МАҚОЛА

Жиҳод никоҳи – ҳаром

Аҳли сунна вал жамоа фақиҳларининг иттифоқига кўра “Жиҳод никоҳи” деб ном олган никоҳ тури мавжуд эмас. Кофирларнинг жиҳоди эса бирон хил никоҳ турини жоиз қила олмайди. Олимлар наздида машҳур сўз шуки, аёлларни мутъа қилиш – ҳатто аҳли суннат вал жамоадан ташқари бўлган фирқалар наздида жоиз бўлса ҳам – никоҳ қилиш дегани эмас. Фатво олимлари мутъани никоҳ деб билмайди. Биз ҳам никоҳ ҳукмларини мутъа учун тегишли деб билмаймиз. Мутъа учун ўзига хос ҳолат мавжудки, Ислом шариатининг бирон-бир қоидаси уни мувофиқ ёки муносиб деб билмайди. Гарчи кўпчилик мутъага никоҳ тури, деб мурожаат этсада, бу маъно мажозийдир. Сабаби у Исломдан олдинги жоҳилият унсурларидан бири бўлиб, биров ўз истагини қондиришига “мутъа” дейилган. Мусулмонларнинг ғазот муддати чўзилгач мутъанинг жоиз бўлишига мажбур бўлинди. Чунки ёлғизлик қийин бўлгач баъзи саҳобалар ўзларини ахта қилишгача бордилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ахта қилишдан қайтардилар ва уруш даврида аёлларни мутъа қилиш ваҳийга мувофиқ равишда рухсат бердилар. Шундан кейин ваҳийнинг мувофиқлиги билан мутъа никоҳи ҳаром, деб ворид бўлди. Унинг ҳаром эканлигига шариатда қатъий ва мутавотир ҳужжатлар мавжуд.


Улардан ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидир:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мутъадан ва хонаки эшакларнинг гўштини ейишдан Хайбар даврида қайтардилар”. Имом Жуҳаний розияллоҳу анҳунинг ҳадисларига кўра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни мутъа қилиб олишга Фатҳ йилида рухсат берганлар. Унда айтилади:
“Унинг отаси Макка фатҳига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ғазот қилган. Биз унда 15 ой туриб қолдик. Шунда биз учун аёлларни мутъа қилишга рухсат бўлди, сўнгра ҳаром қилинди”.


Бошқа ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ҳажжатул вадоъ”да рухсат берганликлари ва Сабура р.а. ҳадисларига кўра абадий ҳаром қилганлар. Ҳадисда келадики:
“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга “Ҳажжатул вадоъ”га чиқдик. Улар айтишди: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам! Ёлғизлик бизга қийин бўлмоқда”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Бу аёллардан фойдаланинглар” деб жавоб бердилар. Биз аёллар олдига борганимизда улар бизга никоҳланишдан бош тортдилар, фақат бир муддат бўлсагина рози бўлишди. Бу ҳолатни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам га билдиришди. Шунда у киши бир муддатга изн бердилар. Мен бир аёлга уйландим ва унинг олдида бир кеча қолдим. Эрталаб уйғонсам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рукн ва боб орасида тик турган эдилар ва айтдилар: “Эй одамлар! Мен сизларга аёллардан фойдаланишга рухсат бердим. Билиб қўйинглар, Аллоҳ таоло уни қиёматгача ҳаром қилди. Агар ёнингизда ўша аёллардан биронтаси бор бўлса, уни ўз ҳолига қўйсин ва унга берган нарсангиздан ҳеч нимани олманглар”.


Шунинг учун, аҳли суннанинг тўрт имоми, саҳобалар, тобеинлар ва уларга эргашганлар сабаби қандай бўлмасин аёлларни мутъа қилиб олиш қатъиян ҳаром, деб иттифоқ қилишди.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Мутъа никоҳни, талоқни, иддани, меросни ҳаром қилди ёки бузиб юборди”.Бунинг маъноси шуки, мутъа талоқсиз ва ажратишсиз кўтарилади, унда мерос бўлмайди. Сабаби, мутъа никоҳ ҳисобланмайди. Аёлдан фойдаланган киши эр бўлмайди, аёл эса хотин бўлмайди.
Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани биров ўзига ҳалол деса, дарҳақиқат у кофир бўлади ва қилаётган иши айни зино бўлади. Бундай одамлар Аллоҳнинг ҳудудини бузиб Аллоҳга қарши курашмоқда. Уларнинг жиҳоди, қарши кураши Аллоҳга бўлиб қолаверади. Аллоҳ эса уларни яқин орада яксон қилиб ташлайди.

Толибжон Шарипов

Read 1790 times

Мақолалар

Top