МАҚОЛА

Мазҳабни маҳкам ушлаш ва мутаассиблик ўртасидаги фарқлар

Аллоҳ таолога ҳамду санолар. Пайғамбаримизга салоту саломларимиз бўлсин.
Ҳаммамизга маълум, динимизда мутаассиблик деган тушунча мавжуд. Баъзи инсонлар бир мазҳабни маҳкам ушлаб, ундаги масаларгагина эргашишни мутаассиблик тушунчаси билан аралаштириб юборадилар. Ваҳоланки, иккисини ўртасида катта фарқ мавжуд. Бир мазҳабни маҳкум ушлаш, ундан чиқиб кетмаслик мазҳаб пайдо бўлибдики то бугунги кунимизгача мусулмонлар ўртасида амалда жорий бўлиб, шаръий одатга айланган, мақталган иш ҳисобланади. Бунга уламолар томонидан ижмо боғланган. Мутаассиблик эса аксинча, динимиз томонидан қораланган иш ҳисобланади. Бу ишларнинг бири мақталган ва бири қораланар экан уларни ўртасини фақрлаб олишимиз лозим бўлади. Тоинки мақталган ишни қиламан деб ёмони қилиб қўймаслик, қораланганидан қайтараман деб, мақталганидан қайтариб қўймаслик, ёмонлаб қўймаслик учун.

Аввало, «Мутаассиблик» тушунчасининг луғавий ва истелоҳий маъноларига тўхталиб ўтсак. Мутаассиблик араб тилидаги “التعصب“ сўзидан олинган бўлиб, «Йиғилмоқ», «Иттифоқ бўлмоқ» тушунчаларини англатади. Бу жамланиш гоҳида ҳақ учун бўлиши, гоҳида эса ботил учун бўлиши мумкин. Бу сўз ҳар икки маънода ҳам кенг ишлатилади. Истеълоҳда эса, «далил топилган пайтда ҳақ ва тўғрини қабул қилмаслик» деб таъриф берилади. Шайхул ислом Тафтазоний айтадилар: «Мутаассиблик – бир томонга мойил бўлгани учун далил зоҳир бўлганда ҳақ ва тўғрини қабул қилмасликдир». Демак биз бир инсонни ўзи эргашган гапнинг зиддининг тўғри эканлигига далил чиққан пайтда ҳам уни қабул қилмай, аввалги сўзга эргашганини кўрган пайтимизда уни мутаассиблик қиляпти деб айта оламиз. Лекин бунинг учун бир мазҳабдаги аввал эргашилаётган масаланинг зиддининг тўғри ва ҳақ эканлигига далолат қилувчи далил керак. Бир инсон бир далилни топиб, ўзининг наздида топган далили нариги томонни тўғрилигига далолат қилса, ўзи ва бошқаларнинг ҳам ўша далилга эргашишлари, олдин амал қилиниб келинаётган сўз тарк қилишлари, агар ундай қилинмаса, далил бўлса ҳам унга эргашмай мутаассиблик қиляпти дейиладими? Албатта йўқ! маълумки, барча буюк уламолар наздида, оми (аҳли назар-ижтиҳод аҳли бўлмаган ҳар қандай инсон назарда тутилмоқда) инсонга далил зоҳир бўлмайди. Фақатгина аҳли назар-ижтиҳод эгасигагина зоҳир бўлиши мумкин. Фақат у гина далил топилган ёки топилмаганлигини билиши мумкин. Чунки бу иш ҳам ижтиҳоднинг бир тури ҳисобланади. Усул китобларида эса мужтаҳидда топилиши лозим бўлган шартлар ва сифатлар тўла тўкис баён қилинган. Аллома Али Ҳайдар шундай деганлар, «Усули фиқҳ китобларида мужтаҳиднинг шартлари ва муайян сифатлари мавжуддир. Ана ўша сифатларни то ўзида жамламас экан олим кишини мужтаҳид дейилмайди.»

Шунинг учун ҳам, модомики муфтий назар-ижтиҳод аҳлидан бўлмас экан ўз имомининг (мазҳаббошисининг) сўзини бир далилнинг зоҳирига хилоф бўлгани учун тарк қилиши мумкин эмаслиги уламолар иттифоқ қилганлар.

Назар-Ижтиҳод аҳлидан бўлмаган кишининг бир мазҳабни маҳкам тутиб, унинг барча масалаларига эргашиши мутлақо, қораланган иш эмас. Аксинча мақталган ва бу иш қилган киши учун фазилатдир. Юқорида зикр қилинган уламоларимизнинг гаплари шунга далолат қилади. Аммо ижтиҳод аҳлидан бўлса, далилларни текшириб кўришга ва уларни ажрата олишга салоҳияти етадиган даражада илмли бўлса, ўзи рожиҳ деб билганига эргашиши мумкин бўлади. Шундагина, ўзининг назарида далил зоҳир бўлганда ҳам уни қабул қилмаса, у инсонни мутаассиб дейилади.

Мана шундай даражадаги илмга эга бўлган киши далил зоҳир бўлиб, нариги томонни тўғрилигини ифодалаганда бир икки марта қабул қилмаса уни мутаассиб дея олмаймиз. Фақатгина ундан кўп бор такрорланса ва одатига айлансагина шундай деб айтишимиз мумкин бўлади. Бир икки ўринда таассублик қилган одамни мутаассиб дейиш мумкин эмас. Чунки бундан ҳоли кимсалар жуда оздир. Бу ҳудуди кўп маротаба мункар ҳадисни ривоят қилган ровийгагина “ منكر الحديث“ дейилганига ўхшайди. Мутаассиб кибрли ва ўта қайсар, ўжар бўлиб, унинг ақидаси далил бор ўринда ҳам ҳақни қабул қилишидан ман қилади.

Юқоридаги маълумотлардан маълум бўладики, ижтиҳод аҳлидан бўлмаган одамни ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз мазҳабига эргашиши ва унгагина амал қилиши мутаассиблик номи ила қораланган тушунчадан йироқдаги иш экан. Аксича бу мақталган ва амал қилиш вожиб бўлган. Мазҳабдан ташқаридаги сўзга эргашишнинг эса маълум бир шартлари мавжуд бўлиб, фақат ўша шартлар топилгандагина мумкин бўлади.
 

Ҳадис илми олий мактаби ўқитувчиси Ғаниев Акмалжон

Read 1202 times

Мақолалар

Top