МАҚОЛА

Ижтимоий тармоқлардаги фитналардан сақланиш барча фуқароларнинг масъулиятидир

Биз яшаётган ҳозирги даврда ижтимоий тармоқлар инсонларнинг ҳаётига тобора сингиб бормоқда. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланишнинг инсонлар учун фойдали томонлари бўлгани каби, салбий томонлари ҳам кўп. Кўплаб юртдошларимиз бу соҳада фойдали фаолият олиб бориб, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам манфаат келтиришмоқда. Жумладан, фан, маданият, реклама, савдо-сотиқ, кўргазма ва илмий фаолиятлар халқаро тармоқларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Аммо, бу соҳада ҳам одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, фирибгарлик билан шуғулланувчилар ҳам афсус-ки, топилади. Бу мақолада ижтимоий тармоқларнинг инсонлар ҳаётидаги салбий томонлари ҳақида фикр юритамиз, зеро огоҳлик давр талабидир, қолаверса, охиратини ўйлаган ҳар бир инсон ножоиз гуноҳ ишлардан ўзини сақлашга ҳаракат қилади.

Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликларни шартли равишда умумий икки гуруҳга бўлиш мумкин: молиявий фирибгарлик ва маънавий фирибгарлик.

  1. Молиявий фирибгарлик. Бунда баъзи ёмон ниятли инсонлар одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан ҳаром мол тўплашга ҳаракат қилади. Масалан, ёлғондан бирор бемор кишининг суратини қўйиб, ёрдам сўралади ва пул ташлаш учун карталар жойлаштирилади. Бунга ишонган қўли очиқ кишилар карталарга пул жўнатишади. Шундай қилиб холис кишиларнинг маблағларини фирибгар ўзлаштиради.

Гоҳида эса фирибгарлар ижтимоий тармоқларга турли мақсадларда ўз пластик карталарини жойлаштирган кишиларга пул ташлаб берамиз, деб махфий кодни ёки тўлиқ карта маълумотларини сўрашади, код ёки маълумотлар айтилса, карта ичидаги пулни тортиб оладилар.

Бошқа ҳолатларда эса сизга тўлов қилганини айтиб, ҳисобни текшириш учун ҳавола жўнатади. Ўша ҳаволани очиб кўрилса, сизнинг картангиздан пулни ечиб оладиган тизим ишга тушади.

Яна бошқа фирибгар телефон қилиб маълумотларни сўрайди, ўзини фалон банк хизматчисиман, деб таништириши ҳам мумкин. Бу ишларнинг барчаси замонавий фирибгарлик – ўғриликдир.

Ўғрилик – динимизда катта гуноҳлардан саналиб, дунёда ҳам жазо тайинланган жиноятлардан биридир. Ўғрилик қадимдан барча илоҳий динларда гуноҳ ва жиноят саналган. Катта гуноҳларга дунёда – жазо, охиратда азоб белгиланган бўлади. Катта гуноҳлар фақат тавба ва бировни ҳаққини эгасига етказиш билан ювилади.

Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро молларини ботил йўллар билан ейишдан қайтаради. Қуръони каримда шундай дейилади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ

وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно…” (Нисо сураси 29-оят).

Одамларни норози қилиб, уларнинг маблағларини ўғирлайдиганларни топган ҳаром луқмалари уларни дўзахнинг тубига тортади. Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир”. Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди»” (Имом Абу Яъло ва Имом Баззор ривоятлари).

  1. Маънавий фирибгарликБу тур фирибгарлик ижтимоий тармоқларда иқтисодий фирибгарликдан ҳам кўпроқ учрайди. Қуйида уларга тўхталамиз:

Ёлғон хабар тарқатиш. Ҳар куни ижтимоий тармоқларда минглаб хабарлар тарқалади. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Баъзилари билмасдан  ёлғонга аралашса, баъзилари қасддан, қандайдир мақсадлар билан ёлғон маълумот тарқатади. Натижада улар ўзи ва ёлғонга амал қилганларнинг гуноҳини елкаларига “ортиб” оладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَأٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

яъни: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар ҳам далолат қилади.

Қимор ва фирибгарлик ўйинлари. Ижтимоий тармоқларда қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Айниқса букмекерлик компанияларда футбол уйинларига пул тикиш, айрим блогерларнинг қимор ўйинларини ташкил этиши кўзга ташланмоқда. Исломда қимор ўйини қатъий ҳаром қилинган!

Қимордан топилган молни емоқ судхўрлик билан топилган молни емоқдан ҳам оғирроқдир! Чунки қиморбоз шариатда ҳаром қилинган икки гуноҳи азимга қўл уради. Ҳаром ўйин ўйнайди ва ўйинда ютиб олган ҳаром молни ўзлаштиради. Қиморни реклама қилиб тарғиб қилаётганлар шуни билсинлар-ки, уларнинг тарғиботи билан қиморга қўшилган ҳар бир кишининг гуноҳидан буларга ҳам тенгма-тенг ёзилиб туради.

Одамларнинг обрўларини тўкиш ва уларни бир-бирига гиж-гижлаш. Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир! Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган:

 وَالْفِتْنَةُ أَكْبَرُ مِنَ الْقَتْلِ  

яъни: “Фитна қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир” (Бақара сураси 217-оят).

Фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалиши. Фирибгарлар катта даромад топиш, одамларни маънавий тубанликка тушириш, халқнинг ўзлигини емириш учун жамиятда беҳаё тасвирлар, видеороликлар тарқатадилар. Номаҳрам бўлган шахсларнинг ижтимоий тармоқлардаги ношаръий суҳбатлари кўплаб оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

 قُلْ لِلْمُؤْمِنِينَ يَغُضُّوا مِنْ أَبْصَارِهِمْ وَيَحْفَظُوا فُرُوجَهُمْ ذَلِكَ أَزْكَى لَهُمْ إِنَّ اللَّهَ خَبِيرٌ بِمَا يَصْنَعُونَ

яъни: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир” (Нур сураси 30-оят).

Ижтимоий тармоқларда ўғил-қизларни “овлаш” учун “тўр” ташлаб, пойлаб турган фаҳш тарғиботчилари биз ўйлагандан кўра анча кўп. Фарзандларимизни уларнинг қўлига топшириб қўймайлик, уларга ўзимиз эга чиқайлик! Бунинг учун, чиройли тарбия бериш билан бирга, доимий назоратни ҳам унутмаслик керак! Зеро ёшлигидан фаҳш ботқоғига ботган ўғил-қизнинг келажаги мавҳумдир.

Ижтимоий тармоқдаги сохта даъватчилар. Минг йиллардан бери ҳақ йўлда собит турган мусулмон жамоаси ўртасига турли хилофлар солиш, Қуръон ва суннатнинг зоҳирига ёпишиб олиб, XVIII асрда пайдо бўлган “бидъат” (янги пайдо бўлган) ғоялар асосида фатволар чиқариб, замонавий масалаларнинг аксариятига “бидъат” тамғасини уриб, натижада ўзини ҳам, ўзгани ҳам адаштириб даъват қиляптилар! Бундай кишилар одамларга ўзларини олим қилиб кўрсатиб, изидан эргаштириб, нотўғри томонга йўлламоқдалар. Бу дунёнинг ўзидаёқ борса-келмас жойларга жўнатишмоқда ва бузуқ эътиқод сабабли “дўзах”нинг ёқасига олиб бориб қўйишмоқда. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир!  Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблаш. Ижтимоий тармоқлар орқали динимизга бўлаётган зарарлардан яна бири –  ҳар бир юртнинг пешқадам олимларини таҳқирлаш, туҳмат-буҳтон сўзлари билан обрўсизлантириш, уларни нифоқда, куфрда айблашдир. Уларнинг бундан ўйлаган мақсадлари – мусулмон оммасини илмий раҳбарсиз қолдириб, ўзларига эргаштириш ва бошқариш ва шу орқали мусулмонлар орасида фитна чиқариб, уларни бир-биридан бўлиш ва кучсизлантиришдир. Шунда улар ўзлари кўзлаган мақсадга етишмоқчи бўладилар.

Қалбидан дин ташвиши, уммат ғами ўчиб, иши фақатгина уламоларнинг айбларини қидириш, уларни ғийбат қилиш бўлган кимсаларнинг ушбу найрангларига нисбатан хушёр бўлмасак, оқибати жуда ҳам хатарли бўлиши мумкин. Аллоҳ асрасин!

Ҳар бир инсон ижтимоий тармоқдан фойдаланар экан, юқорида келтирилган маълумотларни билиши, оқдан қорани ажрата олиши, нима гуноҳ, нима савоб эканини аниқ ажратиши, қиладиган ишининг оқибатларини ўйлаши ва бу дунёдаги ва охиратдаги масъулиятини ҳис қилиши керак! Зеро, у Инсондир!

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг динида собитқадам қилсин, икки дунё саодатини насиб қилсин! Амин!

 

Muslim.uz материаллари асосида

Ходжимуратова Зухра тайёрлади

Read 1167 times

Мақолалар

Top