www.muslimuz

www.muslimuz

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан диний соҳада олиб бораётган ислоҳотлар айниқса диққатга сазовордир. Ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишида диний соҳа ходимлари ҳам муносиб иштирок этишларини таъминлаш Ўзбекистон мусулмонлари идораси олдида турган энг олий вазифалардан биридир.

 

Бугун, 20 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган "ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ – 2018" кўрик танловининг республика босқичи бошланди.

Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичида биринчи ўринни эгаллаган 14 нафар имом-хатиб беллашмоқда.

 

 "ЭНГ МАЪРИФАТЛИ ИМОМ– 2018” кўрик-танловини ўтказишдан мақсад, бугунги кун имом-хатиби ҳам диний ҳам дунёвий билимларни пухта эгаллаши, Қуръони карим оятлари тафсирини мукаммал билиши, дунёда юз бераётган воқеликдан хабардор бўлиб, халқни эзгулик ва бирдамликка чақириши, ёшларга ҳақ билан ботилни етказа билиши каби фаолиятларни янада жадаллаштиришдан иборат. 

 

Шунингдек, ҳозирги пайтда дунёда кечаётган мураккаб сиёсий жараёнларда Ислом дини ниқоби остида рўй бераётган уруш ва тўқнашувлар, бузғунчи ғоялар таҳдидидан аҳолини огоҳ этиб, уларга тўғри исломий таълимотни етказиш каби вазифаларни қай даражада уддасидан чиқаётганларини билиш ҳам мақсад қилиб қўйилган.

Тадбир Қуръон карим тиловати билан бошланди. Шундан сўнг ҳакамлар ҳайъати ва иштирокчилар таништирилди.

 

Мусобақа давом этмоқда. Танлов ҳақидаги батафсил маълумотларни muslim.uz портали ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кузатинг.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Қуйида келтириладиган фикрлар, ҳикматлар ижтимоий тармоқлардаги турли саҳифалардан олиб таржима қилинган. Бундан ташқари саҳобаи киромлар, улуғ олимлар, Яқин Шарқ, Осиё, Европа ва Америка мутафаккирларининг бир қатор фикрлари ҳам берилган.

 

*****

Мен фақат Роббимга суянаман.

Қоқилсам, фақат У мени турғазиб қўяди.

Касал бўлсам, фақат У менга шифо беради.

Камбағал бўлиб қолсам, фақат У мени бой қилади.

Гуноҳ қилсам, фақат У мени мағфират этади. 

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Қалбингни ҳасад билан ёқма, гина билан ўлдирма, адоват билан касал қилма. Салим қалб эгаси, хотири жам инсон бўлиб яша. Халқларни эса Холиққа қўйиб бер.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Ҳеч бир иш қилмайдиганларга насиба ўзи келиб ёрдам беролмайди.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Модомики тўғри юрган эканман, соямнинг одамлар тарафга эгилишига эътибор бермайман.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Тўғри иш қил! Бошқаларнинг сен ҳақингда нима дейишларига эътибор берма!

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Ўлик уммат ўз қаҳрамонларини, улар вафот этганидан кейин эслайди. Буюк уммат ўз қаҳрамонларини, улар тирикликларида ҳурмат қилади.

“Тарих муҳрлаган сўзлар”

*****

Қийин вазиятларда одамларнинг қандайлиги фош бўлади. Шунинг учун бир инсонга, унинг гапига қараб ҳукм қилма. Инсонлар гапираётган пайтда кўпинча намунали бўладилар.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Бобом менга шундай дедилар: “Болам, бу сайёрда яшаш қийин бўлиб қолди. Одамлар бир-бирини ўйин қилишяпти. Пок инсон қийналяпти. Мунофиқ кимса қалбларни ўзига қаратяпти. Одамлар ёлғончига яқинлашиб, ҳақни айтадиганлардан қочишяпти”.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Жим турганимиз доим ҳам рози эканимизни англатмайди.

Сабримиз доим ҳам заифлигимизни англатмайди.

Табассумимиз доим ҳам қабул қилганимизни англатмайди.

Бир нарсани қидирганимиз доим ҳам ўша нарсага муҳтожлигимизни англатмайди.

Бирор масала муҳокамаси пайтида йўқлигимиз доим ҳам ўша масалага эътибор бермаётганимизни англатмайди.

Эҳтиёт бўлишимиз доим ҳам қўрқишимизни англатмайди.

Савол беришимиз доим ҳам билмаслигимизни англатмайди.

Хато қилишимиз доим ҳам аҳмоқлигимизни англатмайди.

Кечиришимиз доим ҳам ожизлигимизни англатмайди.

Буларнинг барчаси биз ўтадиган кўприк бўлиб, ўша кўприк орқали чўққига етиб борамиз.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Одамларга кўп ҳам ишонаверма. Одамларни кўп ҳам яхши кўраверма. Дунё ишлари ҳақида кўп ҳам ўйлайверма. Чунки буларнинг кўпи сенинг кўп алам чекишингга сабаб бўлиши мумкин.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Оғриқларни жим туриб қабул қиладиган ва бошқаларнинг хатоларини яхши ният билан кечирадиган кишилар мени ҳайрон қолдиради.

“Ҳикмат дурдоналари”

*****

Баъзилар илоннинг заҳри билан беллаша оладиган гапларни мулойимлик, юмшоқлик оҳангида гапиради. Ўша гапни гапираётганда юзида табассум ҳам бўлиши мумкин.

“Ҳикмат дурдоналари”

 

 

Интернет материалларидан тўплаб, таржима қилувчи

Нозимжон Иминжонов

Миср Араб Республикаси Ахборот агентлиги томонидан мамлакат Бош имоми, Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари шайх Аҳмад Таййибнинг юртимизга амалга оширган ташрифи якунларига бағишланган мақола эълон қилинди.

Унда меҳмоннинг Ўзбекистонда маърифий исломни ривожлантириш, буюк аждодларимизнинг дин софлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссасини ўрганиш ва тарғиб этиш юзасидан амалга оширилаётган хайрли ишлар ҳақида таассуротлари берилган. Жумладан, Аҳмад Таййиб Президентимиз Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани ва унда бугунги кунда муқаддас ислом динининг бағрикенглик тамойилларини, маърифий қадриятларини тарғиб қилиш, унинг инсонпарварлик моҳиятини асраш, диний-маънавий меросни тадқиқ этиш, хавф-хатарларга қарши курашиш борасида Ўзбекистон ва Мисрда катта ишлар қилинаётганини қайд этди.

Аҳмад Таййибнинг фикрига кўра, Ислом уммати ёшлари Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк алломалар, уларнинг бой маънавий мероси билан яқиндан танишишга катта эҳтиёж сезмоқда.

Мақолада келтирилишича, Миср томони Ўзбекистондаги диний таълим муассасалари, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Шунингдек, меҳмон Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташрифи давомида қатор масалалар бўйича манфаатли келишувларга эришганидан мамнунлигини билдирди.

“Ҳар йили Ўзбекистондан ўнга яқин талаба Ал-Азҳар университетида таълим олиш учун келади. Бундан ташқари, имом-хатиблар билимини ошириш ва ёт ғояларга қарши курашда тажрибасини мустаҳкамлаш мақсадида Мисрда малака оширади”, дея қайд этилади агентлик хабарида.

Ўз навбатида, Ўзбекистонда сўнгги икки йил давомида турли соҳаларда, айниқса, диний-маърифий йўналишда улкан ўзгаришлар юз бергани эътироф қилинади. Хусусан, Ўзбекистонда туғилиб, дунёга илм-маърифат таратган буюк зотларнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш мақсадида илмий-тадқиқот марказлари, ислом таълим муассасалари таъсис этилди, дейилади.

“Албатта, бу каби улуғвор ташаббуслар 130 дан ортиқ миллатлар ва элатлар вакиллари истиқомат қиладиган Ўзбекистонда ўзаро ҳурмат ҳамда ишонч тамойилларига асосланган мўътадил диний қарашларни янада мустаҳкамлаш мақсадини кўзлайди.

Ўзбекистон бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик қадриятларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Ушбу йўналишда Миср ҳамда Ал-Азҳар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро тажриба алмашишга интилмоқда”.


Шаҳзод ИСЛОМОВ
тайёрлади.

манба: xs.uz

Середа, 12 декабрь 2018 00:00

“Ўйин”

Ёш болача сартарошхонага кирди. Сартарош ёнида турган мижознинг қулоғига: “Бу болача дунёдаги энг нодон бола-да. Қараб туринг, буни сизга исботлаб бераман” деди. Кейин ўнг кафтига бир дирҳам, чап кафтига 25 фулс (майда чақа танга)ни қўйиб, болани чақирди. Бола келгач, кафтларини унга узатди. Болакай 25 фулсни олди ва ўйноқлаганча сартарошхонадан чиқиб кетди.

Сартарош яна мижозга қараб, “Сизга айтмаганмидим бу бола нодон, ҳеч ўқимайди, ўрганмайди деб. Ҳар сафар шундай қилади” деди. (Яъни бир кафтимда кўп, иккинчисида кам пул турган бўлса-да, бола пулнинг озини олади деяпти).

Мижоз сартарошхонадан чиқиб, ташқарида турган ҳалиги болани кўриб қолди. Аста ёнига бориб, “Нега ҳар доим бир дирҳамни олмай, 25 фулсни оласан?” деб сўради. Болакай бу саволга “Чунки дирҳамни олган куним бу ўйин тугайди-да!” дея жавоб берди.

Ҳа, азизлар! Кичикларни кичиклиги учун менсимаслик, эътибор бермаслик тўғри эмас. Чивин ҳам кичик бўлишига қарамасдан арслоннинг кўзидан қон сўради.

 

 

“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

Бугун, 24 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги “Шайх Зайниддин” жоме масжидида илк бор кўзи ожизлар иштирокида Рабиъул аввал ойи муносабати билан “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” мавзусида Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда байрам тадбири бўлиб ўтди.

Байрам тадбирига Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Карлар жамияти бошқаруви, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва бошқа ташкилотлардан меҳмонлар таклиф қилинди.
Ушбу байрам тадбирини ўтказишдан кўзланган олий мақсад, имконияти чекланганларнинг Муҳаммад алайҳиссаломга бўлган муҳаббатини ошириш, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ёлғиз эмасликлари, ҳукуматимиз томонидан доимо қўллаб-қувватлаш эканини билдиришдир.

Бундай инсонларга беминнат ёрдам бераётган мутасаддиларнинг навбатдаги тадбирни байрам қилиб, “Оламларга раҳмат Пайғамбар!” мавзусида ўтказилиши имконияти чекланганларнинг кўнглини тоғдек кўтарди.

Ҳазрати Пайғамбаримизнинг саҳобаларидан бири бўлган, кўзлари аъмо бўлган Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳуга ўзларини издош дея таъриф берган бу инсонларимизнинг байрам тадбиридаги саъй-ҳаракатларини кўриб, ҳақиқатан чексиз қувондик. Улар эса синиқ кўнгилларини шунчалик кўтариб, эътибор бераётган барча инсонлардан мамнунлигини ва ҳар бир учрашувни интизорлик билан кутишларини изҳор қилишди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top