muslim.uz

muslim.uz

Среда, 23 Ноябрь 2016 00:00

Қиш - мўминнинг баҳори

Мана, қишнинг совуқ ва аёзли ҳавоси ўзига хос таровати ила кириб келди. Яратганнинг бирлиги ва борлигига далолат қилувчи фаслларнинг алмашинувида қанчадан-қанча сир-синоатлар мужассам. Баҳор, ёз, куз ва қиш булар бир йилни ташкил  этувчи  фасл номларидир. Бу фаслларнинг бири ўрнига иккинчиси тартибли ўрин олиши ва ундаги ўзига хос фароғати бизга Аллоҳга бўлган ишонч арқонини мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Зеро, борлиқдаги бу ўзгаришлар қишни ёзга, кечани кундузга, сукунатни шамол ва бўронлар шовқун-суронига ҳамда қуруқликни ёмғир ва қорга  ўзгаришида борлиқни Яратган Буюк Аллоҳнинг санъати ва мукаммал бошқариб турганини яна бир бор ёдимизга солади.

Қуръни каримда:

 إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ وَاخْتِلَافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لَآَيَاتٍ لِأُولِي الْأَلْبَابِ * الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللَّهَ قِيَامًا وَقُعُودًا وَعَلَى جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضِ رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذَا بَاطِلًا سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّارِ

Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир.  Улар туриб ҳам, ўтириб ҳам, ётиб ҳам Аллоҳни зикр этадилар ва осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритадилар (ва дуо қиладилар:) “Эй, Раббимиз! Бу (коинот)ни беҳуда яратмагансан. Сен (айблардан) пок зотдирсан. Бас, бизни дўзах азобидан сақлагин! (Оли Имрон сураси, 190-192 оятлар).

 Аллоҳ таоло ушбу ва бошқа бир неча оятларда ўзининг борлиги ва бирлигини фақат нақлий далиллар билан эмас, балки ақлий далиллар билан ҳам исботлашга даъват этади. Исломий фанлар орасидан калом илмининг ўрин олишига сабаб бўлган омиллардан бири ҳам шу илоҳий кўрсатмалардир.

Имом Насафий тафсирида куйидаги ҳадиси шарифни келтиради: “Аллоҳнинг яратган махлуқот ва мавжудотлари тўғрисида тафаккур қилишга тенг келадиган бирор ибодат йўқдир”.

Қиш мўмин кишининг баҳоридир. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш фасли мўминнинг баҳоридир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Имом Байҳақий ва бошқа муҳаддислар:“Кечалари узун қоим бўлади, кундузлари қисқа соим бўлади”, лафзини зиёда қилишган.

Дарвоқеъ, ҳар бир киши учун йилнинг ҳар фаслида ўзига хос мавсумий вазифалари бўлганидек, қиш фасли мўмин кишининг баҳоридир. Зеро, унда тоатлар бўстонига сайр қилмоқ, ибодатлар майдонида жавлон урмоқ имкониятлари қулай фурсатлар ила пайдо бўлади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу “Сизларга жуда ажоиб фурсат ҳақида хабар берайми?”-деганларида, атрофларида жамланган кишилар: “Эй, Расулуллоҳнинг саҳобаси айтинг”, дейишди. Шунда Абу Ҳурайра :”Қиш ойида Рўза тутмоқ”, дедилар. Яъни, бу ҳақиқий маънода ғанимат билинадиган улуғ фурсатдир. Чунки, ҳеч қандай қийинчиликсиз, машаққатсиз бунга эга бўлинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:”Қиш кунларидаги рўза ажоиб ғаниматдир”, деган эдилар (Термизий ривояти).

Дарҳақиқат, унда фурсатни ғанимат билиб Аллоҳга яқинлашиш имкони кўпроқ топилганидадир. Зотан, тоат-ибодат қилиш учун қулай фурсат бўлиш билан биргаликда, амалларни енгил адо этиб қалблар покланади.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламнинг суннат бўлган дуо ва зикрларига қиш фаслида кўпроқ эхтиёжлар тушишлигини кўрамиз. Масалан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кучли шамол эсган пайтда:”Шамол Аллоҳнинг меҳрибончилигидандир. У раҳмат ёки азоб бўлиб келади. Агар сизлар уни кўрсанглар харгиз сукманглар! Балки Аллоҳдан уни яхшилигини сўраб, ёмонлигидан паноҳ тиланглар!”дейилган (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

Ёки бўлмаса, момақалдироқни эшитган пайт: Аллоҳ барча нуқсондан покдир. Момақалдироқ Унга ҳамд билан тасбеҳ айтур. Фаришталар ҳам Ундан қўрққанларидан (тасбеҳ айтурлар), деб дуо қилиш суннатдир.

Ёки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон чақмоқ ва момақалдироқ овозини эшитсалар: ”Аллоҳим! Бизни ғазабинг ила ўлдирмагин ва азобинг ила ҳалок қилмагин. Ундан олдин бизга офият бергин”, деб сўрар эдилар (Термизий ривояти).

Оиша онамиз айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир ёғса куйдаги дуони ўқир эдилар: ”Аллоҳим! Уни фойдали ва нафли қилгин”

 Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки ўринда қилинган дуо рад этилмайди. Азондан кейинги ва ёмғир ёғаётган пайт”, деганлар (Байҳақий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Хуш келдинг эй, қиш фасли! Қоим бўлиш учун кечалари узун, соим бўлиш учун кундузлари қисқа, баракалар ёғилади”, дер эдилар.

Ҳасан ал-Басрий роҳматуллоҳи алайҳи: ”Қиш мўмин банда учун ажоиб замондир. Кечаларда узун қоим бўлади, кундузлари қисқа рўза тутади”, деган эди.

Убай ибн Умайр роҳматуллоҳи алайҳ қиш фасли кириб келса: ”Эй, Қуръон аҳллари! Кечаларингиз узоқдир-Қуръон ўқишларингиз учун, кундузлари қисқадир - рўзадор бўлишларингизга”, дер эканлар.

Яҳё ибн Маоз розияллоҳу анҳу насиҳат қилиб: ”Эй мусулмон! Кечалар узун уни уйқу билан қисқартирма!  Ислом покдир. Уни гуноҳинг билан булғама!”

 Умар розияллоҳу анҳу вафот этаётган пайтда ўғилларига васият қилдилар: ”Эй, ўғилчам! Ўзинга имон хислатларини лозим тут! Улар нима деб сўради ўғли. Умар: “Совуқ кунларда таҳоратни мукаммал қилмоқ, мусибатга сабрли бўлмоқ ва ёзнинг иссиқ  кунларида рўза тутмоқ”, деган эканлар (Ибн Саъд ривояти).

Хулоса ўринида шуни айтиш лозимки, ҳар бир сония, дақиқа, соат, ой ва йиллар Аллоҳникидир. Яратганнинг ўзи уни ғанимат билиб, кўпроқ савобли ва эзгу амалларни бажариш ила дунё ва охиратимизни обод қилишга насиб этсин!

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,

 Тошкент ислом институти

 “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири.

Хабарингиз бор, яқинда Макка шаҳридаги Масжидул ҳаромга махсус мармардан ясалган, баландлиги беш метр, оғирлиги 5,5 тонна бўлган, олтин зар ҳошиялар билан безатилган нақшли минбар ўрнатилган эди.
Ушбу минбар ўрнатилиши муносабати билан Масжидул ҳаромнинг бош имом-хатиби шайх Абдурраҳмон ас-Судайс Масжидул ҳаром ҳудудида хизмат кўрсатиш ишлари бош директори Фарис бин Муъоз ас-Саудийга янги микрофонлар жамланмасини топширди.

Ас-Саудийнинг айтишича, янги микрофонлар тиллоранг бўлиб, олдинги микрофонлардан сифат жиҳатидан тубдан фарқ қилади. Абдурраҳмон ас-Судайсга миннатдорчилик билдирган Фарис бин Муъоз ас-Саудий, энди бу микрофонлар орқали намозхонлар жума мавъизаларини янада аниқ ва сифатли эшитишлари мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Илҳом МАЪРУПОВ

тайёрлади

 

 

 

Яқинда Озарбайжонда ажабтовур Қуръони карим нусхаси намойиш этили.
Ажабланарлиси, уни тайёрлаш  учун 50 метр табиий ипак сарфланди. Лойиҳа асосчиси рассом ва наққош Тунзале Меммедзаде бўлиб, у бу жараёнда қора шаффоф ипакдан фойдаланди. Қуръони каримнинг ипак матоли нусхаси тайёр бўлгунча роппа-роса 3 йил меҳнат қилди.

Тунзале Меммедзаде Истанбулдаги Мармарин университети доктори бўлиб, Озарбайжон халқи амалий – декоратив санъати дурдонаси бўлган тамбур (занжир кашта) нақшлари устида илмий изланиш ҳам олиб бормоқда.

 

Халқаро алоқалар бўлими мутахассиси, 

 Моҳира ЗУФАРОВА тайёрлади.

Хоҳлаган бандасига қиз фарзанд берган ва хоҳлаган бандасига ўғил инъом этган ёки уларни ўғил ва қиз қилиб аралаштириб берган ва хоҳлаган бандасини бепушт қилиб яратган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Бизнинг Саййидимиз «Болаларингизга одоб беринг ва одобини чиройли қилинг» деб насиҳат қилган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га, у кишининг оила аъзоларига ва эргашиш ва ҳидоят топиш юлдузлари бўлган асҳоби киромларга дуруду салавотлар бўлсин!

Фарзанд – Аллоҳнинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги бир неъматдир. У дунё ҳаётининг зийнатидир. Фарзанд қалб райҳонаси, гулидир. Ёшлик чоғларида уларни эркалаб кўнглимиз ҳузур қилади. Катта бўлганларида ёрдамларидан баҳраманд бўламиз. Вафот қилганимиздан кейин эса уларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли номаи аъмолимиздаги савобларимиз зиёда бўлади.

Аллоҳ таоло Ўзининг китобида фарзандлар дунё ҳаётининг, оила турмушининг зийнати эканини таъкидлаш билан бирга болалар сабабидан ота-оналарга юкланадиган бурч ва масъулиятларни ҳам эслатади:

«Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...», (Таҳрим, 6).

Ота фарзандларига ўзининг отасига яхшилик қилиш билан ўрнак бўлмоғи, уларни ўз жонидан ҳам азиз кўрмоғи лозим. Шундагина фарзанд отасининг тутган йўлидан юради, ундан таъсирланади, шу ҳолатда униб-ўсади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудотлари каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк Пайғамбар Одам алайҳиссалом ва унинг жуфти ҳалоли Момо Ҳавводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт-жуфт бўлиб яшайдилар, наслининг давом этиши ҳақида бош қотирадилар. Кейинчалик оила деган азиз бир қаср пайдо бўлдики, у одамларнинг фароғат ва хотиржамлик, садоқат ва фаровонлик маконига айланди.

Оила – ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, нотинчлик бўлса, ҳалол ва ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, оқибатда таназзулга юз тутади.

Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эътибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди. Никоҳсиз асло оила бўла олмаслигини қайта-қайта таъкидлайди.

Никоҳ – Аллоҳнинг амри билан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари билан, мўмин-мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган ақд бўлгани учун муқаддас саналган.

Никоҳ ақди боғлангач, икки ёш бирга янги ҳаётга қадам қўйиб бирга яшай бошлайдилар. Тангри таоло насиб қилиб фарзанд кўрсалар уни ақлли, фаҳму фаросатли, комил инсон бўлишини ҳар икки ёш хоҳлайдилар.

Фарзанд инсон қалбидаги энг олий мақсадларидан бири бўлиб, ота-оналар ўз ҳаётларини шулар орқали давом эттирадилар. Араб шоирларидан бири Аҳнаф ибн Қайс: «Фарзандлар қалбларимиз меваси, белларимиз таянчидир. Биз уларга юришлари учун замин ва соябон осмондирмиз», дейди.

Ҳақ таоло ўзининг муқаддас каломида: «Мол-мулк, бола-чақа шу ҳаёти дунё зийнатидир. Парвардигорингиз наздида эса (абадий) қолгувчи яхши амаллар савоблироқдир ва орзулироқдир (орзу қилишга арзирлироқдир)», деб (Каҳф, 46) марҳамат қилади.

Ҳазрат Фотима онамиз туғилганларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу райҳонни Аллоҳ ҳидлаб туришим учун ризқ қилиб берди», деганлар.

Албатта, бу орзу истакларимизни амалга ошириш учун эса фарзанд тарбияси муҳим ўрин тутади. Шариати Исломияда бунга алоҳида эътибор берилади.

Оламларнинг бошқарувчиси Аллоҳ таоло ўзининг каломида бу борада тегишли панду насиҳатлар қилиб оятлар нозил қилган бўлса, у зотнинг элчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўз ҳадиси шарифларида марҳамат қилиб, уни ҳаётга ижро этиб бердилар.

Уларнинг чиройли тарбия кўришлари ортидан ота-оналарига раҳматлар келиб туради. Охират кунида ҳам ота-онаси фарзандининг жавобгарлигидан халос бўлади.

Фарзандга тарбия бериш энг аввало оиладан бошланади. Маънан юксак, гўзал хулққа эга ота-оналарнинг фарзандлари ҳам гўзал тарбияли бўлади.

Азиз фарзандларимиз ўзларининг макоримул ахлоқ каби улуғ сифатлар билан зийнатлаган ҳолда илм олишда, касб-ҳунар малакаларини ҳосил қилишда, жамият ва Ватанга хизмат қилишда зўр куч ва ғайрат сарфлайдилар деб умид қиламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) болаларни «Жаннат райҳонлари», деб атаганлар. Уларнинг жаннат райҳонлари бўлиб етишишлари эса ўғил-қизларимизнинг чиройли хулқли, диёнатли, эл-юртига садоқатли, миллатига муносиб этиб тарбиялашга боғлиқ. Шундай экан, Аллоҳ таоло барчаларимизни фарзандлар тарбияси ҳақида ҳамиша ўйлайдиган инсонлардан қилсин, уларни Ватанга, халқимизга, динимизга муносиб кишилар қилиб тарбиялашда тавфиқ ва ҳиммат ато этсин, фарзандларимизнинг икки дунё саодатига мушарраф айлаб, солиҳ мўминлардан бўлишларини насиб айласин.

Аллоҳ таоло барчамизни ҳидоятидан адаштирмасин! Ватанимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, турли хил балою офатлардан Ўз паноҳида сақласин!

Абдураҳмон АСТАНОЕВ

Тошкент вилояти Занги ота тумани

«Рамадон»  жоме масжиди имом-хатиби

 

Шукрлар бўлсинки, Аллоҳнинг инояти, истиқлол шарофати туфайли тинчлик ҳукм сураётган жонажон диёримиз масжидлари кундан-кунга обод бўлиб бормоқда. Зеро, Қуръони каримда: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган, намозни баркамол ўқиган, закот берган, ва фақат Аллоҳдангина қўрққан кишилар обод қилурлар. Айнан ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлишлари мумкин” – дейилади (Тавба, 18).

Сурхондарё вилоятида ҳозирги кунда 100 га яқин жоме масжид фаолият юритиб келмоқда. Вилоятнинг барча жоме масжидларида мўмин-мусулмонларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун қулай шароитлар яратилган. Масжидлар қурилишида воҳа меъморлик санъати ва замонавийлик уйғунлигига алоҳида эътибор қаратилган. Шинам хонақоҳлар, кўкка бўй чўзган гумбазлар, ўзига хос нақшлар билан безатилган меҳроблар, хаттотлик санъати акс этган Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардан битиклар, баланд-баланд миноралар шулар жумласидандир.

Масжидларнинг ёрдамчи хоналари – имом-хатиб, имом ноиби ва мутаваллиёт хоналари ҳамда таҳоратхоналар замонавий услубда, шарқона кўринишда безатилган.

Мазкур шарт-шароитларнинг вужудга келиши замирида юрт узра ҳукм сураётган тинчлик, ўзаро аҳиллик ва бағрикенглик каби эзгу амал ва неъматларга шукроналик ҳисси мужассам.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Сурхондарё вилояти вакиллиги

 

 

 

 

Top