muslim.uz
Андижонда “Жоме” меъморий мажмуаси фойдаланишга топширилди
Андижон шаҳрининг эски шаҳар ҳудудида “Жоме” меъморий мажмуаси фойдаланишга топширилди.
ЎзА хабарига кўра, Андижоннинг эски шаҳар ҳудуди кейинги йилларда янгича қиёфа касб этаётир. Мустақиллик кўчаси барпо этилди, “Эски шаҳар деҳқон бозори” замонавий кўринишда қайтадан қурилди. Ҳудудда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.
Андижон тарихининг кўзгуси ҳисобланган “Жоме” меъморий мажмуаси юртдошларимиз ва хориждан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун зиёрат қиладиган гавжум масканлардан бирига айланади.
Халқимизнинг миллий урф-одат, қадриятларини ўзида ифода этган ушбу масканнинг йўлаклари, мажмуадан ўрин олган ҳар бир бино ўзига хос, вилоят тарихини ўзида ифода этади. Айниқса, кенг майдон ўртасида барпо этилган фаввора, ўрнатилган ранг-баранг ёритгичлар мажмуага ўзгача чирой бағишлайди. Мажмуа таркибидаги намозгоҳда сайёҳлар намоз ўқиши учун барча шароит яратилди.
Шунингдек, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи реконструкция қилинди, вилоят амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик маркази ташкил этилиб, миллий кўринишдаги сувенирлар, совғалар сотиладиган 50 дан ортиқ дўкон қад ростлади. Мажмуадан Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича давлат инспекцияси учун ҳам бино ажратилди.
Миллийлигимизни ўзида мужассам этган гўзал мажмуанинг қурилиши учун 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.
Ўзбекисон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди
Пойтахтимизда 27 март куни «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.
ЎзА хабарига кўра, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Унда иштирок этиш учун мамлакатимизга Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, жами 25 давлат ва халқаро ташкилот вакиллари ташриф буюрди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро конференцияда нутқ сўзлади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси ва Афғонистон Ислом Республикасининг биргаликдаги ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур анжуман халқаро ҳамжамият томонидан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган амалий саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми эканини таъкидлади.
Ер юзининг катта қисмида сўнгги 40 йилда афғон урушига у ёки бу даражада дуч келган авлодлар улғайди. Кимнингдир ўғли, кимнингдир қариндоши ёки қўшниси бу адолатсиз уруш қурбонига айланди. Уруш олови қанчадан-қанча бегуноҳ одамнинг ёстиғини қуритди, унинг совуқ нафаси бошқа юртларга ҳам етиб борди, минглаб оилаларни пароканда, гўдакларни етим қилди. Шу боис «Афғонга кетибди» деган хабар юракларга қўрқув, хавотир олиб кирарди. Оталар ўғлининг афғонга ҳарбий хизматга кетганини кекса ота-онасидан яширар, ичидаги дардини билдирмасди. Оналар пана-панада жигарбандига соғлик-омонлик сўраб Яратганга ёлворар, йўл қарарди.
Ана шундай муҳитда улғайган болалар «афғонга олиб кетмасмикан», дея йиллар давомида хавотир билан яшади, ҳарбийга бормаслик чорасини қидирди. Орадан ўн йиллар ўтган бўлса-да, афғон муаммоси одамлар хотирасида қолдирган ваҳима ва қўрқув ҳали унутилгани йўқ.
Афсуски, афғон уруши йиллар ўтган сари жанг майдонларидан наркобизнес, терроризм, экстремизм каби кўзга кўринмас уруш ўчоқларига кўчди. Энди бу заминдаги нотинчлик ва зўравонликлар, ноҳақ қон тўкишлар дунёнинг барча минтақаларига таҳдид солар даражада кенгайди.
Агар Афғонистонда тинчлик ҳукм сурганда 2001 йил 11 сентябрь воқеалари бўлмасди, минглаб инсонлар террор қурбонига айланмасди. Бу юртда тинчлик-осойишталик бўлганда, диний экстремистик ҳаракатлар илдиз отмасди, дунёнинг турли минтақаларида нотинчлик оловини ёқаётган ёвуз кучлар, Ислом давлати деб номланган террорчилик ташкилоти пайдо бўлмасди. Гиёҳванд моддалар ва ноқонуний қурол савдоси нафақат қўшни давлатлар, балки бутун дунё ҳамжамиятига таҳдид солмасди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, жафокаш Афғонистон заминидаги тўқнашувлар, “уруш олови” афғон халқининг ўз танлови эмас, аксинча, четдан тиқиштирилган фитна натижасидир. Ана шу нотинчликдан афғон халқи ўн йиллар давомида жабр чекиб келмоқда, миллионлаб одамлар ўз уйини ташлаб олис юртларда сарсон-саргардон бўлиб юрибди.
Бу заминдаги кескинлик Марказий Осиё мамлакатлари жаҳон иқтисодиётининг фаол интеграция жараёнларидаги иштирокига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, тинч Афғонистон савдо-иқтисодий, транспорт-логистик имкониятлари билан Ўзбекистонга бошқа минтақаларга денгиз орқали қисқа йўл билан чиқиш имконини берар эди.
Халқимизда «Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака қочади», деган нақл бор. Афғонистонда қарийб 40 йилдан буён давом этиб келаётган можаро афғон халқининг ҳаётини ўнлаб йиллар орқага суриб ташлади. Бу ҳудудда пайдо бўлган инқироз, аҳолининг қашшоқлашуви дунё ҳамжамиятидан аллақачон глобаллик касб этган ушбу муаммога биргаликда амалий ечим топишни тақозо қилмоқда. Шу мақсадда кейинги йилларда қатор лойиҳалар амалга оширилди, мулоқот гуруҳлари ташкил этилди.
Ўзбекистон 2017 йилда Афғонистон муаммосини ҳал этиш бўйича ўтказилган турли форматдаги халқаро ва минтақавий анжуманларда, жумладан, кенгайтирилган таркибдаги Москва учрашуви (апрель), “Кобул жараёни” (июнь), Афғонистон Ислом Республикасига оид минтақавий иқтисодий ҳамкорлик конференцияси (Ашхобод, ноябрь), “Осиё юраги – Истанбул жараёни” (Боку, ноябрь-декабрь) ва Халқаро мулоқот гуруҳи йиғилишида (Осло, декабрь) юқори даражада қатнашди.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш бўйича Ўзбекистон позициясини баён қилди, бу борада аниқ таклифлар билдирди. Ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилиши йўлидаги ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон ва Афғонистон Президентларининг олий даражадаги учрашувларида мамлакатимизнинг бу борадаги ижобий позицияси ўзаро манфаатли келишувлар орқали янада мустаҳкамланди.
Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум ўз формати ва Афғонистон муаммоси бўйича аниқ ечимлар топишга қаратилгани билан илгариги халқаро анжуманлардан фарқ қилади. Шу боис уни ўтказиш ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Нуфузли халқаро ташкилотлар, сиёсатшунослар ва экспертлар томонидан Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликка эришиш, шу орқали нафақат Марказий Осиё, балки унга туташ минтақаларда тинч тараққиётни таъминлашга хизмат қилувчи мазкур конференция афғон халқининг муаммоларини ҳал қилиш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилиши билан амалий аҳамиятга эга, деган фикрлар билдирилди.
Жумладан, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш йўлидаги Ўзбекистон ташаббуси ғоят қадрли эканини таъкидлади.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини ўз нутқида Афғонистондаги вазиятни барақарорлаштиришга оид ташаббусни қўллаб-қувватлашини, бу масала Европа Иттифоқининг доимо эътиборида туришини қайд этди.
Мазкур форумга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ҳам катта қизиқиш билдирилди. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш конференция иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, ушбу анжуман Афғонистонда тинчликка эришиш йўлида алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Тошкент конференцияси иштирокчиларининг расмий суратга тушиш маросимидан сўнг анжуман шуъба мажлисларида давом этди. Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров афғон муаммосини ҳал қилиш ташаббуси минтақа давлатларининг ўзидан чиқаётгани муҳим аҳамиятга эга бўлиб, Тошкент конференцияси ўз вақтида амалга оширилган муҳим жараён экани ва ундан халқаро ҳамжамият ижобий натижалар кутиб қолишини таъкидлади.
Туркия ташқи ишлар вазири Мевлют Чавушўғлу Тошкент конференцияси Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутишини, бу беқарорликка сабаб бўлаётган кучларнинг ўзаро ярашувига оид жараённи тезлаштиришга ёрдам беришини қайд этди.
АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шэннон Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш бўйича ташаббуслари билан минтақа давлатлари тараққиётига, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётгани, шу жиҳатдан дунё ҳамжамияти мазкур конференцияга муаммони ҳал қилишда амалий ечим сифатида қараётганини қайд этди.
Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ли Баодун Афғонистоннинг сармоя, савдо, транспорт имкониятларини ошириш учун уни қўшни давлатлар қўллаб-қувватлаши зарурлигини таъкидлади.
Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Хаважа Муҳаммад Асиф Афғонистондаги нотинч муҳит бевосита қўшни ва узоқ давлатлардаги вазиятга салбий таъсир этишини, шу боис барча ушбу мамлакат тинчлиги учун ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиши кутилган натижани беришини қайд этди.
Анжуманда таъкидланганидек, айрим геосиёсий кучларнинг Афғонистонда юзага келган вазиятдан ўз мақсадлари йўлида фойдаланаётгани ушбу давлатда вазиятни яхшилаш борасидаги интилишларга тўсқинлик қилмоқда. Бунинг оқибатида террорчи ташкилотлар жангариларининг Афғонистон ичкарисига тобора кўпроқ кириб бориши ва уни ўз полигонига айлантиришига йўл очилмоқда.
Афғонистон муҳим трансчегаравий ҳудудда жойлашган. Бу мамлакат билан ҳамкорликдан Марказий Осиё давлатлари энг кўп манфаатдор. Анжуманда Марказий Осиё мамлакатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари томонлар бу йўлда барча имкониятларни ишга солишга тайёр эканини қайд этди.
Халқаро конференцияда НАТО бош котибининг операциялар бўйича ёрдамчиси ўринбосари Жон Манза, Буюк Британия бош вазирининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Гарет Бейли, Италиянинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Альберто Пиери, Германия ҳукуматининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Маркус Потцель, Қатар Ташқи ишлар вазирлиги махсус вакили Мутлақ бин Мажид ал-Қаҳтоний, Япония Ташқи ишлар вазирлиги махсус маслаҳатчиси Хироши Такахаши, Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор, ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси директори Евгений Сисоев, Норвегия Ташқи ишлар вазирлигининг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Рольф Вилли Хансен ва бошқалар сўзга чиқди.
Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани тиклаш, унинг минтақавий иқтисодий жараёнларга қўшилишига ҳар томонлама кўмаклашиш тўғрисидаги таклиф ва ташаббуслар илгари сурилди.
Конференция иштирокчилари анжуман якуни бўйича Тошкент декларациясини имзоладилар. Мазкур ҳужжатда минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, аҳил қўшнилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар кўзда тутилган.
Тадбир якунида ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири А.Комилов ва Афғонистон ташқи ишлар вазири С.Раббоний нуфузли конференцияда эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
Таъкидландики, мазкур халқаро конференция дунё ҳамжамиятининг Афғонистонда тинч тараққиётни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларига ғоят муҳим ҳисса бўлиб қўшилди. Бундай анжуманлар келгусида ҳам давом этади.
С.Раббоний муҳим тарихий ташаббусни илгари суриб, Афғонистон бўйича Тошкент конференциясини ўтказишга бош бўлган Ўзбекистон Президентига, мамлакатимиз ҳукумати ва халқига алоҳида миннатдорлик билдирди.
Эътиборингизга қабул қилинган Декларациянинг тўлиқ матнини ҳавола этамиз:
Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Тошкент конференциясининг декларацияси
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри
2018 йил 26-27 март
Муқаддима
Биз, Тошкент конференцияси иштирокчилари:
1) Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатилиши минтақада барқарорлик ва фаровонликни таъминлаш ҳамда кўп йиллик зўравонлик ва афғон халқининг азоб-уқубатларига чек қўйишда салмоқли аҳамиятга эга эканини тасдиқлаймиз. Шу сабабли, биз Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг саъй-ҳаракатлари билан терроризм ва наркотик моддалар контрабандасига қарши курашиш соҳасидаги ўзаро яқин минтақавий ҳамкорлик орқали амалга ошириладиган сиёсий тартибга солиш, шунингдек, минтақавий иқтисодий ҳамкорлик ва шериклик Афғонистон ва бутун минтақада тинчлик ва фаровонликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини эътироф этамиз;
2) Биз БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг, жумладан, 2018 йил 19 январь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича мажлисидан сўнг Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасида шакллантирилган янги шерикликка доир резолюциялари ва қарорларини қўллаб-қувватлаймиз;
3) Афғонистоннинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги, шунингдек, миллий бирдамлиги, Афғонистон халқи ва ҳукуматининг ўз мамлакатида тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларини ҳурмат қиламиз;
4) Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг ўз саъй-ҳаракатлари билан Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва минтақавий ташаббуслар, жумладан, Афғонистон ҳукумати раҳбарлигидаги Афғонистонда тинчликни таъминлаш ва зўравонликка барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатларига раҳбарлик қилишга қаратилган бош форум ва восита сифатида Кобул жараёнининг муҳимлигини эътироф этамиз;
5) Марказий Осиё давлатларининг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёни ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини, уларнинг минтақадаги сиёсий ва иқтисодий жараёнлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаймиз;
6) Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат ҳалқининг ўз саъй-ҳаракатлари билан тинчлик ва ярашув жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Тошкент конференциясининг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этамиз.
Тинчлик ва ярашув
7) Миллий Бирдамлик ҳукуматининг толиблар билан кенг кўламли тинчлик келишувига эришиш бўйича пировард мақсад йўлида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймаслик асосида "Толибон" билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни бошлаш ҳақидаги халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланаётган таклифини қатъий қўллаб-қувватлашимизни таъкидлаймиз ҳамда "Толибон"ни Афғонистон раҳбарияти ва ушбу мамлакат халқининг ўз саъй-ҳаракатлари билан ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ амалга оширилаётган тинчлик ўрнатиш жараёнига доир ушбу таклифни қабул қилишга чақирамиз;
8) Толиблар билан муносабатларни сиёсий йўл билан ҳал этиш Афғонистонда зўравонликка барҳам беришнинг энг мақбул йўли экани, шунингдек, Афғонистон ҳукумати ва "Толибон"нинг муросасоз вакиллари ўртасида олдиндан ҳеч қандай шарт қўймасдан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларини ўтказиш зарурати мавжудлигини қайд этамиз;
9) Афғонистон ҳукуматининг "Толибон" билан тўғридан-тўғри музокараларни бошлаш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашимизни тасдиқлаймиз ҳамда Кобул жараёнини Афғонистон бўйича бошқа минтақавий ва халқаро тинчликпарвар ташаббуслар билан бир қаторда бош форум ва восита сифатида эътироф этамиз;
10) Толибларни афғон халқининг азоб-уқубатларига чек қўйиш учун Афғонистонда тинчлик ва хавфсизлик ўрнатишда уларнинг ҳам масъулияти борлигини тан олишга ҳамда ўзаро келишилган форматни ишга солган ҳолда ва халқаро ҳамжамиятнинг тўлиқ қўллаб-қувватлаши орқали Афғонистон ҳукумати билан тўғридан-тўғри тинчлик музокараларига киришишга тайёр эканлигини расман эълон қилишга чақирамиз;
11) Афғонистон ҳукумати ва "Толибон"ни сиёсий музокараларга киришишга чақирамиз. Кенг кўламли тинчлик келишувидан барча ютади, ҳеч ким ютқазмайди. Ушбу келишув "Толибон"нинг сиёсий жараёнга легитим сиёсий иштирокчи сифатида қўшилишини, "Толибон"нинг зўравонликдан воз кечиши ҳамда террорчилик гуруҳлари ва халқаро терроризм, жумладан, "Ал-Қоида", ИШИД ва бошқа трансмиллий террорчилик тармоқлари (ТТТ) билан алоқаларни узишини, шунингдек, Афғонистон Конституцияси, жумладан, барча афғонларнинг тенг ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини кафолатлаши лозим;
12) Хотин-қизларнинг афғон ярашуви жараёни, хавфсизлик, жамият ва иқтисодиётдаги тўлиқ ва салмоқли иштирокининг муҳим аҳамиятини алоҳида таъкидлаймиз ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ҳалқаро саъй-ҳаракатларни муттасил қўллаб-қувватлашимизни қайд этамиз, шунингдек, Афғонистоннинг хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизликка доир ҳаракатлар Миллий режасини амалга оширишни қўллаб-қувватлашнинг тарафдори бўлиб қоламиз;
13) Афғонистон ҳукуматини самарали рағбатлантириш йўли билан тинчлик музокараларини бошлаш ва илгари суриш учун ҳамда тинчлик жараёнига қўшилишдан бош тортаётган ҳамда зўравонлик, қон тўкиш ва ваҳшийлик ҳаракатларини давом эттираётган, трансмиллий террорчилик тармоқларига кўмаклашаётган муросасиз элементларга қарши зарур чора-тадбирлар билан курашиш учун қулай шароитлар яратишда қўллаб-қувватлаймиз;
14) Барча мамлакатларни Афғонистон хавфсизлиги, барқарорлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишга, унинг ички ишларига аралашмасликка чақирамиз;
15) Бошқа мамлакатларга террорчилик билан таҳдид солмайдиган ҳамда ўз ҳудудида хавфсиз муҳитни яратишда ўз кучига тўлиқ таяна оладиган тинч Афғонистонни қўллаб-қувватлашимизни таъкидлаймиз.
Терроризм ва наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш
16) Афғонистон халқига қарши яқинда содир этилган шафқатсиз тажовузларни қоралаймиз ҳамда у билан мустаҳкам бирдамлигимизни билдирамиз, терроризмнинг шакл ва кўринишларини фарқламасдан уларнинг барчасини қоралаймиз, трансмиллий терроризм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчилик ўртасидаги алоқадан Афғонистон, минтақа ва бутун халқаро ҳамжамият хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий ва умумий таҳдидлар мавжудлигини эътироф этамиз;
17) БМТнинг Глобал аксилтеррорчилик стратегияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг тегишли резолюцияларига мувофиқ барча шакл ва кўринишлардаги терроризмга барҳам бериш бўйича амалий минтақавий ва халқаро ҳамкорликнинг муҳимлигини қайд этамиз;
18) Афғонистон ҳукуматининг терроризмни молиялаштиришнинг асосий манбаи бўлган наркотиклар, прекурсорлар ишлаб чиқариш ва уларнинг ноқонуний айланишига, қурол-яроғ контрабандасига қарши курашиш мақсадида минтақавий ва халқаро шериклар билан ҳамкорликда фаол амалий саъй-ҳаракатларининг муҳимлигини қайд этамиз;
19) Терроризм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчилик ўзаро боғлиқ глобал таҳдид экани ҳамда БМТнинг Глобал аксилтеррорчилик стратегиясига асосланган ягона стратегияни ишлаб чиқишни талаб этаётганини эътироф этамиз.
20) Афғонистонга хавфсизлик соҳасидаги кўмак Афғонистон ҳукумати орқали тақдим этилиши лозимлигини тасдиқлаймиз ҳамда Афғонистонни беқарорлаштириш ва можарони узайтиришга олиб келувчи "Толибон" ва ИШИДга ҳар қандай молиявий, моддий кўмак ёки қурол-яроғ тақдим этилишига қатъий қаршимиз.
Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик
21) Минтақада иқтисодий ҳамкорлик борасида ва Афғонистонни Марказий Осиёни Жанубий Осиё ва бошқа минтақалар билан боғловчи табиий кўприк сифатида эътироф этиб, транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишда охирги пайтларда эришилган муваффақиятларни қўллаб-қувватлаймиз. Афғонистоннинг минтақага иқтисодий интеграцияси келгусида ушбу мамлакатда ва бутун минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади;
22) Афғонистонни унинг яқин қўшнилари ва минтақа билан боғлайдиган савдо-транзит, транспорт, энергетика, инфратузилма ва коммуникация соҳаларидаги минтақавий лойиҳаларни ўз вақтида амалга ошириш бутун минтақа аҳолисига сезиларли манфаат келтириши, кун кечириш учун зарур манбаларни яхшилаши, тинчликка кўмаклашиш ҳамда терроризм ва ноқонуний фаолиятга қарши курашиш борасида кўрилаётган саъй-ҳаракатларни мустаҳкамлашини қайд этамиз;
23) Аввалги ташаббусларнинг давоми сифатида ташкил этилган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги Тошкент конференцияси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёни, терроризм ва наркотикларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш, минтақада иқтисодий ҳамкорликка оид кенг доирадаги масалалар бўйича очиқ ва ҳар томонлама муҳокамалар учун ноёб имконият тақдим этгани ҳамда ўзаро мақбул қарорлар ишлаб чиқишга рағбат берганини эътироф этамиз;
24) Ўзбекистон ҳукуматига анъанавий меҳмондўстлик ва Тошкент шаҳрида юқори даражадаги ушбу конференция юксак даражада ташкил этилгани, шунингдек, тинчлик, хавфсизлик ва минтақавий шериклик масалалари бўйича кенг ва мустаҳкам минтақавий ва халқаро консенсусни шакллантиришга қаратилган қатъий саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирамиз.
Ушбу декларация Ўзбекистон Республикасининг Тошкент шаҳрида Афғонистон, Хитой, Франция, Германия, Ҳиндистон, Эрон, Италия, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Қатар, Россия, Саудия Арабистони, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, БАА, Буюк Британия, АҚШ, Ўзбекистон, ЕИ ва БМТ томонидан қабул қилинди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Тирноқлардаги замбуруғ (грибок)дан халос бўлишнинг оддий усули
Оёқлар тирноқларининг сарғайиб, қалинлашиши ва янги қаватлар ўсиб чиқиши, дарз кетиши ва бармоқлар орасининг қичишиши — замбуруғ (грибок) инфекциясининг белгиларидандир. Статистика Ер юзи аҳолисининг ҳар 5-киши бу иллатдан азият чекишини таъкидлайди. Иммунитет пасайиши, тор пойабзал, оёқларнинг ҳаддан зиёд терлаши, бадандаги ортиқча вазн —бу касаллик юқишининг асосий сабаб бўлувчи омилларидандир. Агар оёқларда бундай белгиларни сезиб қолсангиз, зудлик билан ундан фориғ бўлишга киришинг.
Халқ табобати даволаш воситалари ўзининг фаоллигини амалда кўрсатган. Улардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Тирноқлар замбуруғ иллатиидан фориғ бўлишда фаол табиий восита
Оддий истеъмол содаси ва олма уксуси ёрдамида замбуруғга тўлиқ барҳам бериш мумкин.
Олма уксусини илиқ сувга 1 : 3 нисбатда аралаштирилади, бу аралашма тоғорага қуйилиб, унга оёқлар 20 дақиқа давомида солиб ўтирилади. Шундан сўнг оёқлар қуруқ ҳолга келгунича сочиқ билан артилади. Тоғорага яна 2 л илиқ сув қуйилади ва унга 2 ош қошиғида истеъмол содаси солиб аралаштирилади. Бу ваннага оёқлар 15 дақиқа давомида солиб ўтирилади, сўнг оёқлар ундан олиниб, сочиқ билан яна қуригунича артилади ва замбуруғ билан оғриган тирноқлар қайчи билан кесиб ташланади (улар осон ажралиб чиқади).
Замбуруғ инфекциясидан фориғ бўлиш учун
бу муолажани ҳар куни кечқурун то соғ тирноқ ўсиб чиққунигача давом эттирилади. Бу услубдаги муолажа моҳияти шундан иборатки, замбуруғ нордон сувда қирилиб битади, истеъмол содаси эса, касалликнинг янгитдан тарқалишига йўл қўймайди.
Жалолиддин Нуриддинов тайёрлади
27 март 2018 йил
ЎМИ Матбуот хизмати
Мусулмон мамлакатларида рўй берган қум бўронлари туфайли Грузияда қизил қор ёғди.
Кеча Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мусулмон мамлакатларида рўй берган қум бўронлари туфайли Грузиянинг Ажария минтақасидаги Годердзи тоғ чанғи курортида қизил қор ёғди.
Бу ноёб ҳодисага оид фотосуратлар мазкур дам олиш масканининг “Facebook”даги ижтимоий саҳифасига жойлаштирилди.
“Интерфакс”нинг хабар беришича, Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида рўй берган қум бўронлари сабаб самога кўтарилган майда қизил чанг зарраларини ҳаво оқими Қора денгиз минтақаси томон олиб кетган.
Мутахассисларнинг айтишича, чанг нафақат қор ва ёмғирга ўзига хос ранг бериб ерга тушади, балки ҳавода маълум вақт “осилиб” ҳам туради. Шунинг учун Грузиядаги бир нечта ҳудудларда осмонни сариқ “тутун” қоплаб турди.
Синоптиклар бундай табиат ҳодисаси одамлар учун ҳам, экология учун ҳам зарарли эмаслигини маълум қилган.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати
АҚШда “Масжидларда очиқ эшиклар куни” ўтказилади
АҚШнинг Массачусетс штатидаги барча масжидларда иккинчи бор “Масжидларда очиқ эшиклар куни” тадбирини ўтказишга тайёргарлик бошланди. Бу йилги тадбир “мусулмон қўшнинг билан учраш, Исломни ўрган, мусулмон таомини истеъмол қил ва роҳат ол” шиори остида ўтказилиши маълум қилинган.
“Cair.com” нашрининг хабар беришича Америка-Ислом муносабатлари кенгашининг Массачусетс бўлими штат бўйлаб жойлашган 20 дан ортиқ масжидда очиқ эшиклар кунини 8 апрелда маҳаллий вақт билан соат 15:00 дан 18:00 га қадар ўтказишни режалаштирган.
“Masslive” нашри хабарига кўра, тадбир давомида меҳмонлар масжидларни кўздан кечириш, намоз ўқилишини кузатиш, Ислом дини ҳақида маълумот олиш имкониятига эга бўладилар.
“Ислом дини тўғрисида нотўғри тушунчалар тарқалган ҳозирга пайтда, биз ўз жамиятимиз аъзоларига уларнинг мусулмон қўшнилари ҳам худди бошқалар каби яшашлари, ибодатда бўлишлари ва орзу қилишларини кўрсатишга умидвормиз. Биз ўша куни ва ҳар куни эшикларимиз очиқ туришидан мағрурланамиз”, - дея баёнот берди Эверетт шаҳридаги Америка Исломий маркази вакили Вафо Ваҳобий.
ЎМИ Матбуот хизмати