muslim.uz

muslim.uz

П'ятниця, 16 апрель 2021 00:00

Фиқҳ фани: Ғуслнинг фарзи (аудио)

 

Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударриси

Тожиддинов Абдусамад

П'ятниця, 16 апрель 2021 00:00

Рўзага доир 3 саволга 3 жавоб (2-қисм)

Савол: Рамазон ойи рўзасидан қарзим бор. Нафл рўза тутсам бўладими ёки олдин қарз рўзамни тутишим керакми?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рамазон рўзасидан қазоси бор кишининг нафл рўза тутиши ҳақида Алоуддин Косоний "Бадоиус саноиъ" китобида бундай дейди: "Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши нафл рўза тутиши макруҳ бўлмайди".

Мазкур китобнинг бошқа бир ўрнида бундай дейилган: "Қазони ўтаб бериш ҳақидаги буйруқ муайян вақтда вожиб бўлмайди, балки мутлақ вақт (яъни, банда имкон топган)да вожиб бўлади".

Шунга биноан Рамазон рўзасидан қарзи бор киши қазосини тутмай туриб ҳам нафл рўза тутиши мумкин. Валлоҳу аълам.

 

Савол: Рўзадор сахарликда истеъмол қилган озуқаси оғиз ёпилгандан сўнг кекирганда томоқ йўли орқали оғзига қайтиб чиқса ва уни қайта ютса рўзаси бузиладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади. Бунга қуйидаги ҳадис далилдир: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рўзадор бўлсаю, унга қайт ғолиб келса, қазо қилиш вожиб эмас. Агар ўзи хоҳлаб қайт қилган бўлса, қазо тутсин”, деганлар (Имом Термизий ривояти(.

Агар қайт рўзадорнинг ихтиёрисиз ўзи ютилиб кетсаю, қайтнинг миқдори оғиз тўладигандан оз бўлса рўза бузилмайди. Бу ҳақда Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: "Қайт рўзадорга ғолиб келсаю, оғиз тўлмайдиган миқдорда қайт қилса ва беҳосдан ютилиб кетса унинг рўзаси бузулмайди. Бунга уламолар иттифоқ қилишган" ("ал-Мабсут").

Агар қайтнинг миқдори оғиз тўладиган даражада кўп бўлса ва ўзи беҳосдан ютилиб кетса Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳга кўра рўза бузилади ва қазо вожиб бўлади. Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра эса рўза бузилмайди. Рўзадор ушбу ҳолатда қайъни ютмасликка имкони бор бўла туриб, ютиб юборса унинг рўзаси бузилишига уламоларимиз иттифоқ қилишган.

Қайтда оғиз тўлиш миқдори борасида ҳам уламоларимиз турли қарашларни айтиб ўтишан. Жумладан, Бурҳониддин ибн Моза ал-Бухорий бу ҳақда бундай деганлар :“Қайтда оғиз тўла бўлишининг чегараси уни оғизда ушлаб тура олмаслик билан белгиланади. Баъзи ўринларда эса уни “Оғиздан чиқариб ташлашдан бошқа чора қолмаган”лик билан изоҳланган.  Фақиҳ Абу Жаъфар Ҳиндувоний: “Қайтда оғиз тўлиши – у билан киши гапира олмай қолиши билан ўлчанади” деган” (“ал-Муҳийтул Бурҳоний”). Валлоҳу аълам.

 

Савол: Рамазон ойида ҳайз кўрган аёллар қандай йўл тутади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аёл киши Рамазон ойи давомида одати бошланиб қолса, у тугагунига қадар рўза тутмайди. Рамазон ойи ўтгандан кейин неча кун рўза тута олмаган бўлса, ўшанча кун қазо қилиб тутиб беради. Бу ҳукмга уламолар ижмоъ қилишган. Муоза розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: Муоза ал-Адавийя Оиша розияллоҳу анҳодан: “Нима учун ҳайз кўрган аёл рўзанинг қазосини тутадию намозни қазосини  ўқимайди?” деб сўради. Оиша онамиз: “Узрли ҳолатга тушиб қолсак, рўзанинг қазосини тутишга, намознинг қазосини ўқимасликка буюрилганмиз”, деб жавоб бердилар (Имом Муслим ривояти).

 

Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом ҳайз ҳолатидаги аёлларга рўзанинг қазосини тутиш, намознинг қазосини эса ўқимасликка буюрардилар. Ушбу ҳукм мўтабар фиқҳий китобларимизда атрофлича ёритилган:

“Аёл ҳайз ёки нифос кўрса, рўзасини очади. Кундуз куни мусофир сафардан келса ёки аёл ҳайздан покланса, куннинг қолган қисмида еб-ичишдан сақланади” (“Ҳидоя”).

“Ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит бўлади, поклангач қазосини ўқимайди. Ҳайз кўрганнинг рўза тутиши ҳаром бўлади, поклангач қазосини тутади” (“Ал-Мухтор”).

“Фарз рўзани тутиб турган аёл ҳайз кўриб қолса, рўзаси ботил бўлади. Фарз адо бўлмай қолгани учун, поклангач унинг қазосини тутиш вожиб бўлади” (“Умдатур риъоя”).

Аёллар рўзани тўлиқ тутиш мақсадида дори истеъмол қилиб, одат қонини кечиктириши жоиз. Одатий қон келмагунча аёл киши пок саналади ва рўза тутиши лозим. Қонни тўхтатиб туриш-турмаслик борасида шаръан қайтариқ йўқ. Бу иш аёл кишининг соғлигига зарар қилмаса жоиз, зарар қилса жоиз эмас. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

Индонезиянинг етакчи радиоканали "Индонезия овози" " Ўзбекистонда Рамазон" эшиттиришини эфирга узатди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.

Дастур бошловчиси Асмавати мамлакатимизнинг Индонезиядаги элчихонаси ходимлари билан масофавий мулоқот қилди.

Эфирда Ўзбекистонда Рамазон ойини нишонлаш одатлари, оила ва дўстлар билан ифторларни ташкил этишнинг ўзига хос жиҳатлари ва анъанавий таомлар – нишолда ва палов тайёрлаш ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, юртимизда Рамазон ойини ўтказишни истаган индонезиялик сайёҳ ва зиёратчилар учун зиёрат туризми имкониятлари муҳокама қилинди.

Куни кеча Индонезияда ўзбек меъморлик услубида илк марта қурилган Имом ал-Бухорий масжиди очилиши, айни кунларда мамлакат бўйлаб Абу Али ибн Синонинг "Шарқдан нур" ҳаёти ҳақидаги ҳужжатли фильми ҳақида ҳикоя қилинди.

Дастур якунида элчихона ходимлари Индонезия мусулмонларини Рамазон ойи билан табриклаб, икки мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилашди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

П'ятниця, 16 апрель 2021 00:00

Ўсмирларни ёт ғоялардан асрайлик!

Дунёнинг турли ҳудудларида бузғунчилик, фитналар қўзғалиб, мусулмонлар тинчлигини бузиш, халқ орасида низо чиқариш ва нифоқ солишга ҳаракатлар ҳамон кузатиляпти.

Ўзларини гўё “Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа” деб эълон қилган кимсалар бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, улар хатти-ҳаракатларини асослаш учун оят ва ҳадисларни ўзларининг қора мақсади йўлида таъвил қилиб, мусулмонларни бир-бирларига гиж-гижлашмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, балки Аллоҳдан офият сўранглар” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмонлар ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида тинч ва осойишта яшаб турганларида ҳукмдорга қарши бош кўтарган кишилар боғийлардир. Боғийлар тоифасининг хуружи зулм сабабли эмас, балки ўзларини ҳақ, подшоҳни ноҳақ деб билиш, ҳокимият талашиш мақсадида бўлса, бундай тўдага қарши подшоҳга ёрдам беришга ҳар бир имкониятли киши ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Террорчи ва экстремистик тузилмаларнинг асосий ғояси “жиҳод” йўли билан ўз фаолиятини давом эттиришдир. Бу дегани доимий равишда қайсидир мамлакат халқини қуролли ҳужум орқали мажбурий равишда ўз ғоялари таъсирига тортиш ҳамда ўзларига мос шароит яратиш мақсад қилинган.

Ислом динини қурол воситаси билан ёйиш даври ўтган. Эндиликда бу ғояни татбиқ этиш мақсадида жангариларни тайёрлаш, ҳарбий машқларни давом эттириш Ислом динини дунёга манфур қилиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Бунинг ўрнига тинчлик йўли билан Ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар дин эканини амалда намунали тарзда кўрсатиш йўлини танлаш лозим.

“Мабсут” китобида ёзилишича, бирор мамлакатда, Ислом ҳукмларидан биттаси жорий бўлиб турган бўлса ҳам, у дорул ислом ҳукмида қолаверади.

Экстремистик руҳ билан йўғрилган қора кучлар илоҳий манбаларни нотўғри талқин қилиш орқали ўзлари оғир гуноҳларга бориши билан бирга, дунёдаги кўпчилик мусулмонларни ҳам тўғри йўлдан чалғитади. Дунё жамоатчилигига ташвиш орттириш ҳамда Исломни ёвузликка чақирувчи дин тимсолида танитиш каби зарарли фаолиятлари билан уларнинг ўта жинояткор бандалар қаторидан жой олаётганлари аниқ ва равшандир.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳозирги даврда барча уламолар ҳамкорликда Ислом дини таълимотлари софлигини сақлаш, динимиз аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий йўллар билан курашишни янада кучайтиришлари зарур.

 

Санъатбек ТУРСУНОВ,
Андижон вилояти “Усмони Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби

Мамлакатимиз элчихонасида Саудия Арабистони оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда мамлакатда етакчи мавқега эга бўлган «Al Riyadh», «Al Jazira», «Index Economic», «Al Mostahlek», «Al Madina» каби нашрлар ва «UFM» радиостанцияси ходимлари иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Журналистларга Ўзбекистон ҳақида маълумот тақдим этилди. Жумладан, шу йил Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро тадбирларда Саудия Арабистони журналистлари иштирокини таъминлаш ҳақида фикр алмашилди.

Саудиялик журналистлар 15-16 июль кунлари Тошкентда ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: Минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро анжуманга таклиф этилди.

ОАВ вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва мамлакатнинг халқаро майдондаги фаол саъй-ҳаракатларидан яхши хабардор эканлигини маълум қилди.

Тадбир сўнгида элчихона ва Саудия ОАВ вакиллари ўртасида яқин алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида матбуот анжуманлари ва брифинглар ўтказиш бўйича келишиб олинди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top