МАҚОЛА

Фитналардан огоҳлик

Ҳалиям фитна қилишдан тўхтамадингларми? Аллоҳга осий бўлишдан хали ҳам тўхтамадингларми?! Наҳотки сизлар ҳалиҳам тўнтарамиз, революция қиламиз деб ҳаракат қилиб, ўзларингча тўпланиб юрипсизлар. Қачонгача ўзларингни алдаб юрасизлар. Одамларни фикрини ўзларингга жалб қилмоқчисизлар. Лекин бариси бефойда эканини тушуниб етмаяпсизлар. Сизлар бариларингиз фитначисизлар. Сизлар худди Усмон разияллоҳу анҳуни тушунмасдан у кишини шаҳид бўлишига сабабчи бўлган тўртта жоҳил, ақидапарастсизлар. Яна Аллоҳ таоло: «Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг. Ва билинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир», деган.Ушбу ояти каримадаги «фитна» сўзи бошқа оятлардаги каби синов ва бало маъноларини англатади. Қайси бир жамоада золимлар зулм қилганда бошқалар қараб турса, ҳамма–зулм қилганлар ҳам, қараб турганлар ҳам баробар балога гирифтор бўладилар.«Зулм» деганда бир шахснинг иккинчи шахсга тажовуз қилишигина англанмайди, балки бу сўзнинг маъно қамрови кенг бўлиб, ҳамма ноҳақликлар, гуноҳлар унинг ичига киради. Хусусан, динни тарк этиш, Аллоҳнинг амрига юрмаслик, давлатда адолат ўрнатаман деб турли кризисларни пайдо бўлишига сабаб бўлиш, нормал ҳолатда давом этаётган турмушни бузиб ағдар-тўнтар қилиш, одамларнинг илм олишига халақит бериб фикрини чалҳитиш катта зулм ҳисобланади. Қайси бир жамиятда ана шундоқ зулмлар содир этилса, ўша жамиятнинг барча аъзолари; зулм ишларни қилганларию, уларга бефарқ қараб турганлари биргаликда фитнага-оммавий бало-офатга гирифтор бўладилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзига иймон келтирган бандаларини бундан огоҳлантириб, ушбу хитобни қилмоқда:
«Ва сизлардан фақат зулм қилганларнинг ўзигагина етмайдиган фитнадан сақланинг».Яна, эй зулм қилаётганлар:«...билгинки, албатта, Аллоҳнинг иқоби шиддатлидир».Зайнаб бинти Жаҳш разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салам уйқудан юзлари қизарган ҳолда уйғониб: «Лаа илаҳа иллаллоҳу. Батаҳқиқ, яқинлашган ёмонликдан арабларнинг ҳолига вой бўлсин! Бугун Яъжуж ва Маъжужнинг тўғонидан манабунча очилди», дедилар.
Суфён қўлини букиб тўқсон ёки юзни кўрсатди. «Ичимизда солиҳлар туриб ҳалок бўламизми?» дейилди. Ҳа! Қачон фисқи фужур кўпайса», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Кишилар ичида фисқи фасод кенг тарқалса Аллоҳ таоло. уларни агар ичларида аҳли солиҳ кишилар бўлса ҳам ҳалокатга дучор қилар экан. Сизларга мурожаат қиламан. Кўпчилик бўлиб фисқи фасодга қарши туриш лозим. Ўз ватанига хиёнат қилганларга, қарши илм билан, агар илм билан бўлмаса фикр билан қарши туриб курашиш керак.

Манбалар асосида Жамалов Нуруллоҳон тайёрлади

Read 1261 times

Мақолалар

Top