МАҚОЛА

Бобур ҳанафий мазҳабида мустаҳкам эътиқодли шахс бўлган

Буюк тарихчи олим Абдулҳай Лакнавий Ҳасаний “Нузҳат ул-хавотир” (Хотиралар сайри) асарида бундай ёзади: “Ҳазрат Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор унинг исмини Заҳириддин Муҳаммад деб қўйган. Лекин туркий халқлар орасида (довюраклиги учун) у Бобуршоҳ номи билан машҳур бўлган”.

Бобур барча темурий шаҳзодалар каби махсус тарбиячилар, йирик фозилу уламолар устозлигида ҳарбий таълим олиб, фиқҳ илми, араб ва форс тилларини яхши ўзлаштиради. Шу жумладан, кўплаб тарихий ва адабий асарлар мутолаа қилиб, шеъриятга қизиқиши ортади. Бобурнинг отаси – Умаршайх мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси – Қутлуғ Нигорхоним Мўғулистон хони ва Тошкент ҳокими Юнусхоннинг қизи бўлган. У ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, ўғлига ҳокимиятни бошқаришида яқиндан ёрдам берган ва бир қанча ҳарбий юришларида ҳамроҳлик қилган. Отаси Ахсида 39 ёшида фожиали ҳалок бўлгач, оиланинг тўнғичи 12 ёшли Бобур валиаҳд сифатида 1494 йил июнь ойида тахтга ўтиради.

Бобур икки қўлида қилич ўйнатадиган моҳир саркарда бўлиш билан бирга серқирра ижодкор эди. Саркарданинг ҳанафийлар мазҳаби фиқҳида “Мубайян” номли асари бўлиб, унга Шайх Зайниддин (ибн Қутбиддин Ҳанафий) Хавофий шарҳ ёзиб, уни “Мубаййин” деб номлаган.“Рисолаи аруз”да айтилишича, бу асар милодий 1521 йили ёзилган. Мазкур асардан шу нарса маълумки, Бобур фиқҳга муҳаббати кучли, ҳанафий мазҳабида мустаҳкам эътиқодли шахс бўлган. Бу асар кўп йиллар давомида “Мубийн” (“Мубаййин”) дея талқин қилиб келинди. Исломшунос олим Мирзо Кенжабек “Рисолаи Хожа Аҳрори вали” рисоласи муқаддимасида келтиришича, аслида “Мубаййин” китоб шарҳининг номидир. Уни Бобурнинг муншийси Шайх Зайн ёзган. Бу асар яна “Фиқҳи Бобурий” деб ҳам аталган”.

Заҳириддин Муҳаммад Бобурдаги ноёб истеъдод, фиқҳий асар битишга иштиёқ, эҳтимол, катта момоси Такина хотин томонидан ўтган. Такина хотун, баъзи манбаларда Тегина бегим, айримларида Тегина Моҳбегим, деб номланган. У тахминан 1318 йили Бухорода туғилиб 1353 йилда ҳозирги Шаҳрисабз шаҳрида вафот этган ва Кеш (Шаҳрисабз)даги оилавий хилхонага дафн этилган.

Амир Темур ҳарбий сафарлардан қайтишда доимо Кешда тўхтаб, ота-онаси ва ўғли Жаҳонгир ҳамда пири шайх Шамсиддин Кулол қабрини зиёрат қилиб ўтган. Соҳибқирон Амир Темур кейинчалик онаси ва отаси дафн этилган Кешдаги оилавий хилхона устида муҳташам мақбара қурдиради. Амир Темурнинг катта ўғли Жаҳонгир мирзо 1376 йили 20 ёшида вафот этгач, уни ҳам ота-онасининг қабри ёнига дафн эттиради. Соҳибқирон онаси хотирасига атаб, Кешда машҳур Оқсаройни барпо этади ва Бухородаги Чашмаи Айюб мақбарасини таъмирлатади.

“Ҳазрати Соҳибқирон” асарида: “Баҳодирнинг Бухоро Садруш шариъа (шариат қози)си қизи Текинабегим Моҳ билан никоҳи эса оламшумул аҳамият касб этди. Текинабегим Моҳ (манбаларда Такина хотун тарзида ҳам қайд этилган) Алишер Навоий “Насойим ул-муҳаббат”да “шайх ул-олам” деб қайд этган Сайфиддин Бохорзий авлодларидан бўлган, ўша пайтда Бухорода шариат қозиси мавқеида турган Убайдуллоҳ ибн Маҳмуд Маҳбубий оиласида дунёга келган. Тарағай ва Текинабегимнинг никоҳи олдиндан башорат қилингани, шу жуфтликдан соҳибқирон туғилиши ҳақида ривоятлар мавжуд”, дейилади.

Ўрта аср манбалари, хусусан, Фасиҳ Хавофийнинг “Мужмали Фасиҳий” асарида келтирилишича, Бухоро уламоларининг пешвоси садруш шариъа Убайдуллоҳ Бухорий ибн Тожуш шариъа Маҳмуд ибн Аҳмад Маҳбубий Бухорийнинг Такина исмли қизи бўлган. Такинанинг бобоси фиқҳ илмида “тож уш-шариъа” (шариат тожи), отаси “садр уш-шариъа” (шариат улуғи), амакиси Маҳмуд “бурҳон уш-шариъа” (шариат ҳужжати) каби мўътабар унвонларга сазовор бўлган. Такина 16 ёшида Кеш амири Муҳаммад Тарағайбекка турмушга чиққан. “Қиссаи Темур” ёки “Малфузоти Темурий” ва тошкентлик тарихчи Салоҳиддин Тошкандийнинг “Темурнома” (1908) асарида Такина хонимнинг ҳаётига оид айрим маълумотлар мавжуд. Бобурнинг катта бобоси Амир Тарағай барлос уруғининг оқсоқоли ҳамда Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан бўлган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилган. Тарихий асарларда Амир Тарағай ҳам йилига бир марта Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойига таклиф этилиб, муттасил қатнашарди. У пири Шайх Шамсиддин Кулолга чуқур эҳтиром кўрсатарди, деб ёзилади. Яхшиларнинг дуоси билан ҳосил бўлган бу хайрли никоҳдан Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Бобур каби насл давомчилари етишиб чиққан бўлса, ажаб эмас.

Амир Темурнинг улуғ инсон бўлиб етишишида онасининг ҳиссаси жуда катта бўлган. Табиийки, бухоролик аллома Убайдуллоҳ Бухорий ибн Тож уш-шариъанинг қизи Такина хотун фақиҳ ҳам мураббий бўлган. Балки у фарзанди Темурбекни ёшлигидан махсус мураббийлар назоратига топшириб, чавандозлик, овчилик, камондан ўқ отиш, қиличбозлик каби ҳарбий илмларни эгаллашига ҳам эътибор қаратган.

Шоҳ Бобур “Мубайян” асарини фарзандлари Носириддин Ҳумоюн ва Комрон мирзога атаб, фиқҳий бир дастур сифатида ёзган. Унда исломдаги беш фарзнинг фиқҳий масалалари таълим берилади. Яъни иймон-эътиқод, намоз, рўза, закот ва ҳаж масалалари шеърий тилда гўзал баён этилган. Таҳқиқ қилиб, солиштирилганда “Мубайян” асари асосида “Мухтасари виқоя” ҳамда “Ҳидоя” китоблари намоён бўлади. Асардаги дуо матнлари эса, асосан, кутуби ситтада, яъни Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом ибн Можа, Имом Насоий каби олти улуғ муҳаддиснинг китобида келган ҳадислардан ҳамда Имом Ғаззолийнинг “Иҳёу улумид дин” асаридан олинган.

Улуғ шоир, қомусий аллома, маърифатли фақиҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг “Бобурнома” ёки “Тузуки Бобурий” асари дунёга машҳур. Шунингдек, саркарданинг шеърлар девони мажоз ва ҳақиқатлар гавҳари бўлса, “Волидия” рисоласининг назмий таржимаси унинг маънавий ҳолати Убайдуллоҳ Аҳрор вали ҳазратлари билан боғлиқлигидан дарак беради. “Мубайян” асарини темурийлар даври ижтимоий, оилавий, диний маданиятининг кўркам ифодаси дейиш мумкин.

“Бобурнома”нинг ўз даврида Мирзо Абдураҳим ибн Байрамхон томонидан форс тилига таржима қилиниши ҳам асарнинг жуда улуғ қадр-қиммат топганини англатади.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Read 2327 times

Мақолалар

Top