МАҚОЛА

Миссионерлик – сиёсий найрангдир!

Диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат тинч-тотув, ўзаро ҳурмат-эҳтиром билан яшаб келмоқда. Аммо диний қадриятларни эркинлигидан ғаразли мақсадда фойдаланувчилар ҳам бор.

Миссионер сўзи лотин тилидаги “mission” сўзидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса “вазифасини бажарувчи” деган маънони билдиради. “World Book” (Жаҳон китоби) энциклопедиясида эса “Миссионер – бирор диний гуруҳ томонидан бошқаларни ўз динига тарғиб қилиш ва киритиш учун юборилган киши”, деган фикр қайд этилган. Бу маълумотлардан келиб чиқиб хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, миссионерлик – бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.

Насронийлик (христианлик)да турли секталар борлиги бутун дунёда катта муаммога айланган. Маълумотларга кўра, ўтган асрнинг охирларида ривожланган мамлакатларда мазкур диннинг 1500 дан 5000 гача турли йўналишлари бўлган. Лекин аҳоли уларни қабул қилмаганликлари учун кўп йўналишлари йўқолиб ҳозирда айрим мамлакатларида 170 га яқин секта ва уларнинг 800 та шахобчаси мавжуд экан.

Аслида Христиан динида Православлик (русча-чин эътиқод) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.

Католиклик (юнонча-бутун жаҳон) -1054 йилда христианликнинг бўлиниши натижасида ташкил топган.

Протестантлик (лотинча-норози бўлиш, келишмаслик) ўрта асрларда католикликдан ажралиб ташкил топгач, унинг ўзида турли оқимлар кўпайди.

Баъзи кишилар секталар ва уларга даъват қилаётган “Миссионер”ларнинг нима зарари бор, дейишлари мумкин. Шу жиҳатга эътибор бериш лозим.

Биринчидан, миссионерлик билан маълум бир дин кириб келади. У билан бирга ўзгача дунё қараш, урф – одат ҳам ёйила бошлайди. Бу эса одамлар ўртасида диний, эътиқодий, ғоявий, фикрий бўлиниш ва қарама – қаршиликларни вужудга келтиради.

Иккинчидан, “даъват”лари билан бир динни иккинчи диндан устун қўйиш, ўз диндошларига яхши муносабату, бошқа диндагиларга ёмон муносабат пайдо бўлади. Бу эса оила, қавм – қариндошчилик ҳамда жамият бирдамлигига салбий таъсир кўрсатиб, одамларнинг оиласида, жамиятдаги муаммоларни ҳал қилишда, иқтисодий, ижтимоий, сиёсий соҳаларда ҳам можаролар бўлишига олиб келади.

Учинчидан, миссионерларни макрига тушиб уларнинг ъзоларига айланиб қолишлари, уларнинг буйруқлари, кўрсатмаларига сўзсиз итоат қилишлари натижасида қабиҳ ишларга ҳам қўл урилади. Умуман олганда, бу услуб эгалари ўз муаммолари билан кишиларни машғул қилдириб, мамлакатнинг бошқа  муҳим вазифаларидан аҳолини чалғитишни мақсад қилиб қўйган.

Миссионерлар мамлакатимизга тил, компьютер ўргатиш, турли – туман ўқув марказлари ёки ҳар хил хайрия ишлари олиб борувчи нодавлат ташкилотлари қиёфасида кириб келишга интилади.

Санаб ўтилган омилларнинг ўзиёқ бундай секталар ва уларнинг даъватчилари жамият ва давлатга катта хавф ва зарар келтираётганини маълум қилади.

Миссионерлар ўз даъватларида ўз дини билан уларнинг дини ўртасидаги ўхшашликларга тўхталади. Масалан, Исо пайғамбар Исломда ҳам пайғамбар сифатида тан олинади, дейди. Сўнг Исо алайҳиссаломнинг буюклиги, Қуръоннинг бир нечта оятларида зикр этилганлигини айтиб, Инжилдаги мисоллар билан бойитади. Бундан ташқари миссионерлар ўзларини китобларида айрим Қуръони карим оятларини ҳам келтириб, мақсадлари йўлида хизмат қилдирмоқчи бўлади. Бу ҳолатни ўзбек тилида чоп қилинган китобларда ҳам кузатиш мумкин. Миссионерларни бу қилмишлари икки юзламачи эканликларини кўрсатади.

Қуръоннинг бир – неча оятини хақ деб билишса, нега исломни қабул қилишмайди ёки унга ҳужум қилишдан ўзларини тийишмайди? Ҳолбуки улар Қуръонни инкор этадилар. Унда нега Қуръонга суянадилар, деган савол туғилади. Ва бунга жавоб битта – бу уларнинг қилмишлари макрдан бошқа нарса эмаслиги, яъни зоҳирий амаллари билан асл мақсадлари бир эмаслигига далолатдир.

Уларнинг харакатлари тагида эртанги кунга мўлжалланган катта сиёсий найранглар ётибди. Бу найранглар ортида қандай қора мақсадлар яширинган? Мамлакатимизнинг асосий аҳолиси ислом динига мансуб бўлиб, деярли 1500 йилдан бери аждодларимиз мусулмон бўлиб келган. Бугунги авлод ҳам бутун ҳаёти давомида шу динга эътиқод қилади. Урф – одати, маънавий тарихи бир хил халқимизнинг юрагини парчалаш, заифлаштириш, пароканда қилиш, мамлакатни доимий низо майдонига айлантириб, уни ҳал қилишда ўзларига муҳтож қилиб қўйиш – мана улар кўзлаган асл мақсад! Секта даъватчиларнинг ортларида турганлар уларни маблағ билан таъминлаш, бу диёрларни маданий ва маънавий истило қилиш ва ўзлари мустаҳкам ўрнашиб олиш учун ўз макрларига илинганлардан фойдаланади.

Бунга тарих ва тажриба гувоҳ. Миссионерлар айрим ҳудудларга алоҳида аҳамият бериб, у ерларда ўзларига эргашганлар сонини кўпайтирадилар. Натижада у ерларда халқ орасида нотинчликлар пайдо бўлади. Ҳомийлар уларни қўллаб-қувватлашади, оқибатда мамлакатни парчалашгача олиб боради. Бунга мисол: Шарқий Тимор ўлкаси аҳолисини “христиан”лаштиргандан кейин бу ўлкаларда тўполонлар пайдо бўлди, бутун ғарб олами оёққа турди ва Шарқий Тиморни Индонезиядан ажратиб олди.

Миссионерларнинг макрига тушиб қолиш осон, аммо улардан халос бўлиш ниҳоятда қийин. Бугунги ғоялар кураши даврида доимо ҳушёр бўлиш замоннинг талабидир. Шунинг учун ҳар бир ота-она, мураббий, хусусан имом хатиблар қолаверса, ватанга муҳаббати бўлган фуқаро ҳам энг аввало ўзи, сўнг фарзанди ва ёшларни миссионерларни макри ва найрангидан огоҳ қилиб, уларнинг  зарарли оқибатларидан сақлаши  лозимдир. 

Мураббий ёш авлодга тарбия бераётганида миссионерларнинг даъватини қабул қилган мусулмон кофирга айланиб қолишлигини алоҳида тушунтириши шартдир. Бундан ташқари ёшларни миссионерларнинг арзимаган ёрдамларига, жумладан ишлатилган либослар ва муддати ўтган дорилар ҳамда бўтқа ва супдан иборат бўлган егуликларга имонини сотмасликни тушунтириш керак. Акс ҳолда, Аллоҳ сақласин, имонини сотган киши ватанини ҳам сотади.

Бир кишининг нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлни топишга сабаб бўлиш бизга дунё ва ундаги барча нарсаларидан  яхши эканлигини  эсдан чиқармайлик.

Аминжон Исмоилов,

Сирдарё тумани бош имоми

Read 2411 times
Tagged under

Мақолалар

Top