юрт тараққиётига ҳисса қўшиши, оилада фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, ижтимоий тармоқ ва ён-атрофдаги турли оқимлар таъсиридан асрашимиз зарурлиги ҳақида маъруза қилди.

Анжижон сафари давом этмоқда. Тафсилотларни кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

PAYMO Russia бош директори Ҳусан Умаров нима учун Ўзбекистонда ислом банкингини ривожлантириш кераклигини тушунтирди.

Uznews.uz хабарига кўра, 2021 йилда ҳар бир инсон анъанавий иқтисодиётнинг уч "устуни" – ишончлилик, мукаммаллик ва барқарорликни ларзага солган янги воқеликка дуч келди.

Жаҳон иқтисодиёти ўзгаришларни биринчи бўлиб ҳис этиб, ёш молиявий восита:

* ҳамкорлик муносабатлари пойдевори;
* кучли диний компонентга қурилган ислом банкингига нисбатан жадал бурилиш ясади.

PAYMO Russia бош директори Ҳусан Умаровнинг айтишича, ислом иқтисодиёти тарафдорлари "сигир думлари"ни ушлаб турмайди. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллолоҳу алайҳи вассалам молни кредитга сотишни мажозий маънода шундай атаганлар. Асоссиз бойиш ("рибо") таъқиқланади. Фоиз олишга эмас, балки фойда олишга йўл қўйилади.

Бироқ узоқ йиллик кредит қуллиги – Ғарб иқтисодиётининг асосий устуни бутун дунё бўйлаб юз минглаб оддий фуқароларни уй-жой ва ишсиз қолдириши мумкин. 2008 йилги Америка инқирози буни аниқ кўрсатди ва 2021 йилги пандемия ҳам ундан қолишаётгани йўқ.

"Исломий молияда банк жазо берувчи орган эмас. У уйингизни олиб қўйиб, охирги кўйлагингизни ечиб олмайди. Бу сизнинг ҳамкорингиз, шеригингиз, инвесторингиз ва ҳатто дўстингиздир. Оддий бир мисол: агар машинангиз аварияга учраса, унинг суғуртаси йўқ бўлса, банк сиз билан зарарларни ўз бўйнига олади. Агар тўловни кечиктирган бўлсангиз, банк сиздан жарима ундириб олмайди”, деб тушунтирди Умаров Ҳусан.

Барча таваккалчиликлар ўртадан бўлинади – ислом тушунчасидаги "адолат" айнан шундай кўринишда бўлади. Масалан, ислом асбоби "такафул" "бир-бирини ҳимоя қилиш" деб таржима қилинади, "салам" нарх ошишига қарши кафолатни билдиради ва "сукук" эса фоизларни таъқиқлайди.

Дунё харитасида Ислом банкинги мавжуд 251 мамлакатдан 70 дан ортиқ мамлакатни қамраб олган. Эрон ва Судан 2019 йилда тўлиқ, Саудия Арабистони ва Бруней эса мос равишда 70% ва 65% ислом банкингига ўтиб олди.

Ислом банкларининг ялпи активлари $2,5 трлн. дан ошди. Мутахассисларнинг айтишича, 15 йил ичида Исломий молия глобал банкингга айланади.

Экспертнгинг фикрига кўра, буларнинг барчаси кўплаб мамлакатлар қонунчилигида "Исломий молия" учун ҳуқуқий асос бўлади. Ислом банкингининг истиқболини Буюк Британия, Қозоғистон, АҚШ, Лотин Америкаси, Жанубий Африка ва исломий бўлмаган Осиёдаги Гонконг ва Сингапурда англаб етишди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Ўзбекистон ҳам ушбу восита томон қадамлар қўя бошламоқда.

Бир нарса аниқ: Исломий банкинг бизга бошқа йўл ҳам борлигини тушунишимизга ёрдам бермоқда. Ва бу "бошқа йўл"нинг самараси узоқ вақт давомида ишлатилган нарсалардан асло кам эмас.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Четвер, 10 июнь 2021 00:00

Зинога яқин борманг! (видео)

Тошкент вилояти

"Абу Бакр Сиддиқ" жоме масжиди

имом-хатиби Нурали домла Мавлонов

Top