www.muslimuz

www.muslimuz

П'ятниця, 23 августь 2019 00:00

«Садақа тоши»

Динимиз ахлоқ динидир. Инсонларни садақа беришга тарғиб қилар экан, садақани миннат қилмай, фақирнинг дилини оғритмай беришга буюради. Зеро, миннат садақанинг савобини йўққа чиқарувчи иллатдир.

Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تُبْطِلُواْ صَدَقَاتِكُم بِالْمَنِّ وَالأذَى كَالَّذِي يُنفِقُ مَالَهُ رِئَاء النَّاسِ وَلاَ يُؤْمِنُ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ

“Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, молини Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам кишиларга риё учун нафақа қилганга ўхшаб бекорга кетгазманг” (Бақара сураси, 264-оят).

Садақанинг савоби кўп, риёдан холи бўлиши ва энг муҳими – фақирнинг ҳижолат бўлмаслиги учун уни махфий бериш мақсадга мувофиқдир. Зеро махфий садақа берувчиларга кўп мукофотлар ваъда қилинган.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

إِن تُبْدُواْ الصَّدَقَاتِ فَنِعِمَّا هِيَ وَإِن تُخْفُوهَا وَتُؤْتُوهَا الْفُقَرَاء فَهُوَ خَيْرٌ لُّكُمْ وَيُكَفِّرُ عَنكُم مِّن سَيِّئَاتِكُمْ وَاللّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

“Садақани ошкора қилсангиз қандоқ ҳам яхши. Агар махфий қилсангиз ва фақирларга берсангиз, бу сиз учун яхшидир. Сиздан гуноҳларингизни ювади. Ва Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир” (Бақара сураси, 271-оят).

Демак, ушбу оятга кўра, садақа берадиган кишиларнинг гуноҳлари кечирилар экан. Бу эса садақа учун ато этиладиган энг катта мукофотлардан биридир.

Саҳиҳ ҳадислардан бирида қиёмат куни Аллоҳ таолонинг Аршининг соясида турувчилар орасида “садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган нафақани билмай қолган одам” ҳам зикр қилинган.

Демак, махфий равишда қилинган садақа соҳибининг Арш соясида туришига сабаб бўлар экан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Махфий садақа Аллоҳ таолонинг ғазабини сўндиради” деганлар (Термизий ривояти).

Юқоридаги оятлар ва ҳадисларга амал қилиб, мўмин-мусулмонлар доимо садақани махфий тарзда қилишга ҳаракат қилганлар. Ҳатто турли даврларда бу ишга ҳукумат даражасида эътибор берилган. Садақани яширин тарзда қилишга ундовчи ана шундай ишлардан бири «Садақа тоши»дир.

Усмонлилар султонлиги даврида ҳар бир кўча, маҳалла бошида ва жомеъ масжидларнинг олдида «Садақа тоши» ўрнатилган. Унга кирган қўл садақа қилаётган бойнинг қўлими ёки садақа олаётган фақирнинг қўлими, ҳеч бир инсон билмаган. Қолаверса, унга қўйилган ёки ундан олинган пулнинг миқдорини ҳам бошқалар билишмаган. Шу йўл билан садақа берувчининг садақаси махфий бўлишига ва садақа олувчининг ноқулай вазиятдан, хижолатли ҳолатдан чиқишига ҳаракат қилинган.

«Садақа тошлари» одатда бир ярим-икки метр баландликда бўлган. Бойлар қўйиб кетган садақа пулларидан фақирлар эҳтиёжларига яраша олиб кетаверганлар. Бугунги кунда ҳам Туркиянинг бир қанча вилоятларидаги жомеъ масжидлар олдида ҳамда кўчалар бошида Исломий гўзал хулқ – фақирнинг қалбини синдирмаслик, садақани холис ва махфий қилиш аломатлари бўлган «Садақа тошлари» мавжуддир.   

 

 

Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 

 

П'ятниця, 23 августь 2019 00:00

ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

1.Ота-онасига оқ бўлган жаннатга кирмайди.
Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Аллоҳ таоло уч кимсага жаннатни ҳаром қилди (ҳадис ниҳоясида) Ота-онасига оқ бўлганни (зикр қилди)”. Саҳиҳ ҳадис.
Яна у зот айтдилар: “Ота-онага оқ бўлган кимса жаннатга кирмайди”.
2. Оқ бўлган кимсанинг савоб амаллари қабул бўлмайди.
3. Оқ бўлганга лаънат ўқилур.
Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ота-онасини ҳақорат қилганни Аллоҳ лаънатлар”.
4. Оқ бўлганнинг жазоси тезлашур.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллАллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Золимлик ва ота-онага оқ бўлиш Аллоҳ таоло Охиратда берадиган жазосидан аввал бу дунёнинг ўзида бу жиноят эгасига азобини тезлатишига энг лойиқ гуноҳдир”.
5. Оқ бўлганнинг ризқи кенг, умри узун бўлмас.
6. Ота-онасига оқ бўлганнинг фарзандлари ҳам ўзига оқ бўлурлар. (Мана шу уларнинг қилмишларига) яраша жазодир!
7. Оқ бўлган кимсага ваъда қилинган қаттиқ азоб бордир.
8. Одамлар орасида ота-онасига оқ бўлганнинг номи хунук бўлур.
9. Оқ бўлганнинг ишлари юришмас, истаган нарсаси амалга ошмас. Ундайларга яхшилик эшиги беркилур.
10. Ота-она ўзларига оқ бўлган фарзандларини дуоибад қилурлар. Парвардигор уларнинг дуоларини ижобат этар. Ундай кимса дунё-ю Охиратда зиён топар. Мана шу очиқ зиёндир.
11. Ота-онасига оқ бўлганнинг ҳаёти қуйида келтирилажак ҳикоялардагидек аламли ва оғриқли ҳолда ниҳоя топар.

Иброҳим Ҳозимий ОҚПАДАРЛИК ОҚИБАТЛАРИ китобидан

Ал Мустафо халқаро университетининг Ҳиндистондаги бўлими томонидан ушбу ҳафтада Қуръони каримдан таълим берувчи ўқитувчиларни тайёрловчи курслар ташкил этилди. Бу ҳақда iqnanews.ru хабар берди.

Қуръони каримни ўқиш ва ҳифз қилиш ушбу курсларнинг асосий таълим дастури ҳисобланади. Курслар Лакнав шаҳрида ташкил этилгани айтилмоқда.

Нурул Мустафо Қуръон ва Ҳадис маркази ҳамкорлигида ушбу курслар учун дастур тузилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Маккадаги Масжидул Ҳаром атрофидаги қурилиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. 3 минг квадрат метрли майдонда амалга оширилган бинокорлик ишлари муқаддас масжидга ташриф буюрувчи зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида бажарилди.

Ишлар 85 фоизга амалга оширилгани қайд этилиб, бу ерда таҳоратхоналар ҳам барпо этилмоқда. Қурилиш ишлари жорий ой якунига қадар тугалланади.

Шундан сўнг, Масжидул Ҳаромнинг зиёратчилари сиғими сезиларли даражада ошиши маълум қилинган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Индонезиялик 64 ёшли Марянининг узоқ йиллик орзуси амалга ошди – у ҳаж ибодатини адо этди.

Азон интернет нашрининг ёзишича, эрининг вафотидан кейин тўртта бола билан бева қолган Маряни ҳеч кимга сездирмай, то бомдодгача қайта ишласа бўладиган чиқиндиларни тўплаб, 26 йил давомида ҳаж учун пул йиғди. 2012 йилда аёлнинг пули 1750 долларга етди, бу ҳаж учун рўйхатдан ўтишга кифоя эди. Қолган 700 долларни тўплаш учун Маряни яна етти йил ишлади.

У Дин ишлари вазирлигидан барча керакли ҳужжатларни олгандан кейингина бу йил ҳажга боришини фарзандларига ошкор қилди.

“Энг муҳими, ўз мақсадимга эришдим, бунга ҳеч қачон шубҳа қилмаганман. Мен ҳеч қачон енгилмадим ва бу ишдан ҳеч қачон чарчамадим”, – дейди аёл.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Top