МАҚОЛА

Ҳизбчиларнинг мақсадлари

Аммо, “ҳизб”нинг асл мақсадларига назар солинса, уларнинг танлаган услуби Росулуллоҳ ва саҳобалар услубига бир неча жиҳатдан зид ва қарама-қарши экани намоён бўлади.


Биринчидан; “Ҳизб”чилар “мен мусулмонман”, дегувчи мўмин-мусулмон ҳалқни даъват қилади. Бунда улавр аввал жамият аъзоларини ёппасига иймонсизликда айблаб, куфрга ҳукм қиладиларда, ана ундан кейин “қайта исломлаштириш” ҳаракатига ўтадилар. Росулуллоҳ ва саҳобалар эса, “мен мушрикман”, деб будларга топинувчиларни даъват қилар эди. мусулмон бўлганларни эса, амали солиҳда бардавом бўлишга чақирар эдилар.
Иккинчидан; “Ҳизб” ўзининг “исломи”га даъват қилади. Росулуллоҳ ва саҳобалар эса, соф Исломга даъват қилар эди.


Учинчидан; Ҳизб фаолиятини мусулмонлардан, ватанпарвар шахслардан, мусулмонларнинг раҳбарларидан яширадилар. Росулуллоҳ ва саҳобалар эса Исломнинг аввалида ўз даъватларини фақатгина ислом душманлари саналмиш мушриклардан яширар эдилар.


Тўртичидан; “Ҳизб” даъват қилинмиш шахсларга аввал, ўзи яшаб турган она ватанига нисбатан бўлган меҳр туйғусини сўндириб, “туғилиб ўсган ватанга садоқатли бўлиш шарт эмас, масжид миноралар бор ҳамма ер бизнинг ватандир, диний эркинлик (бунда улар ўз фаолиятларини бемалол олиб боришни назарда тутатидар) йўқ ерни тарк этиш, ҳижрат қилиш фарз, беғам яшаб юриш ярамайди, уруш-жанжаллар гирдобида қолган биродарларимизга ёрдам учун жангга отланмоқ даркор ” каби соҳта шиорлар остида космополитизм (ватанпарварлик, ҳалқларнинг ўз миллий суверенитети ва мустақиллигини ва миллий маданиятни инкор этувчи реакцион ғоя)ни диний ниқоблар остида сингдиришга уринадилар. Росулуллоҳ ва саҳобалар эса, энг аввал Аллоҳни бир деб билиш, пайғамбарни ҳақ, деб тан олиш, ота-онага яхшилик қилиш, бошлиққа итоат этиш, қуллар ҳатто кофир бўлса ҳам хўжайинларига итоъат қилишга, ватанга садоқат, ватан равнақи учун фидойи бўлиш каби эзгу ишларга чақирар эди.


Бешинчидан; Ҳизбнинг даъвати тасирига тушганлар космополистга айланадилар. Натижада, ўз ватанини ёмон кўра бошлайди; Ватандаги миллий анъана ва қадриятлар кўзига хунук кўрина бошлайди; Давлати сиёсатига қарши бўла боради; Ўз Давлатини “кофир тузуми”, деб ўйлайди; уламоларини айблайди; ота-онасини кофирга чиқаради; қўшнисини сўйиб кетади; Юртини портлатади, Ватанини сотади ... Росулуллоҳ ва саҳобаларнинг суҳбати ва даъватидан насибадор бўлганлар эса, бунинг акси ўлароқ, ёмон хулқлардан воз кечар, жиноятлардан воз кечиб, яхши ва эзгулик қилишга ошиқар, муҳтожга ёрдам берар, юрти ва ватанини обод этиш ҳаракатига тушар эди.


Ислом фиқҳида “ҳизб”нинг бу каби хуфёна ҳаракатларини фитна дейилади. Ўзлари эса фитначилардир! Қачонки, ғаразли мақсадлари сари ҳокимиятга бош кўтарсалар, буни “бағй”, дейилади, ўзларини эса, “боғий”, дейилади! Ислом қонуншунослари тарафдан боғийларга тайинланган қатор жазо чоралари бор:
Одил подшоҳга қарши чиққан исёнчи боғийларга қарши уруш қилиш, уларни ўлдириш жоиздир, деб аҳли илмлар ижмоъ қилганлар. Бу ҳукм бутун аҳли суннат жамоъасининг иттифоқий қароридир. Қачонки бирор киши ўз яқинларидан бирор боғийлик йўлига ўтган шахсни ўлдирса, қатл этилганнинг меросидан асло маҳрум этилмайди. Ва ҳоланки инсон ўз яқинларидан бирининг жонига қасд қилса, қотил мақтулнинг меросидан маҳрум этилади. Инсон қачонки боғийлар сафига қўшилиб, бу йўлда ўлдирилса, унга жаноза намози ўқилмайди, балки оддий ҳайвон каби кўмиб юборилади. Бу ҳам бутун Ислом оламида аҳли суннат уламоларининг ижмоъий қароридир!

Манбалар асосида Жамалов Нуруллоҳон тайёрлади

Read 1617 times

Мақолалар

Top