muslim.uz

muslim.uz

Аллоҳ таоло: “Онаси уни (ҳомилани) қийналиб кўтариб юрди ва қийналиб қўйди (туғди)”, деб марҳамат қилган ва шу орқали онанинг фарзанди билан муомалотдаги аввалги босқичининг ўзиёқ қанчалик машаққатли эканини сизу бизга билдирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси шарифларида: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилиш орқали онанинг қадрини бизларга маълум қилдилар.

Улуғлардан бири ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг” дер экан.

Улуғларимиздан бўлмиш Муҳаммад ибн Мункадирдан қилинган ривоятда у киши айтадиларки: “Ёш йигит пайтларимиз эди, тунларнинг бирида онамиз бемор бўлиб қолди, мен акамга: “Акажон, сиз кириб дам олаверинг, мен онамизга қарайман”, дедим. Акам ўша кеча ухламай туни бўйи ибодат қилиб чиқди, мен эса онамнинг бошида ўтирдим, тонг ёришганида қалбимда ажиб бир хотиржамлик ҳукм сурарди. Чунки мен акамдан кўра улуғроқ ишни қилган эдим”.

Олимларимиз ота-онанинг ҳаққини бир-бирига таққослаб: “Онанинг ҳаққи отаникига нисбатан уч баробар кўпдир, чунки она аввал уни ҳомиладорликда кўтариб юради, кейин қийналиб туғади, кейин кечалари ухламай қараб чиқади. Ота эса фақат унинг еб-ичишига жавобгардир”, деганлар.

Олимларимизнинг бу гапларининг исботи ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан такрор-такрор “Кимга яхшилик қилай?” деб сўралган саволнинг аввалги учтасига “Онангга” дея қайтарган жавобларида ўз аксини топгандир.
Энди бу хусусда шу замонамизда содир бўлган бир воқеани келтирамиз:
Бир бола олти ёшида отасидан айрилиб, етим қолди. Оилавий шароити жуда ночор эди. Онаси ўғлини боқиш учун иш қидирди, аксига олиб аёл бирорта касб эгалламагани сабабли уни ҳеч қаерга ишга қабул қилишмади. Тинимсиз изланишлардан сўнг аёл арзимаган ҳақ эвазига бир қурилишдан иш топди. У аёл боши билан қурилишда эркакларнинг ишини қилар эди. Жуда катта машаққатлар билан фарзандини улғайтирди. Фарзанд улғайгач, савдога киришди ва катта тижоратчига айланди. Кунларнинг бирида шаҳарда данғиллама уй сотилаётганини эшитган йигит ўша кунги барча учрашувларини бекор қилди ва дарҳол уйни сотиб олиш учун йўлга тушди. Йигит уй эгасининг олдига келиб, уйнинг нархини сўради, уйнинг эгаси эса сотиладиган уйнинг нархини икки баробар қимматроқ айтди, йигит дарҳол айтилган пулга чек ёзиб берди. Уй эгаси чекни оларкан йигитга: “Сиз савдо қилишни билмас экансиз, агар озгина савдо қилганингизда, мен уйни айтилган нархнинг ярмига берар эдим, чунки уйнинг нархини икки баробар қиммат айтган эдим”, деди.

Йигит бунга жавобан: “Агар сиз бу уйнинг мен учун қанчалик қадрли эканини билганингизда эди, бундан ўн баробар қиммат айтган бўлар эдингиз ва шунда ҳам мен бу уйни ҳеч иккиланмасдан сотиб олган бўлар эдим”, деб жавоб берди.
Бунинг сабабини сўраган сотувчига эса: “Жаноб, бундан роппа-роса йигирма йил бурун худди мана шу уйнинг қурилишида менинг онам ғишт ташиган, бугун эса мен шу уйни онамга совға қилмоқчиман”, деди.

Ҳаётда дўсту ёр, ошна-оғайни топилаверади, лекин ота-она бир марта берилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан кимнинг ҳузурида отаси ёки онасидан бири қари ҳолатда бўлса-ю, уларнинг хизматини қилиб, ўзига жаннатни вожиб қилиб олмаса, ўша кишига вайл бўлсин”, дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ота-онамизнинг хизматини қилиб, ўзимизга жаннатни вожиб қилиб олувчи бандаларидан қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори муҳокамага қўйилди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 15 кун муддатда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар)ларда Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мувофиқлаштирувчи ҳудудий комиссиялар тузилиши ҳамда улар фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Шунингдек, оилавий тадбирларнинг ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш ҳамда уларни ихчам, камтарона, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш, барча даражадаги давлат органлари ва муассасаларининг раҳбарлари оилавий тадбирларни ўтказишда ўрнатилган талабларнинг бажарилиши учун шахсан намуна бўлишларини, ушбу масалада уларнинг шахсий масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, никоҳга кираётган шахслар учун уларни оила қуришга тайёрлаш бўйича махсус ўқув курсларини ташкил этиш, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари қошида аҳолига, биринчи навбатда унинг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига арзонлаштирилган хизмат кўрсатадиган 150 тагача ўринли тўйхоналар фаолиятини йўлга қўйиш, оилавий тадбирларни ўтказишда аҳолига озиқ-овқат ва бошқа турдаги маҳсулотларни арзон нархларда етказиб бериш бўйича хизмат кўрсатадиган тузилмаларни ташкил этиш чораларини кўриш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, оилавий тадбирларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) томонидан хизмат кўрсатиш тартибини ишлаб чиқиш, бунда санъаткорларнинг шартнома асосида хизмат кўрсатишини, хизмат кўрсатиш нархларининг энг юқори миқдорини, шунингдек, оилавий тадбирга фақат бир нафар санъаткорни (гуруҳни) жалб этиш борасида чеклов ўрнатилади.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашига бир ой муддатда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг оилавий тадбирларини ўтказишга кўмаклашиш бўйича махсус жамғарма ташкил қилиниши мўлжалланмоқда.

Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда оилавий тадбирларда пуллик автотранспорт хизмати кўрсатиш фаолиятини лицензиялашнинг алоҳида тартиби ишлаб чиқилади.

Энг асосийси, барча даражадаги давлат органлари раҳбарлари ва мансабдор шахсларига ўз оилавий тадбирларини ўтказишда аҳолига шахсий намуна бўлишлари ҳамда ўрнак кўрсатишлари тавсия этилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матубот хизмати

 

Индонезия пойтахти Жакартада жорий йилнинг 19-22 март кунлари Қуръони Карим қироати ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари бўйича мусобақа ўтказилиши режалаштирилган. Мусобақанинг Индонезия президенти Гоку Видодо ҳомийлигида ўтказилиши маълум қилинган. Бу ҳақда “Menafn.com” нашри хабар берди. 

Агентлик хабарига кўра, ўнинчи Қуръон мусобақаси Жануби-Шарқий Осиё Давлатлари Уюшмаси – АСЕАН (Association of Southeast Asian Nations) даражасида ўтказилади. 

Халқаро мусобақада 25 мамлакатдан, хусусан АСЕАН ва Тинч океани давлатларидан келган вакиллар ўзаро беллашадилар. 

Мазкур мусобақа Саудиянинг Исломий масалалар бўйича вазирлиги, Шаҳзода Султон жамғармаси ва Индонезия ҳукумати номидан Минтақавий масалалар бўйича вазирлик ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. 

Маълумот учун, ушбу мусобақа Қуръон ва суннат йўналишларида ўтказилиб, Қуръон йўналиши ўз навбатида 4 йўналишга, Суннат йўналиши эса 2 йўналишга бўлинган ҳолда ўтказилади. 

Қуръон:

1-қисм: Қуръонни тўлиқ ёд олганлар;

2-қисм: Қуръонни 20 пора ёд олганлар;

3-қисм: Қуръонни 15 пора ёд олганлар;

4-қисм: Қуръонни 10 пора ёд олганлар; 

Суннат:

1-қисм: 100 ҳадисни санад ва матн асосида ёд олганлар;

2-қисм: 400 ҳадисни санадсиз ёд олганлар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Пятница, 16 Март 2018 00:00

Каломуллоҳ – илм манбаи

Аллоҳнинг каломи – Қуръони каримнинг номларидан бири “Уммул ъулум”дир (илмлар онаси). Каломуллоҳда нафақат диний, айни пайтда дунёвий илм-фаннинг сир-асрорлари ҳам яширинганки, вақт ва замонлар ўтиши билан тафаккур эгалари оятларнинг мазмун-моҳиятини англаб бораверадилар. Натижа эса тараққиётга, инсоннинг ўзлигини англашига, Буюк Яратувчини танишига хизмат қилади.

Қуръони карим шундай илоҳий китобки, унда замонавий илм-фаннинг барча соҳалари мужассам. Ҳар бир оятни чуқур тадаббур ҳамда тафаккур билан ўқиб, унинг мазмун-моҳиятини англашга интилган киши бунга қайта ва қайта амин бўлаверади.

Каломуллоҳ – улкан мўъжиза. Тарих, футурология – келажак ҳақидаги фан (“У яна минишингиз учун ва зийнат сифатида отлар, хачирлар ва эшакларни (яратди). Яна, сизлар (ҳали) билмайдиган нарсаларни ҳам яратур” (Наҳл сураси, 8-оят), тиббиёт, биология, зоология (“Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур” (Наҳл сураси, 69- ва бошқа оятлар), арифметика, математика (“калола” ояти) ва ҳоказо.

Қуръони каримни ўқиган адабиётшунос воқеалар ривожи, оятларнинг тузилишидан, сураларнинг қисқа, лўнда номларидан ҳайратга тушса, муаррих пайғамбарлар тарихи, узоқ ўтмиш, буюк келажакни кашф қилгандек қувонади. Математик эса суралар ва оятлар сони, жойлашуви, кетма-кетлиги, воқеалар тадрижийлигидан (Абжад ҳисобини билса) худди Абу Райҳон Беруний бобомиз уммон ортида қуруқлик борлигини кашф этганидек янги-янги ихтиролар қилишига шубҳа йўқ. География фани билан шуғуланувчи олим эса Қуръондаги жой номларини ўқиб, Капитан Кусто каби имон ҳаловатини туяди.

Хуллас, Аллоҳ таолонинг каломи азалий ва абадийдир. Унда яширинган ҳикматлар, сиру асрорлар то қиёматгача башариятни ҳидоятга, илму ирфонга, маърифатга чорлайверади. 

Қуръони каримда жой номлари 

МАККА-БАККА-УММУЛ ҚУРО

«У (Аллоҳ) Макканинг ичкарисида (кечган жангда) уларнинг (Макка мушрикларининг) устидан сизларни ғалаба қилдирганидан кейин уларнинг қўлларини сизлардан, сизларнинг қўлларингизни улардан тўсган (жангни тўхтатган) зотдир. Аллоҳ қилаётган амалларингизни кўриб турувчидир» (Фатҳ сураси, 24-оят)

«Албатта, одамлар (ибодати) учун қурилган биринчи Уй – Бакка (Макка)даги муборак ва оламлар учун ҳидоят (манбаи) бўлмиш (Каъба)дир» (Оли Имрон сураси, 96-оят)

«(Барча) шаҳарлар онаси (Макка аҳлини) ва унинг атрофидаги кишиларни огоҳлантиришингиз учун ва шубҳаси йўқ «тўпланиш куни» (қиёмат куни)дан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай араб тилидаги Қуръонни ваҳий қилдик. (У кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир» (Шўро сураси, 7-оят). 

МАДИНА

«Теварагингиздаги аъробийлар ва Мадина аҳолиси ичида мунофиқлар бор. (Улар) нифоқда бардавомдирлар» (Тавба сураси, 101-оят).

«Мадина аҳолиси ва уларнинг теварагидаги аъробийлар учун Аллоҳнинг Расулидан қолишлари ва ундан кечиб, ўзлари билан машғул бўлишлари жоиз эмас эди» (Тавба сураси, 120-оят). 

РУМ

« Рум (қўшини Форс қўшинидан) мағлуб бўлди » (Рум сураси, 2-оят)

ТУВО ВОДИЙСИ

«(Эй Мусо!) Мен сенинг Раббингдирман. Бас, оёқ кийимингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидадирсан» (Тоҳо сураси, 12-оят). 

МАДЯН

«Мадян (қабиласи)га биродарлари Шуайбни (элчи қилиб юбордик)» (Аъроф сураси, 85-оят). 

ТУР ВА СИЙНО

«Биз унга Тур (тоғи)нинг ўнг томонидан нидо қилдик ва уни муножот қилган ҳолида (Ўзимизга) яқин этдик.» (Марям сураси, 52-оят).

«Қасамёд этаман Тур (тоғи) билан» (Тур сураси, 1-оят).

«Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик)» уъминун сураси, 20-оят). (“Тури Сайно”, “Тури Сино” ёки “Тури Синин” деб аталадиган тоғ Миср билан Айла шаҳри ўртасидаги муборак тоғ бўлиб, у Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ билан гаплашган жойдир). 

АРАФОТ ВА МАШЪАРУЛ ҲАРОМ (МУЗДАЛИФА)

«(Ҳаж мавсумида тижорат билан) Раббингиздан фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир. Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг! У сизларни гарчи илгари адашганлардан бўлсангиз-да, ҳақ йўлга ҳидоят қилгани каби, сизлар ҳам Уни ёд этингиз! Сўнгра одамлар тушган ердан (Арафотдан) тушингиз ва Аллоҳдан мағфират сўрангиз. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир» (Бақара сураси, 198–199-оятлар)

САФО ВА МАРВА

«Албатта, Сафо ва Марва (тепаликлари) Аллоҳнинг шиорларидандир» (Бақара сураси, 158-оят)

САБАЪ

«Сўнгра узоқ (вақт) қолмай (ҳудҳуд келиб) деди: «Мен сен огоҳ бўлмаган нарсалардан огоҳ бўлдим ва сенга Сабаъ (шаҳри)дан ишончли хабар келтирдим» (Намл сураси, 22-оят).

(Яман диёридаги Билқис маликалик қилган мамлакатнинг номи араб тилида “Сабаъ”, дейилади. Ўзбек тилида ва адабиётларда “Сабо” деб аталади). 

ЖУДИЙ

«(Сўнгра) айтилди: «Эй Ер! Сувингни ютгин! Эй осмон! Ўзингни тутгин (ёғишни бас қил!)» Сув қуриди, буйруқ адо этилди ва (кема) Жувдий (тоғи) узра қўнди ҳамда «Золимлар қавмига – ҳалокат!» – дейилди» (Ҳуд сураси, 44-оят). 

БОБИЛ

«Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир бўлдилар» (Бақара сураси, 102-оят)

МИСР

«Мусо ва унинг биродарига ваҳий орқали: «Қавмингиз учун Мисрда уйлар ҳозирлангиз ва уйларингизни қибла (намозгоҳ) этиб, намозни баркамол ўқингиз ва мўминларга эса (ғалаба ҳақида) хушхабар беринг!» – деб айтдик» (Юнус сураси, 87-оят)

ҲУНАЙН

«Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» (Тавба сураси, 25-оят)

БАДР

«Бадр (жанги)да (ҳарбий) кучингиз оз бўлса-да, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Бас, Аллоҳдан қўрқиб, зора шукр қилсангиз» (Оли Имрон сураси, 123-оят)

 

Толиб НИЗОМ

ЎМИ Матбуот хизмати

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Кимки Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, қўшнисига озор бермасин” (Мутаффиқун алайҳ).

Қўшнилар уч тоифага бўлинади: қариндош, диндош ва ғайридин қўшни.

  1. Қариндош қўшни мусулмон бўлса унинг учта ҳаққи бор: қариндошлик, мусулмонлик ва қўшнилик ҳақлари.
  2. Мусулмон қўшнининг қўшничилик ва мусулмонлик ҳақлари бор.
  3. Ғайридин қўшнининг қўшничилик ҳақи бор

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам айтдилар: “Ёмонлигидан қўшниси эмин бўлмаган кимса жаннатга кирмайди” (Имом Муслим ривояти).

Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам ҳузурига келиб: “Мени жаннатга дохил этадиган амални ўргатинг”, деди. Пайғамбар алайҳиссалом “Муҳсин (яхшилик қилувчи) бўл”, дедилар. “Қандай қилиб муҳсин бўламан” деди у. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи вассаллам: “Қўшниларингдан сўра, агар сени муҳсин дейишса, демак, муҳсинсан. Борди-ю сени ёмон дейишса, демак, ёмонсан”, дедилар (Байхақий ривояти).

 

 Ойбек САМАРҚАНДИЙ,

“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Top