muslim.uz

muslim.uz

Четверг, 04 Октябрь 2018 00:00

Устозлар хизмати – буюк шараф

Инсонни илм ва амал билан фазилатли қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, энг яхши муаллим бўлиб юборилган саййидимиз Муҳаммад мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салавоту дурудлар ва илм ўчоғи ҳамда маърифат булоғи бўлган Пайғамбаримизнинг оила аъзолари, саҳобаи киромлари ва уларга эргашганларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин.

Устозлик мартабаси энг буюк мақомдир. Зеро, башариятнинг энг афзал вакиллари бўлмиш пайғамбарлар ҳам устоз, муаллим қилиб юборилганлар. Муаллим сўзининг маъноси “илм берувчи”, “таълим берувчи”, “ўргатувчи” демакдир. Пайғамбарлар инсониятга эзгуликни таълим берганлар, яхшиликка ўргатганлар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида “Албатта, мен муаллим қилиб юборилганман”, деганлар (Имом Ибн Можа ривояти).

Мана шунинг ўзи ҳам устозлик нақадар юксак мартаба эканлигини кўрсатади.

Дарҳақиқат, ўзгаларга илму маърифат зиёсини тарқатиш бениҳоя улуғ ва савобли амал. Бу вазифага мутасадди бўлган кишининг даражаси ҳам мислсиздир. Шунинг учун ҳам борлиқдаги ҳамма нарса устозларнинг ҳаққига дуо қилиб туради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай марҳамат қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару ер аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳаттоки балиқлар ҳам одамларга яхшиликни таълим берувчига салавот айтадилар” (Имом Термизий ривояти).

Устозлар жамиятимизга сув ва ҳаводек зарурдир. Бу муҳтарам зотларни бамисоли атрофга ўз нурини сочаётган қуёшга ўхшатсак бўлади. Қуёшнинг нуридан барча мавжудот фойдаланганидек уларнинг маърифат зиёларидан бутун башарият наф олади. Оламни қуёшсиз тасаввур қилиб бўлмаганидек жамиятни ҳам бу улуғ зотларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу сўзимизга ҳазрат Абдураҳмон Жомийнинг қуйидаги байтлари яққол мисол бўлади.

Устоз, мураббийсиз қолганда замон,

Зулумотдан қора бўларди жаҳон.

Дарҳақиқат устозлар, муаллимлар ва мураббийлар жамиятни илму фан, одобу ахлоқ ва бошқа барча эзгуликлардан хабардор қилиб турадилар.

Шунинг учун биз шогирдлар бу улуғ зотларнинг қадрларини билиб, хизматларида доимо камарбаста бўлишимиз лозимдир. Аждодларимиз устозларини қай даражада ҳурмат ва эҳтиром қилган бўлсалар, биз ҳам улардан ибрат олишимиз керак бўлади. Қуйида улардан баъзиларини келтирамиз:  

“Уламолар раиси” деган унвонга сазовор бўлган, ўз замонасининг қозиси Фахриддин Арсабандийдан сиз бу қадар обрў ва эътиборга қандай эришгансиз, деб сўралганда у зот шундай жавоб берганлар: “Мен устозим Абу Зайд ад-Дабусийга 30 йил таом ҳозирлаб ундан ўзим ҳеч истеъмол қилмаганман. Сабаби агар тановул қилсам ўзимни ҳам ўйлаб таом тайёрлаган бўлиб қоламан, бунда эса хизмат мукаммал бўлмай қолиши мумкин эди”.

Ҳақиқатан ҳам толиби илмлар устозларига бунданда юксакроқ хизмат қилишни ўз вазифаси деб билишлари керак.

Халифа Хорун ар-Рашид ўғилларини Имом Асмаийга илм ва одоб ўргатиш учун шогирд қилиб бердилар. Кунлардан бирида Хорун ар-Рашид ўғилларидан хабар олай деб борсалар Имом Асмаий таҳорат қилиб оёғларини юваётган, Хорун ар-Рашиднинг ўғиллари эса оёғларига сув қуйиб турган экан. Шунда халифа бир оз маломат қилгандек бўлиб: “Мен ўғлимни шунинг учун юборганмидим” - дедилар. Имом Асмаий бу сўзни эшитиб ҳайрон бўлиб турганларида, халифа сўзини давом эттириб: “Нимага ўғлимга бир қўлингда сув қуйиб, бошқа қўлингда оёғимни юв демадингиз? Ахир мен унга илм билан биргаликда одоб ҳам ўргатинг, деган эдимку?!” – дедилар.

Эътибор берайлик, юқоридаги икки воқеада биз шогирдларга нақадар гўзал ибратлар бор. Баъзи шогирдлар устозларини бир-икки хизматини бажариб, гўё ўзини устозга хизмат қилаётган шогирддек ҳис қилади ва устоздан илм олиш асносида арзимаган хизмати билан устознинг ҳаққини адо қилаётгандек бўлади. Баъзилари эса устоз бир ишдан кейин мабодо иккинчи бир ишни буюрса малолланиб, пешонасини тириштиради, гўё устози кўп хизмат буюриб юборётгандек. Биз бундай шогирдларга ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг сўзларини ҳам эслатмоқчимиз: ”Менга илмдан бир ҳарф ўргатган зотнинг қулиман, хоҳласа сотиб юборсин”. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуда устозларга нисбатан шу қадар ихлос ва ҳурмат борлиги учун пайғамбаримиз томонларидан ҳам “илмлар дарвозаси” деган унвонни олдилар ва саҳобаи киромларнинг ичида энг кўзга кўринганлардан бўлдилар.

Биз шогирдларчи? Келажакда буюк зотлар, шайхлар, унвон соҳиблари ва ҳоказо мартабаларни ният қиламиз. Ҳўп, мазкур мартабага ҳақиқатан етган зотлардаги устозга бўлган ихлос, ҳурмат, эҳтиром, улуғлаш, хизматларни чин кўнгилдан қилиш ва ҳоказо яхши хислатлар бизда ҳам бормикин?! Агар бўлса айни муддаодир. Акс ҳолда аҳволимизга вой.

Аллоҳ барча шогирдларнинг оталарини Хорун ар-Рашидга ўхшаган оталардан қилсин. Хорун ар-Рашид ўғиллари устозининг оёғига сув қуйиб бераётганига қониқмадилар, балки устознинг оёғини ювишини ҳам талаб қилдилар. Чунки бу зот устозларнинг мартабалари нақадар буюклигини билар эдиларда. Агар фарзандларини устозга берган ота-оналарда Хорун ар-Рашиддек ихлос бўлганда, фарзандлари ўзлари кўзлаганданда зиёда мартаба ва мақомларга кўтарилар эди. Баъзи вақтларда устозлар мактабда, коллежда ва бошқа ўқув даргоҳларида шогирдларига озгина қаттиқроқ танбеҳ берсалар, афсуски, ота-оналар устозларни олдига бориб ўз фарзандларида айб йўқдек устозларга қаттиқ гаплар гапирадилар. Бу ота-оналарнинг фарзанларидан келажакда нимани кутиш мумкин?!

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, устозлар бизни икки дунёда саодатли бўлишимиз қайғусини қилиб, бу борада кўп тер тўкадилар. Биз шогирлар эса устозлар нақадар буюк ва юксак зотлар эканликларини қалбдан ҳис қилишимиз керак. Умримизни охиригача уларни ҳурмат-эҳтиромларини жойига қўйиб, хизматларида бардавом бўлишимиз шогирдлик бурчларимиздандир. Қолаверса, бу зотларнинг дуолари, назарлари ва буларга қилинган хизматлар бизни буюк шахслар бўлишимизга сабаб бўлишини унутмаслигимиз даркор. Агар юқоридаги воқеалардан ва улуғларнинг сўзларидан етарли хулоса чиқармас эканмиз, жамиятда ўзимизга муносиб ўрнимизни топа олмаймиз. Аллоҳ таоло барчамизга аввало ўзининг розилиги ва барча устозларимизнинг розиликларини насиб этсин. Яратган эгам устозларимизни ўз паноҳида асраб, уларни икки дунё саодати ва битмас- туганмас ажр мукофотлар билан мукофотласин! Омин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими мутахассиси ва

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ғуломиддин Холбоев

                                                          

Четверг, 04 Октябрь 2018 00:00

Илм аҳли муносиб бўлган эҳтиром

ЎМИ Матбуот хизмати

Жаҳон халқаро майдонларида Ўзбекистон Республикасининг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида, Тошкент шаҳрида 2018 йил 3-5 октябр кунлари ўтказилаётган “Туризм Ипак йўлида” 24-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Тошкент шаҳрининг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш ва жаҳон майдонида муносиб иштирок этиш учун «Tashkent City» стенди билан Тошкент шаҳар хокимияти иштирок этмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзэкспомарказ”нинг миллий павильонида «Tashkent City» стенди учун 100 кв.м майдон ажратилган. Майдоннинг ўнг томонида жойлаштирилган мониторда “Welcome to Tashkent”, ”Invest in Tashkent”, ”Tashkent Сity”,”Chorsu”,”Fargona yoli” инвестицион лойиҳаларининг видеоролиги мунтазам айланиб турибди. Бундан ташқари кичик мониторларда Тошкент шаҳрининг маданий мерос обьектлари ва кўзга кўринган жойлардан 360 градусли бурчак остида тайёрланган видео кетма-кетлик ва “Uzbekistan Pass” миллий туристик ҳизматнинг янги лойиҳалари презинтация кўринишида намойиш этилмоқда.

Ушбу ярмаркада Тошкент шаҳри ва республикамизнинг барча вилоятлари, ҳамда хорижий мамлакатлар жумладан, Индия, Индонезия, Миср, Туркия, Хитой, Ж.Корея, Таиланд, Украина, Қозоғистон ва Ўзбекинвест Ҳаёт, Касаба уюшмаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, УХЙ МАК, Ўзбекистон темир йўллари, Ўзвинсаноат Холдинг, Маданият вазирлиги, Wyndham Hotel, Lotte City Palace, Hyatt Regency Hotel, Raddison BLU Hotel, Golden Dragon, Asaka Bank, Ўзбекистон миллий банки, Trust bank, Uzbektour, HD Project, Air Astana, Astra, Mehrigiyo, City Palace, Scat, Art Hotel, Ishonch, Sixt, Visit Alay, Ittifoq, Astraxan, Abda Travel, MDIS Tashkent ўз стендлари билан иштирок этишмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Мадинадаги Муқаддас Қуръон музейида Қуръони каримнинг ажойиб нусхаси намойиш этилди. Бу ҳақда IslamTodayга таяниб Azon интернет нашри хабар берди.

Покистон Ислом Республикасидан олиб келинган бу Қуръон китобининг ўзига хослиги шундаки, у тамомила матога тикиб ёзилган. Китобни 1987 йилда покистонлик Насим Ахтар “ёза” бошлаган ва ишни жорий йилдагина тамомлай олди.

Насим Ахтар китобни бомдод намозидан кейин ёзган ва битганидан кейин Мадинадаги Қуръон музейига топширишга қарор қилган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидаларини (Истамбул, 1999 йил 7 ноябрь, 2017 йил 7 май ҳолатидаги ўзгартиришлар билан) ратификация қилиш тўғрисидаги Қонун Президент томонидан имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий ахборот портали хабар берди.

Қонун билан Ислом мамлакатларининг стандартлар ва метрология институти Устави ва Тартиб-қоидалари ратификация қилинди.

Мазкур Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 7 августда қабул қилинган ҳамда Сенат томонидан 2018 йил 27 сентябрда маъқулланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Институт Уставида аъзо давлатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар ўртасида мазкур соҳада ҳамкорлик қилишнинг тартиби, шунингдек ИМСМИга аъзо давлатларнинг фаолияти билан боғлиқ бошқа ташкилий-ҳуқуқий масалалар эътиборга олинган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Top