МАҚОЛА

Динда ғулувга кетиш ман этилади

Муқаддас динимизда ҳар бир ўринда мўдатилликга тарғиб қилингандир. Бу ҳоҳ ибодат масаласида бўлсин ҳоҳ ижтимоий ҳаётда бўлсин ўрта ҳол бўлишга буюрилингандир. Динимизда шундай ёмон жиҳат борки бу ҳам бўлса динда ғулувга кетишдир.
Ғулув сўзи (арабча сўз бўлиб — рухсат берилган чегарадан чиқиш деган маънони билдиради).
Аллоҳ таоло ўз каломида олдинги қавмлардан ғулувга кетганларнинг ҳолатини баён қилиб қуйидагича марҳамат қмлади:
«Айтинг: Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни, адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг хавойи нафсларига эргашмангиз!» (Моида, 77).
Имом Нававий эса ғулувни “шариатда талаб этилган нарсага қўшимча киритиш” деб атаган.
Абдул Карим Юнус Ал-Хатибнинг таърифи қуйидагича: “Ғулув — бирор нарсада муболаға қилиб, унда ҳаддан ошиш ва мўътадиллик чегарасидан чиқишдир” деб таъриф берганлар.
Ғулув – бир нарсада чуқур кетиш ва ортиқча уринишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғулувдан қайтариб, шундай деганлар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 1283).


Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у (ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:
“Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган”, дедилар.
Улардан бири:
“Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман”, деди. Бошқаси эса:
“Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман”, деди. Яна бошқа бири:
“Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман”, деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдиларига келиб:
“Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”, дедилар”.
Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).


Минг афсуслар бўлсинким сўнги вақтларда айниқса ёшларимиз орасида динда ғулувга, кетиш мутаассиблик ҳолатлари кўплаб учраб турмоқда. Бу иллатларни олдини олишда авваламбор ота-оналар фарзандлари билан яхши муносабатда бўлишликлари, диний эҳтиёжларини қондиришда интернет тармоқларидаги турли хил мутаассиб ва эътиқодда адашган шахслардан эмас юртимиздаги расмий диний уламолардан ўзларини қизиқтирган масалаларини сўраб олишликлари лозимдир. Шундагина биз фарзандларимизни динда ғулувга кетишдан асраган бўламиз, Иншааллоҳ!!!

Нурулло Маҳкамов,
Чуст туман “Саид Насимхон тўра” жоме масжиди имом-хатиби

Read 1118 times

Мақолалар

Top