МАҚОЛА

Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳнинг ҳанафий мазҳабида тутган ўрни

 

Имом Зуфар ибн Ҳузайл роҳимаҳуллоҳ йирик фақиҳ, муҳаддис, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи шогирдларининг энг пешволаридан бири эди. У зот ҳижрий 110-йилда Исфаҳоннинг Бозаон номли қишлоғида таваллуд топганлар.

Уламолар Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳни дунёда ўтган инсонларнинг энг буюк ақл соҳибларидан бири эканликларини таъкидлаганлар. Масалаларни ўзаро қиёслаш, улардан ҳукм олиш бўйича у зотга тенглашадиган одам деярли бўлмаган. Шунингдек, у зотда мунозара қуввати ҳам жуда кучли эди. Бу борада Ҳасан ибн Зиёд айтадилар: “Ким Имом Зуфар билан мунозара қилса, ўша одамга раҳмим келади”. Имом Зуфарнинг ўзлари айтадилар: “Мен бирор ким билан мунозара қилсам, у: “Мен хато қилдим”, дегунича мунозара қилмайман, балки жинни бўлиб қолгунича мунозара қиламан” “Қандай жинни бўлади ?”, дейишди. “Ҳеч ким нақл қилмаган гапларни айтишгача боради”, деди”. Яъни, аввалги улуғлар – саҳобалар, тобеинлар ва бошқа улуғлар айтмаган гапларни айтди, деб ҳаммага кулги бўлади. Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳ шу даражада мунозара қилгани учун ўзи билан мунозара қилмасликларини таъкидлар экан.

Таъкидлаш лозимки, Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳ устозининг бошқа шогирдлари Имом Абу Юсуф, Имом Муҳаммад каби машҳур бўлмаган бўлсалар-да, бироқ илмда, тақвода улардан ҳеч ҳам қолишмайдиган зот бўлганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи шогирдларига бир масъалани ташлаб, улар ўртасида мунозаралар ўтказар эди. Хусусан, Имом Зуфар ва Имом Абу Юсуф ўрталаридаги мунозара жуда ҳам қизғин бўлиб, баъзида Имом Зуфар, баъзида Имом Абу Юсуф ютиб чиқар эди. Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳ гапга уста бўлиб, Абу Юсуф мағлуб бўлиб, изтиробга тушиб турганида: “Қаёққа қочасиз ?! Бу – очиқ эшиклар, хоҳлаганингизни танланг”, дер экан.

Имом Абу Юсуф ва Имом Зуфар Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ шогирдларининг пешқадамлари эдилар. Бу ҳақда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтадилар: “Шогирдларимдан ўттиз олти нафари ҳақида айтаман: улардан йигирма саккиз нафари қози бўлишга ҳақли, яна олти нафари фатво бериш даражасига етган. Уларнинг орасида Абу Юсуф  билан Зуфар қозиларга ва муфтийларга адаб бериши мумкин”.

Исмоил ибн Ҳаммоддан қилинган бошқа бир ривоятда айтиладики: “Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг катта ўн нафар шогирди бор эди. Улар: Абу Юсуф, Зуфар, Асад ибн Умар, Офия Авдий, Довуд Тоий, Абу Абдуллоҳ Қосим ал-Масъудий, Али ибн Мусаҳҳар, Яҳё ибн Закарийё ҳамда Али Анзийнинг икки ўғли – Ҳиббон ва Мандалдир. Лекин, улар орасида Абу Юсуф ва Зуфар кабиси йўқ эди”.

Имом Абу Юсуф ва Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳлар мана шундай етук зот бўлганлар. Китобларда улардан қайси бири фазилатлироқ, олимроқ экани борасида турли фикр-мулоҳазалар келган.

Муҳаммад ибн Ҳасан айтади: “Абу Юсуф ва Имом Зуфар мунозара қилаётганларига гувоҳ бўлдим. Абу Юсуф Абу Ҳанифадан ва бошқа хабарлардан кўп ривоят келтириб Имом Зуфардан ғолиб келар, навбат қиёсга келганида эса Имом Зуфар у зотни ютиб чиқар эди”.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи вафотидан сўнг, Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳ у зотнинг илм мажлисини давом эттирадилар. Ана шу йиллари Кўфадаги деярли барча толиби илмлар Имом Зуфарнинг ҳалқасига тўпланади. Холид ибн Сабиҳ имом Зуфар роҳимаҳуллоҳнинг илм ҳалқасини сифатлаб айтади: “Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг олдига кўчмоқчи бўлдим. Йўлда у зотнинг вафотларини эшитдим. Кўфа шаҳрига етгач, илм мажлисларига кирдим. Кўп инсонлар Имом Зуфар роҳимаҳуллоҳнинг  илм мажлисида эди, Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида эса икки ёки уч киши бор эди холос”. Кейинчалик эса, Аллоҳнинг раҳмати билан Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг шаъни улуғ бўлиб, у зотнинг ҳалқасига ҳам кўплаб инсонлар йиғилади.

Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа айтадилар: “Бир куни Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ўнг тарафида Абу Юсуф, чап тарафида Имом Зуфар бир масъала борасида мунозара қилаётганларини кўрдим. Абу Юсуф бирор гап айтса, Зуфар уни йўққа чиқарарди, Аксинча, Зуфар бирор гап айтса, Абу Юсуф йўққа чиқарар эди. Бу ҳолат пешин вақтигача давом этди. Пешин намози учун муаззин азон айтган пайт Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қўлларини кўтардилар ва Зуфарнинг сонларига уриб дедилар: “Сен унда Абу Юсуф бўлган шаҳарнинг раислигидан умид қилмагин!” ва Абу Юсуф фойдасига ҳукм қилдилар”.

Шаддод ибн Ҳаким айтди: “Асад ибн Амрдан сўрадим: “Абу Юсуф фақиҳроқми ёки Зуфарми?”, “Зуфар тақводорроқ”, деди. “Мен сиздан фиқҳни сўрадим”, деганимда айтдики: “Эй Шаддод ! Инсон тақво билан камолотга эришади”.

Шунингдек, кўп уламолар бу иккала имомни “чопиб кетаётган икки чопқир тулпор”га ўхшатганлар. Бу билан иккалалари тенг, баробар эканликларини ифода этганлар.

Юқоридаги каби фикрлар жуда кўп билдирилган, бироқ икки имомнинг бир-бирига бўлган ҳурмат-эҳтироми чексиз бўлган. Имом Зуфар Басрага борганларида одамлар у зотнинг ҳузурига келиб, турли саволлар берадилар. Имом Зуфар уларнинг барча саволларига гўзал жавоб берганида улар бундан жуда ажабланиб: “Биз Зуфар каби фақиҳни кўрмаганмиз, у энг олим инсон экан”, деганларида у зот айтди: “Мени кўриб шу даражада ажабланяпсиз, агар Абу Юсуфни кўрсанггиз нима бўларкин?!”

Имом Зуфардаги инсофга, ҳурмат-эҳтиромга қаранг! Аҳли илм-уламолар бир-бири билан қандай мунособатда бўлиш кераклигини Имом Зуфар мукаммал ҳолатда кўрсатиб бердилар. Айниқса, бугунги кунда фаолият олиб бораётган аҳли илмлар ўртасида ҳам айнан шундай аҳиллик, ўзаро қўллаб қувватлаш, эътироф ва устунликни тан олишни янада тараққий эттириш муҳим бўлиб турибди. Шунингдек, улар имом Зуфар, Имом Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳларнинг бу каби самимиятларидан ўрнак олсалар янада манфаатли ва мақсадга мувофиқ бўларди. Боиси, у зотлар илм, тақвода ҳар қандай юқори даражага чиқмасинлар, бир-бирларига бўлган ҳурмат-эҳтироми бағоят юксак даражада бўлган. Агар бир масъалада мунозара қилсалар, холис, инсоф ила мунозара қилганлар, хато қилган бўлсалар, хатоларига иқрор бўлишга қодир бўлганлар. Чунки, уларнинг асл мақсади илмни юзага чиқариш эди. Аллоҳ таоло улардан рози бўлсин!

 

ТИИ 4- курс талабаси Муҳаммадризо Тожибоев

Read 977 times

Мақолалар

Top