muslim.uz

muslim.uz

Мисрнинг «Althanya» телеканалининг «Элчихонада учрашув» теледастурининг навбатдаги сони Ўзбекистон дипломатия миссияси билан ҳамкорликда тайёрланди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Кўрсатув бошловчиси Сара Нуриддин ўзбек халқининг Рамазон ойини нишонлаш анъаналари ҳақида сўз юритди.
Хусусан, мисрлик журналист ўзбек халқи ушбу муқаддас ойни оила аъзолари ва яқинлари билан биргаликда нишонлашини таъкидлаган. «Саҳарлик ва ифторлик, асосан, оила аъзолари билан биргаликда турли миллий таомлар ва пишириқлар билан безатилган тўкин дастурхон атрофида ўтказилади», - дейди бошловчи.
Теледастурда ўзбек оилаларида барча миллий байрамлар ва тадбирларда палов тайёрланишига эътибор қаратилган. «Таомлар шоҳи - палов ҳақида минг марта эшитгандан кўра, уни тайёрлаш жараёнини бир маротаба кўриш ва таътиб кўриш жоиз» - дея қайд этади Сара Нуриддин. Дастур довомида элчихона ходимлари билан биргаликда ўзбек паловини тайёрлаш жараёни тўлиқ эфирга узатилди. Дипломатия миссиямиз ходимлари ўзбек миллий таомини тайёрлаш жараёни батафсил тушунтириб берди. «Ўзбек халқининг севимли таоми - палов байрам кунлари, асосан, эркаклар томонидан тайёрланади», - дейди дастур иштирокчиларидан бири.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, палов тайёрлашдаги қатъий қоидалар, ингредиентлар, масаллиқларни пишириш кетма-кетлиги, ошпаз олдига қўйилган юқори талаблар мисрлик томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.
Кўрсатувнинг якуний қисмида Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар, муқаддас Ислом динининг асл моҳиятини кенг тарғиб этиш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш бўйича қилинаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида видеоролик тақдим этилди.
Унда сўнгги йилларда мамлакатимиз Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Термизий номидаги халқаро марказлар каби илм даргоҳлари ташкил этилгани қайд этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Ар-Раҳмон – Аллоҳнинг гўзал исмларидан бири. Сурада Аллоҳ таоло инсонларга, жинларга берган беҳисоб неъматлари эслатилган, ўттиз бир марта: “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини инкор этасизлар?!” – деб хитоб қилинган.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлар олдига чиқиб, Ар-Раҳмон сурасини бошидан охиригача ўқиб бердилар. Саҳобалар қироатга қулоқ солиб жим ўтираверишди. Бу ҳолни кўрган Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жинлар қандай жавоб қайтарганини айтдилар: жинлар билан учрашилган тунда у зот Ар-Раҳмон сурасини ўқиб берганлар. Ҳар сафар “Парвардигорингизнинг қайси бир неъматини ёлғонга чиқарасизлар?!” оятидан ўтилганда, жинлар: “Парвардигоро, Сенинг биронта ҳам неъматингни инкор қилмайсиз. Барча мақтовлар Сенгагина хос!” деб жавоб қайтаришган.

Ҳар нарсанинг зийнати бўлади. Қуръоннинг зийнати – Ар-Раҳмон сураси. Бу сурада дунё ва охират неъматлари, жаннат аҳлининг келинлари бўлмиш ҳурлар васф этилган, уларнинг зеб-зийнатлари ҳақида маълумот берилган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳар бир нарсанинг келини бор. Қуръоннинг келини Ар-Раҳмон сурасидир” (Имом Байҳақий ривояти).

Фотима розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда: “Ҳадид, Воқеа, Ар-Раҳмон сураларини ўқийдиган қори осмонлару ер малакутида “Фирдавсда яшовчи” деб чақирилади”, дейилган (Имом Байҳақий ривояти).

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

Индонезиянинг машҳур «INDOZONE» ахборот порталида "Самарқанд – Ўзбекистонда ислом шон-шуҳратининг шоҳиди, шунингдек, Имом Бухорийнинг мангу оромгоҳи" номли мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Гап Самарқанд шаҳри ва унинг тарихий диққатга сазовор жойлари – Регистон майдони ва Шоҳи-Зинда мажмуаси ҳақида бормоқда.

Самарқанд сафари чоғида Имом Бухорий мажмуасидаги зиёратни ўтказиб юбормаслик лозимлиги алоҳида таъкидланади.

"Имом Бухорий ҳижрий 194 йилнинг 13 шаввол куни ёки 810 йилннгн 21 июль куни Ўзбекистоннинг Бухоро шаҳрида туғилган", - дейилади мақолада. - Самарқанд шаҳрида жойлашган Имом Бухорий мажмуаси бугунги кунда дунё мусулмонлари жамоаси учун энг машҳур сайёҳлик масканларидан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, Имом Бухорий мақбарасини мусулмон сайёҳлардан ташқари, турли мамлакатлардан келган мусулмон бўлмаган сайёҳлар ҳам зиёрат қилишади".

Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ҳадислар тўпловчи Имом Бухорий ўзининг "Саҳиҳ Бухорий" деб номланувчи "Ал-Жомий ас-Саҳиҳ" номли монументал асарида 7275 тача ҳадис ёзди, - деб таъкидлайди «INDOZONE».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

الإثنين, 18 نيسان/أبريل 2022 00:00

Фитналардан огоҳлик

Ҳалиям фитна қилишдан тўхтамадингларми? Аллоҳга осий бўлишдан хали ҳам тўхтамадингларми?! Наҳотки сизлар ҳалиҳам тўнтарамиз, революция қиламиз деб ҳаракат қилиб, ўзларингча тўпланиб юрипсизлар. Қачонгача ўзларингни алдаб юрасизлар. Одамларни фикрини ўзларингга жалб қилмоқчисизлар. Лекин бариси бефойда эканини тушуниб етмаяпсизлар. Сизлар бариларингиз фитначисизлар. Сизлар худди Усмон разияллоҳу анҳуни тушунмасдан у кишини шаҳид бўлишига сабабчи бўлган тўртта жоҳил, ақидапарастсизлар. Яна Аллоҳ таоло: «Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир», деган.Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса, ҳамма–зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар.«Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар унинг ичига киради. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик, давлатда адолат ўрнатаман деб турли кризисларни пайдо бўлишига сабаб бўлиш, нормал ҳолатда давом этаётган турмушни бузиб ағдар-тўнтар қилиш, одамларнинг илм олишига халақит бериб фикрини чалҳитиш катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари; зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага-оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:
«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг».Яна, эй зулм қилаётганлар:«...билгинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир».Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам уйқудан юзлари қизарган ҳолда уйғониб: «Лаа илаҳа иллаллоҳу. Батаҳқиқ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжужнинг тўғонидан манабунча очилди», дедилар.
Суфён қўлини букиб тўқсон ёки юзни кўрсатди. «Ичимизда солиҳлар туриб ҳалок бўламизми?» дейилди. Ҳа! Қачон фисқи фужур кўпайса», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кишилар ичида фисқи фасод кенг тарқалса Аллоҳ таоло. уларни агар ичларида аҳли солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалокатга дучор қилар экан. Сизларга мурожаат қиламан. Кўпчилик бўлиб фисқи фасодга қарши туриш лозим. Ўз ватанига хиёнат қилганларга, қарши илм билан, агар илм билан бўлмаса фикр билан қарши туриб курашиш керак.

Манбалар асосида Жамалов Нуруллоҳон тайёрлади

Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга биринчи нозил қилган ваҳийси, Қуръони каримнинг энг аввалги оятларидаёқ бутун инсониятни ўқиш, илм олиш ва ёзишга буюриб: «Ўқинг (Эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз эса карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди», деган (Алақ сураси, 1-5-оятлар).


Бугун юртимизда илму маърифат равнақи йўлида улкан ишлар амалга оширилаётгани ҳам мана шу оятларга ҳамоҳанг тарзда Аллоҳнинг амрига итоаткорликдир. Айниқса, таълимни ривожлантиришга берилаётган эътибору ғамхўрлик бу ишларнинг энг хайрлиси ва савоблиси бўлмоқда.


Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши ислом маърифатини кенг ёйиш, буюк аждодларимизнинг бой меросини, авваламбор, халқимизга, Қолаверса, дунё ҳамжамиятига етказиш ва ёш авлодни улуғ алломалар асарларида акс этган эзгу таълимотлар руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда.


Ушбу муассасага мамлакатимизнинг ислом маданиятида тутган ўрнини, буюк алломаларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини кўрсатиб беришга қаратилган илмий тадқиқотлар олиб бориш, бугунги глобаллашув даврида юртимизда ислом динининг ҳақиқий мақомини жамоатчиликка тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш вазифалари юклатилган.


Айни кунда марказда илмий изланишлар олиб борилаётгани, аждодларимизнинг асарлари тадқиқ қилиниб, таржималар амалга оширилаётгани Ўзбекистонда Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор қўйилаётганидан даракдир.


2018 йил 15 июнь Рамазон ҳайити куни Президентимиз Ислом цивилизацияси маркази Пойдеворига тамал тоши қўйиб, ушбу Илм-маърифат масканининг ички ва ташқи кўриниши, безатилиши ҳақида долзарб фикр-мулоҳазаларини билдириб, заминимиз асрлар давомида жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисми, ислом маданияти марказларидан бири бўлиб келганини акс эттирадиган яхлит мажмуага айлантириш бўйича зарур топшириқлар берган эди. Ўтган давр мобайнида амалга оширилган барча саъй-ҳаракатлар ана шундай эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга сафарбар этилмоқда.


Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биноси қурилиш жараёнлари билан танишиш учун бир неча бор ташриф буюриб, бунёдкорлик ишларини доимий кузатиб келмоқда.


Жорий йилнинг 8 апрель куни муборак Paмазон кунларида давлатимиз раҳбари ушбу марказга яна бир бор келиб, мажмуани кўркам ва сифатли қилиб қуриш билан бирга, унинг мазмунига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази халқимизнинг маънавий қудрати қай даражада эканини кўрсатиши кераклигини ҳам қайд этди.
Дарҳақиқат, Ислом цивилизацияси маркази уч қаватли, маҳобатли, қадимий обидаларимиз шаклида барпо этилаётгани, бу иш қарийб тўрт йилдирки, кенг кўламда давом этаётгани унинг нақадар улкан лойиҳа эканидан далолатдир. Мажмуанинг яқин йиллардан иш бошлаши халқимиз учун ҳам, бошқа мусулмон ўлкалар учун ҳам улкан воқеага айланиши, шубҳасиз. Зеро, бу бунёдкорликлар замирида илму маърифат тарқатишдек эзгу ниятлар мужассамдир.


Иншааллоҳ, тез кунларда муҳташам марказнинг очилишини кўриш барчамизга насиб этсин, омин.


Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Мақолалар

Top