muslim.uz
Минтақавий конференция ташкил этилди
Миллатлар, ирқлар, динлараро муносабатларда барча динларнинг эзгулик манбаи эканлигини англата билиш муҳим аҳамият касб этади. Шу муносабат билан, жорий йил 27 апрель куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Марказий Осиё мамлакатларида диний эркинликлар” мавзусида минтақавий видео-конференция ташкил этилди.
Мулоқотда Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва турли диний конфессия вакиллари иштирок этди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакилларидан иборат экспертлар қатнашдилар.
Анжуманда Ўзбекистонда диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни қарор топтириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ижобий ишлар алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, диний конфессия вакилларига бўлган эътибор йилдан-йилга ошиб, бу, айни пайтда, Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ўз аксини топаётгани, хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши, айнан, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани ҳам бунинг ёрқин намунаси экани қайд этилди.
Хорижий ва маҳаллий олимлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа вакиллари иштирокида қизғин муҳокамаларга бой бўлган конференцияда Ўзбекистонда диний бағрикенгликни қарор топтиришнинг сиёсий-ҳуқуқий аспектлари, фуқаролар эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқини таъминлашнинг асослари ҳам муҳокама этилди.
Таъкидлаш керакки, юртимиздаги инсонпарварлик сиёсати натижасида жамиятда динлар, миллатлараро тотувлик ва барқарорликни таъминлаш, конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантиришда диний ташкилотлар билан ўзаро узвий муносабат шаклланган. Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик ва конфессиялараро ҳамжиҳатликни қарор топтириш, фуқароларнинг эътиқод эркинлиги ва ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибаси йилдан-йилга ижобий аҳамият касб этиб бормоқда.
Бу каби конференциялар эса ушбу йўналишдаги ишларни минтақага тараннум этишда катта аҳамият касб этиши, шубҳасиз.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати
АҚШ мусулмонлари: масжидда намоз ўқиш катта неъмат
Ниқоб кийишга, ҳароратни текширишга ва чекланган сонда масжидларга қатнашга мажбур бўлган Қўшма штатлар мусулмонлари Рамазон ойида масжидда намоз ўқиш имконияти неъмат, деб ҳисоблашмоқда.
Виржиния штатининг Александрия шаҳридаги масжидга борадиган эфиопиялик Амир Муҳаммад: "Рамазон ойининг ўтиши ҳали ҳам фарқланиб турибди", – дейди. Чекловларга қарамай, – "Бу неъмат", - дейди у.
Виржиния штатининг Фоллс-Черч шаҳридаги Ал-Ҳижра Ислом маркази жамоатчилик билан алоқалар директор, имом Наим Байг ҳам масжидлар ниҳоят очилганидан мамнун. "Одамлар масжид очиқ эканидан жуда хурсанд", – дейди у. – "Бу уларга жамоа ҳисси – бир-бирини кўриш ва биргаликда ибодат қилиш имкониятини беради".
Islam.ru хабарига кўра, Рамазон ойининг одатий маросимларидан баъзилари, масалан, жамоат ифторлиги ҳали ўтказилаётгани йўқ.
"Дўстлар ва оиламни ифторга таклиф қилишни соғиндим", – дейди Теннесси штатидаги Ноксвилл мусулмон жамоасининг ҳаммуассиси, ижтимоий хизматлар ташкилоти, Шимолий Америка ислом доиралари жамоатчилиги билан ишлаш бўйича директор имам Рафиқ Махди. – "Биродарлик руҳи ва болаларнинг кулгусини қумсадим".
Шу боис масжидлар ва мусулмон ташкилотлари ижтимоий масофага риоя қилган ҳолда, муҳтожларга зарур озиқ-овқат тўпламларини тарқатиш каби хайрия ишлари билан шуғуллана бошладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Биродарлик – икки дунё саодати
Ўзаро бир-бирига кўмаклашадиган, бир-бирига яхшиликни раво кўрадиган, кечиримли, олийжаноб жамиятда яшаш – инсоннинг бахтли ҳаёт кичириши учун энг муҳим омиллардан бири саналади. Ахлоқий инқирозга учраган, пасткашлик авж олган жамиятда бахтли ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таоло инсониятни яратар экан, унга икки дунё бахт-саодатига элтувчи омилларни кўрсатиб қўйди. Аллоҳ таоло бу ҳақда Наҳл сурасининг 97-оятида шундай дейди: “Мўмин бўлиб, солиҳ амаллар қилган эркагу аёлларга покиза ҳаёт ато этамиз ва уларни қилган амалларидан кўра яхши савоблар билан мукофотлаймиз”. Демак, биз бахтли ҳаёт кечиришимиз учун аввало мўмин бўлишимиз, кейин эса солиҳ амаллар қилишимиз керак экан. Мўминлар жамиятининг энг асосий имтиёзларидан бири шуки, бу жамиятда барча бир-бирига биродар бўлиб, инсоннинг ранги, ирқи, миллати унинг обрўли ёки обрўсиз бўлишига заррача ҳам таъсир қилмайди. Аллоҳ таоло шундай деган: “Мўминларгина (чинакам) ака-ука (биродар)дирлар” (Ҳужурот: 10).
Мўминлар ўзаро бир тану бир жон ҳисобланади. Масалан, Ойша онамиз туҳматга қолиб, мунофиқлар уни зинода айблашганида баъзи мусулмонлар ҳам бу гапга ишониб қолишди. Шунда Аллоҳ таоло мунофиқларнинг туҳматига ишонган мусулмонларга шундай деди: “Сизлар бу хабарни эшитган чоғингизда мўмину мўминалар ўзлари ҳақларида яхши гумон қилиб: “Бу очиқ туҳмат-ку!” – дейишса бўлмасмиди?!” (Нур: 12). Бу оятда Аллоҳ таоло “биродарлари ҳаққида” демасдан, “ўзлари ҳақларида”, деди. Демак, мўминлар бир-бирларига нафақат биродар, балки улар бир тану бир жондирлар. Яна бир мисол, Аллоҳ таоло одоб-ахлоқ борасида бизга шундай деган: “Ўзингизни камситманглар” (Ҳужурот: 11), яъни мўмин ўз биродарини камситиши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам худди шу маънони бизга тушунтирар эканлар, шундай деганлар: “Мусулмонлар ўзаро меҳр-муҳаббатларида гўёки бир тану бир жонлар: агар бу таннинг бирон аъзоси оғриса, қолган аъзолар иситма ва уйқусизлик билан бир-бирини ёрдамга чақиради” (Муслим ривояти, 2586-ҳадис). Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ўзингизга раво кўрган нарсани биродарингизга раво кўрмагунингизча ҳақиқий мўмин бўла олмайсизлар” (Бухорий ривояти, 13-ҳадис) – деганлар. Келинг, салафи солиҳларимиз бу тушунчани қай тарзда ҳаётларига татбиқ қилишганига бир назар солайлик. Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Мен ким билан баҳс-мунозара қилсам ҳам, унинг ҳақ бўлишини истайман”. Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумога хизмат қилиш учун ҳамроҳ бўлдим, лекин у киши менга хизмат қилди”. Абу Сулаймон Дороний роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Мен биродарларимга овқат бериб, таъмини ўзим ҳис қиламан”. Имом Муновий роҳимаҳуллоҳ солиҳларнинг биридан шундай ривоят қилади: “Мен “алҳамдулиллаҳ” деганим учун ўттиз йилдан бери истиғфор айтаман. Сабаби қуйидагича: Бағдодда ёнғин бўлган эди. бир киши олдимга келиб: “Дўконинг ёнмади” – деганида, мен “алҳамдулиллаҳ” деган эдим. Ўшанда ўзимга раво кўрган нарсани мусулмонларга раво кўрмаган эканман”. Агар биз ўзаро биродар бўлиб, бир-биримизга яхшиликни раво кўрсак, дунё ва охират саодатига эришамиз. Аллоҳ таоло ўртамизни ислоҳ қилсин, қалбимизни ҳасад иллатидан Ўзи покласин!
Шамсуддин Хафизов,
Наманган тумани «Халил Хожи» жоме
масжиди имом-хатиби
Саудия Арабистони Ўзбекистонга йилига 100 минг сайёҳ юбориши мумкин
Саудия Арабистонининг кўчмас мулк объектларига инвестиция киритувчи йирик компаниялари вакиллари билан онлайн мулоқот ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Саудия Арабистони миллий компанияларни қўллаб-қувватлаш агентлиги, икки мамлакат компаниялари вакиллари, мамлакатимиз элчихонаси ходимлари қатнашди.
Онлайн тадбирда мамлакатимиз, жумладан, Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ўзгаришлар, маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга яратилаётган қулай шароитлар ҳақида маълумот берилди, саудиялик инвесторларга ушбу соҳада ҳамкорлик қилиш бўйича лойиҳалар тақдим қилинди.
Ўз навбатида, саудиялик инвесторлар жорий йил январь ойида Ўзбекистонга қилган сафарини мамнуният билан эслаб, мамлакатимизда гувоҳи бўлган янгиланишлар жараёни ва яратилаётган бизнес имкониятларлан руҳланганини таъкидлади.
Уларнинг фикрича, Ўзбекистон Марказий Осиёда энг кўп бизнес имкониятларга эга давлатга айланмоқда. Тадбиркорлар тижорат, меҳмонхона, туризм ва бошқа кўп мақсадли инвестицион кўчмас мулк объектларини қуришни режалаштираётганини айтди.
Мулоқотда туризм соҳасига оид объектлар қурилишига алоҳида эътибор бериш зарурлиги қайд этилди. Бугун Саудия Арабистонида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда ва бу кейинги йилларда ушбу мамлакатдан туристлар оқими ўсишига хизмат қилиши қайд этилди.
Томонлар ўзаро авиақатновлар кўламини кенгайтириш истиқболларини ҳам муҳокама қилди.
Ўз навбатида, Саудия Арабистони томони хорижий инвесторларга ажратилган ер участкаларининг жойлашишига катта аҳамият беришини, Ўзбекистон ҳукумати эса кўпроқ сайёҳлик объектларининг қурилишига имкон беришини таъкидлади.
Бунга сабаб суҳбатдошларнинг фикрича, яқин йилларда Саудия Арабистони Ўзбекистонга йилига 100 минг, ҳозирги кунда эса – йилига 1-2 минг сайёҳ юбориш имконига эга.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
“Шаҳидлик” ниқобидаги қотиллик
Истиқлол шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Диёримиз мусулмонларининг асрий орзу-умидлари рўёбга чиқа бошлади. Натижада, маьнавиятимиз тобора юксалиб боряпти. Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этаётир. Лекин, афсус, бу неъматлардан фойдаланиб, шукр ўрнига ношукрлик қиладиган, ғанимларимиз ноғарасига ўйнайдиган, ўз юртига тош отадиган набакорлар ҳам йўқ эмас. Айниқса, чет элларда бўлгани каби, бизнинг мамлакатимизда ҳам турли экстремистик, бузғунчи ақидапараст ва мутаассиб оқимларнинг ботил ақидаларига эргашиб залолатга кетган гумроҳлар ҳам борлиги кишини ранжитади. Эрта баҳорда ердан бодраб чиқадиган қўзиқориндек пайдо бўлиб, сўнг саробдек сўниб йўк бўлиб кетаётган янги-янги оқимларга бир назар ташласангиз, уларнинг илдизлари, асослари ва ғоялари узоқ тарихдаги хорижийлар, муржиийлар, шиа ва мўътазила каби бузғунчи тоифалар билан ҳамоҳанг эканини тушунасиз.
Юртимизда диний билими ўта саёз, турли фитна-фасод қўзғайдиган фикрлар ва ғояларни содда халқ онгига сингдиришга уринадиган чаласавод кимсаларга эргашиб кетмасликлари учун ёшларни тўғри йўлга солиш ва ҳушёрликка чорлаш, айниқса, биз имом-хатибларнинг асосий бурчимиздир. Шаҳидлик масаласида. Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларни ифодалайди. Шунингдек, «Шаҳид» Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, «гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади. “Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш» деб баҳоланади. Ўзини ўзи ўлдириш- бу ўз ҳаётини қасддан тўхтатишдир. Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат қаттиқ қораланади, Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади. Аллоҳ таоло огоҳлантиради:
وَمَن يَقْتُلْ مُؤْمِناً مُّتَعَمِّداً فَجَزَآؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِداً فِيهَا وَغَضِبَ اللّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَاباً عَظِيماً
“Ким бир мўминни қасддан ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамдир. Унда абадий қолур. Унга Аллоҳнинг ғазаби ва лаънати ёғилур. Ва Аллоҳ унга улкан азобни тайёрлагандир” (Нисо сураси, 93-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким ўзини тоғдан ташлаб ўлдирса у жаҳаннам ўтида абадий доимий йиқилиб азобланади. Ким заҳар ичиб ўзига суиқаст қилса жаҳаннам ўтида қўлидаги заҳарни ичган ҳолда абадий азобланади Ким ўзини темир билан ўлдирса жаҳаннам ўтида темирни қорнига урган ҳолда абадий азобланади” (Имом Бухорий ривояти).
Ҳозир баъзи гуруҳлар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида ўзини ўзи ўлдириши “шаҳидлик амалиёти” деб Номланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.
Раҳимов Учқун