muslim.uz

muslim.uz

Миср кўҳна диёр, буюк тарих ва ғоялар орасидаги курашларга шоҳид энг қадимий ибрат саҳнасидир. Ушбу замин ҳақида Қуръони каримда ҳам беш оятда ишора келган. Илм ва ҳикмат гулшани бўлган бу юртда минг йилдан зиёд тарихга эга Азҳари шариф дорулфунуни мусулмон дунёсига йирик уламоларни етиштириб бериши билан маълуму машҳур. Айни дамда ҳам Ал-Азҳар мусулмон оламидаги энг обрўли таълим даргоҳларидан биридир.

Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги дўстона ҳамкорлик кўп асрлик бой тарихга эга. Мовароуннаҳр ва Миср диёрида яшаб ижод қилган улуғ бобокалонларимизнинг ноёб илмий-маърифий мероси бутун мусулмон олами бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Буюк аждодимиз Аҳмад Фарғоний Мисрда яшаб, кўплаб кашфиётлар қилган. Жумладан, аллома бунёд этган, Нил дарёси сувини ўлчайдиган “Миқёси Нил” иншооти Миср халқи фаровон ҳаёти ва давлат тараққиётига хизмат қилаётгани эътиборлидир.

Нил бўйида Аҳмад Фарғоний шарафига ўрнатилган мажмуа халқларимиз ўртасидаги азалий дўстликнинг ёрқин рамзига айланган. Мана шу ҳамкорликнинг узвий давоми сифатида 2022 йил 6-10 июнь кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров Мисрда ўтказилган “Диний экстремизм. Интеллектуал асос ва уни енгиш стратегияси” мавзусидаги халқаро анжуманда қатнашди.

Тадбирда йирик уламолар, АҚШ, Буюк Британия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликларининг таниқли олимлари, Болгария, Нигерия, Индонезия, Бельгия, Баҳрайн, Ироқ, Иордания, Ливан, Цингапур, Қозоғистон сингари давлатлар муфтийлари, исломшунослар, экспертлар ва соҳа ходимлари каби жами юздан зиёд нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Анжуман юқори даражада ташкил этилиб, экстремизмга қарши кураш йўналишидаги кўргазмалар, электрон китоблар намойиши, аудио-видеомаърузалар, инфографикалар ва тарқатма материаллар тақдим қилинди. Анжуман ишини 50 дан зиёд марказий оммавий ахборот воситаси ёритиб борди.

Анжуманни Миср муфтийси, профессор Шавқий Иброҳим Аллом очиб, замонавий таҳдидларнинг олдини олиш, хусусан, адашган тоифалар ғояларига қарши курашишда уламоларнинг иттифоқи муҳим эканини таъкидлади.

Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳам сўзга чиқиб, бугунги даврда юртимиз алломалари меросининг амалий аҳамияти, аҳли сунна вал жамоа ақидасини мусулмонлар орасида соф ҳолда тарғиб этиш, ёт ғояларга қарши курашда бирлашиш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириб, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларни ягона мақсад сари йўналтириш зарурлиги тўғрисида таклифлар берди.

Бу анжуман иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди ва эҳтиром билан қабул қилинди. Айниқса, мамлакатимиз вакилининг чиқишини Ал-Азҳар уламолари кенгаши аъзоси, доктор Шайх Али Жума, Босния ва Герцоговина собиқ муфтийси Шайх Мустафо Иброҳим кабилар алоҳида эътироф этди.

Ташкилотчиларнинг илтимосига биноан, Н.Холиқназаров анжуманнинг иккинчи кунида яна бир бор маъруза қилиб, ислом маърифатини инсонларга тўғри тушунтириш ва бузғунчи ғояларга қарши туриш борасида Ўзбекистон тажрибасини баён этди.

Маърузада сўнгги йилларда юртимизда диний экстремизмга қарши кураш йўналишидаги ислоҳотлар мазмун-моҳияти, хусусан, минглаб фуқароларнинг махсус рўйхатдан чиқарилиши, қилмишидан пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтганларни афв этиш амалиёти ҳамда можароли ҳудудлардан аёллар ва болаларни юртимизга қайтариш борасидаги “Меҳр” операциялари мақсад ва самаралари баён қилинди. Бундай ўзига хос тажриба тадбирнинг барча иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди.

Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида Президентимиз томонидан экстремизм ғоялари таъсиридан аҳолини ҳимоя қилишда соф ислом ақидасини кенг ёйишга эътибор қаратилаётгани, бундай шахсларга нисбатан кечиримлилик сиёсати юритилаётгани ва унинг самаралари, ёшлар турли ёт оқимларга берилиб кетмаслиги учун тегишли чоралар кўрилаётгани таъкидланди. Халқ эътиқоди софлигини сақлаш ишлари нафақат мамлакат ичкарисида, балки ташқарисида ҳам фаол амалга оширилаётганига барчанинг эътибори қаратилди. 

Қуръони каримни ўрганишга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида тажвид курслари ташкил этилгани иштирокчиларнинг қизиқишини уйғотди.

Халқаро анжуман доирасида муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда Миср муфтийси Шавқий Аллом ўртасида учрашув ташкил этилди. 

Унда Мисрдаги Дорул Ифто ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш, диний соҳа мутахассислари малакасини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш ҳамда долзарб мавзуларда замонавий фатволар ишлаб чиқиш юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.

Муфтий Нуриддин Холиқназаров Мисрда таҳсил олаётган бир гуруҳ ватандош-талабалар билан учрашди. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан ташкил этилган ушбу мулоқотда юртимизда кечаётган ислоҳотлар хусусида ўртоқлашилди.

Қалбдаги Ватанга муҳаббат ҳар бир инсонни доимо юртига талпиниб яшашга чорлаши ҳамда туғилган гўшаси, ота-онаси ва фарзанду яқинларини соғинишга ундаши таъкидланди. Расул алайҳиссалом, саҳобаи киромлар ва улуғ зотлар ҳам она юртга ўзгача муносабатда бўлганлари тарихий мисоллар орқали баён этилди.

Дин соҳасидаги улкан хайрли ишлар, хусусан, мўмин-мусулмонларнинг шаръий эҳтиёжларини қондиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар эътироф этилди. Иштирокчилар ўзлари яшаб турган мамлакат қонунларига қатъий амал қилишга чақирилди.

Мулоқот давомида Мисрдаги юртдошларимиз ҳам сўзга чиқиб, давлатимизда дин соҳасидаги ўзгаришлардан жуда мамнун эканини билдириб, бундай хайрли ишлар бардавом бўлишини тиладилар.

Талабалар мазмунли учрашув учун миннатдорлик билдириб, файзли суҳбат Ватанни соғинган қалбларга таскин бўлгани, айниқса, шу каби ташрифлар фойдали бўлиши, келгусида илм ўрганиб, тажриба ҳосил қилгач, албатта, юртга қайтиб, халқимизнинг диний-маърифий савиясини ошириш йўлида фаолият юритишини маълум қилишди. 

Буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони Имом Бухорий каби улуғ зотлар маърифат излаб дунёнинг турли ўлкаларида бўлган эсаларда, алал-оқибат, ватанга қайтганлар, унинг тупроғини кўзларига тўтиё қилганлар. Халқ хизматида собитқадам турганлар. 

Инсон қаерда ва қайси мақомда бўлмасин, доимо Ватанга муҳаббатли, ота-онаси, фарзандларига садоқатли бўлмоғи лозим.

Буюк аждодларга муносиблик – шу!
Энг олий ватанпарварлик – шу!
Силайи раҳмнинг олий намунаси – шу!

Янги Ўзбекистонда ғоявий таҳдидларга қарши кураш йўналишида эришилган, эришилаётган улкан натижалар ва тўпланган тажрибаларнинг халқаро даражада эътироф этилиши ҳам танланган йўлнинг нақадар тўғри ва собитқадам эканига далолат қилади.

Башорат ЮНУСОВА,
Янги Ўзбекистон мухбири
Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 14 июнь, 117(639) сон
الثلاثاء, 14 حزيران/يونيو 2022 00:00

“Оқиб келувчи” гуноҳлар

“Оқиб келувчи” савоблар ҳақида эшитганингиз бор. Уларни бир сўз билан “садақаи жория” дейилади. Оқиб келувчи гуноҳлар ҳам бор эканлиги ҳақидачи, эшитганмисиз? Ундай бўлса эшитинг.

Қиёмат куни инсон ўзининг ҳисобига ёзилган катта-катта гуноҳларни кўриб ҳайрон қолади. Чунки, у бу гуноҳларни ўз қўли билан қилмаган, лекин шунга қарамай унинг ҳисобига ёзиб қўйилган бўлади. Ўзи қилмаган аммо, унинг номаи амалига ёзилган гуноҳларнинг номини “оқиб келувчи”  гуноҳлар дейилади. Бу гуноҳлар киши қабрида ётганида, яъни вафот этганидан кейин ҳам унинг номаи амалига ёзилиб бораверади. У тўхтовсиз ва давомли тарзда оқиб келаверади. Кун ўтган сайин кўпая боради, ойлар, йиллар давомида тоғдек-тоғдек гуноҳларга айланади. Унинг келишини тўхтатиб бўлмайди.

Тоғдек-тоғдек бу гуноҳлар қаердан келди, нима учун унинг ҳисобига ёзиб қўйилди?

“Оқиб келувчи” гуноҳларнинг манбаи инсоннинг ўз қўлида. У ҳаёти давомида қайсидир гуноҳ-маъсият ишни қилади ва бошқалар ҳам унга эргашиб шу ишни давом эттиради. Натижада, бошқаларнинг қилган гуноҳлари ҳам унинг зимасига тушади. Чунки, у ушбу гуноҳ ишнинг “ташаббускори”, ўзгалар унга эргашувчилардир.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқ воситалари “оқиб келувчи” гуноҳларнинг асосий манбаига айланиб бормоқда. Кимлардир томонидан ўзларининг турли хилдаги беҳаё суратлари, видео ёзувлари, бошқалар ҳақида тарқатилаётган туҳмат ва бўҳтон сўзлар, одамларни обрўсизлантириш, ўртага нифоқ ва фитна солиш, айниқса диний тафриқабозликка сабаб бўладиган мақола ҳамда аудио ва видео ёзувларнинг тарқатилиши аввало, ўша кишиларнинг қаттиқ гуноҳкор бўлишларига сабаб бўлса, иккинчидан уларни қўллаб-қувватловчилар, уларга эргашувчиларнинг гуноҳларига ҳам шерик бўлишларига олиб келади.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда огоҳлантирган:

َلَيَحْمِلُنَّ أَثْقَالَهُمْ وَأَثْقَالًا مَّعَ أَثْقَالِهِمْ ۖ وَلَيُسْأَلُنَّ يَوْمَ الْقِيَامَةِ عَمَّا كَانُوا يَفْتَرُونَ))

яъни: “Албатта, улар ўзларининг юк (гуноҳ)ларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта, қиёмат кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғон)лари тўғрисида сўралурлар” (Анкабут сураси, 13-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

من دعا إلى هدًى، كان له من الأجر مثلُ أُجور من تَبِعه، لا ينقُص ذلك من أُجورهم شيئًا، ومن دعا إلى ضلالةٍ، كان عليه من الإثم مثلُ آثام من تبعه، لا ينقُصُ ذلك من آثامهم شيئًا»

(رواه مسلم)

яъни: “Ким ҳидоятга чақирса, унга эргашувчининг савобидек ажр бўлади. Бу билан амал қилган кишиларнинг савобидан бирор нарса камаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ ёзилади. Бу билан амал қилган кишиларнинг гуноҳидан бирор нарса камаймайди” (Имом Муслим ривояти).

Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: Вафот этганидан кейин гуноҳлари ҳам тўхтаган кишига жаннат бўлсин. Вафот этганидан кейин ҳам гуноҳлари юз-икки юз йиллар давомида тўхтамай келадиган ва шу гуноҳлари туфайли қабрида ҳам, охиратда ҳам азобланадиган кишига вайл (дўзах) бўлсин.

Эй, биродар! Ижтимоий тармоқларга қўйган суратларингизни кўздан кечириб чиқинг. У ерга жойлаштирган маълумотларингизни тафтиш қилинг. Гуноҳ-маъсиятга ундовчи суратми, мақолами, инсонлар ўртасида фитна-фасод, буғзу-адоват қўзғатувчи постларми бўлса вақт ўтказмай тезда ўчириб ташланг. Токи, бошқа инсонлар сизнинг тарқатган материалларингиздан таъсирланиб сиз тарғиб қилган гуноҳ ишларни қилиб улгурмасинлар. Акс ҳолда уларнинг қилган гуноҳлари “оқиб келувчи” гуноҳга айланиб сизнинг ҳисобингизга ёзилади.

Шу билан бирга қилган номаъқул ишингиздан тезда тавба қилинг. Чунки, ҳеч бир инсон ўз ажали қачон келишини билмайди.

 

 

https://t.me/tuhur 

Шу кунларда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси аъзолари Россия Федерациясининг бир қанча шаҳарларида бўлиб, мусофирликда ҳаёт кечираётган юртдошларимизга илмий суҳбатлар ташкил этиб келмоқдалар. Яқинда Екатеринбург шаҳридаги “Абу Ханифа” масжидида ана шундай диний-маърифий мулоқот бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, ўринбосари Иброҳимжон домла Иномов хуфтон намозига йиғилган 600 зиёд ватандошларимизга диний идора раҳбарияти ва муфтий ҳазратларининг саломлари ва хайрли дуоларини етказди.
Шунингдек, Иброҳимжон домла "Шукр қилиш – олий фазилат!", "Тинчлик ва хотиржамлик – улуғ неъмат!", "Ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган миллий ва диний қадриятларимиз – муборак динимиз асосларидир", "Турли оқимлардан эҳтиёт бўлайлик!" мавзуларида маъруза қилдилар. Шу билан бирга диний савол-жавобларда интернетдаги хар хил сайт ёки турли одамлардан эмас, балки идора тизимидаги расмий интернет-нашрларидан фойдаланишни тавсия қилиб, улар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек бундай тадбир, Нижневартовск шаҳрида янги барпо этилаётган масжидда бўлиб ўтди. Унда Иброҳимжон домла Иномов масжид фаолларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров номларидан совға тақдим этди. Сўнгра аср намозига йиғилган юзга яқин ватандошларимизга муҳим мавзуларда суҳбат қилиб бердилар.
Суҳбат якунида йиғилганлар сермазмун суҳбат ва катта эътибордан мамнун бўлишиб, бундай учрашувларни кўпроқ ташкил этиш кераклигини билдирдилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 13 حزيران/يونيو 2022 00:00

Бемазҳаблик (видео)

"Бўта бува" жоме масжиди

имом-хатиби

Зиёвуддин Мирсодиқов

Наманган шаҳридаги

"Яҳёхон тўра“ жоме масжиди

имом-хатиби Нуруллоҳ Жамолов

Мақолалар

Top