muslim.uz
Масжид ҳисобидан етти нафар мактаб ўқувчиларига ғамхўрлик кўрсатилди
Янги ўқув йили бошланди. Мактаб ўқувчиларининг юзу кўзларида ҳаяжон. Янги кийимлар, ўқув қуроллари билан билим даргоҳи томон ошиқишади. Бироқ бошқалар каби янги мактаб формаларини сотиб олишга имконияти етмаган оилаларчи? Уларнинг фарзандлари бошқа ўртоқларини кўриб, қандай ўксик бир ҳолга тушар эканлар.
Навоий вилоятидаги марказий масжидлардан бири ҳисобланмиш Ҳазрати Алишер Навоий масжиди хайрли ташаббусни илгари сурди. Имом-хатиб бошчилигида ходимлар масжид ҳисобидан Навоий шаҳар "Янгиариқ", "Ҳаёт", Янгиобод маҳаллаларида истиқомат қилувчи ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг жами 7 нафар фарзандларига мактаб формаси ва ўқув қуроллари учун зарурий бўлган пул маблағларини эҳсон қилдилар.
Энди бу болалар ҳам янги ўқув йилини хурсандчилик билан янгича тайёргарлик билан бошлашадиган бўлишди. Илм йўлида кўрсатилган ғамхўрлик иншааллоҳ келажакда албатта ўз мевасини беражак. Зеро, садақанинг афзали ҳам илм аҳлига кўрсатилганидир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими
Саудия Арабистонида ўтказиладиган халқаро Қуръони карим мусобақасида қориларимиз қатнашади
Шу йилнинг 7-11 сентябрь куни Қуръони каримни ёддан ўқиш ва тафсир қилиш бўйича Саудия Арабистонининг Макка шаҳрида 41 халқаро Қуръони карим мусобақаси ўтказилади.
Мазкур мусобақа қуйидаги 4 йўналишда бўлиб ўтади:
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш билан бирга Қуръони карим сўзларининг маъноларини билиши.
- Қуръони каримни тажвид қоидаси билан тўлиқ ёддан ўқиб бериш.
- Қуръони каримнинг 15 порасини тажвид қоидаси билан ёддан ўқиб бериш.
- Қуръони каримнинг 5 порасини тажвид қоидаси билан чиройли оҳангда ўқиб бериш. Бу йўналиш Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлмаган ва мусулмонлар камчилик бўлган давлатлар иштирокчилари учундир. Мусулмон давлатлар вакиллари ушбу йўналишда қатнаша олмайди.
Маълум қилинишича, бу йилги мусобақада 103 та давлатдан 146 нафар вакиллар иштирок этади.
Юртимизнинг 2 нафар вакили Тошкент ислом институти талабаси Ҳусниддинов Зуҳриддин қори ва Бухоро шаҳридаги “Мир Араб” олий мадрасаси талабаси Орифжонов Абдурауфхон мазкур мусобақада иштирок этиш учун шу йилнинг 3 сентябрь куни Саудия Арабистонига жўнаб кетди.
Халқаро алоқалар бўлими ходими
Биринчи фарзанди қиз туғилган аёл баракалидир
Баъзи ота-оналар қориндаги бола ўғилми ёки қиз эканлигини билишга ҳаракат қилаверадилар. Бунинг учун ултратовуш тадқиқоти (УЗИ) қилдирадилар. Натижа улар хоҳлаганича чиқмаса (Аллоҳ сақласин!), хоссатан, қиз бўлган ҳолатда ҳомилани нобуд қилдиришдан ҳам тап тортмайдилар. Шу тарзда ўзларини ўта нодон эканликларини исботлайдилар. Чунки, қанчалик илмий тадқиқот бўлмасин, улар гумонга асосланадилар. Бирор турли аниқ қарор бера олмайдилар. Шунинг учун сизга айтилган нарса, акси бўлиб қолиши ҳам мумкин.
Фарзандлар борасида фақат Аллоҳнинг хоҳишига рози туришдагина омонлик ва хотиржамлик бор. Қиз туғилганида унинг онасига ёмон муомала қилишлик сабабли яна Аллоҳ таолонинг лаънати ва ғазаби ёғилиб қолмасин. Қуйида бир ибратли ҳаётий воқеага диққат қилинг:
Кашмирнинг бир минтақасида бир шахснинг бешта қизи бор эди. Олтинчи марта фарзанд туғилиши кутилаётган эди. Эр аёлига аёлига: агар бу сафар ҳам қиз туғсанг, у ҳолда сени янги туғилган қизинг билан бирга ўлдираман, деди. Муборак рамазон ойининг учинчи охирги кечасида яна қиз туғилди. Тонг пайтида қизнинг онаси дод-вой қилишига қарамасдан, золим ота ўзининг гулдек ҳаёт қизини ёғоч қозончага солиб ўчоқда ёқиб юборди... Бирданига ёғоч қозонча ёрилди ва ўша заҳоти дахшатли зилзила содир бўлди. Золим ота бақрайганча ер остига ғарқ бўлди. Уни ер ютиб юборди... Қизнинг онаси ярадор ҳолатда сақланиб қолинди. Эҳтимол, айнан шу орқали бу қайғули воқеа ошкор бўлгандир....
Тошкент шаҳар “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом ноиби
Абдулқайюм Ғофуров таржимаси
Хоразмда энг фаол имом аниқланди
Куни кеча 4 сентябр куни Хоразм вилоятида “Энг маърифатли имом” кўрик танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Танловнинг шаҳар-туман босқичида биринчи бўлган имом-хатиб ва имом ноиблари мазкур босқичда Қуръони карим қироати ва тафсири, Ақоид фанидаги мўтабар манба - “Фиқҳул Акбар” китоби,
фиқҳ илми ҳамда ОАВларидаги иштироки, ташаббускорлиги бўйича имтиҳондан ўтдилар.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосларига кўра, иштирокчилар орасида нисбатан юқори кўрсаткич қайд этган Урганч шаҳридаги “Мискин бобо” масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ Машарипов биринчи ўринга муносиб топилди. Иккинчи ўринни Қўшкўпир туманидани “Нур Азиз бобо” масжиди имом-хатиби Мансуржон Мансуров, учинчи ўринни эса Янгибозор тумани “Султон Хўжа бобо” масжиди имом-хатиби Хушнуд Абутов қўлга киритдилар.
Абдуллоҳ Машариповга танловнинг Республика босқичига янада қунт ила тайёргарлик кўриб, муносиб иштирок этиши юзасидан тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, танловга ҳамоҳанг равишда турли номинациялар бўйича масжидларда фаол хизмат кўрсатиб келаётган фидоий ходимлар тақдирландилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими