МАҚОЛА

Мусулмонларга озор берувчилар учун азоб бордир

Ислом дини – тинчлик, саломатлик дини. Ислом дини инсонларга озор беришдан қайтаради. Нафақат инсон зотига, балки, чумолига озор бериш, ҳаттоки, азият берувчи бирор сўз айтишдан ҳам қайтаради.

Мўмин-мусулмонларга озор берувчиларга бу дунё ва охиратда оғир азоб-уқубатлар борлиги ҳақида Қуръони каримнинг бир неча оятларида огоҳлантирилган.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб, сўнгра тавба қилмаган кимсаларга жаҳаннам азоби ва улар учун ўт азоби бордир», (Буруж сураси, 10-оят).

Бир қатор муфассирлар мазкур сурадаги «...фитнага солиб...» оятини “ёндириб” маъносида ҳам тафсир қилганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ва Муқотил розияллоҳу анҳу «Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб...» оятини “Мўминларни олов билан азоблаб”, (Имом Розий, “ат-Тафсир ал-Кабир”, 13:III) деб тафсир қилганлар.

Ибн Ҳумайд розияллоҳу анҳу ва Ибн Мунзир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Қатода розияллоҳу анҳу «Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб...» оятини “олов билан ёндириш, ўлдириш” деган маънони англатади, деб тафсир қилган (Имом Жалолиддин Суютий, “ад-Дур ал-Манзур, 8:466).

Имом Қуртубий ва Абу Ҳафс Ҳанбалий ҳам шундай тафсир қилганлар (Муҳаммад Қуртубий, “ал-Жоми ли аҳкам ал-Қуръон”, 19:295. Абу Ҳафс Ҳанбалий, “ал-Лубаб фи улум ал-Китаб”, 20:253).

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хасадчи, туҳматчи ва фолбин мендан эмас ва мен ҳам улардан эмасман”, (Имом Табароний ривояти) дедилар. Шундан сўнг: «Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар» (Аҳзоб сураси, 58-оят) оятини тиловат қилдилар, (Ал-Мунзир “ал-Тарғиб ва ал-Тарҳиб”, 3:324. Ибн Асокир “Тарих Димашқ ал-Кабир”, 21:334).

Имом Фахриддин Розий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Охиратда дўзах аҳлини икки турдаги азоб ўраб олади, биринчиси – куфр келтирганлари учун бўлса, иккинчиси – мусулмонларга азоб берганлари учун”, (Имом Розий “ал-Тафсир ал-Кабир”).

“Тафсир ал-Жалолайн” асарида юқоридаги оят қуйидагича тафсир қилинган: «Албатта, мўмин ва мўминаларни фитнага солиб» ояти “мусулмонларни олов билан азоблаш”, «сўнгра тавба қилмаган кимсаларга жаҳаннам азоби» ояти “имон келтирмаганлари сабабли”, «улар учун ўт азоби бордир» ояти “мусулмонларни оловда ёндирганлари учундир”, (Жалолиддин Суютий, Жалолиддин Маҳаллий, “Тафсир ал-Жалолайн”, I:801).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Олов билан фақат оловнинг Роббисигина азоблайди”, деганлар (Имом Аҳмад, Имом Абу Довуд ривояти).

Ушбу ҳадиси шариф махлуқотларга олов билан азоб бериш, одамларни куйдириб азоблаш ҳаромлигига далолат қилади.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Бир вақт кичкина қуш кўриб қолдик. Унинг иккита жўжаси бор эди. Жўжаларини олиб қўйган эдик, тепамизда гир айланиб уча бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким буни безовта қилди? Боласини унга қайтаринг”, дедилар. Сўнг биз ёндирган чумоли уясига кўзлари тушиб: “Бунга ким ўт қўйди?” деб сўрадилар. “Биз”, деган эдик, “Парвардигордан бошқанинг олов билан азоблашга ҳаққи йўқ”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Мазкур ҳадис ҳам олов билан ҳатто чумоли каби майда ҳашаротларни ҳам ўлдириш мумкин эмаслигига ҳужжатдир.

Аллоҳ таоло Ер юзидаги барча мўмин-мусулмонларга офият, нусрат ва қалбларига сакинат ато этсин, ҳидоятида бардавом қилсин.

 

Даврон НУРМУҲАММАД

 

 

Read 2730 times
Tagged under

Мақолалар

Top