МАҚОЛА

Саф иттифоқлик ғояси
Намозда саф тортиш низоми ҳаётимизни тартибга солиш учун жорий бўлган аслида. Жаннатдаги сафлар ҳам намозхонларнинг сафлари кабидир. Бас, бу ердаги биринчи саф эгалари у ердаги биринчи саф эгаларидир. Шундай экан масжидни аввалидан бошлаб тўлдириб келиш суннатдир. Баъзи фуқаҳолар вожиб деганлар. Биринчи саф тўлмай туриб, кейинги сафга ўтирилмайди. Иккинчи саф тўлмасидан учинчиси бошланмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи сафни тўлдиришга буюрганлар.
 
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ "أَقِيمُوا الصُّفُوفَ وَحَاذُوا بَيْنَ الْمَنَاكِبِ وَسُدُّوا الْخَلَلَ وَلِينُوا بِأَيْدِي إِخْوَانِكُمْ وَلَا تَذَرُوا فُرُجَاتٍ لِلشَّيْطَانِ وَمَنْ وَصَلَ صَفًّا وَصَلَهُ اللهُ وَمَنْ قَطَعَ صَفًّا قَطَعَهُ اللهُ" (رواه البخاري ومسلم)
 
Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларни текисланглар, елкаларни баравар қилинглар, орадаги очиқ жойларни тўлдиринглар, биродарингиз қўлларига мулойим бўлинглар, шайтонга бўш жой қолдирманглар. Ким сафни уласа, Аллоҳ уни (ўз раҳмати билан) уласин. Ким сафни узса, Аллоҳ уни (раҳматидан) узиб қўйсин”, дедилар” (Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Шундан келиб чиқиб, биз жамоат намози олдидан аввалги сафларни тўлдиришга ҳаракат қилишимиз мақсадга мувофиқ экан. Фақат бунда бошқа намозхонларга озор еткизмаслик лозим бўлади. Агар аввалги сафга ўтишда кимгадир азият бериб қўйиш хавфи бўлса имкон муносиб жойни топиб ўтирилади.
Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳнинг “Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китобларида: “Имомга иқтидо қилишга монеълик қилувчи нарса: имом билан иқтидо қилувчининг ўртасида арава сиғадиган йўл бўлиши ёки қайиқ сузадиган катта анҳор бўлиши ёки (масжид бўлмаган) очиқ жойдаги имом билан муқтадий ўртасида икки саф сиғадиган бўшлиқ бўлишидир. Аммо масжид ичида икки сафдан ортиқ бўш жой қолишининг зарари йўқ, чунки, масжиднинг ичи битта жой ҳисобланади ” (“Ал-Ашбоҳ ван-назоир” китоби).
Демак, юқоридаги масаладан иқтидо дуруст бўлиши учун имом билан унга эргашувчининг макони битта бўлиши, яъни бир жойда туриши шарт қилинмоқда. 
Бу ҳақда “Бадоеъус саноеъ” китобида қуйидаги матн келтирилган:
(Имом билан иқтидо қилувчининг) битта жойда туриши иқтидони дуруст бўлиш шартларидандир. Чунки жой битта бўлиши воситасида гўё имом ва иқтидо қилувчининг намозлари ҳам бирлашиши юзага чиқади.
Тўрт мазҳаб уламолари имомлик дуруст бўлиши учун иқтидо қилувчи билан имом бир жойда туришини шарт дейишади. Имом билан иқтидо қилувчиларнинг ўрталари узилса иқтидо қилувчиларнинг намозлари дуруст бўлмайди. Иқтидо қилувчилар қанча кўп ва имомдан қанча узоқда бўлса ҳам ўрталари узилмаган ва (сафлар) бир-бирига уланган бўлса, бундай ҳолатда иқтидо қилувчиларнинг намозлари дуруст бўлаверади”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар намоздан олдин сафларни текислашга буюрар эдилар. Бу суннатга амал қилиш бир вақтнинг ўзида ҳам имомнинг, ҳам унга иқтидо қилувчиларнинг вазифасидир. Сафларни текис олиш муҳим ишлардан бўлгани учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам буни баъзида тарғиб қилиш, баъзида эса қатъий огоҳлантириш йўли билан тушунтирганлар:
 
 عَنِ النُّعْمَانَ بْنَ بَشِيرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، يَقُولُ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لَتُسَوُّنَّ صُفُوفَكُمْ، أَوْ لَيُخَالِفَنَّ اللهُ بَيْنَ وُجُوهِكُمْ 
 
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сафларингизни тўғрилайсизлар, ёки Аллоҳ юзларингизни бир-бирига тескари қилиб (қалбларингизни буриб) қўяди”, - дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
 
 عَنْ أَبِي مَسْعُودٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَمْسَحُ مَنَاكِبَنَا فِي الصَّلَاةِ وَيَقُولُ اسْتَوُوا وَلَا تَخْتَلِفُوا فَتَخْتَلِفَ قُلُوبُكُمْ لِيَلِنِي مِنْكُمْ أُولُو الْأَحْلَامِ وَالنُّهَى ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ ثُمَّ الَّذِينَ يَلُونَهُمْ قَالَ أَبُو مَسْعُودٍ فَأَنْتُمْ الْيَوْمَ أَشَدُّ اخْتِلَافًا
 
Абу Масъуд Ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда елкаларимизни текислаб чиқар ва: “Текисланинглар, ҳар хил бўлиб (сафни қинғир-қийшиқ қилиб) турманглар. Акс ҳолда қалбларингиз (худди сафларингиздек) ҳар хил бўлиб қолади. Орангиздан ақлли, мулоҳазали кишилар менга яқин турсин. Кейин ундан кейинги (даражадаги)лар, кейин ундан кейингилар”, деб айтардилар”. Абу Масъуд: “Сизлар бугун (сафларни текисламаганингиз учун) қаттиқ ихтилофдасиз”, деган (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Имом Ибн Можжа ривоят қилган).
Мазкур ҳадиси шарифлардан маълум бўладики, намозда сафни текислаш ундаги кишиларнинг тенгма-тенг туриши билан бўлади. Ҳеч ким сафдан бироз олдинга чиқиб, ортга сурилиб туриши ёки у ён бу ёнга қараб ўқиш мумкин эмас. Бунда баданнинг юқори қисмида елкалар, қуйи қисмида эса тўпиқлар бир-бирининг рўпарасида туриши керак. Тўпиқ эътиборга олинишининг сабаби тананинг ҳолати унга таянишидир. фиқҳий китоблар ва уламоларимизнинг сўзларига биноан, иқтидо дуруст бўлиши учун имом ва иқтидо қилувчи бир жойда бўлиши ва бир томонга юзланишлари  шартдир. Қолаверса, бунда шариатимизнинг жамоат намозидан кўзланган асл мақсади топилмай қолади. Чунки, жамоатдан кўзланган мақсад – кўпчилик мусулмонларни бир жойга жамлаш, улар ўртасида биродарлик ва иттифоқлик ғоясини тарғиб қилиш, ўзаро ҳамдард бўлиш  каби бир қанча эзгу ишлардир. Сафни бузиш эса бўлиниш, тафриқадан узоқда бўлиш Ислом динининг қоидаларидан.  
 
Шофиркон туман "Шайх Дарвеш" жомеъ масжид

имом-хатиби Азизжон Жамолов 

 
Read 1632 times

Мақолалар

Top