МАҚОЛА

Ақидапарастлик ғояларидан эҳтиёт бўлинг
Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бутун жамиятимизда бўлгани каби диний-ижтимоий жабҳада ҳам улкан ижобий ўзгаришлар рўй берди. Айниқса, дин аҳлига кенг эркинликлар берилди. Мазкур имконият ва имтиёзлардан ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланишга уринувчилар ҳам пайдо бўлди. Масалан, хориждан юртимизга кириб кела бошлаган турли бузғунчи оқимлар, ислом фундаментализми экстремизм, миссионерлик кўринишлари худди юқорида айтилганидек, шаббода билан бирга хонага кирган чанг-ғубордек бўлди. Улар ўзларининг ғаразли мақсадларини рўёбга чиқариш учун турли йўллар билан соддадил кишиларга таъсир ўтказишга ҳаракат қилдилар. Экстремистик руҳдаги адабиётлар ҳам кириб кела бошлади.

Натижада диёримизда дин ниқоби остидаги экстремистик, ақидапарастлар мавжуд конституцион тузумга қарши бориб ҳокимиятни эгаллаш ва Ўзбекистонда Ислом давлати қуриш, халқни қўрқувга солиб, ҳукуматга нисбатан ишончсизлик ҳиссини уйғотиш учун турли жиноятлар ва террорчилик ҳаракатлари содир этиш йўли билан эл тинчлигини бузишга уриндилар. Уларнинг асл мақсади ҳукуматпарастлик, яъни давлатни қўлга олишдан иборат эди. Бунга ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида зарба берилди ва уларнинг пайи қирқилди. Лекин, бу бузғунчи оқимлар таг-томири билан тугатилди, дегани эмасдир. Улар яна турли кўринишларда ва бошқа оқимлар шаклида намоён бўла бошладилар. Улар соддадил халқимизни, айниқса, ёшларни ўзларига оғдириб олишга ҳаракат қилишмоқда.

Фуқароларимиз бундай бузғунчи оқимларнинг келиб чиқиши тарихи, уларнинг ғоявий мақсадлари ҳақида яхши билишлари ва уларнинг ғаразли ғояларига алданиб қолмасликлари лозим.
Ушбу ғоялар Ислом динига, хусусан, Ҳанафий мазҳабига зид эканлигини шундан ҳам билса бўладики, улар қабр азобини инкор этадилар. Сарвари олам Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг афзал инсон эканликларини тан олмайдилар. Энг даҳшатлиси шундаки, улар ҳам диний, ҳам дунёвий ахлоқ нормаларига хилоф бўлган, динимиз томонидан ҳаром қилинган, қонун томонидан таъқиқланган беҳаё суратлар (порнография)ни ёқлаб, кенг ташвиқот қилиб, бундай фаҳш суратларни томоша қилишга катта имкониятлар яратиб беради. “Ҳизб ут-таҳрир”диний сиёси оқими Қуръони каримнинг “Нисо” сурасидаги қўйидаги оят, яъни:
“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан (яъни, мусулмон) ҳокимларга бўйсунингиз!” оятидаги “...ўзларингиздан бўлган ҳокимларга бўйсунингиз!” деган жойи тушириб қолдирилиб, ҳаттоки Қуръони карим оятлари ҳам сохталаштирилади.

Шу кунларда диний жабҳада рўй бераётган муаммолар ана шу оқимлар туфайли содир бўлмоқда. Улар аламзадалик билан турли иғволарни тарқатмоқдалар. Халқ ўртасига нифоқ солишга ҳаракат қилмоқдалар, шунинг учун ҳам уларнинг кирдикорларини фош этишимиз ҳамда кескин зарба беришимиз даркор. Биз мўмин-мусулмонлар шуни яхши англамоғимиз лозимки, Ислом дини ниқоби остида тузилган ҳар қандай ҳаракат, оқим ва фирқалар муқаддас динимиз учун ётдир. Чунки, ҳаёт йўлимизни аниқ кўрсатиб берган Қуръони карим ва Суннати набавиядек асосий қўлланмамиз бор. Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммадсаллоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
“Эй умматларим, мен сизларга икки нарсани қолдириб кетяпман. Бири Аллоҳ таолонинг китоби – Қуръони карим, иккинчиси эса менинг суннатим - ҳадислар. Агар сизлар ана шу икки нарсага амал қилган ҳолда ҳаёт кечирсангиз ҳеч қачон адашмайсизлар ва икки дунё соадатига эришурсизлар”.

Шу кунларда мустақил мамлакатимиз фуқаролари ижтимоий тараққиёт, муҳим ўзгаришлар, оламшумул тарихий воқеалар оғушида ҳаёт кечирмоқдалар. Ҳозирга замон талаби ҳар бир фуқарони, жумладан, дин аҳлини ҳам ижтимоий ҳаётда фаол бўлиб, турли воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлиб туришларини тақазо этмоқда, улар жамиятимизда рўй бераётган воқеа-ҳодисотларга теран кўз билан назар ташлаб, динимиз ва Ватанимизнинг дахлсизлигига раҳна соладиган қора кучларга қарши муросасиз кураш олиб бормоқликлари, айниқса, турли бузғунчи оқимлар, ақидапарастлик, экстремизм каби қабиҳ ниятли кишиларнинг пуч ғоялари, ғаразли мақсадларини фош этмоқликлари лозим.

Мустақил мамлакатимизда Ислом дини омилидан, унинг бой маънавий ва маданий қадрият сифатидаги катта имкониятларидан унумли фойдаланиш мақсадида улкан ишлар амалга оширилмоқда. Динимизга берилган эмин-эркинлик, масжид-мадрасаларнинг обод қииниши, буюк алламоларимизнинг таваллуд саналари нишонланиши, уларнинг харобага айланиб қолган абадий қўним тонган масканлари муқаддас зиёратгоҳларга айлантирилиши халқимиз ва ҳукуматимизнинг Ислом динига бўлган меҳр-муҳаббати, ҳурмат-эҳтиромининг яққол тасдиғидир. Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг қўйидаги сўзларини эслаб ўтиш жоиздир:

“Биз динга бундан буён ҳам барча шарт-шароитларни яратиб берамиз. Диний расм-русумларга, байрамларга, диний тарбия ва таълимга доимо жиддий эътибор берилади. Айни замонда биз дин пешволарига, ўзимизга ўхшаган мусулмон биродарларимизга бир нарсани такрор ва такрор ўқтирмоқчимизки, дин ўз йўли билан, давлат ўз йўли билан. Диний партиялар тузиб, ҳокимият талашиб юришлар Худога ҳам хуш келмайди. Ислом дини инсонларни камтарликка, камсуқумликка ундайди. Мусулмон фарзанди кечиримли бўлади. Мусулмон фарзанди бировни кофир, бировни художўй деб тоифаларга ажратмайди. Сабаби, бандасининг устидан бандаси эмас, Худонинг Ўзи ҳукм чиқаради.
Шундай экан, бир-биримизни беҳуда айблаб, мен мусулмонман, сен кофир деб талашиб юришлар бизга тўғри келмайди. Ҳамма аҳил, ҳамма покиза бўлиб яшасин. Кимнинг фазилати қанча эканини Яратганнинг Ўзи ажрим қилиб беради у дунёда”.
Аллоҳ таоло инсонга ақл-заковат бериб унга руҳий, илоҳий куч ато этган. Бундан мақсад бандам дунёдан бехабар қолмасин, ўзининг кимлигини унутмасин, Аллоҳ берган ақл билан ҳунар ўрганиб, заминни обод қилсин, яшнатсин деган. Яна инсонларга Аллоҳ таоло меҳр-оқибатни ҳам берган.

Нечун шундай фазилатларга эга бўлган инсонлар бир-бирлари билан бу ўткинчи дунёда талашиб-тортишиб, бузуқ ишларга ружуъ қўйиб, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкадилар. Эл тинчлигини бузиб, инсон ҳаётига тажоввуз қилишлик Қуръони каримда ҳам қораланган. Бу борада шундай дейилади:
“Кимки бирор жонни ўлдирмаган ва ерда бузғунчилик қилиб юрмаган одамни ўлдирса, демак, гўё барча одамларни ўлдирибди”.
Бегуноҳ одамнинг жонига қасд қилиб, уни ўлдиришлик шаръий ҳаромдир. Бу борада Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:
“Кимки қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, у ўша жойда абадий қолажак ва у одам Аллоҳнинг азоби ва лаънатига дучор бўлган. Аллоҳ унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”.
Аллоҳ таоло барчамизни, фарзанларимзни мана шундай хар хил фирка ва окимларни таъсирига тушиб колишдан сакласин. Доимо юртимизни тинч осмонимизни мусаффо қилиб, ўзаро тинч тотувликда ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.


Юнусов Мустафо

Read 2776 times

Мақолалар

Top