МАҚОЛА

Ҳизбут-таҳрирнинг "ҳалифалик" масаласига раддия

Аббосий халифалиги ва Умар ибн Абдулазиз каби марвонийлар сулоласининг баъзи вакилларини мусулмон уммати халифа деб келган бўлса-да, бироқ Аллома Тафтазоний фикрига кўра, ҳадисда тилга олинган халифаликдан мақсад тўлиқ халифалик, яъни у шундай халифаликки, унга қарши ҳеч бир мухолафат бўлмаган, ундан бошқаларга байъат қилишга одамларда майл уйғонмаган.
Яъни, “хулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”) Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳум ажмаъин бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар.

Демак, Аллома Тафтазоний айтишича, мусулмонларнинг норозилигига сабабчи бўлиб, бир тўда одамлар ўзларича халифалик эълон қилгани билан улар ҳақиқий бўла олмайди. Бундай кимсалар ўзининг “халифалиги”га қанчалик оят ва ҳадис келтирса ҳам, у ишончли ва том маънодаги халифа эмас!
Аллома Тафтазоний ҳам ҳозирги даврда халифалик тузишни тарғиб қилувчилар доим келтирадиган ҳадиси шарифга эътибор қаратган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис келтирилади:
مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ وَلَمْ يَعْرِفْ إِمَامَ زَمَانِهِ مَاتَ مَيِّةً جَاهِلِيَّةً.
“Аҳли қибладан ким ўз замонасининг имомини танимасдан вафот этса, жоҳил бўлиб вафот этибди”.

Аллома Тафтазоний мазкур ҳадис эътиборидан уммат Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотидан кейин энг муҳим ишни қилдилар. Яъни, ўзларига раҳбарни тайинладилар. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинмасдан олдин бу ишни амалга оширдилар ва бу ишни ҳар бир раҳбар вафотидан кейин ҳам давом эттирдилар, деганлар. Яъни, бу ерда ҳеч қандай халифалик ҳақида гап-сўз йўқ. Мазкур ҳадисда ҳар бир даврдаги, ҳар бир юртнинг ўзлари тинч йўл билан сайлаб қўйган раҳбарлари назарда тутилган.

Ҳадисда тилга олинган “имом” сўзи диний раҳбар – масжид имомини ҳам, сиёсий раҳбар – давлат раҳбарини ҳам назарда тутади. Фиқҳий манбаларда ҳам “имом” сўзи ана шу икки маънода қўлланади. Ундан фақат “халифа”ни эътиборга олиш маъноси йўқ.

Иккинчидан, айтиш лозимки, “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”нинг энг машҳур шарҳ қилувчиларидан Рамазон афанди фикрича, бу ҳадисдаги “ўз замонининг имоми” сўзидан мурод ўша даврга юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Халифаликни ва халифалик тузишни тарғиб қилувчилар юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб, ўзининг ғаразли мақсадлари учун ниқоб қилиб олади. Лекин шу маънодаги қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шарифни яшириб келадилар:
من خرج من الطاعة وفارق الجماعة فمات مات ميتة جاهلية ومن خرج على أمتي يضرب برها وفاجرها لا يتحاشى من مؤمنها ولا يفي لذي عهدها فليس مني ومن قاتل تحت راية عمية يدعو إلى عصبية أو يغضب لعصبية فقتل فقتلة جاهلية
“Кимки итоатдан чиқиб ва жамоатдан ажралиб вафот қилса, жоҳилият ўлиги ҳолда ўлиб кетади.
Кимки умматимга қарши чиқиб, яхшисини ҳам, ёмонини ҳам (бўйинига қилич ва болта ила) ура бошласа, уларнинг мўъминлигига парво қилмай қўйса, уларнинг аҳдлашган кимсаларига вафо қилмаса, у мендан эмас! Кимки асабийликка чақирадиган кўр байроқ остида уришса, ёки асабийлик билан ғазабланаверса, у ўлдирилса, жаҳолат ҳолида ўлдирилган бўлади!”.
Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги кунда аҳмоқона “халифаликни қайта қуриш” режаси билан мўъмин-мусулмонларга қарши чиқаётган, мусулмонларни ўлдираётган, асабий ва ғазабнок нокасларни огоҳлантирмоқдалар, уларнинг ўзлари жаҳолатда, ҳаром ўлимтик ҳолида ўлиб кетишларини башорат қилмоқдалар.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, “халифаликни қайта қуриш” масаласи асрлар давомида турли фирқалар томонидан даврий равишда кўтарилиб турган.
Бугунги кунда ҳам бу масала баъзи адашган фирқалар томонидан кўтарилмоқда. Юқорида келтирилган далиллар мазкур оқимларнинг қарашлари нотўғрилигини исботлайди ва уларнинг қилаётган бу даъволари фақат ўзларининг ғаразли мақсадларини ниқоблашдан ўзга ҳолат эмас эканини кўрсатади.

Янгиқўрғон тумани "Эскиобод" масжиди имом хатиби
Ғайратжон Асабоев.

Read 1002 times

Мақолалар

Top