МАҚОЛА

Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир

Шоазим МИНОВАРОВ,

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси

маркази директори:

— Ҳамма нарса халқ манфаати учун. Инсонни улуғлаш — олий қадрият. Шонли тарихдан — буюк келажак сари. Маҳалла — заминимиз, таянчимиз. Ёшлар — Ватан келажаги каби улуғ ва олижаноб мақсадларни ўз олдига қўйган халқимиз ўзи ишонч билдирган раҳбар етакчилигида олға интилмоқда.

Мақсад — Ўзбекистон Республикасини ривожланган, қонун устуворлиги таъминланган, коррупция жиловланган, илм-фан тараққий топган ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллайдиган давлатга айлантириш. Қуёш ва гидроэлектр станциялари, интенсив боғлар, пахта ва бошқа хомашёларимизнинг жойида чуқур қайта ишлаш объектлари, оғир ва енгил саноат соҳаларида амалга оширилган ишлар ва режалар Ўзбекистонни тобора мазкур мақсадга яқинлаштиряпти. Илгари биз фахр билан тилга оладиган Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси каби йирик саноат объектлари энди “Ўзбекистон GTL” заводи тимсолида ўз аламбардорларига — етакчиларига эга бўлди.

“Ўтган йили Қашқадарёда “Ўзбекистон GTL” заводини очиб, бутун дунёга мамлакатимизнинг иқтисодий қудратини кўрсатдик. Бу марказ халқимизнинг маънавий ва маърифий қудрати тимсоли бўлиб қолади”, деди муборак Рамазон ойининг биринчи жумасида Ислом цивилизацияси маркази қурилишига ташриф буюрган Ўзбекистон раҳбари. Анъанага кўра, Президентимиз Ислом цивилизацияси марказида сўнгги ойларда амалга оширилган ишлар билан танишди ва мутасаддилар ҳамда қурувчиларга зарур тавсиялар берди. Шунингдек, ташқи ва ички безак ишларининг мазмуни ва шаклини маъқуллади, айни пайтда қўлланиладиган барча матнлар илмий асосга эга бўлиши зарурлигини таъкидлади. Ташриф давомида Ислом цивилизацияси маркази музейи таркибида шакллантирилаётган “Янги Ўзбекистон — Учинчи Ренессанс” бўлим тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бўлимда бой ва узоқ асрларга тақаладиган тарихимиз, дин ва илмда мактаблар яратган боболар мероси, маърифатчи аждодларимиз, муфтийлар сулоласи тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилган концепция бўйича ўз таклифларини билдирди. Ислом цивилизацияси маркази биносида Халқаро ислом академиясининг магистратура ва докторантура бўлимлари жойлашади.

Read 2227 times

Мақолалар

Top