Мақолалар

Улуғ зот "лар" ми?

Она Ватанимизда эркинлик бўлиб, диний мавзудаги адабиётлар кўплаб нусхаларда нашр этила бошланганидан сўнг ушбу соҳага оид сўз ва иборалар, турлича ёзилиб, қўшимчалар турлича қўллана бошландики, уларни бир хил усулда ёзиш ва қўллаш масаласида ҳамон бир тўхтамга келинмади. Якуний хулосага келиниб, амалда қўлланилаётганлари ҳам бир оз андеша уйғотаётир. Хусусан, -лар қўшимчаси ҳам илм ва ижод аҳли ўртасида кўплаб баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бир тоифа ҳурматли шахслар отига -лар қўшимчасини қўшиб айтишса, бошқа тоифа буни инкор этиб, -лар кўплик қўшимчаси эканини иддао этади ва: “отамлар”, деганда унинг отаси кўпми? деган савол пайдо бўлиб қолади”, дейди.
Мамлакатимизнинг пешқадам ахборот агентлиги ЎзА ва етакчи нашрлари “Тафаккур” журнали ва “Халқ сўзи” газетасида -лар қўшимчаси фақат кўплик маъносида қўлланилаётир.
Бироқ диний нашрларда -лар қўшимчаси кўплик билан бирга шахсга ҳурмат ифодаси маъносида ҳам қўлланмоқда. Масалан, “Пайғамбар соллалллоҳу алайҳи васаллам айтдилар”, “Шайх ҳазратлари келдилар” ва шунга ўхшаш.
Нега бундай бўлаётганини билиш учун тилимизда ушбу қўшимча қандай вазифаларни бажаришига эътибор қаратмоғимиз лозим. Жумладан, 2015 йил нашр этилган “Ўзбек тилидан маърузалар тўплами”да бундай ёзилган:
-лар қўшимчасининг услубий вазифалари
Агар қўшимча ўз вазифасини бажарса, бу унинг морфологик вазифалари ҳисобланади. масалан, китоблар сўзида -лар қўшимчаси грамматик кўпликни ифодаламоқда. Бу эса унинг вазифаси, яъни морфологик вазифаси саналади. Агар қўшимча ўз вазифасидан бошқа вазифаларни ҳам бажарса, бу унинг услубий вазифаси ҳисобланади. Масалан, Онамлар келдилар гапида -лар қўшимчаси ҳурмат маъносини ифодаламоқда. Бу унинг ўз вазифаси эмас (юқорида таъкидлаганимиздек, -лар қўшимчасининг вазифаси грамматик кўпликни ҳосил қилиш), балки услубий вазифасидир.
Отларнинг кўплик шакли кўплик маъносидан ташқари ҳурмат, умумлаштириш, кучайтириш (кўзим – кўзларим, лаби – лаблари) маъноларини ҳам ифодалаши мумкин:
1. Ҳурмат маъноси. -лар қўшимчаси қариндошлик муносабатини билдирувчи шахс отлари (дада, она, ойи, амма, хола, тоға, ака, опа каби сўзлар)га қўшилганда 1 ва 2 шахс эгалик қўшимчаларидан олдин келса грамматик кўплик, кейин келса ҳурмат маъносини ифодалайди.
Қиёсланг:
Акаларим келдилар – грамматик кўплик – 1 шахсда;
Акамлар келдилар – ҳурмат – 1 шахсда;
Акаларинг келдилар – грамматик кўплик – 2 шахсда;
Аканглар келдилар –ҳурмат – 2 шахсда;
3 шахсда эса -лар қўшимчаси ўз маъносига қараб кўплик ёки ҳурматни билдиради. Қиёсланг: Дадамнинг акалари келдилар. Бу ерда ҳурмат ёки кўплик маъноси ифодаланган.
2. Ўзи қўшилаётган отнинг маъносини кучайтириш. -лар қўшимчаси фақат бирлик сонда қўлланиладиган инсон аъзолари ёки мавҳум отларга қўшилганда маънони кучайтиради: Сизларга қараб завқларим (завқ – мавҳум от) тошиб кетди. Бошларим (бош – инсон аъзоси номи) оғриб кетди.
Солиштиринг: кўзларимга ишонмайман (“Ўткан кунлар”). Бу жумладаги кўзларимга сўзини бирлик шаклга – кўзимга шаклига алмаштириб кўринг. Иккинчи ҳолат билан биринчи ҳолат бир хил маънони – бирлик маъносини (бир кишининг кўзини) ифодаласа ҳам, лекин бу икки ҳолат таъсирчанлик, ифодалилик белгисига кўра бир-биридан фарқ қилади. Биринчисида юқоридаги белгилар бор, иккинчи ҳолатда эса йўқ. Баъзан тасвирийлик, ифодалиликни кучайтиради: кўз ёшини артди – кўз ёшларини артди.
3. Умумлаштириш, жамлаш маъносини билдирса атоқли отлар турдош отларга айланади ва кичик ҳарф билан ёзилади: Ўртанган ширинларнинг фожиалари, ёр васлини биёбонлардан излаган мажнунларнинг саргузаштлари хаёлимда жонланди.
4. -лар қўшимчаси ўзлик олмошига қўшилганда кесатиш, мазах ёки ҳурмат маъносини билдиради. Ўзлари ҳам келибдилар-да – кесатиш. Мажлисни раиснинг ўзлари олиб бордилар – ҳурмат.
5. Доналаб саналмайдиган нарса ва ҳодисаларни билдирувчи отлар бирлик шаклда келса ҳам, аслида, жамликни билдиради. Масалан, Кўчага қум тўкилган ёки Ариқ тўла сув, ичгани ташна болам. Бундай сўзлар кўплик шаклини олганда кўпинча нарса ва ҳодисанинг хилма-хил эканини билдиради. Сувлар (газли сув, минерал сув каби); бозордаги унлар. Дўконларда нонлар ва ичимликлар сотилмоқда. Туманимиз марказида ёғлар ишлаб чиқарилмоқда.
6. -лар қўшимчаси атоқли отларга қўшилганда биргаликда эканлик маъносини билдиради: Мусобақада Олимлар (кўп олимлар эмас, Олим ва унинг ўртоқлари) ғолиб бўлишди. Ёзда Бухороларни (кўп Бухорони эмас, Бухоро ва унинг атрофларини ёки Бухоронинг турли нуқталарини) айланиб келдим.
7. -лар қўшимчаси пайт ва масофани билдирувчи сўзларга қўшилганда чама, тахмин маъносини билдиради. Соат бешларда бораман. Бодом февралнинг охирларида гуллайди. Метрогача икки юз метрлар юрасиз (Наргиза Эркабоева. Ўзбек тилидан маърузалар тўплами. Тошкент, “Академнашр” 2015, 149-151 бетлар).
Ушбу таърифдан аён бўладики,-лар қўшимчасининг вазифаси баъзилар ўйлагандек, икки хил: ҳурмат ва кўплик эмас, етти хил экан.

Энди ўша асосий баҳсга сабаб бўлаётган икки масалага келсак, агар қўшимча ўз вазифасини бажарса, бу унинг морфологик вазифалари ҳисобланади. масалан, китоблар сўзида -лар қўшимчаси грамматик кўпликни ифодаламоқда. Бу эса унинг морфологик вазифаси саналади. Агар қўшимча ўз вазифасидан бошқа вазифаларни ҳам бажарса, бу унинг услубий вазифаси ҳисобланади. Масалан, Онамлар келдилар гапида -лар қўшимчаси ҳурмат маъносини ифодаламоқда. Бу унинг ўз вазифаси эмас (юқорида таъкидлаганимиздек, -лар қўшимчасининг вазифаси грамматик кўпликни ҳосил қилиш), балки услубий вазифасидир.

Демак, етакчи оммавий ахборот воситалари -лар қўшимчасининг грамматик кўпликни ҳосил қилиш вазифасини олганлар, диний нашрлар эса унинг морфолик вазифаси билан бирга услубий вазифасини ҳам олган.
Шу нуқтаи назардан, шахснинг исмига -лар қўшимчасини қўшмаса ҳам, қўшиб ёзса ҳам хато бўлмайди. Фақат бу борада бир тўхтамга келиб олинмоғи зарур. Бизнинг фикримизча, диний соҳа ходимлари ва диний нашрлар ушбу қўшимчанинг икки вазифасидан ҳам фаол фойдаланишда давом этгани тузук. Негаки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмларига -ларни қўшиб айтмаслик сира ҳам ярашмайди. Шунингдек, Пайғамбар алайҳиссаломнинг меросхўрлари бўлган зотлар Имом Бухорий, Имом Мотуридий кабилар ва замонамиз олимларининг ҳам исмига -ларни қўшиб айтмаса одам гўёки уларга ҳурматсизлик қилаётгандек хижолат тортади.
Аслини олганда, бу истиқлол йилларида пайдо бўлган муаммо эмас, шу йилларда кўзга чалиниб қолди. Чунончи, Ҳазрат Навоий “Мажолис ун-нафоис” асарида Амир Қосим Анвор қуддиса сирруҳу ҳақида ёзганларида “Йигитликларида шайх Садриддин Ардабилий қуддиса сирруҳуға мурид бўлдилар ва суфия одоб ва тарийқин андин такмил қилиб шайх ишорати била Хуросонға келдилар”, деган бўлсалар; бошқа ўринда “Мавлоно Котибий – ўз замонининг беназири эрди. Ҳар навъ шеърғаки, майл кўргузди, анга маонийи ғариба кўп юзланди, батахсис, қасоидда балки ихтироълар ҳам қилди ва кўп яхши келди”, деганлар.
Буни қарангки, бир асарнинг ўзида -лар қўшимчаси ҳурмат-эҳтиром маъносида ҳам қўлланяпти, ҳам қўлланмаяпти.
Бундан аён бўладики, ушбу қўшимчани қандай қўллаш масаласида бир тўхтамга келиб олишимиз талаб қилинаётган экан, холос.

Тилимизга оид бу каби муаммолар жуда ҳам кўп. Фақат бунда мақоланинг ҳажми каттариб кетмасин деган андишада битта қўшимча билан кифояланиб қўя қолдик. Аммо ишончимиз комилки, юртимиздаги нуфузли диншунос, тилшунос, атамашунос олимларимиз ва ОАВ вакиллари иштирокида бир анжуман ўтказиб муҳокама қилишга арзийдиган мавзу бу.

Сиз нима дейсиз, азиз Ватандош?



Иброҳим Иномов, ЎМИ раиси ўринбосари

Read 4073 times

Мақолалар

Top