МАҚОЛА

Ўсмирларни ёт ғоялардан асрайлик!

Дунёнинг турли ҳудудларида бузғунчилик, фитналар қўзғалиб, мусулмонлар тинчлигини бузиш, халқ орасида низо чиқариш ва нифоқ солишга ҳаракатлар ҳамон кузатиляпти.

Ўзларини гўё “Ислом дини ва мусулмонларни ҳимоя қилувчи халоскор фирқа” деб эълон қилган кимсалар бегуноҳ мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлмоқда. Энг ёмони, улар хатти-ҳаракатларини асослаш учун оят ва ҳадисларни ўзларининг қора мақсади йўлида таъвил қилиб, мусулмонларни бир-бирларига гиж-гижлашмоқда.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, балки Аллоҳдан офият сўранглар” деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмонлар ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган подшоҳ қўл остида тинч ва осойишта яшаб турганларида ҳукмдорга қарши бош кўтарган кишилар боғийлардир. Боғийлар тоифасининг хуружи зулм сабабли эмас, балки ўзларини ҳақ, подшоҳни ноҳақ деб билиш, ҳокимият талашиш мақсадида бўлса, бундай тўдага қарши подшоҳга ёрдам беришга ҳар бир имкониятли киши ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Террорчи ва экстремистик тузилмаларнинг асосий ғояси “жиҳод” йўли билан ўз фаолиятини давом эттиришдир. Бу дегани доимий равишда қайсидир мамлакат халқини қуролли ҳужум орқали мажбурий равишда ўз ғоялари таъсирига тортиш ҳамда ўзларига мос шароит яратиш мақсад қилинган.

Ислом динини қурол воситаси билан ёйиш даври ўтган. Эндиликда бу ғояни татбиқ этиш мақсадида жангариларни тайёрлаш, ҳарбий машқларни давом эттириш Ислом динини дунёга манфур қилиб кўрсатишдан бошқа нарса эмас. Бунинг ўрнига тинчлик йўли билан Ислом динининг қанчалик инсонпарвар, меҳр-шафқатга чақирадиган, тараққийпарвар дин эканини амалда намунали тарзда кўрсатиш йўлини танлаш лозим.

“Мабсут” китобида ёзилишича, бирор мамлакатда, Ислом ҳукмларидан биттаси жорий бўлиб турган бўлса ҳам, у дорул ислом ҳукмида қолаверади.

Экстремистик руҳ билан йўғрилган қора кучлар илоҳий манбаларни нотўғри талқин қилиш орқали ўзлари оғир гуноҳларга бориши билан бирга, дунёдаги кўпчилик мусулмонларни ҳам тўғри йўлдан чалғитади. Дунё жамоатчилигига ташвиш орттириш ҳамда Исломни ёвузликка чақирувчи дин тимсолида танитиш каби зарарли фаолиятлари билан уларнинг ўта жинояткор бандалар қаторидан жой олаётганлари аниқ ва равшандир.

Мазкур ҳолатларни эътиборга олган ҳолда ҳозирги даврда барча уламолар ҳамкорликда Ислом дини таълимотлари софлигини сақлаш, динимиз аҳкомларини бузиб кўрсатишга ҳаракат қилаётган ёвуз кучларга қарши маърифий йўллар билан курашишни янада кучайтиришлари зарур.

 

Санъатбек ТУРСУНОВ,
Андижон вилояти “Усмони Зиннурайн” жоме масжиди имом-хатиби

Read 2039 times

Мақолалар

Top