muslim.uz

muslim.uz

Жорий йилнинг 9 январь куни Жидда шаҳрида жойлашган “Superdome” форумлар саройида бошланган Ҳаж ва умра хизматлари конференция-кўргазмасида  Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда. 

 

Саудия Арабистони Макка Амири, Икки муқаддас масжид ходими маслаҳатчиси Шаҳзода Холид ал-Файсал ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев иштирок этмоқда. 

 

Ушбу кўргазма жорий йилнинг 12 январь кунига қадар давом этади. Мазкур халқаро кўргазма Саудия Арабистони Подшоҳлиги ҳукумати "Ҳаж-2023" тадбирларига пухта тайёргарлик кўриш учун ўтказилмоқда. 

 

Тадбирда дунёнинг турли давлатларидан вазирлар, муфтийлар, ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этишга маъсул Саудия Арабистонининг идоралари ва халқаро компаниялар иштирок этмоқда.

 

Кўргазма доирасида "Ҳаж-2023" мавсумида меҳмонхона, овқатланиш, транспорт, қурбонлик, Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида хизмат кўрсатиш бўйича замонавий лойиҳалар тақдимот қилинади.

 

Ушбу тадбир Саудия тарихида кенг жабҳада биринчи бор ташкил этилаётгани билан катта аҳамиятга эга бўлиб, бу орқали Саудия ҳукумати ҳаж ва умра зиёратчиларига сифатли хизмат кўрсатилишини ташкил этиш борасидаги мақсадларни ўз олдига қўйган.

 

Анжуман доирасида Ҳаж ва умра зиёратчиларига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида ўзбек, араб ва инглиз тилларида чоп этилган "Ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳаж ва умра хизматлари" номли фотоальбом айрим иштирокчиларга тақдим этилди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 09 كانون2/يناير 2023 00:00

Ибодат риё учун қилинмайди

Алҳамдулиллаҳ, бугунги кунда минглаб юртдошларимиз эзгу ниятларига етиб, ҳаж ва умра ибодатларини адо этиб келишмоқда. Умра зиёратига квотанинг олиб ташлангани ва ҳаж сафарига квотанинг сезиларли оширилгани юртдошларимиз дилига катта қувонч улашди.

Минг афсус, айримларнинг ҳаж ва умрадан сўнг ташкил этилаётган турли дабдабали кутиб олиш маросимларию исрофгарчиликлари халқимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари ҳам алоҳида мурожаат билан чиқиб, ҳаж ёки умра сафаридан қайтган инсонларни кимўзарга дабдабали тадбирлар қилишдан қайтариб, исрофгарчиликлардан огоҳлантирди.

Дарҳақиқат, бугун умра амалларини адо этиб қайтганлар орасида дабдабали исрофгарчилик тадбирлари, “ҳожи оши” каби турли маросимлар, риёкорона “байрам”лар, хўжакўрсин зиёфатлар ўтказиш тобора одат тусини олмоқда. Маҳаллаларда зиёратдан қайтганларни етти ухлаб тушга кирмайдиган бемаъни кўз-кўз қилишлар билан кутиб олиш ҳолатлари кўпайганини қандай тушуниш мумкин?! Гўё “Ҳамма кўриб қўйсин, мен муқаддас жойларда бўлдим”, демоқчими?! Бу ахир кибрланиш, риёкорлик, хўжакўрсинчиликдан бошқа нарса эмас-ку!

Аслида умра гуноҳлар кечирилишидан, жаннатдан умидвор бўлган ҳолда адо этилади. Қайтгандан сўнг эса барчага ўрнак бўлиб, хайрли ишларни кўпайтиради. Афсуски, бугун айримлар бу йўлдан эмас, динимизга ёт исрофгарчилик, риё каби иллатлар билан овора бўлмоқда.

Қуръони каримда: “…Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай” деб амр этилган (Аъроф сураси, 31-оят).

Исро сурасининг 26–27-оятларида эса: “…Исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукур эди”, деб огоҳлантирилган.

Абдуллоҳ ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер”, деганлар» (Имом Бухорий ривояти).

Умрани адо этган киши улуғ фазилатларга эришиб келсаю, юртимизга қайтиши билан исрофгарчиликка берилса, унинг ибодати, Каъбатуллоҳ олди қилган дуолари ижобат бўлармикин?! Риёга йўл қўйса-ку, қозонган савоблари ҳам йўққа чиқмайдими?

Зеро, мусулмон инсон одамлар мақтасин деб риё қилаётганида Аллоҳнинг фазлу карамидан маҳрум бўлиб қолиши мумкинлигини ўйласин. Одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб риё қилаётганда Раббисининг қораловидан ва ғазабидан қўрқсин.

Имом Шамсуддин Заҳабий “Ал-Кабоир” китобида: «Риёкорлар қиёмат куни тўртта ном билан чақирилишини, яъни “Эй риёкор, эй хиёнаткор, эй фожир, эй зиёнкор! Боравер, ким учун амал қилган бўлсанг, ўшандан ажр-мукофотингни олавер. Бизнинг ҳузуримизда сен учун ажр йўқ”», дейилишини таъкидлайди.

Бобур МУҲАММАДИЕВ 

тайёрлади. 

“Ҳидоят” журналининг 2022 йил 12-сонидан олинди

الإثنين, 09 كانون2/يناير 2023 00:00

Ихтилофдан сақланайлик!

Инсоннинг оиласи тинч, яшаб турган манзил-макони осойишта экан унга оилани равнақи, фарзандларининг таълим-тарбияси, келажаги ва истиқболига олиб борувчи барча омилларга муяссар бўлажак. Бундан ташқари жамиятда ҳаёт кечираётган одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, мехр-мурувватларининг самимий бўлиши асосан хотиржам бўлишликка боғлиқдир. Шу маънода Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайхи ва саллам) ҳадисларининг бирида тинчлик хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб: "Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар, у-хотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир"-деганлар. Демак инсонлар учун хаводек зарур сиҳат-саломатлик ва тинчлик-осойишталик неъматларнинг қадр-қимматига ўта ахамият бериш керак эканлигини хадиси шарифда таъкидланмокда.

Аммо, беш панжа бир бўлмагандай, одамларнинг баъзилари қалб хасталигига учраб, Юртимиз равнақини кўра олмаслик иллатига чалинганларни борлиги кишининг афсуслантиради. Улар хар хил кўринишда бўлиши, хусусан диний окимларга мансуб бўлиши кишини хавотирга солади. Вахолангки, Аллоҳ таоло ўзининг каломида, "Оли Имрон" сурасининг 103-оятида "(Эй мусулмонлар), Аллоҳнинг арқонига (динига) боғланингиз ва бўлинмангиз!" деб хитоб қилади. Демак, барча мўмин-мусулмонлар соф ақида ва эътиқодга ишониб бизларгача жорий бўлиб келган тўғри йўлдан адашмаслигимизни таъкидламоқда.

Зеро, динда адашиш, нотўғри ақидаларга эргашиш мукаддас динимизни   кўрсатмаларини   инкор  қилишлик  бўлиб, натижада инсоннинг ўзига ва ўзгаларга зулм қилишлигига сабаб бўлади. Оли Имрон сураси, 108-оятда "Аллоҳ оламда ҳеч қандай зулмни бўлишини хоҳламайди" –дейилган.

Юқоридаги илоҳий далиллардан зулм ва ёмонлик Аллоҳ қайтарган ва қилиниши мумкин бўлмаган тубан амал экани кўриниб турибди.

Ҳақиқатда ислом дини хар қандай шароитда экстремистик харакатларнинг зулм келтирувчи харакатларни амалга оширишига мутлако қарши. Пурмаъно инсонпарварлик таьлимотлари ўзида ифода қилган динимиз бўла туриб афсуски, Аллоҳ таолони улуғ неъмати бўлмиш тинчликдан хамма ҳам баробар баҳраманд эмас. Чунки дунёни турли бурчакларида қон тукилишлар содир бўлмокда. Бу хунрезликларни дунё бўйлаб амалга оширилиши террористик кучларнинг мукаддас ислом дини ниқоби остида содир этиши сир эмас.

Бундай бузғунчиликдан Куръони каримда: "...Аллоҳ боғланишга буюрган нарсаларни бузадиган ва ер юзида бузғинчилик килиб юрадиган кимсалар хам борки, улар учун (Аллоҳдан) лаънат бўлур ва улар учун нохуш диёр (жаханнам) бордир"- деб қайтарилган. (Раъд сураси, 25 оят)

Ачинарли томони шундаки, улар динни ниқоб килиб олган, унинг моҳиятини ўз манфаатлари йўлида бузиб талқин қилаётган жиноятчи, қаллоб, адоват ва низо уруғини сочаётган кимсаларнинг буйруқларини ижро қилаётганларини ўзлари хам билмайдилар. Аллоҳ бўлинманглар деса, нега мусулмонлар бўлиниб кетяпти деган ташвишли савол маърифатли мусулмон кишисида пайдо бўлиши табиийдир. Шундан келиб чикиб хар бир мўмин мусулмон киши бўлиниш ёмонлигини англаб етиши лозим. Зеро, бўлинмаслик аҳли сунна вал жамоа йўлини танлаш ва унга эргашиш имон амридир. Маълумки, кейинги даврда, пайдо бўлаётган Ислом номи билан боғлиқлиги айтиладиган, лекин аслида мусулмонларнинг ораларига тафриқа соладиган тоифалар бизнинг юртимизга бегонадир.

            Хозирги кунда юртимизга узоқ ва яқин айрим мамлакатларда бўлаётган нотинчликларни қоралаймиз, тез кунларда тинчлик хотиржамлик ва офият неъматидан бахраманд бўлишликларини Аллох таолодан сўраймиз.      

            Юртимиздаги омонлик ва офият неъматлари бардавом бўлсин.  

Баҳодир Шарипов,
Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг
Чуст туман вакили

“Жумадан жумагача” рукни орқали muslim.uz сайтида эълон қилинган энг муҳим хабарларнинг қисқача шарҳи билан танишиш мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Мақолалар

Top