МАҚОЛА

“Ҳизб ут-таҳрир” экстремистик ташкилоти ҳақида

Бугунги кунда дунёнинг турли бурчакларидан ҳар хил номлар билан чиқаётган оқимлар, гуруҳлар ислом динига ҳар хил ўзгаришлар, қўшимчалар қўшиб айниқса ёшларни тўғри йўлдан адаштирмоқдалар. Ана ўша оқимлардан бири бўлган “Хизб ут-Тахрир” диний экстремистик ташкилоти аъзолари ҳам бугунги кунда ўз ғоя ва мақсадлари йўлида Ислом таълимотига ўзгартириш ва янгиликлар киритишга уринмоқда. Улар ўзларининг ғаразли ниятларини амалга ошириш учун дин ҳукми ва арконларига янгилик киритиб, жумладан,   “Халифаликни тиклаш мусулмонлар зиммасига Аллоҳ таоло фарз қилган энг муҳим амаллардандир” каби Исломда бўлмаган пуч ғояларни илгари суришмоқда. Уларнинг бу даъволари аслида Ислом динига ёт ҳукм, янгилик киритишдир. Исломга янгилик киритиш бидъат бўлиб, бу ҳақда Мухаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ”Сизларнинг орангиздан (диндаги) ишларга янгилик киритувчилар чиқади.(Билингки, диндаги) ҳар бир янгилик бидъат ва ҳар бир бидъат-залолатдир. Залолат эса жаҳаннамга етаклайди”. Динга янгилик киритишини оқибати нима бўлишини  “ИШИД” (Ироқ Шом Ислом давлати) олиб бораётган харакатларидан очиқ-ойдин билиб олса бўлади. Бундай  нотўғри, носоғлом ақидаларга эргашиш мусулмон кишининг охиратини куйдириш билан бирга жамият тинчлиги-осойишталигига раҳна солади. 

    “Хизб ут-Тахрир” диний экстремистик ташкилоти 1953 йилда Фаластин давлатида Тақиюддин Набихоний томонидан асос солинган бўлиб, мақсади — дастлаб мусулмон мамлакатларида, кейинчалик эса бутун дунёда ягона халифалик давлатини ўрнатиш ғоясини илгари суради. Бугунги кунда ушбу ташкилотнинг фаолияти дунёнинг бир қатор мамлакатлари ҳудудида таъқиқланган. Агарда тарихга назар солсак, салаф уламолари ҳам, ундан кейин ўтган ва ҳозирги замон уламолари ҳам бундай йўлларга қаршидирлар. Шунинг учун ҳам бундай оқимларнинг ғоясини  бирорта мамлакатда маъқулланиб, расмий ташкилот сифатида тан олинмади. Исломда эса озчилик фикрига эмас, кўпчилик фикрига қўшилишга буюрилган. Бунга ушбу сахих ҳадис далилдир: “ Менинг умматим ёппасига адашиб, залолатга тушиб қолмайди. Қачонки улар орасида қарама-қаршиликни кўрсаларингиз, сизлар кўпчилик томонда бўлингиз!”. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу васиятларига замонамиз мусулмонлари озчилик овозга эга бўлиб турган оқимларга эмас, уларнинг фикри ва ғоясига қўшилмай келаётган кўпчилик уламоларнинг сафига қўшилишлари керак бўлади.

     “Хизб ут-Тахрир” диний экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган бўлиб, фуқароларимизни, айниқса ёшларимизни огоҳлантириб, бу каби бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб, ижтимоий тармоқларнинг шубҳали сайтларидаги даъватларга алданиб қолмасликларини, жамоат тартибига таҳдид солувчи материаллардан фойдаланмасликлари, сақламасликлари ва тарқатмасликларини сўраймиз.

Ховос тумани

“Абу Ҳанифа” жоме масжиди

имом-хатиби Абдурауф Ёрбеков

Read 2007 times

Мақолалар

Top