muslim.uz
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, лекин бу ҳақиқат
Аллоҳ таоло инсонни мукаммал ва хушсурат қилиб яратган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик”(Тийн, 4). Қуйида инсон организмидаги ажойиботлар ҳақида айрим қизиқарли маълумотларни келтириб ўтамиз.
1. Инсон олтмиш ёшдан ошганда, таъм билиш қобилиятининг 50 фоизини йўқотар экан.
2. Инсоннинг қулоқ ва бурни ўсишдан тўхтамайди, бироқ инсон кўзининг ҳажми, туғилганда қандай бўлса, шундайлигича сақланиб қолади.
3. Инсон ошқозонидаги кислота рух(метал)ни ҳам эритиб юбора олади.
4. Ҳар бир инсоннинг ҳид билиш қобилияти, бармоқ изи ва тил изи такрорланмасдир.
5. Инсон организмидаги энг мустаҳкам мускул – тил ҳисобланади.
6. Инсон танасидаги энг қаттиқ суяк – жағ суяги ҳисобланади.
7. Инсон танасидаги қон ҳужайралари ўртача 100-120 кун яшайди.
8. Инсон аксирганда чиқадиган ҳаво, соатига 160 километр тезликда ҳаракатланади.
9. Инсон организмидаги бактерияларнинг умумий миқдори, инсон танасидаги ҳужайраларнинг умумий сонидан 10 баробар кўп. Эслатиб ўтамиз, инсон организмида ўртача 10 триллион ҳужайра мавжуд.
10. Инсон миясининг деярли 80 фоизи сувдан иборат.
11. Катта ёшли инсон организмининг ўртача 50-65 фоизи сувдан иборат, ёш болаларда эса бу кўрсаткич, 75-78 фоизни ташкил этади.
12. Инсон соч толасининг ҳаёт давомийлиги ўртача 3-7 йилдан иборат.
13. Инсоннинг чап ўпкаси, ўнгига қараганда 10 фоизга кичик.
14. Инсон организмидаги қон миқдори, инсон оғирлигининг 8 фоизини ташкил этади.
15. Инсон танасидаги энг кичик суяк, унинг қулоғи ўртасида жойлашган бўлиб, узунлиги атиги 2,8 миллиметрдир.
16. Инсон ошқозони ўзини ҳазм қилиб юбормаслиги учун, ҳар уч кунда, ўзини ҳимоя қилувчи шиллиқ парда ишлаб чиқаради.
17. Инсон териси энг кенг ва тез ўсадиган аъзодир.
18. Инсон мияси оғриқни сезмайди, чунки мияда оғриқ сезувчи рецептор йўқ.
19. Ҳар бир инсонда ўртача 10 мингта таъм билиш рецептори бор.
20. Инсон ҳар йили ўртача 4 кг тери ҳужайраларини йўқотади.
21. Инсон бирор сўз ёки жумлани талаффуз қилиши учун, 100 га яқин мускуллар ҳаракатга тушиши талаб этилади.
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади
Исломофобияга қарши кураш дастури
Жорий йилнинг 21-21 декабрь кунлари Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ахборот идоралари раҳбарларининг йиғилиши бўлиб ўтади.
Йиғилишда 2025 йилгача бўлган даврга мўлжалланган оммавий ахборот воситаларида Исломофобияга қарши курашнинг стратегик дастури ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Arabnews маълум қилди.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Танлов ғолиблари тақдирланди
Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукрлар бўлсинки, муборак Рабиул-аввал ойида турибмиз. Рабиул-аввал ойи бошқа ойлардан фарқли ва аҳамиятга моликдир. Боиси, бу муборак ой оламлар сарвари, бутун инсониятга охирзамон пайғамбари қилиб юборилган Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг таваллуд ойлари ҳисобланади. Бу ойда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратларини, ҳаётларини янада кенгроқ ўрганиш, ҳар ишда, ҳар бир кунимиз, амалимизда у зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Шу муносабат билан «Мирза Юсуф» жоме масжиди ҳамда www.mehrob.uz интернет саҳифаси ижодкорлари @Mehrobuz телеграм каналида Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаёт тарзлари ҳақида 10 та саволларга жавоблар юбориш бўйича жорий йилнинг танлов ўтказди.
Танловда жуда кўплаб мухлислар иштирок этди. @Mehrobuz телеграм каналига шу вақт оралиғида, 4353 иштирокчи ўз жавобларини йўллади.
«Мирза Юсуф» жоме масжиди ва www.mehrob.uz интернет саҳифаси ходимлари, мухлислар томонидан юборилган жавобларни ўрганиб чиқишди ва 4353 иштирокчилар орасидан ғолиблар аниқланди.
2016 йилнинг 18 декабр куни «Мирза Юсуф» жоме масжидида ушбу танлов ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Юнусобод тумани бош имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов кириш сўзи билан ушбу тадбирни очиб берди ва бу танловдан кўзланган мақсад Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сийратларини янада чуқурроқ ўрганиш, яқиндан таниш ва танитишдан иборат эканини таъкидлади.
Шундан сўнг ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
1 – ўрин соҳиби: Фарғона вилояти Қува туманида яшовчи Темурбек Адҳамжонов.
Ғолиб «Тафсири Ҳилол» китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
2 – ўрин соҳиби Тожикистон Республикасида истиқомат қилувчи мухлисимиз ғолибликни қўлга киритди, танлов иштирокчиларига ўз узрини айтиб, совғаларни Тошкент шаҳридаги «Кўкалдош» ўрта махсус Ислом билим юртидан келган вакилга топширилди. Мадраса талабалари учун вақф қилинди.
Ғолиб «Ҳислатли ҳикматлар шарҳи» китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
3 – ўрин соҳиби Бухоро вилояти Ромитон туманида яшовчи Сулаймон Неъматов.
Ғолиб «Одоблар хазинаси» китоблар жамланмаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ғолиб бўлган иштирокчилар бу танловдан ўзларига жуда кўплаб илмлар ҳосил қилгани, сийрат илмига янада қизиқиши ортгани каби фикрларини билдиришди.
Шундан сўнг, «Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддинов сўз олиб, бугунги тақдирлаш маросими юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар, сўзга чиққан танлов ғолибларига ташаккурлар айтдилар.
Тадбир якунида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га салавотлар айтилиб, у зотнинг ҳақларига дуолар қилинди, танловни ташкил қилиш, тайёрлаш ва муваффақиятли ўтказишга ҳисса қўшган барча ходимларга, танлов ғолибларига ташаккур билдирилди, Аллоҳ таолодан хайр барака, ижодий баркамоллик, солиҳ амалларда бардавомлик тилаб, тадбирга якун ясалди.
Мадҳи тилларда достон бўлган ҳазрати Расулуллоҳ Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловоту саломларимиз бўлсин, у зотга бўлган муҳаббатимиз туфайли қилаётган камтарона хизматимиз муборак мавлидларига тўёна бўлсин!
Адҳам ДЎСМАТОВ
Тошкент Ислом университети магистранти
«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-ноиби
Антиқа гилам
Араб олимлари ғайриоддий гилам ихтиро қилдилар. Бирлашган Араб Амирлигида жойлашган университетнинг “Фан ва ихтиро” йўналиши муҳандис ҳамда талабалари томонидан юриш, югуриш, сакраш каби ҳатти-ҳаракат содир этилганда электр энергия оладиган гилам ишлаб чиқилди.
Ихтирочилар ушбу гилам тез кунларда йирик бино ҳамда савдо марказлари ва шу каби одамлар гавжум бўлган ерларда кенг миқёсда тарқалишини таъкидладилар.
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Саломлашиш – Исломдаги гўзал хулқлардан
Ислом дини таълимотлари инсонларни одоб-ахлоқли, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Саломлашиш икки кишининг бир-бирига "Ассалому алайкум (Сизга тинчлик ва саломатлик булсин)", деб яхши тилак билдиришидир. Маданиятли халқларнинг инсоний алоқа бобида ўзига яраша баьзи одоб ва одатлари бор, улар доим шу нарсага амал киладилар. Исломдаги ана шундай одат ва одоблар қаторига саломлашиш киради. Кишилар ўртасида бир-бирларига салом бериш, ҳол-аҳвол сўраш каби одоблар ҳам мана шундай гўзал хулқлар доирасига киради. Бу ҳақда Қуръони каримда қуйидагича мархамат қилинади:
"...Бас, қачон, уйларга кирсангиз, бир-бирларингга Аллоҳ хузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтинг (яъни "Ассалому алайкум" денг!)..."(Нур, 61).
Мана бу оятдан кўриниб турибдики, салом бериш яхши амал бўлиши билан бирга сизу биз учун фойдали ҳамдир.
"Салом" сўзининг маъноларидан бири "тинчлик" бўлиб, салом берган киши иккинчи томонга тинчлик, хотиржамлик, осойишталик, фаровонлик тилаган бўлади.
Калада ибн Ҳанбал ривоят қилади:
Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, изн сўрамасдан ва салом бермасдан кирдим. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам): "Ортингга қайтиб: "Ассалому алайкум, кирсам мумкинми?" деб сўрагин", дедилар (Имом Абу Довуд, Термизий ва Табароний ривояти).
Мана бу ҳадиси шарифдан саломнинг ўрни нақадар юксаклиги кўриниб турибди.
Ижтимоий ҳаётда инсонлар бир-бири билан муомалада бўлиши муқаррар. Шу муносабат дўстона тус олиши, ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва муҳаббатлашиш бўлиши учун таниш ва нотаниш инсонлар ўрталарида салом-аликни ошкора ёйишлари керак. Саломлашишда ҳикматлар жуда кўп. Масалан, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар:
"Жоним Унинг измида бўлган Зотга қасам, имон келтирмагунингизча жаннатга кирмайсизлар,(Аллоҳ йўлида) бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча (комил) мўмин бўлмайсизлар. Сизларни бир нарсага йўллайми, агар уни қилсангиз, бир-бирингизга меҳр-муҳаббат уйғонади: ўрталарингда саломни ошкора қилинг!" (Имом Муслим, Имом Термизий ривояти. Суютий "Жомеул кабир"да ривоят цилган.)
Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби, албатта, салом беришнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Қуръони каримда:
"Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олинг ёки ўша (ибора)ни қайтаринг" деб буюрилади (Нисо, 86).
Салом берувчи "Ассалому алайкум" деса, "Ва алайкумус-салом ва раҳматуллоҳ" деб, алик олинади. Пиёдага уловдаги, кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки турганга юрган одам салом беради. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса бу фазилатдир.
Баъзилар таниган одамларига салом берадилар, уларнинг саломига алик оладилар, аммо нотаниш одамга на салом берадилар ва на алик оладилар. Баъзилар эса йиғилиб турган жамоат олдидан ҳам саломсиз ўтадилар. Бундай кишиларни ё мунофик, ё адоватли, ё бутунлай Ислом тарбиясидан узоқ кишилар деб айтишимиз мумкин. Чунки салом бериш яхши тилак билдириш, хайрли дуо этиш ва дўстлигини изҳор қилишдан иборатдир. Ҳатто Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) танишга ҳам, нотанишга ҳам салом беришни Исломнинг энг яхши амали, деб таърифладилар. Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллохдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир киши: "Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг қайси амали яхширок?" деб сўради.
Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "(Муҳтожларга) таом беришинг, танишга хам, нотанишга хам салом беришинг", деб жавоб бердилар (Имом Бухорий).
Ҳар бир ота-она фарзандига тарбия-одоб берар экан, энг аввало саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки халк йўқ. Бежизга доно халқимиз «Гапнинг боши - калом, одоб боши -салом», демаган.
Бирор нотаниш киши билан кўришиб-танишмоқчи бўлсангиз, салом беришингиз билан гап-гапга қовушади, ўртадаги бегонасираш, ноқулайлик барҳам топади. Ҳатто мухолифингизнинг ҳузурига «Ассалому алайкум», (Сизга тинчлик-омонлик бўлсин) деб кирсангиз, у жаҳлидан тушади, кеки йўқолади, кўнгли сизга мойиллашади. Саломлашишнинг савоби, бунга бериладиган ажр-мукофотлар-ку, ҳаммасини босиб кетади.
Салом бериш ва алик олиш хусуида ахлоқ-одобимизнинг қуйидаги кўрсатмалари бор: “Бир бирларингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-мухаббат уйғонади.”
“Одамларнинг бир бирларида 6 та хақлари бор: Салом бериш, чақирса, бориш; маслахат сўраса, жавоб қайтариш; аксирса, соғлиқ ва шифо тилаш; бемор бўлса, бориб кўриш; вафот этса, жанозасида қатнашиш”.
Саломлашиш маъно жиҳатидан ҳам, моҳият жиҳатидан ҳам инсонлар ўртасидаги иттифоқ, ўзаро ҳурмату муҳаббатнинг зиёда бўлишига, жамият мустаҳкамланишига сабаб бўлар экан, мусулмонлар бир-бирларини кўрганда "'Ассалому алайкум" деб саломлашиш Аллоҳ тарафидан ҳам, Унинг Расули тарафидан ҳам буюрилган экан, бу сўз ҳамиша ҳар биримизнинг тилимизда жорий бўлишини Аллоҳ таоло насиб этсин!
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ
Янгийўл тумани “Жоме”
жоме масжиди имом-хатиби.