Мақолалар

Онага эҳтиром – динимиз талаби

Аллоҳ таоло: “Онаси уни (ҳомилани) қийналиб кўтариб юрди ва қийналиб қўйди (туғди)”, деб марҳамат қилган ва шу орқали онанинг фарзанди билан муомалотдаги аввалги босқичининг ўзиёқ қанчалик машаққатли эканини сизу бизга билдирган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳадиси шарифларида: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, деб марҳамат қилиш орқали онанинг қадрини бизларга маълум қилдилар.

Улуғлардан бири ҳар куни оналарининг оёқлари остига ётар ва: “Эй онажон, юзимни оёқларингиз билан босиб ўтинг ва менинг юзларимни дўзахдан қутқаринг” дер экан.

Улуғларимиздан бўлмиш Муҳаммад ибн Мункадирдан қилинган ривоятда у киши айтадиларки: “Ёш йигит пайтларимиз эди, тунларнинг бирида онамиз бемор бўлиб қолди, мен акамга: “Акажон, сиз кириб дам олаверинг, мен онамизга қарайман”, дедим. Акам ўша кеча ухламай туни бўйи ибодат қилиб чиқди, мен эса онамнинг бошида ўтирдим, тонг ёришганида қалбимда ажиб бир хотиржамлик ҳукм сурарди. Чунки мен акамдан кўра улуғроқ ишни қилган эдим”.

Олимларимиз ота-онанинг ҳаққини бир-бирига таққослаб: “Онанинг ҳаққи отаникига нисбатан уч баробар кўпдир, чунки она аввал уни ҳомиладорликда кўтариб юради, кейин қийналиб туғади, кейин кечалари ухламай қараб чиқади. Ота эса фақат унинг еб-ичишига жавобгардир”, деганлар.

Олимларимизнинг бу гапларининг исботи ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан такрор-такрор “Кимга яхшилик қилай?” деб сўралган саволнинг аввалги учтасига “Онангга” дея қайтарган жавобларида ўз аксини топгандир.
Энди бу хусусда шу замонамизда содир бўлган бир воқеани келтирамиз:
Бир бола олти ёшида отасидан айрилиб, етим қолди. Оилавий шароити жуда ночор эди. Онаси ўғлини боқиш учун иш қидирди, аксига олиб аёл бирорта касб эгалламагани сабабли уни ҳеч қаерга ишга қабул қилишмади. Тинимсиз изланишлардан сўнг аёл арзимаган ҳақ эвазига бир қурилишдан иш топди. У аёл боши билан қурилишда эркакларнинг ишини қилар эди. Жуда катта машаққатлар билан фарзандини улғайтирди. Фарзанд улғайгач, савдога киришди ва катта тижоратчига айланди. Кунларнинг бирида шаҳарда данғиллама уй сотилаётганини эшитган йигит ўша кунги барча учрашувларини бекор қилди ва дарҳол уйни сотиб олиш учун йўлга тушди. Йигит уй эгасининг олдига келиб, уйнинг нархини сўради, уйнинг эгаси эса сотиладиган уйнинг нархини икки баробар қимматроқ айтди, йигит дарҳол айтилган пулга чек ёзиб берди. Уй эгаси чекни оларкан йигитга: “Сиз савдо қилишни билмас экансиз, агар озгина савдо қилганингизда, мен уйни айтилган нархнинг ярмига берар эдим, чунки уйнинг нархини икки баробар қиммат айтган эдим”, деди.

Йигит бунга жавобан: “Агар сиз бу уйнинг мен учун қанчалик қадрли эканини билганингизда эди, бундан ўн баробар қиммат айтган бўлар эдингиз ва шунда ҳам мен бу уйни ҳеч иккиланмасдан сотиб олган бўлар эдим”, деб жавоб берди.
Бунинг сабабини сўраган сотувчига эса: “Жаноб, бундан роппа-роса йигирма йил бурун худди мана шу уйнинг қурилишида менинг онам ғишт ташиган, бугун эса мен шу уйни онамга совға қилмоқчиман”, деди.

Ҳаётда дўсту ёр, ошна-оғайни топилаверади, лекин ота-она бир марта берилади. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан кимнинг ҳузурида отаси ёки онасидан бири қари ҳолатда бўлса-ю, уларнинг хизматини қилиб, ўзига жаннатни вожиб қилиб олмаса, ўша кишига вайл бўлсин”, дедилар.

Аллоҳ таоло барчамизни ота-онамизнинг хизматини қилиб, ўзимизга жаннатни вожиб қилиб олувчи бандаларидан қилсин!

ЎМИ Матбуот хизмати

 

3537 марта ўқилди

Мақолалар

Top