Ўзбекистон янгиликлари

Андижонда “Жоме” меъморий мажмуаси фойдаланишга топширилди

Андижон шаҳрининг эски шаҳар ҳудудида “Жоме” меъморий мажмуаси фойдаланишга топширилди.

ЎзА хабарига кўра, Андижоннинг эски шаҳар ҳудуди кейинги йилларда янгича қиёфа касб этаётир. Мустақиллик кўчаси барпо этилди, “Эски шаҳар деҳқон бозори” замонавий кўринишда қайтадан қурилди. Ҳудудда кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

Андижон тарихининг кўзгуси ҳисобланган “Жоме” меъморий мажмуаси юртдошларимиз ва хориждан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун зиёрат қиладиган гавжум масканлардан бирига айланади.

Халқимизнинг миллий урф-одат, қадриятларини ўзида ифода этган ушбу масканнинг йўлаклари, мажмуадан ўрин олган ҳар бир бино ўзига хос, вилоят тарихини ўзида ифода этади. Айниқса, кенг майдон ўртасида барпо этилган фаввора, ўрнатилган ранг-баранг ёритгичлар мажмуага ўзгача чирой бағишлайди. Мажмуа таркибидаги намозгоҳда сайёҳлар намоз ўқиши учун барча шароит яратилди.

Шунингдек, Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи реконструкция қилинди, вилоят амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик маркази ташкил этилиб, миллий кўринишдаги сувенирлар, совғалар сотиладиган 50 дан ортиқ дўкон қад ростлади. Мажмуадан Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармасининг Андижон вилояти бўйича давлат инспекцияси учун ҳам бино ажратилди.

Миллийлигимизни ўзида мужассам этган гўзал мажмуанинг қурилиши учун 10 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Ўзбекисон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

2894 марта ўқилди

Янгиликлар

Top