МАҚОЛА

Тинчлик ва барқарорлик — олий қадрият

Тинчлик — буюк неъмат, тараққиёт ва фаровон ҳаётнинг бирламчи шарти. Эзгу мақсадларнинг рўёби, энг аввало, ушбу неъматга боғлиқ. Шу боис қадимдан барча халқлар тинчликни асраш учун молию жони билан курашиб келган.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамлик туфайлидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашишни замон андозаларига мос ҳолда олиб боришга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки глобаллашув жараёнлари юқори суръатда кечаётган бугунги давр инсон онгу қалбига қаратилган таҳдидлар, дин ниқоби остидаги ахборот хуружлари тобора кучайиб бораётгани билан ғоят мураккаб ва таҳликалидир.

Баъзи юртдошларимиз, айниқса, ёшлар ўзлари билиб-билмай турли диний оқимлар, ақидапараст кучлар таъсирига тушиб қолаётгани ҳам сир эмас. Бунда уларга етарли диний билимларга эга эмаслиги, ғўрлиги, муқаддас динимизнинг асл моҳиятини тўла англамаслиги панд бермоқда.  

Ислом динида тинчлик олий неъмат экани ҳақида кўп бор таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва қадрлашни зиммамизга юклаб, бундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” (Бақара сураси, 208-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайди. У — хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳобалар кўпроқ нимани дуо қилиб сўрашни савол қилишган-да, Набий алайҳиссалом: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар”, деб айтган сўзлари бу неъматлар нечоғлик муҳим эканига далолат қилади. Яна бир ҳадиси шарифда Расули Акрам алайҳиссалом шундай деганлар: “Ким оиласи тинч, тани саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди” (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Тинчлик ва хотиржамлик амалий шукр талаб қиладиган неъматлардан. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасига бурчдир. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб, дуо қилиши, ёшлар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, жонкуярлиги, уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўламиз.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган осуда ҳаётни асраш, унинг барқарорлигига муносиб ҳисса қўшиш — шу азиз Ватанда яшаётган барча фуқаронинг, қайси миллат ва динга мансублигимиздан, қандай касб-кор билан шуғулланишимиздан қатъи назар ҳар биримизнинг энг асосий вазифамиздир.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин.

 

Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.

Read 1193 times

Мақолалар

Top