МАҚОЛА

Имоми Аъзам билан шогирди Абу Мутиънинг савол-жавоблари

Имоми Аъзам билан шогирди Абу Мутиънинг савол-жавобларига асосланиб ёзилган:
ТАҚДИР БОБИ 1
Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) деди:
– Ҳаммод Иброҳимдан ва у Абдуллоҳ ибн Масъуддан ушбу ҳадисни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилганларини бизга айтди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтдилар: “Ҳар бирингизнинг яралиш жараёни шундай кечади: у қирқ кун онаси қорнида нутфа, сўнгра яна шунча муддатда алақа, сўнгра яна шунча муддатда музғага айланади. Шундан кейин Аллоҳ бир фариштани юборади ва у банданинг ризқини, яшаш муддатини, унинг бахтли ёки бахтсиз бўлишини ёзади. Ўзидан бўлак илоҳ йўқ Зотга қасамки, банда Дўзах аҳлининг ишини қилиб юраверади, ҳатто у билан Дўзах орасида бир зироъ масофа қолади ва шу вақтда унга китоб ғолиб келади ва у Жаннат аҳлининг амалларини қила бошлайди ва сўнг вафот этади ва Жаннатга киради. Бошқа бир одам эса Жаннат аҳлининг амалларини қилиб юради ва Жаннатга киришига бир зироъ масофа қолганида, унга китоб ғолиб келади ва Дўзах аҳлининг ишларини қила бошлайди, сўнгра вафот этади ва Дўзахга киради.
Савол:
– Бир одам амри маъруф ва наҳйи мункар қилиб юрса ва одамлар унга эргашса, сўнгра у жамоатга қарши чиқса, бундай одам тўғри қилган бўладими?
Жавоб:
– Йўқ.
Савол:
– Нега? Ахир, Аллоҳ ва Унинг пайғамбари амри маъруф ва наҳйи мункарга буюрганлар ва бу мутлақо фарз-ку?
Жавоб:
– Шундай. Лекин уларнинг қон тўкиш, ҳалолни ҳаром дейиш, молларни ўғирлаш каби бузғун ишлари ислоҳ қилишларидан кўп бўлади. Аллоҳ таоло: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз!!..» (Ҳужурот сураси, 9-оят), деган.
Савол:
– Тажовузкор, ҳаддан ошган тоифага қарши қилич билан уришамизми?
Жавоб:
– Амри маъруф ва наҳйи мункар қиласан, қабул этмасалар, уларга қарши жанг қиласан. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг: «Сизга жабр қилувчининг зулми, одил одамнинг адолати зарар қилмайди. Сизга ўз ажрингиз, уларга ўз гуноҳлари», деган сўзларига биноан, агар имом ситамкор бўлса, адолатли тоифа билан бирга бўласан.
Савол:
– Очиқ хавориж бўлганлар тўғрисида нима дейсиз?
Жавоб:
– Улар хаворижларнинг энг ифлосларидир.
Савол:
– Уларни кофирлар деймизми?
Жавоб:
– Йўқ, Лекин уларга қарши пешволаримиз курашганидай, эзгулик соҳиблари Ҳазрат Али ва Умар ибн Абдулазиздек курашамиз.
Савол:
– Хаворижлар биз каби такбир айтадилар, намоз ўқийдилар, Қуръон тиловат қиладилар. Абу Умома (розияллоҳу анҳу)нинг қиссасини эсланг-чи! У Дамашқ масжидига кирганида, унда хаворижлардан бирталайининг каллалари думалаб ётар эди. У Абу Ғолиб Ҳимсийга: “Эй Абу Ғолиб, улар одам болалари, ҳамшаҳарларинг-ку”, деди. Сенга уларни таништираман, деб Абу Ғолиб: “Эй дўзах аҳлининг лайчалари, эй дўзах аҳлининг кучуклари, эй осмон тагидаги энг разил мурдалар”, деди. Абу Умома ўзини тўхтатолмай кўз ёш тўкарди. Бу ҳолатни кўрган Абу Ғолиб: “Эй Абу Умома, сени йиғлатаётган нарса нима?” деди. Абу Умома унга деди: “Улар мусулмон эдилар, сен улар тўғрисида нималар деяпсан, мен нималарни эшитяпман?! Аллоҳ таоло Қуръонда улар тўғрисида: «Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): «Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди! Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳматида (жаннатида)дирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир» (Оли Имрон, 106–107-оятлар), деган”.
Абу Ғолиб айтди: “Бу ўз фикрингми ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганмисиз?” Абу Умома айтди: “Мен буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бир, икки, уч то етти мартагача эшитмаганимда сизларга айтмаган бўлар эдим. Хаворижларнинг куфри куфрони неъматдир, Аллоҳнинг уларга берган инъомларига куфр қилганлар”.

 

shoshhanafiy

Read 1296 times

Мақолалар

Top