МАҚОЛА

Уларнинг асл мақсади фитнадир

Бутун инсоният риштаси Одам алайҳиссалом ва момо Ҳаво билан боғланиши барчамизга маълум. Биз мусулмонларни маънавий бирлаштирган бош омил эса динимиздир. Ислом илк даврларда қаттиқ қаршиликка учраган, ҳатто Ер юзидан ўчириб ташлаш учун кескин ҳаракатлар бўлган. Афсуски, бундай жирканч ҳаракатлар ҳозиргача ҳам бир сония бўлса-да тўхтагани йўқ. Чунки мўмин-мусулмонларнинг ҳамжиҳат, биродар бўлиб яшашининг негизи Исломдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Ҳужурот” сурасида: “Албатта мўминлар биродардирлар” деб марҳамат қилган. Демак, иймон келтириб мўмин бўлганларнинг барчаси бир-бири билан бир қориндан тушган ака-ука – биродарлардек эканини алоҳида таъкидланмоқда.

Тарихдан маълумки, муайян кучлар Ислом умматини куч билан, уруш қилиш йўли билан енгиб бўлмаслигига амин бўлган. Шундай бўлса-да, улар мусулмонлар орасидаги бирликка путур етказиш мақсадида ақидавий ва фиқҳий масалаларда мазҳаблар ўртасида ихтилофлар келтириб чиқаришни ўйлаб топиб, қуролсиз уруш бошлашди. Шу билан бирга, “Ислом” ниқобидаги ҳар-хил ақидавий фирқаларнинг пайдо бўлишида ҳам уларнинг “хизмати” катта.

Атеистлар, қуръонийлар, сохта салафийлар ва Ҳизбут-таҳрир кабиларнинг бош мақсади ҳам мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш, уламоларимизни адашганликда айблаш, тинчлик ва бирдамликка раҳна солишдир.

Ислом уламолари умматни аслини сақлаб қолиш йўлида мазҳабларни шакиллантиришди. Ҳозирда Ислом динимизга душманлик кайфиятидагиларнинг асосий ҳаракатлари Ислом умматининг бирдамлигига асос бўлган мазҳабларга зарба бериш бўлиб, бу йўлда улар ўз тузоқларига илинганлар воситасида бемазхабликни тарғиб этишмоқда. Чунки Ислом умматини бирлаштириб турган омил айни дамда мазҳабдир. Ислом динини шу давргача етиб келишига хизмат қилганлар ҳам, албатта, тўрт мўътабар мазҳаб уламоларидир.

Имом Саид Рамазон Бутий раҳимаҳуллоҳ: “Мазҳабсизлик куфрга йўлдир”, деган эдилар. Мазҳабсиз ақидаларимиз ҳам, ибодатларимиз ҳам мутлақо дуруст бўлмайди. Мазҳабга тил теккизаётган, тош отаётган ва турли ечими топилган масалалар орқали фитна чиқараётганларнинг ортида турганлар ҳам айнан юқорида айтилган тўдалардир. Улар ўзларинигина ҳақ йўлда, бошқалар яъни, ўзларига эргашмаган, балки мазҳабни маҳкам ушлаганларни эса адашган, залолатда, хатто куфрда, деб ҳукм чиқаришмоқда. Чунки улар ўзларини “ислоҳотчилар” деб билади. Ваҳоланки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир.

Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади: “Ва қачон: “Ер юзида бузғунчилик қилманг”, – дейилса, “Биз фақат ислоҳ қилувчилармиз”, – дерлар. Огоҳ бўлингки, улар – ўшалар бузғунчилардир, лекин ўзлари сезмаслар.  

Уларининг  жирканч мақсадларидан яна бири аввалда ўтган ва ҳозирги замон уламоларимизнинг ҳурматини оёқости қилиш ва дунё мусулмонларини уларга эргашишдан тўсишдир. Бу ердаги нозик нуқта – агар уммат дин уламоларига эргашмаса, уларнинг сўзига юрмаса мусулмонларнинг бирлик силсиласи узилади. Оқибатда эса жамият бир пода ёки тўдага айлантирилади ва уни исталган йўлга солиш, оғдириш мумкин бўлади. Аслида эса бизга маълум ва машҳур бўлган анъанага содиқ қолиб, дин уламоларимизга эргашишимиз ва уларнинг кўрсатмаларини қабул қилишда собитқадам бўлишимиз лозим.

Ҳулоса ўрнида айтиш лозимки, барчамиз носоғлом ҳаракатларнинг тарафдорларига қарши ечим топишда – ақидамиз ва мазҳабимизни мукаммал билишимиз ва бу йўлда диёнат ва ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.

Аллоҳ таоло юртимиз ва дунё мусулмонларини Ўз паноҳида асрасин ва гўзал мақсадларига эриштирсин!

“Чинор” жоме масжиди имом-хатиби Муҳаммадхонов Муталлибхон

Read 2018 times

Мақолалар

Top