muslim.uz
Намоз — мўминнинг суянчи
Бир отахон уруш йилларида бошидан ўтказган воқеаларни ҳикоя қилиб берди:
“Ўн икки минг киши олмонлар лагерида тутқун эдик. Бизга умуман овқат беришмасди. Аввал ўт-ўланларни едик, қанча одам шишиб ўлди. Кейин томирларни кавлашга тушдик, чунки ер шип-шийдам чўлга айланганди. Ҳар куни юзлаб одам жон берар, менинг ҳам ажалим кўзим олдидан ўтарди. У ерлардан қутулиб чиқишга заррача ишонч йўқ эди. Шунда ибодатга қаттиқ берилдим. Олдин ҳам намоз ўқирдим, лекин ўлимга рўпара туриб адо этганларим бошқача бўлди. Қуллуқ-ниёз фақат Аллоҳга эди. Ундан бошқасини унутган, Ундан бошқасидан умидимни узгандим.
Шундай кунларнинг бирида чеккароқда хуфтон намозини ўқиётсам, ёнимга бир нарса тап этиб тушди. Намозни тугатиб қарадим, симнинг у ёғидаги соқчи ўша нарсага имо қилди-да, нари кетди. Олиб очсам, қўрда пиширилган картошка экан! Юрагим ҳапқиришини кўринг. Дарҳол қўйнимга тиқдим. Сўнг ухлаган бўлиб, секин шима бошладим. Чайнашга қўрқаман, чунки оғзимда бир нарса борлигини билишса, мени талаб кетишлари аниқ эди.
Эртасига ҳалиги аскар яна картошка ташлади. Икки кундан кейин яна… Кунора келиб турган ризқим менга қувват бағишларди. Аскар билан шу тариқа “оға-ини” бўлиб олдик.
Қисқаси, ризқим тугамаган экан, етиб турди. Уни қаердан, қандай етказишни ризқ берувчи Зот яхши билади. Аммо, болаларим, бу ризқ фақат намозим сабабли эди. Ахир намоз ўқимасам, ўша аскар мени шунча маҳбус орасидан қандай таниб оларди?!
Шундай қилиб, ўлим лагеридан омон чиқдим. Сўнг бизни конларда ишлатишди. Қанча одам у ерда ўлиб кетди. Мен эса Аллоҳнинг марҳамати билан яна омон қолдим. Советлар ғалаба қозонганидан кейин маҳбусларнинг кўпчилиги, сотқин, дея отишга, қамоққа ҳукм қилинди, аммо менинг пешонамга омонлик ёзилган экан, соғ-саломат юртимга қайтдим. Шунинг учун ҳамиша Аллоҳга суянинглар, намоз билан Аллоҳдан мадад сўранглар…”
Бу ҳикоядан кейин даврадагилар буюк бир ишга – намозга шайландилар. Зеро, вақти ҳам кириб қолган эди.
Манбалар асосида Бахмал тумани «Абай» жоме масжиди
имом-хатиби Баратов Алишер тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Олижанобликми ёки сохта саховат
Ёшгина аёл тухум сотаётган кампирдан тухумнинг нархини сўради.
Кампир: “Донаси 500 сўмдан”, деб жавоб берди.
"2500 сўмга олтита тухум берасизми”, салкам қарзини сўрагандай баландроқ овозда деди аёл ва қўшимча қилди: “Бўлмаса, кетаман-да, бошқа жойдан ҳам олавераман”.
Кекса кампир бир муддат дам тухумларга, дам аёлга қаради-да: "Майли, олақолинг, эрталабдан бери биттаям сотолганим йўқ, ҳарна сотилгани”, деб тухумларни халтага солиб берди.
Аёл гўё катта ғалаба қилгандек, тухумларни ва сумкаларини кўтариб машинаси турган жойга қараб юрди. Янгигина автомобилга ўтириб, дугонаси билан учрашиши белгиланган ресторанга келди. Дугоналар кўнгиллари тусаган таомлардан еб, хоҳлаган ичимликларни ичиб, маза қилишди. Туриб кетишаётганда, ҳисоб келтиришди. Ҳалиги аёл ҳисобда кўрсатилгандан ортиқча пул бериб, “қайтими керакмас”, дегандек қўли билан официантга имо қилиб қўйди .
Бу воқеа ресторан хўжайинига арзимаган фойда келтирган бўлса-да, тухум сотаётган кампирга катта зарар эди.
Нега биз кучимизни ожизлардан нарса сотиб олаётганда кўрсатамиз? Нима учун бизнинг сахийлигимизга муҳтож бўлмаган одамларга хайр қилгимиз келиб қолади? Нега тўй-ҳашам, маъракаларда ўзига тўқ одамларга бошқа жой, бошқача дастурхон кўрсатилади-ю оддий халқнинг ўрни бошқа бўлади?
Илгари қаердадир ўқигандим:
"Менинг отам муҳтож одамларнинг сотаётган нарсасини керак бўлмаса ҳам сўраганидан ортиқ нархда сотиб оларди. Мен ундан бунинг сабабини сўрасам: “Мана шу ҳақиқий олийжаноблик”, деб жавоб берганди.
Ёқуб Умар таржимаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Нафс тарбияси
Нафс тарбияси энг ҳассос мавзулардан бири ҳисобланади. Бу мавзуда кўплаб олимлар, тариқат машойихлари сўз юритганлар, қатор китоблар ва рисолалар битганлар.
Дарҳақиқат, нафсга бўйсунмасликда инсон учун жуда кўп яхшиликлар, баракалар бор. Унга эргашиш эса ёмонликларнинг пойдевори ҳисобланади. Шу кунгача ўтган солиҳ бандалар барча яхшиликларнинг асоси нафсни тарбия қилиш, барча ёмонликларнинг асоси эса унга тобе бўлишда эканлигини таъкидлаганлар.
Нафсига эргашмай, уни тарбиялаган киши ютуққа, муваффақиятга етишади. Унга фақат гумроҳ кимсаларгина эргашадилар.
«Ҳақиқатда, ким у (нафс)ни покласа, ютуққа эришади». (Шамс сураси, 9 - оят).
«...Ўз ҳавои нафсига эргашган кишидан кўра адашганроқ кимса борми?!». (Қасос сураси 50 - оят).
Донишманд халқимиз «Менинг нафсим балодир. Ўтдан чўққа солодир» деб ҳам бежиз айтмаган.
Уламолар нафс истакларига тескари ҳаракат қилишни ибодатнинг боши, дейдилар.
Тарихда ўтган кўплаб алломалар, машойихлар, руҳий тарбия уламолари нафсларини ислоҳ этиш билан олий мартабалар, мақомларга эришганлар.
Бир киши ҳавода муаллақ ўтирган одамни кўриб, бунинг сабабини сўради. У айтди: «Мен ҳавони тарк қилган эдим, Аллоҳ ҳавони бўйсундириб қўйди». Яъни, ичимдаги нафсим истакларига хилоф қилган эдим, Аллоҳ ташимдаги ҳавони хизматимда қилди.
Машойихлар айтади:
Нафсга хилоф қилишнинг баракаси, таъсири ҳар бир инсонга гарчи у Ислом аҳлидан бўлмаса ҳам ўтади. Ривоят қилинишича, Мисрда мукошафа билан машҳур бўлган роҳиб бўлар эди. Унинг бу ҳолати мусулмонларни фитнага солишидан қўрққан бир олим заҳарланган пичоқни олиб, роҳибнинг уйига борди. У эшикни таққиллатган эди, ичкаридан: «Ҳой мусулмонлар пешвоси! Пичоқни ташла», деган овоз эштилди. Олим пичоқни ташлаб, уй ичига кирди. Роҳибга қараб: «Сенда мукошафа нури қаердан пайдо бўлди? Ёки мусулмонмисан», деди. Роҳиб айтди: «Ҳа, мусулмон бўлдим». Имом: «Бу қандай содир бўлди?», деди. У: «Нафсга хилоф қилиш билан бўлди. Нафсимга исломни таклиф қилгандим, у бош тортди. Мен эса унга хилоф қилдим», деб жавоб қайтарди.
Ҳўжаобод туман “ЕТТИ ЧИНОР” жоме масжиди ноиби-имоми
Муҳаммадқуддус Абдуҳалимов
Улуғ зот "лар" ми?
Она Ватанимизда эркинлик бўлиб, диний мавзудаги адабиётлар кўплаб нусхаларда нашр этила бошланганидан сўнг ушбу соҳага оид сўз ва иборалар, турлича ёзилиб, қўшимчалар турлича қўллана бошландики, уларни бир хил усулда ёзиш ва қўллаш масаласида ҳамон бир тўхтамга келинмади. Якуний хулосага келиниб, амалда қўлланилаётганлари ҳам бир оз андеша уйғотаётир. Хусусан, -лар қўшимчаси ҳам илм ва ижод аҳли ўртасида кўплаб баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бир тоифа ҳурматли шахслар отига -лар қўшимчасини қўшиб айтишса, бошқа тоифа буни инкор этиб, -лар кўплик қўшимчаси эканини иддао этади ва: “отамлар”, деганда унинг отаси кўпми? деган савол пайдо бўлиб қолади”, дейди.
Мамлакатимизнинг пешқадам ахборот агентлиги ЎзА ва етакчи нашрлари “Тафаккур” журнали ва “Халқ сўзи” газетасида -лар қўшимчаси фақат кўплик маъносида қўлланилаётир.
Бироқ диний нашрларда -лар қўшимчаси кўплик билан бирга шахсга ҳурмат ифодаси маъносида ҳам қўлланмоқда. Масалан, “Пайғамбар соллалллоҳу алайҳи васаллам айтдилар”, “Шайх ҳазратлари келдилар” ва шунга ўхшаш.
Нега бундай бўлаётганини билиш учун тилимизда ушбу қўшимча қандай вазифаларни бажаришига эътибор қаратмоғимиз лозим. Жумладан, 2015 йил нашр этилган “Ўзбек тилидан маърузалар тўплами”да бундай ёзилган:
-лар қўшимчасининг услубий вазифалари
Агар қўшимча ўз вазифасини бажарса, бу унинг морфологик вазифалари ҳисобланади. масалан, китоблар сўзида -лар қўшимчаси грамматик кўпликни ифодаламоқда. Бу эса унинг вазифаси, яъни морфологик вазифаси саналади. Агар қўшимча ўз вазифасидан бошқа вазифаларни ҳам бажарса, бу унинг услубий вазифаси ҳисобланади. Масалан, Онамлар келдилар гапида -лар қўшимчаси ҳурмат маъносини ифодаламоқда. Бу унинг ўз вазифаси эмас (юқорида таъкидлаганимиздек, -лар қўшимчасининг вазифаси грамматик кўпликни ҳосил қилиш), балки услубий вазифасидир.
Отларнинг кўплик шакли кўплик маъносидан ташқари ҳурмат, умумлаштириш, кучайтириш (кўзим – кўзларим, лаби – лаблари) маъноларини ҳам ифодалаши мумкин:
1. Ҳурмат маъноси. -лар қўшимчаси қариндошлик муносабатини билдирувчи шахс отлари (дада, она, ойи, амма, хола, тоға, ака, опа каби сўзлар)га қўшилганда 1 ва 2 шахс эгалик қўшимчаларидан олдин келса грамматик кўплик, кейин келса ҳурмат маъносини ифодалайди.
Қиёсланг:
Акаларим келдилар – грамматик кўплик – 1 шахсда;
Акамлар келдилар – ҳурмат – 1 шахсда;
Акаларинг келдилар – грамматик кўплик – 2 шахсда;
Аканглар келдилар –ҳурмат – 2 шахсда;
3 шахсда эса -лар қўшимчаси ўз маъносига қараб кўплик ёки ҳурматни билдиради. Қиёсланг: Дадамнинг акалари келдилар. Бу ерда ҳурмат ёки кўплик маъноси ифодаланган.
2. Ўзи қўшилаётган отнинг маъносини кучайтириш. -лар қўшимчаси фақат бирлик сонда қўлланиладиган инсон аъзолари ёки мавҳум отларга қўшилганда маънони кучайтиради: Сизларга қараб завқларим (завқ – мавҳум от) тошиб кетди. Бошларим (бош – инсон аъзоси номи) оғриб кетди.
Солиштиринг: кўзларимга ишонмайман (“Ўткан кунлар”). Бу жумладаги кўзларимга сўзини бирлик шаклга – кўзимга шаклига алмаштириб кўринг. Иккинчи ҳолат билан биринчи ҳолат бир хил маънони – бирлик маъносини (бир кишининг кўзини) ифодаласа ҳам, лекин бу икки ҳолат таъсирчанлик, ифодалилик белгисига кўра бир-биридан фарқ қилади. Биринчисида юқоридаги белгилар бор, иккинчи ҳолатда эса йўқ. Баъзан тасвирийлик, ифодалиликни кучайтиради: кўз ёшини артди – кўз ёшларини артди.
3. Умумлаштириш, жамлаш маъносини билдирса атоқли отлар турдош отларга айланади ва кичик ҳарф билан ёзилади: Ўртанган ширинларнинг фожиалари, ёр васлини биёбонлардан излаган мажнунларнинг саргузаштлари хаёлимда жонланди.
4. -лар қўшимчаси ўзлик олмошига қўшилганда кесатиш, мазах ёки ҳурмат маъносини билдиради. Ўзлари ҳам келибдилар-да – кесатиш. Мажлисни раиснинг ўзлари олиб бордилар – ҳурмат.
5. Доналаб саналмайдиган нарса ва ҳодисаларни билдирувчи отлар бирлик шаклда келса ҳам, аслида, жамликни билдиради. Масалан, Кўчага қум тўкилган ёки Ариқ тўла сув, ичгани ташна болам. Бундай сўзлар кўплик шаклини олганда кўпинча нарса ва ҳодисанинг хилма-хил эканини билдиради. Сувлар (газли сув, минерал сув каби); бозордаги унлар. Дўконларда нонлар ва ичимликлар сотилмоқда. Туманимиз марказида ёғлар ишлаб чиқарилмоқда.
6. -лар қўшимчаси атоқли отларга қўшилганда биргаликда эканлик маъносини билдиради: Мусобақада Олимлар (кўп олимлар эмас, Олим ва унинг ўртоқлари) ғолиб бўлишди. Ёзда Бухороларни (кўп Бухорони эмас, Бухоро ва унинг атрофларини ёки Бухоронинг турли нуқталарини) айланиб келдим.
7. -лар қўшимчаси пайт ва масофани билдирувчи сўзларга қўшилганда чама, тахмин маъносини билдиради. Соат бешларда бораман. Бодом февралнинг охирларида гуллайди. Метрогача икки юз метрлар юрасиз (Наргиза Эркабоева. Ўзбек тилидан маърузалар тўплами. Тошкент, “Академнашр” 2015, 149-151 бетлар).
Ушбу таърифдан аён бўладики,-лар қўшимчасининг вазифаси баъзилар ўйлагандек, икки хил: ҳурмат ва кўплик эмас, етти хил экан.
Энди ўша асосий баҳсга сабаб бўлаётган икки масалага келсак, агар қўшимча ўз вазифасини бажарса, бу унинг морфологик вазифалари ҳисобланади. масалан, китоблар сўзида -лар қўшимчаси грамматик кўпликни ифодаламоқда. Бу эса унинг морфологик вазифаси саналади. Агар қўшимча ўз вазифасидан бошқа вазифаларни ҳам бажарса, бу унинг услубий вазифаси ҳисобланади. Масалан, Онамлар келдилар гапида -лар қўшимчаси ҳурмат маъносини ифодаламоқда. Бу унинг ўз вазифаси эмас (юқорида таъкидлаганимиздек, -лар қўшимчасининг вазифаси грамматик кўпликни ҳосил қилиш), балки услубий вазифасидир.
Демак, етакчи оммавий ахборот воситалари -лар қўшимчасининг грамматик кўпликни ҳосил қилиш вазифасини олганлар, диний нашрлар эса унинг морфолик вазифаси билан бирга услубий вазифасини ҳам олган.
Шу нуқтаи назардан, шахснинг исмига -лар қўшимчасини қўшмаса ҳам, қўшиб ёзса ҳам хато бўлмайди. Фақат бу борада бир тўхтамга келиб олинмоғи зарур. Бизнинг фикримизча, диний соҳа ходимлари ва диний нашрлар ушбу қўшимчанинг икки вазифасидан ҳам фаол фойдаланишда давом этгани тузук. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига -ларни қўшиб айтмаслик сира ҳам ярашмайди. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлган зотлар Имом Бухорий, Имом Мотуридий кабилар ва замонамиз олимларининг ҳам исмига -ларни қўшиб айтмаса одам гўёки уларга ҳурматсизлик қилаётгандек хижолат тортади.
Аслини олганда, бу истиқлол йилларида пайдо бўлган муаммо эмас, шу йилларда кўзга чалиниб қолди. Чунончи, Ҳазрат Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Амир Қосим Анвор қуддиса сирруҳу ҳақида ёзганларида “Йигитликларида шайх Садриддин Ардабилий қуддиса сирруҳуға мурид бўлдилар ва суфия одоб ва тарийқин андин такмил қилиб шайх ишорати била Хуросонға келдилар”, деган бўлсалар; бошқа ўринда “Мавлоно Котибий – ўз замонининг беназири эрди. Ҳар навъ шеърғаки, майл кўргузди, анга маонийи ғариба кўп юзланди, батахсис, қасоидда балки ихтироълар ҳам қилди ва кўп яхши келди”, деганлар.
Буни қарангки, бир асарнинг ўзида -лар қўшимчаси ҳурмат-эҳтиром маъносида ҳам қўлланяпти, ҳам қўлланмаяпти.
Бундан аён бўладики, ушбу қўшимчани қандай қўллаш масаласида бир тўхтамга келиб олишимиз талаб қилинаётган экан, холос.
Тилимизга оид бу каби муаммолар жуда ҳам кўп. Фақат бунда мақоланинг ҳажми каттариб кетмасин деган андишада битта қўшимча билан кифояланиб қўя қолдик. Аммо ишончимиз комилки, юртимиздаги нуфузли диншунос, тилшунос, атамашунос олимларимиз ва ОАВ вакиллари иштирокида бир анжуман ўтказиб муҳокама қилишга арзийдиган мавзу бу.
Сиз нима дейсиз, азиз Ватандош?
Иброҳим Иномов, ЎМИ раиси ўринбосари
БААлик инвесторлар Тошкентда таълим маркази қуради
Бирлашган Араб Амирликларининг Warehouse of Games компанияси Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида болалар учун таълим, спорт ва кўнгилочар ўйингоҳ маркази қуриш лойиҳасини амалга оширади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида бўлиб ўтган музокараларда инвесторлар лойиҳага 4 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя киритиш истагини билдирди.
Маълумот учун, лойиҳа 35 та доимий иш ўрни яратиш имконини беради. Қурилажак болалар ўйингоҳи 0,2 гектар майдонни ўз ичига олиб, 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг ривожланиш ва маданий ҳордиқ чиқаришига хизмат қилади.
Таълим ва соғломлаштириш маркази 2019 йил якунида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
ЎМИ Матбуот хизмати