muslim.uz

muslim.uz

Воскресенье, 15 Июль 2018 00:00

Ёруғликка талпиниш...

Ўз уйингни ўзинг асра...

У билмай катта хатога йўл қўйди. Аммо бироз кеч бўлсада нон-туз берган беминнат едириб ичирган Ватанига, ота-онасига хиёнат қилиш энг катта гуноҳ эканлигини англаб етди. Энг асосийси дунёқараши ўзгарди, энди ҳалол меҳнати билан Ватанимиз равнақига ҳисса қўшмоқчи. “Бир иш қилишдан олдин етти ўлчаб бир кесиш керак экан. Президентимизга  ўз миннатдорчилигимни билдираман, маҳалла фаолларига раҳмат, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашди. Бори-йўғимдан хабар олишди. Ҳокимият деҳқончилик қилишим учун ер ажратиб бермоқчи. Адашганимдан минг пушаймонман. Мени кечирган, афв этган Юртбошимга ҳалол меҳнат ва садоқат ила хизмат қилиб, ўз айбимни ювмоқчиман”, дейди адашиб диний экстрмистик оқимга кириб қолган бир опахон.

Эзгу ишга бел боғлаган бу аёлни маҳалла куй ёлғизлатиб қўймади. Билмай хато қилган инсонни кечириш, хатосини тўғрилаш учун имкон бериш, бағрикенг халқимизга хос бўлган одат, бундай муносабатга муносиб кўрилган инсон эса эл-юрт олдида, вояга етказган она-Ватани олдида бир умр қарздорлик ҳисси билан яшашга, тинмай меҳнат қилишга ундайди.

Яна бир адашган ватандошимиз Қибрай туманининг Чинобод қишлоғи, Истиқлол МФЙ, Ойбек кўчасида истиқомат қилувчи юртдошимиз ҳам қилган хатоларидан афсусда. Бугун эл корига ярай, ота-онам, оила аъзоларим дуосини олай, икки нафар фарзандимга тўғри тарбия берай деган эзгу мақсад йўлида яшамоқда. Энг муҳими ҳалол меҳнати ортидан рўзғор тебратмоқда.

“Қилган ишларимдан афсусдаман, нотўғрилигини билдим, кўп қатори менга ҳам давлатимиз раҳбари ғамхўрлик қилиб махсус рўйхатдан (ДЭО) чиқардилар, уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ҳозир бир корхонада ишчи бўлиб ишлаяпман. Юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигига қайта-қайта амин бўляпман” дейди у ўз суҳбатида.

Ёт ғоялар таъсирига тушиб, йўқ жойдан ўзига ғам-ташвиш сотиб олган бу каби фуқароларни тўғри йўлга бошлаш, афв этилганларнинг кўнглига қўл солиш аввало диний уламолардан алоҳида эътибор ва фаоллик кўрсатишни талаб қилади. Бундай муносабат замирида “бир жаҳолатга ўн маърифат билан жавоб қайтариш лозим” деган ҳақиқат ётади.

Бугун бағрикенглик, кечиримлилик қанчалик улуғ фазилат эканлигини шу пайтгача виждон азоби билан яшаган, эндиликда рўйхатдан чиқарилган фуқаролар яққол ҳис қилишмоқда. Яна бир адашган ватандошимиз сўзларига қулоқ тутсак:

“Қалбим тоза демайман, лекин ҳақиқий хизмат қилгим келяпти. Бу қалбимнинг тўридан чиқиб келаётган гап.  Ватан учун юрт учун Президентимиз қанчалик куйиб-ёнмоқда. Халқининг яхши яшаши учун у ёққа боряптилар, бу ёққа боряптилар. Барча имкониятларни халқи учун яратиб бермоқдалар. Мен ҳам худди шундай хизмат қилгим келяпти” деди-ю кўз ёшларини тиёлмади.

Бугун жамоатчилик, ўзини ўзи бошқариш орган вакиллари, диний ташкилот ходимлари ва туман отинойилари турли сохта ваъдаларга учиб, ҳавойи гаплар ортидан эргашган фуқаролар билан суҳбат ўтказиб, уларнинг муаммолари билан яқиндан танишиб, амалий кўмак бермоқдалар. Шунингдек, уларнинг фарзандларини жамоат ишларига яъни касб-ҳунар тўгараклари, спорт мусобоқаларига жалб қилишга кўмаклашилмоқда. Мақсад, юрагида имон-эътиқоди бор ҳар бир инсонни юртига содиқ бўлиб хизмат қиладиган, ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбиялашдир.

 

ХУМОРБЕГИМ

 

 

 

 

Туркия дин ишлари бошқармаси раиси Али Эрбаш ва Қирғизистон мусулмонлари диний идораси раиси Мақсатбек Тўқтўмушев Бишкекдаги Имом Сарахсий номидаги марказий жоме масжиди фаолиятини биргаликда олиб бориш бўйича протоколни имзолади. Бу ҳақда Туркия дин ишлари бошқармасига таяниб Azon нашри маълум қилди.

Али Эрбаш икки давлат ўртасидаги ўртасидаги ҳамкорлик анчадан бери давом этиб келаётганини, Қирғизистонда Туркия дин ишлари бошқармасининг ўн бешга яқин ходими фаолият кўрсатаётганини айтди.

“Алоҳида эътибор беришимиз керак бўлган жиҳат – ёшларга, болаларга тўғри диний маълумотларни бериш. Динни суиистеъмол қилувчи гуруҳларга қарши бирга курашиб, инсонларга Қуръон ва суннатга мувофиқ маълумотларни беришимиз зарур”, – деди Туркия дин ишлари бошқармаси раиси учрашув чоғида.

Бишкекдаги Имом Сарахсий жоме масжиди қурилиши 6 йил аввал бошланган бўлиб, бу ерда бир пайтнинг ўзида 9 минг киши намоз ўқий олади. Қирғизистоннинг энг катта масжиди бўладиган ушбу ибодатгоҳнинг яқин ойларда очилиши кутилмоқда.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратларининг маслаҳатчиси Абдулҳамид Турсунов Ставропол ўлкасининг Пятигорск шаҳрида ушбу ҳудудда меҳнат фаолияти билан машғул бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан учрашди. Бу ҳақда dumsk.com нашри хабар берди.

Учрашувда ватандошларнинг муаммолари уларнинг Россиядаги фаолияти ва ҳаёт тарзи ҳақида суҳбатлашилди. Абдулҳамид Турсунов ватандошларга Ватан, оила муқаддаслиги, огоҳлик борасида ўз фикрларини етказган. Уларга экстремистик гуруҳларнинг хавфи, аёлларнинг жамиятдаги ўрни, фарзанд тарбияси хусусида гапириб, бу сингари учрашувлар давомли тарзда бўлишини айтиб ўтган.

Учрашувда 200 нафардан ортиқ ўзбекистонликлар иштирок этган ва улардан 45 нафари аёл-қизлар экани маълум қилинди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус ислом билим юрти 2018-2019 ўқув йили учун қабул имтиҳонлари жорий йилнинг 10-11 июль куниларига белгиланиб, қабул имтиҳонлари адолатли, очиқ ва ошкора ўтказилиб, абитурентлар ва уларнинг ота-оналарига қулай шарт-шароитлар яратилди. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус билим юрти мудири маълум қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита мутахассиси М.Мирисмаилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудир ўринбосари А.Дусматов томонидан абитуриентларга имтиҳон тартиб-қоидалари теран тушунтирилди. Сўнгра ота-она ва абитуриентлар иштирокида муҳрланган имтиҳон материаллари ҳамманинг гувоҳлигида очилди.

Абитуриентлар дастлаб 10 июль куни “Маънавият ва маърифат” фани бўйича ижодий имтиҳон топширди. 11 июль куни эса билим юрти биносида тест синовлари ўтказиш учун барча зарур шароитлар таъминланган хонада абитуриентлар “инглиз тили” ва “тарих” фанидан тест топшириқларини бажардилар.

ЎМИ Матбуот хизмати

11 июль куни «Масжид ва мадрасалар учун китоб акцияси» доирасида Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 15 та масжидга жами ҳисобда 18 млн сўмлик 40 турдаги 735 та китоб етказиб берилди.

Масжидларнинг ҳар бирига юртимизда нашр этилган Қуръони карим ва «Мен ҳам намоз ўқийман» китоблари уч донадан, «Муаллими соний» ва «Одам ато ва Момо ҳаво» китоблари икки донадан, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб «Қуръони карим маънолар таржимаси», «Одоблар хазинаси» тўплами, «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад Содиқ», «Бахтиёр оила», «Ижтимоий одоблар», «Ислом тарихи» тўплами, «Амаллар ниятга боғлиқ», «Бозор ва унга боғлиқ масалалар», «Дин насиҳатдир», «Фолбинлик, сеҳргарлик, жин чиқариш ишларининг ҳақиқати», «Енгил амаллар», «Зикр аҳлидан сўранг» китобининг 2-қисми, «Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 12 та жузи, «Ҳалол очиқ ойдиндир, ҳаром очиқ ойдиндир», «Мўминнинг меърожи», «Мўминнинг нажоти», «Мўминнинг қалқони», «Мўминнинг умр сафари», «Очиқ хат» китоблари бир донадан Аллоҳ йўлида вақф мулки қилиб берилди.

Ундан ташқари «Ўкинма», «Иҳё улумиддин», «Қарз», «Ғийбат ўзи нима?», «Қуръон қалблар шифоси», «Енгил амаллар»  китоблари ҳам масжидларга тақдим этилди.

Акциямизнинг биринчи босқичида иштирок этган, уни тарғиб қилган барча-барчага миннатдорчилик билдириб қоламиз!

Шу ўринда яна бир нарсани айтиш керак, масжидлар учун китоб йиғиш акцияси, бу кенг кўламли лойиҳа бўлиб, олдимизда ҳали 2000дан зиёд масжид бор. Ушбу акцияда юртимиздаги барча масжидларни китоб билан бойитиш мақсад қилинган. Азизлар, Аллоҳ йўлида вақф қилиш имконини қўлдан бой бермайлик, Аллоҳнинг уйларини илму маърифатга тўлдирайлик!

Эслатиб ўтамиз, йиғилган маблағлар эвазига Ўзбекистондаги барча масжидларга Қуръони карим ва шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламларига мансуб диний-маърифий китоблар етказиб бериш ҳамда намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида масжидларда бепул онлайн кутубхона ташкил этиш режалаштирилган.

Сўмда пул ўтказиш учун пластик рақами (исталган миқдорда, чекловлар йўқ):

8600 3104 5763 1232 (Бакиев Ҳаким номида)

Мурожаат учун телефон:

+998974490456 (Темурбек)

+998909074554 (Шавкатбек)

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

 

Top