МАҚОЛА

Диний ташкилотлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш: Ўзбекистон тажрибаси

Ўзбекистон минг йиллар давомида турли-туман дин, маданият ва турмуш тарзига эга бўлган халқларнинг биргаликда яшаши ва ҳамкорлиги маркази бўлиб келмоқда. Ўзбек халқи ўзининг бутун тарихи давомида, ҳамма вақт бошқа халқлар, миллатлар ва динлар вакилларига нисбатан ўзининг хайрихоҳлигини ва ҳурмат билан ёндашувини намоён этиб келган.

Мамлакатда динлараро соғлом мулоқотдан кўзланган мақсад – ўзаро душманлик кайфиятига йўл қўймаслик, конфессионал бирликлар ўртасида ўзаро ҳурматга асосланган муносабатларни юзага келтириш ва диний уюшмаларнинг биргаликда тинч-тотув яшашларини таъминлаш ҳамда энг муҳими тинчлик маданиятини шакллантиришдан иборат. 

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган оламшумул ташаббуслар янгиланаётган Ўзбекистоннинг янгича қиёфасини жаҳон ҳамжамиятига ёрқин намоён этмоқда ва ўз навбатида, халқаро ҳамжамиятнинг юксак эътирофларига сазовор бўлмоқда.

Сир эмас, сўнгги йилларда барча соҳа ва тармоқлар қатори диний-маърифий жабҳада, хусусан, турли диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини мустаҳкам қарор топтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини жадал тараққий эттириш, мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш сари катта ташаббуслар илгари сурилмоқда. Ушбу мақсадда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси дастури қабул қилинган. Унда миллатларо тотувлик ва диний бағрикенглик, маънавий тараққиётни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистоннинг диний бағрикенглик борасидаги илғор ташаббуслари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам бир овоздан қўллаб-қувватланмоқда. Мисол учун, 2018 йил 12 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессиясида муҳтарам Президентимиз томонларидан таклиф этилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциянинг қабул қилингани фикримизнинг яққол исботидир. Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган ушбу муҳим резолюцияда сайёрамизда тинчликни мустаҳкамлаш йўлидаги ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари ҳимояси, динлараро муроса ва ўзаро англашувнинг нечоғли зарурлиги қайд этилган. Ушбу тарихий ҳужжатда динлар ва маданиятлараро муносабатлардаги уйғунликни рағбатлантириш ҳамда дин ва эътиқодлар замиридаги камситишларга йўл қўйилишига қарши курашишга қаратилган барча ташаббуслар қўллаб-қувватланган.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция жаҳонда турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида илгари сурилгани билан янада аҳамиятлидир. Шунингдек, Ўзбекистон ташаббуси дунёда тинчлик-осойишталикни сақлаш, диний бағрикенгликни таъминлашда нақадар катта аҳамиятга эга экани бугунги мураккаб даврда яққол намоён бўлмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистонда виждон ва дин эркинлиги фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланиши, инсон манфаатлари ва эркинликларининг қадрланиши янада устуворлик касб этган.

Ҳозирги пайтда, республикада давлат ва дин муносабатлари қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилмоқда:

- диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;

-диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;

- диний эътиқодга эга фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;

- маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмаларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш;

- диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўймаслик.

Мазкур йўналишдаги ишларни мувофиқлаштиришда давлат ва диний ташкилотларни боғлаб турувчи ташкилий тузилма – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳисобланади. Қўмита турли диний ташкилотларнинг ўзаро тинч ва ҳамжиҳат фаолият юритиши ҳамда ҳуқуқ ва мажбуриятларига амал қилишларига кўмаклашиб келмоқда.

Бугунги кунда, Ўзбекистонда 16 та диний конфессияга мансуб 2333 та диний ташкилот фаолият юритмоқда. Шундан, 2 142 таси исломий, 174 та христиан диний ташкилоти, 8 та яҳудий, 6 та баҳоий жамоалари, 1 та кришнани англаш жамияти, 1 та буддавийлар ибодатхонаси ва 1 та Ўзбекистон Библия жамияти.

Амалдаги қонунчиликда диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш муддатлари ёки бўлмаса уларнинг миқдорлари белгиланмаган.

Шунга кўра, сўнгги беш йилни оладиган бўлсак, республика бўйича жами 94 та диний ташкилот, шу жумладан, 2 та олий ва битта ўрта махсус ислом билим юрти, 74 та масжид ҳамда 17 та тўрт хил турли конфессияга тааллуқли бўлган ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.

Диний байрамлар кенг нишонланмоқда, хусусан, мусулмонлар томонидан Рамазон ва Қурбон ҳайитлари, христианлар томонидан Пасха ва Рождество байрамлари, яҳудийларнинг Пейсах, Пурим ва Ханука байрамлари, баҳоийлар, кришначилар ва буддавийлар динлари вакиллари учун диний ақидаларида қайд этилган байрамларнинг марказлашган ҳолда ташкил этилиши ва ўтказилиши таъминланиб, уларда иштирок этаётган фуқароларнинг миқдори йил сайин ортиб бормоқда. Конфессия етакчилари бир-бирларини табриклаб, байрам тадбирларида иштирок этишлари яхши анъанага айланган.

Ҳар бир дин вакили учун муқаддас бўлган диний зиёрат амалларини бажаришда ҳам тегишли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2020 ва 2021 йиллар давомида коронавирус касаллиги туфайли тўхтаб қолган Умра зиёрати 2022 йилнинг 22 январь кунидан қайта тикланиб, бугунги кунга қадар жами 35 мингдан зиёд юртдошларимизнинг Саудия Арабистонига зиёратларини ташкил этиш имкони яратилди.

Умуман олганда, 2017-2019 йилларда Ҳаж сафарига жами 21 мингдан зиёд фуқаро ва 2017-2022 йилларда жами 140 мингдан ортиқ фуқаро Умра зиёратини амалга оширди. Худди шунингдек, бошқа дин вакилларининг Исроил, Греция ва Россияда жойлашган диний қадамжоларга зиёратлари амалга оширилиб келинмоқда.

2017-2022 йилларда диний таълим тизими ҳам тубдан такомиллаштирилди, янгидан-янги таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ҳозирги кунда республикамизда дунёвий ва диний илмларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Тошкент ислом институти, “Мир Араб” олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, 10 та ўрта махсус ислом билим юрти ҳамда православ ва протестант семинариялари фаолият юритмоқда.

Бундан ташқари, ҳудудларда махсус илмий мактаблар ҳам ташкил этилган бўлиб, уларда ислом дини таълимотлари ўрганилади, жумладан, Фарғонада “Фиқҳ”, Самарқандда “Калом” ва “Ҳадис”, Қашқадарёда “Ақида” ва Бухорода “Тасаввуф” мактаблари ўз тингловчиларига эгадир.

Шунингдек, юртимизда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий каби буюк алломаларнинг ҳаёти ва ижодини ўрганишга мўлжалланган илмий тадқиқот марказлари ҳам фаолият олиб бормоқда.

Фуқароларнинг маиший диний эҳтиёжларини қондириш мақсадида “Қуръони карим ва тажвид” курслари фаолияти йўлга қўйилди.

Мазкур ўқув курсларини 25 минг нафардан зиёд фуқароларимиз муваффақиятли тамомлади. Ҳозирда 3 464 нафар фуқаролар навбатдаги босқичда таҳсил олмоқда.

Бугун янгиланаётган Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши кураш “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси остида амалга оширилмоқда ва бу жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортмоқда.

Маърифатли киши жаҳолат, нодонлик ва ёвузликка қўл урмайди. Бу жаҳолатга қарши – маърифат тамойилининг мазмунидир. Афсуски, бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида жаҳолатга қарши – жаҳолат билан курашиш оқибатида низоли вазиятлар авж олиб бормоқда. Айниқса, Яқин Шарқ мамлакатларида диний, миллий ва бошқа ижтимоий-сиёсий омиллар негизида юзага келган қуролли тўқнашувлар оқибатида юзлаб одамларнинг қурбон бўлаётгани, минглаб кишиларнинг ўз бошпаналаридан айрилиб, туғилиб ўсган юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлаётгани каби аянчли жараёнларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Ушбу ҳолат давлатнинг катта ёки кичиклиги, дини ва миллатидан қатъий назар, тинчлик ва барқарорлик нақадар азиз неъмат эканини яна бир бор исботлаб бермоқда.

Бугун юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари Ўзбекистон заминини умумий уйимиз, деб ўз орзу-ниятларининг рўёбини шу заминда кўришмоқда.

Шундан келиб чиқиб, бугун барчамиз аҳил ва иноқ, ўзаро ҳамжиҳат бўлиб, илғор ташаббус ва таклифлар билан олға одимлаб бораётган янги Ўзбекистоннинг тараққиёти ва ривожига муносиб ҳисса қўшсак, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни сақлаш йўлида бир тану бир жон бўлсак, албатта, олдимизга қўйилган улуғвор мақсадларга эришамиз.

Давронбек МАХСУДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг 

биринчи ўринбосари.

ЎзА

Read 1252 times

Мақолалар

Top