МАҚОЛА

Хаворижлар – жаҳолат қурбонлари
Жаҳолат, илмсизлик Исломга нисбатан энг катта душмандир. Хаворижларнинг тўғри йўлдан адашиб кетишларига айнан ҳис-туйғуни биринчи ўринга қўйишлари ва динга нисбатан ортиқ даражадаги куйинчакликлари сабаб бўлган эди.
Хаворижларни мультфилмлардаги бир кўзли махлуқ деб билмаслигимиз керак. Улар кечалари қоим, кундузлари соим, юзларидан нур ёғилиб турадиган, тиллари мудом Аллоҳни зикр қилиб турадиган тақводор инсонлар эдилар. Амалда шу қадар ғайрат ва шижоат кўрсатардиларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларида бундай амал йўқ эди. Динга ўта ғайратли, шижоатли, ўта тақводор, ўта ростгўй инсонлар эдилар. Аммо, мезон бузуқлиги туфайли ҳис-туйғулар қурбони бўлдилар. Илм саёзлиги туфайли йўлдан адашдилар. Қуръони карим оятларини ўзларича талқин қилиш натижасида ғулувга кетдилар.
 
Бир куни бир киши Абдуллоҳ ибн Аббос (разияллоҳу анҳу)га хаворижларнинг ниҳоятда кўп амал қилишлари ва ибодатда жуда ҳам кўп жидду жаҳд кўрсатишларини ажабланиб гапириб берди. Шунда Абдуллоҳ ибн Аббос нима дедилар, деб ўйлайсиз?.. «Насоролар улардан ҳам кучлироқ ижтиҳод қиладилар» дедилар. Шу тариқа қисқа ва лўнда сўз билан залолат моҳиятини кўрсатиб, амалнинг зўрлиги кишининг ҳақ йўлда эканлигини англатмаслигини ифода қилган эдилар.
Ҳақиқатан, насоролар амал қилишда меъёрдан ўтиб, роҳибликни ўзларига мажбурият қилиб олган бўлсаларда тўғри йўлда бўлиб қолмадилар. Чунки, васатийликдан оғишган эдилар. Худди шунга ўхшаб, васатийликдан чиққан ҳар нарса татарруфга айланади. Йўлнинг ё у чети, ё бу четига чиқиб қолади. Бу эса айни залолатдир.
 
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан истеҳзо ва ҳақорат асли мусулмон бўлмаган кишидан содир бўлса, у ўлдирилмайди. Имом Таҳовийга кўра, кофир кимса, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ҳурматсизлик қилса, у қатл қилинмайди. У киши бу сўзларига далил сифатида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб «ассому алайка» яъни «сенга ўлим бўлсин!», дея салом лафзини ўзгартириб талаффуз қилувчи яҳудийларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жазо қўлламаганларини келтирадилар.
 
Чунки, кофиру мушрикларнинг ширку куфрлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақорат қилишдан баттарроқ бўлган ишдир.
Аммо, мусулмонлар юртида яшаётган ўзга дин вакили Ислом пайғамбарини масхараласа ёки ҳақорат қилса, султон унинг ҳуқуқларини бекор қилиши ва қатлдан бошқа жазо билан жазолаши мумкин. Нима бўлганда ҳам бу раҳбарнинг иши. Бошқаларнинг зиммасидаги иш эмас. Давлат бошлиғи жорий ҳолатдаги фойда ва зарардан келиб чиқиб иш кўради.
 
Ҳукмдор қилиши, давлат амалга ошириши керак бўлган нарсаларни ўзбошимчалик билан ижро этиш мутлақо жоиз эмас. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида чизилган карикатурани ўқувчиларга кўрсатган ўқитувчи шу ишни фаразан, Ислом мамлакатида содир қилганда ҳам унинг тегишли жазосини авом кишиси эмас балки, давлат раҳбари ўз зиммасига олиши керак бўларди динимизга кўра. Чунки, бу ҳад жазоси каби иш бўлиб, фақат ва фақат ҳукмдор амалга ошира олади. Ҳамма ўзича жиноятчиларни жазолаб юрса, анархия, фасод юзага келади. Бу шаръан жоиз эмас.
 
Энди тасаввур қилинг. Франция ислом давлатими?! Французлар у ерда озчилик бўлган аҳли зимма вакилларими?! Францияда ҳад жазолари амалдами?! Ўша ўқитувчини маҳкама ўлимга ҳукм қилдими?! Ундай эмас-ку ахир. Аксинча, мусулмонлар у ерда озчиликни ташкил этади. Битта хато у ердаги мусулмонларга катта зарар етказиши ва Исломни хунук кўрсатиб қўйиши ҳеч гап эмас.
 
Шунинг учун ҳам мусулмонлар айниқса, ўзга дин ва ўзга маданиятга мансуб инсонлар юртида яшаётган мусулмонлар Исломдан бегона бир маданият вакиллари ҳузурида ўз динлари Исломни тамсил этаётганларини унутмасликлари керак. Зеро, уларга қараб, уларнинг юриш-туришлари ва хатти-ҳаракатларига қараб исломимизга баҳо беришади. Динни қоп-қора қилиб кўрсатиб қўйиб, уламолар сўзидан энг кескин ва муросасизлари бўйича иш кўриб, ўзбошимчалик билан жоиз бўлмаган ишларни қилиб сўнгра «менга қараб Исломга баҳо берма. Мен мукаммал эмасман. Ислом эса мукаммал» деганга ўхшаш «ақлли» ва баландпарвоз гапларни гапиришнинг фойдаси йўқ.
 
Биз Исломга зарар етказиб қўймаслик нақадар муҳимлигини ҳис этмагунмизгача, бунинг катта бир масъулият эканлигини англаб етмагунимизгача анча қоқиламиз. Динимизга етказилган маънавий зарар кўлами ҳар қандай моддий зарардан ошиб тушади.
 
29 октябр куни Франциянинг Ницца шаҳрида рўй берган қотиллик ҳам афсус, ҳиссий ҳаракат қилиш ҳамда жаҳолат оқибатида юз берди. Қотил тунислик 21 ёшлик одам эканлиги маълум қилинмоқда.
 
Мана шу ишлар фонида Францияда борган сари «ислом терроризми» деган ҳайқириқ юксалиб бормоқда. Тинчлик ва олийжаноблик дини бўлган исломнинг террор деган совуқ атама билан ёнма-ён зикр қилиниши қанчалар аянчли. Бу динимизга етказилган катта маънавий зарар. Бунинг савол-жавоби оғир бўлади. «Бу ишларга Франция ҳукуматининг нўноқ сиёсати сабабчи»,» уларнинг ўзи айбдор», «нега динимизни карикатура қилишни таъқиқлаб қўймайди?»,» энди баттар бўлсин!», деган сўзлар билан ўзимизни тинчлантиролмаймиз. Чунки, динимиз Ислом ва мусулмонлар обрўси, ирзи бу нарсалардан устун туради. Ҳаққимиз йўқ, ўзбошимчалик билан, шариатга бўйсунмаган ҳолда ножўя хатти-ҳаракатлар ортидан Исломга зарар етказишга.
 
Уммат олимларга бўйсунмаса, уларга эргашмаса, ўзича интернет сайтларидан топилган маълумотлар бўйича иш кўрса, зарарга кириб бораверади. 14 аср муқаддам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг 23 йиллик пайғамбарлик ҳаётлари давомида турли вақтларда, турли шароитларда содир бўлган ишлардан мустақил равишда ҳукм ола биладиган, бир-бирига зоҳиран зид келиб қолган воқеа ва тутумларга тўғри баҳо бериб, улардан керакли хулосалар чиқара оладиган одамлар эмасмиз. Бунинг учун чуқур билим, тафаккур ва уламоларнинг сўзларини ўрганиб чиқишга муҳтожмиз. Акс ҳолда, бундай кўргуликларнинг кети узилмайди.
 
Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ
Read 1087 times

Мақолалар

Top