muslim.uz

muslim.uz

      Жидда шаҳри

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Бош котибияти Жидда шаҳридаги  қароргоҳида шу йилнинг 23–24 ноябрь кунлари Ташкилот тасарруфидаги исломий эшиттиришлар ассоциациясининг Бош котибияти ижроия кенгашининг III йиғилишини ўтказишга мезбонлик қилади. Мазкур йиғилишда Саудия Арабистони ахборот ва маданият вазири, Исломий эшиттиришлар Ассоциацияси ижроия кенгаши раиси Одил Торифий, Исломий эшиттиришлар Ассоциацияси Бош директори Муҳаммад Солим Валад ва ИҲТнинг бош котиби Доктор Юсуф Усайминлар маъруза қилади.

Йиғилишда Ассоциациянинг қўлга киритган ютуқлари, келгусидаги режалари ҳамда ҳозирги таҳликали вазиятда исломий эшиттиришларнинг ислом оламига боғлиқ бўлган иш режасини такомиллаштиришга қаратилган масалалар ўрганиб чиқилади. 

 

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси

                                                                                     И.Аҳмедов тайёрлади.

Четверг, 24 Ноябрь 2016 00:00

ДУШАНБА КУНИ...

Кўпчилик душанба кунини оғир кун сифатида эътироф этади. Ҳақиқатдан ҳам шундайми? Йўқ. Ҳолбуки, ушбу кунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳаётлари билан боғлиқ бўлган буюк воқеалар бор. Жумладан, Саййидимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба куни таваллуд топганлар. Сарвари коинотга ваҳий тушиши, яъни нубувватнинг боғланиши ҳам душанба кунига тўғри келади.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба ва пайшанба кунлари рўза тутишга эҳтимом берардилар» (Имом Термизий ривояти).

Абу Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) душанба куни рўзаси ҳақида сўралганларида: «Бу мен туғилган кун, мен пайғамбар қилиб юборилган ва менга Қуръон нозил қилинган кун», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Амаллар ҳар душанба, пайшанба кунлари (Аллоҳга) кўрсатилади. Менинг амалим рўзадор бўлган ҳолимда кўрсатилишини истайман» (Имом Термизий ривояти).

Шунингдек, Расулимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг  Маккадан Мадинага хижратлари ҳам айни шу кунда бўлган. Бу каби яхши воқеалар душанба кунида содир бўлсаю, биз бу улуғ кунни “оғир кун” дейишимиз хатодир. Дарҳақиқат, шундай экан, бу кунни ҳам ҳурматлаш ва хайрли амалларни айнан душанба кунидан бошлаш мақсадга мувофиқдир.

 

Ҳ. ХОЛБОЕВ,

Бекобод тумани

“Улуғбек”жоме масжиди имом-хатиби

Четверг, 24 Ноябрь 2016 00:00

Тадбирлар давом этмоқда...

2016 йил 23 ноябрь куни Қашқадарё вилояти Ёшлар марказида вилоятдаги жоме масжид имом-хатиблари иштирокида семинар-йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президент Девони масъул ходими Камолжон Камилов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масжидлар бўлими масъул ходими Зулҳайдар Султонов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, вилоят ҳокими ўринбосари Баҳодир Қодиров, ЎМИнинг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом-хатиби Раҳматилло Усмонов ўз маърузалари билан қатнашди.

Сўзга чиққанлар юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш йўлида халқимизга хос ҳамжиҳатлик, ўзаро меҳр-оқибат алоҳида ўрин тутишини таъкидлашди. Шунингдек, бугунги мураккаб ва таҳликали даврда ушбу эзгу фазилатларни асраб-авайлаш билан бирга, доимо огоҳ ва сергак бўлиб яшаш, бепарволик ва беписандлик кайфиятидан узоқ бўлиш лозимлиги уқтирилди.

Юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Шундай эмин-эркинлик, тинч-осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиб, жонажон диёримиз тараққиётга муносиб ҳисса қўшиш, уни ҳар турли фитналардан, таҳдидлардан ҳимоя қилиш ҳар биримизнинг шарафли ва масъулиятли бурчимиздир.

Семинар-йиғилишда юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, бунда имом-хатибларнинг ўрни ва вазифасига алоҳида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, тадбирда бугунги давр ўта тезкор, шиддат билан ривожланиб бораётгани, бунда барча соҳа ходимлари, хусусан, имом-хатиблар, ўқитувчи-педагоглар дунёда содир бўлаётган ҳар бир янгиликдан хабардор бўлиб бориши, ижтимоий ҳаётда кечаётган жараёнларда ҳам фаол иштирок этиши, ҳеч қачон лоқайдлик ва бепарволикка берилмаслиги тушунтирилди.

Шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур вилоятдаги “Кўк гумбаз” марказий жоме масжидига ташриф буюриб, тинчлик олий неъмат экани, унинг шукронасини адо этиш, турли ёт ғоялардан ёшларни асраш каби мавзуларда маъруза қилиб, Юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини Яратгандан сўраб дуолар қилдилар.

 

 Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

 

Жорий ҳаж мавсуми ниҳоясига етгач, Саудия арабистони қироллиги зиёратчиларга кейинги мавсумда янада қулайлик яратиш мақсадида Ҳарам атрофи, Арафот, Муздалифа ва Мино водийсида кенг кўламли тозалик ва таъмирлаш ишларини бошлаб юборди. Айни кунларда Мино водийсидаги чодирларнинг ички қисмига керамикали плиталар ётқизилмоқда. Хизмат кўрсатувчи ширкат мутасаддиларининг маълум қилишича, ушбу лойиҳа 120 минг квадрат километрни қамраб олади. Эслатиб ўтамиз, шу пайтга қадар Мино водийсидаги чодирларнинг учдан бир қисмига плиталар ётқизилган эди. Шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида Мино водийсидаги таъмирталаб кондиционерлар қайта таъмирланади, яроқсиз ҳолга келиб қолганлари эса замонавий кондиционерларга алмаштирилади. Эслатиб ўтамиз, Мино водийсидаги чодирлар 1990 йилда Саудия арабистони ҳукумати томонидан қурилган эди. Ўшандан бери ҳар йили чодирлар янгилаб келинар эди. 1997 йилга келиб эса оловда ёнмайдиган матодан тайёрланган чодирлар ўрнатилди.

Илҳом МАЪРУПОВ тайёрлади

2016 йилда Марокаш ҳукумати мамлакатдаги 100 та масжидга энергия тежовчи чироқлар ва қуёшли батареялар ўрнатди. Келгуси беш йилликда ҳукумат эътибори атроф-муҳит муҳофазаси билан биргаликда масжидларга ҳам қаратилди. Масжидларни экологизация қилиш ташаббуси – Марокашни  энергия тежовчи шаҳарга айлантириш режасининг бир қисмидир.

Шунингдек, “Яшил масжидлар” лойиҳаси ҳам янги дастурнинг муҳим бўлими ҳисобланади. Лойиҳа доирасида масжидларга энергия тежовчи чироқлар ўрнатиш, қуёш нури ёрдамида ишловчи сув иситгичлар ва қуёш батареялар ўрнатилади. Давлат энергия инвестицион компанияси раҳбари Аҳмад Бузид ўз сўзида “Бу катта умуммиллий инфратузилма дастурининг бошланғич лойиҳасидир”-деб айтди.

Робот шаҳридаги энг катта “Ас-Сунна” жоме масжидига энергия тежовчи технология жорий этиш учун ҳукумат томонидан 30 минг АҚШ доллари сарфланди, бу эса масжидда 80% энергия тежалишига олиб келди. Эндиликда масжидда йилига тахминан 7000 минг доллар миқдорида маблағ тежалади. Масжид томига ўрнатилган гелио қурилмаларда йиғилиб қолган ортиқча энергиялар электротармоққа юборилади. Шу орқали ҳукумат 2030 йилга бориб қайта ишланган манбалар ҳисобига мамлакатни бутунлай энергия билан таъминлашни режалаштирмоқда.

“Яшил масжидлар” дастури нисбатан арзонга тушади: ускуналарни ўрнатишга 2 млн, лойиҳани юритишга эса 5,5 млн АҚШ доллари сарфланади. Бу Сахарадаги қуёш электростанцияси қурилишига сарфланган 2,6 млрд АҚШ доллари олдида чой чақадек бўлиб кўринади. Ушбу ташаббус нафақат кам чиқимли энергия манбаи, балки ишчи ўрин яратишга ҳам имкон беради.

                                                Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси,

Моҳира ЗУФАРОВА тайёрлади.

Top