МАҚОЛА

Халқни рози қилиш – энг улуғвор мақсад

Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига чиқди. Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳалардаги туб ислоҳотлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик-тотувликни таъминлашга қаратилган изчил, пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.

Эътиборлиси, Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббус асосида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг 73-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан аҳамиятлидир.

Соҳадаги ислоҳотлар инсон қадри учун

Мазкур резолюциянинг амалий ифодаси мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларда яққол ифодасини топмоқда. Хусусан, турли ғаразли кучлар таъсирида диний-экстремизм фаолиятига адашиб кириб қолган 16 мингдан зиёд инсон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари “қора рўйхат”идан чиқарилди.

Бугунги кунгача ўтказилган “Меҳр” операциялари доирасида Сурия, Ироқ ва Афғонистонда оғир аҳволга тушиб, чорасиз қолган 500 дан зиёд аёл ва бола Ўзбекистонга олиб келинди.

Улар янгиланаётган, инсон эрки ва ҳуқуқлари қадрланадиган юртимизда янги ҳаёт бошлади.

Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрами арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг ёрқин ифодаси сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан, жазо муддатини ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 75 фуқаро афв этилганини эътироф этиш жоиз.

Виждон ва дин эркинлигини таъминлаш Ўзбекистон юритаётган сиёсатнинг устувор йўналишларидандир. Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар кечмоқда. Бу борада виждон эркинлигининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонунчиликни инсон ҳуқуқларига оид халқаро андозалар асосида такомиллаштириш ҳам ислоҳотларнинг энг долзарб вазифаларидан, деб қаралмоқда.

Инсон қадри улуғланаётган юртимизда Президентимиз 2021 йил 5 июлда имзолаган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги қонун қабул қилингани жамиятдаги жуда кўп масалаларни ечди. Мазкур ҳужжат ўзининг халқчиллиги, жамиятдаги барча масалаларга энг ҳаққоний ва адолатли жавоб бериши билан аҳамиятлидир.

Янги таҳрирдаги ушбу қонун АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа илғор давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича марказлари ҳамда халқаро ташкилотлари мутахассислари таклиф ва тавсияларини ўрганган ҳолда ишлаб чиқилди. Янги қонуннинг олдингисидан асосий фарқли жиҳатлари шундаки, унда фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатлари кучайтирилди, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқини таъминлашнинг янги механизмлари жорий этилди, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсати такомиллаштирилди.

Яна бир асосий жиҳат — диний таълим тизимидаги янгиликлар алоҳида муҳим ўрин тутади. Ислом дини ривожи йўлида беқиёс хизмат қилган буюк боболаримизнинг диний ва илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Тошкентда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази очилган. Шунингдек, учта йирик олий диний таълим ва 10 та ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритмоқда.

Айниқса, ўзининг маҳобати ва Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйилаётган юртимизда илмий салоҳияти туфайли маърифат масканига айланиши кутилаётган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази хусусида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Зотан, халқимизнинг бой диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва дунёга тарғиб этиш, ёш авлодни миллий ва умум-башарий қадриятлар руҳида тарбиялашда беқиёс ўрин тутадиган мазкур илм-маърифат маркази ҳозирданоқ ўз маҳобати, амалга ошираётган маънавий, илмий-тадқиқот фаолияти билан бутун дунё ҳавасини келтирмоқда.

Юртимиз аҳолисининг диний-маърифий эҳтиёжларини қондириш мақсадида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда бир неча диний олий таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” ўқув курслари ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Бу билан аҳолининг диний билимларни эгаллашга эҳтиёжи тўлақонли таъминланишига эришилмоқда. Айни пайтда мазкур курсларда аҳолининг турли қатламлари ва турли ёшдаги юзлаб тингловчилар таҳсил олмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг қатъияти, ташаббуси билан Ҳаж ва Умра зиёрати қайта тикланди. Пандемия туфайли ушбу муқаддас диний амалларни бажариш имконияти чекланган эди. Бироқ юртимизда бу мураккаб вазиятни бартараф этишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида аҳоли динимизнинг муқаддас амалларини бажариш имконига эга бўлди.

Мазкур ислоҳотлар кўп миллатли халқимиз ҳаёти, фаровон турмуши, ёрқин истиқболи, фарзандлар камолоти ва орзу-истаклари рўёбида ўз ифодасини топмоқда.

Ислоҳотлар халқаро майдонда кенг эътироф этилмоқда

Тўғри йўл доимо эзгуликка етаклайди. У бир оз машаққатли, синовларга бой бўлиши табиий. Юртимиздаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар нафақат ватандошларимиз, балки халқаро майдонда нуфузли инсонлар томонидан эътироф этилаётгани қувонарлидир. Жумладан, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Тошкентдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Юсуф ал-Утайбий билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот давомида сўнгги йилларда ислом илм-фани ва маданиятининг бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, энг муҳими, ислом динининг инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш учун халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва бошқа таълим муассасалари ташкил этилиши муҳим қадам экани алоҳида қайд этилди.

Дўстона кайфиятда ўтган суҳбат давомида Юсуф ал-Утайбий сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳаларда ривожланиб бораётганини таъкидлади. У Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида диний-маърифий соҳада кечаётган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Таълим, фан, маданият йўналишларида ҳамкорлик алоқалари мунтазам ривожланиб, икки томонлама шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланаётгани, Ўзбекистон Саудия Арабистони учун муҳим ҳамкор экани эътироф этилди.

Мисрдаги қатор олий таълим ва илмий-тадқиқот марказлари, жумладан, Таълим, фан ва маданият бўйича ислом ташкилоти — ICESCO билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси дўстона муносабатлар ўрнатган.

2021 йил декабрь ойида Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида 60 дан зиёд аъзо давлат иштирокида ICESCO ижроия кенгашининг 42-сессияси ҳамда XIV бош конференцияси бўлиб ўтди. Мазкур анжуманда юртимиз делегацияси ҳам фаол иштирок этди.

Ташриф давомида Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари ўринбосари Абдураҳмон Муҳаммад Дувайний жаноблари ислом цивилизацияси ривожида Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Муин Насафий каби ўзбек алломалари ҳиссаси алоҳида эканини, Ал-Азҳарда ўқийдиган ҳар бир талаба Абу Баракот Насафийнинг “Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” асарини мутолаа қилиши, уни чуқур ўрганиши талаб этилишини билдирди.

Шунингдек, конференция давомида ICESCO Бош котиби Салим Малик ташкилотга аъзо давлатларнинг ишларини таҳлил қилар экан, энг тартибли аъзо давлатлар қаторида Ўзбекистонни эътироф этиб, ICESCO Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан мамнунлиги, рақамли технологиялар, космик тадқиқотлар ривожида юртимиз алломалари, хусусан, Хоразмийнинг беқиёс ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади.

“Бугунги рақамли технологиялар ривожида, айниқса, фазо илмлари, космик тадқиқотлар тараққиёти учун инсоният, энг аввало, Хоразмийга таъзим қилиши керак. Зеро, VIII-IX асрларда яшаган қомусий аллома Хоразмийнинг илм-фандаги кашфиётлари ва у киши қўйган мустаҳкам пойдевор бугунги кунга келиб муҳташам мажмуага айланди”, дея қайд этди Салим Малик.

Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги йўлида

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида рўй бераётган ижтимоий-сиёсий бўҳронлар туфайли мафкуралар тўқнашуви кескин тус олмоқда. Бундай вазиятда фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан кўра, муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу боис, жорий йил давомида юртимиз бўйлаб аҳолини қадимий бой тарихимиздан бохабар қилиш, Ватанимизга муҳаббат, юртимиздаги ислоҳотларга дахлдорлик туйғусини шакллантириш мақсадида соҳа мутахассислари томонидан “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Мазкур тадбирларда иштирок этган экспертлар юртдошларимизга ҳаётий мисоллар, турли ибратли ҳикоятлар орқали ўз фикр-мулоҳазаларини етказмоқда. Учрашувларда миллий ўзлигимиз, асрий қадриятларимизга салбий таъсир кўрсатаётган “оммавий маданият” ниқоби остидаги хуружлар, диний экстремизм ва терроризм таҳдидларидан хабардор бўлиш кераклиги таъкидланаётир.

Ислом динининг инсонпарварлик, тинчлик ва дўстлик каби олижаноб мақсадлари ҳамда интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган ғоявий хатарлар, глобаллашув даврида турли мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш масалаларида сўз юритилиб, ушбу жараёнда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимлиги қайд этилмоқда.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси барчамизни янада бирлаштирди

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида шаҳар ва қишлоқларимизда жорий йил 1 мартдан эътиборан ўтказилаётган “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири юртимизда яшаётган турли миллат ва диний конфессиялар вакилларини ягона мақсад атрофида бирлаштирди.

Эзгу мақсаднинг амалий қадамлари ўлароқ, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида 16 конфессия вакиллари иштирокида бўлиб ўтган учрашувда ирқи, миллати, диний эътиқодга мансублигидан қатъи назар, барча юртдошларимизни “Яшил йиллик” умуммиллий тадбирида фаол бўлишга ундовчи баёнот қабул қилинди.

Мамлакат бўйлаб мазкур тадбир доирасида ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган кўчатлар танланиб, уларни етиштириш учун кўчатхоналарни кўпайтириш ҳамда аҳолига камида 10 миллион дона мевали ва манзарали дарахт кўчатини бепул тарқатиш белгиланди. Қувонарлиси, хайрли ташаббусга халқимиз чин дилдан хайрихоҳлигини кўрсатмоқда. Ушбу ташаббуснинг амалга ошишида турли дин ва миллат вакиллари қўлни қўлга бериб, ягона ва аҳил оила аъзоларидек иштирок этиши муҳим.

Рус православ черковининг Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари Митрополит Викентий мазкур баёнот ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди: “Шу юртни обод қилиш, унинг яшиллигига ҳисса қўшиш, табиатни соф ҳолда асраш, диний эътиқодидан қатъи назар, ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Ушбу эзгу мақсад йўлида барчани ҳамжиҳат бўлишга ва ташаббускорликка чақирамиз. Таъкидлаш лозимки, ҳар бир самовий динда табиатга оқилона муносабат, уни асраб-авайлашга чақириқ бот-бот такрорланади. Бу даъватга “лаббай”, деб жавоб қилиш бизнинг вазифамиздир”.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини қўллаб-қувватлаш, ушбу хайрли ташаббус доирасида ҳудудларни ободонлаштириш, кўчат ва гуллар экишни тарғиб этишга қаратилган баёноти қабул қилинди.

Бу каби хайрли ишларда ҳар биримиз камарбаста бўлиб, атроф-муҳитни ҳимоя қилиш, юртимизни покиза сақлашга муносиб ҳисса қўшишимиз зарур. Айниқса, дунёда рўй бераётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, фожиалар қаршисида инсониятнинг ожиз қолаётгани, биздан талаб этиладигани неъматларга шукр қилиб, уни асраб-авайлашга туртки беради.

Сўнгги сўз ўрнида

Оммавий дидсизликка тарғиб, миллий зеҳният ўтмаслашишига етакловчи ҳаракатларга рағбатнинг гоҳ яширин, гоҳ ошкора шаклда кучайиб бориши кузатилаётган глобал маконда миллий ўзликни англаш туйғуси тобора сийқалашиб, тундлашаётгандек. Бу борада улуғ аждодларимиз фаолияти ва меросидан фахр туйишнинг ўзигина камлик қилади. Негаки, ўша илмий мероснинг қадр-қимматини англамай, улар билан шунчаки фахрланиш билан узоққа бориб бўлмайди.

Аввало, имкон қадар мазкур маънавий меросдан баҳраманд бўлишимиз керак. Бу йўлда соҳанинг билимдонлари, аҳли илм — устозларнинг билими бизга асқатади. Буюк алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганишга мўлжалланган халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази каби йирик илм-фан лойиҳалари бунёд этилиши мана шу жиҳатлари билан ҳам эътиборга молик. Ушбу марказлар улуғ алломаларимиз меросини ўрганиш, ҳаётга татбиқ этишда, Президентимиз таъбири билан айтганда, Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек улуғ мақсадлар рўёби йўлида ҳал этувчи илмий-амалий маскан сифатида бўй кўрсатади.

“Инсон қадрини улуғлаш” ҳақида сўз борар экан, бу борадаги амалий саъй-ҳаракатлар миллат, халқ манфаатларини таъминлашга, унинг қаддини кўтаришга хизмат қиладиган чора-тадбирлар билан ҳамоҳангликда, уйғунликда олиб борилса, мақсадга мувофиқ. Қаддини ростлаган халқ она Ватани қадрини юксакларга кўтара олади. Пировардида, ҳар бир юртдошимиз қадр топади, халқни рози қилишдек улуғвор мақсад амалга ошади.

Содиқ ТОШБОЕВ,

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2022 йил 1 апрель, 65(587)-сон

Read 1279 times

Мақолалар

Top